топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Маънавий уйғониш ва тарихий зарурат

Urganch davlat universiteti
Илм-фан
М.А.Қурбанов — катта ўқитувчи, (УрДУ)
А.Машарипов, Т.Ражапбаев, О.Ўрозбоев – талабалар, (УрДУ)
 
Истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо қилиш жараёнида жамият ҳаётининг барча соҳаларида биргаликда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу соҳада миллий ўзликни англаш, ўтмишда яратилган барча моддий ва маънавий бойликларни қайта тиклаш ва миллат ривожига йўналтириш ҳаракати устувор аҳамият касб этмоқда. Миллий-маънавий тикланиш концепцияси асосчиси биринчи Президент И.Каримов Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришда ўз йўлини умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқимизнинг маънавий меъросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши, ватанпарварлик каби тўртта негизга асосланишини  белгилаб берган эдилар ва унга мамлакатимизда оғишмай амал қилинмоқда.[1]
Хусусан, 1997- йил 11 ноябрда Ўзбекистон  Республикаси Президентининг «Хоразм Маъмун академиясини қайта ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Бу Фармон аждодларимиз маънавий меросига бўлган эътибор ва ҳурмат белгиси бўлиб, бугунги илм-фаннинг мақомини юксак даражага кўтаришга қаратилган. Бу фармоннинг тарихий аҳамияти шундаки, миллий меросимизга чуқур ҳурмат билан қараш ва юқори интеллектуал муҳитни яратиш, бой маънавий меросни таҳлил қилиш асосида фундаментал тадқиқотлар олиб бориб, замонавий илмий мактаблар яратиш, минтақада илм-фанни ривожлантириш, олий малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурни амалга оширишда фаол иштирок этишга даъват этиш, минтақа илмий жамоатчилигини халқаро илмий ҳамкорликка олиб киришдан иборат.
Хоразм Маъмун академиясининг қайта тикланиши Хоразм тарихи, илм-фани, санъат бойлигининг ўзига хослигини эътироф этилиши ҳамда давлат сиёсатида акс этиши бўлди. Биринчи Президент И.Каримов “Тафаккур” журнали бош муҳаррири саволларига жавоб берар экан, жуда муҳим бир масалага–аждод ва авлодлар ўртасидаги узлуксиз ўзаро боғлиқлик ва ворисликни тиклаш зарурлигига тўхталиб, шундай деган эди: “IX-XV асрларда маърифатли дунё бухорийлар, фарғонийлар, хоразмийлар, Берунийлар, ибн Синолар, Улуғбекларни қанчалик иззат-икром қилган бўлса, йигирма биринчи асрда биз халқимиз, миллатимизга нисбатан ана шундай эҳтиромни қайтадан қўлга киритишимиз керак. Ўша даврда улуғ аждодларимиз асос солган ва оламга донг таратган илмий мактабларни замонавий шаклда қайта тиклашимиз лозим.”[2]
Жаҳон илм фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хоразм Маъмун Академиясининг бой илмий меъросини ҳар томонлама ўрганиш, ёш авлод қалбида миллий ифтиҳор ва мамлакатимиз тарихий ўтмишига чуқур ҳурмат туйғусини камол топтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг саъйи-ҳаракати билан ЮНЕСКО ташкилотининг Бош конференцияси ўзининг 32-сессиясида Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллик юбилейини дунё миқёсида нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. Бу тарихий қарор ўзбек халқнинг асрий орзуларини руёбга чиқарди, уларнинг қувончига қувонч бағишлади.
Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллик юбилейи юксак ташкилий даражада нишонланишини таъминлаш мақсадида, 2004-йил 9-ноябрьда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори, 2005- йил
1 ноябрда “Хоразм Маъмун академияси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг 1000 йиллигини нишонлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006- йил 1-майдаги “Хоразм Маъмун академиясини замонавий илмий — лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш тўғрисида”ги Фармойишлари қабул қилинди ва ЮНЕСКО иштироки ва ҳамкорлигида 2006-йилда Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги кенг нишонланди.
Бугун академия олимлар фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган ноёб илмий марказга айланди. Илмий муассасада 41 нафар илмий ходим, жумладан, 7 нафар фан доктори, 19 нафар фан номзоди фаолият олиб бормоқда, шунингдек, Урганч Давлат Университетининг 11 та кафедра филиали мавжуд бўлиб, ҳамкорликда қуйидаги йўналишларда илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар:
— Хоразмнинг ўзбек давлатчилик тарихида тутган ўрни;
— бу заминдан етишиб чиққан олимларнинг жаҳон фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси;
— Хоразм меъморий ёдгорликларини биологик, физик ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш;
— ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш;
— ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
— тупроқ унумдорлигини ошириш, воҳа шароитига мос қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш;
— шўрланиш ва чўлланишнинг олдини олиш каби йўналишлардан иборат.[3]
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган фаол алоқалар туфайли академия дунё миқёсида ўз обрўсини қайта тикламоқда. Тарих, археология, этнография соҳаларида Европанинг энг қадимги олий ўқув юртларидан бири Франциянинг Сарбонна Университети билан алоқа ўрнатилган. Чехиянинг Острава шаҳри музейи билан музей экспонатларини ўрганиш ва кўргазма ташкил қилиш бўйича келушувга эришилган.
Жорий йилнинг 27 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразм Маъмун Академиясига ташриф буюриб, олимлар билан учрашув ўтказдилар ва ўзларининг маърузаларида бир қатор устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Хусусан:
— илмий йўналишларни кенгайтиришни;
— илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишни;
— уларни амалиётга кенг жорий қилишни;
— Академия томонидан археология йўналишида эришилган муваффақиятлардан фойдаланиб, бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритишни;
— ўзбек халқи тарихини чет эллик туристларга тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратишни;
— олимларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Хоразм Маъмун Академиясининг қайта тикланиши мамлакатимизда миллий ўзликни англаш, маънавий уйғонишнинг ва бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намунасидир. Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, бу тарихий воқеа мустақиллик шарофати билан миллий қадриятларни қайтадан тиклашга, давлатчилигимиз тарихий илдизларининг қанчалик мустаҳкам ва чуқур эканлигини англаб олишга, бой маданиятимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг қадим - қадимдан шаклланиб келаётганлигини кўрсатиб беришга хизмат қилади.
Бугунги кунда Хоразм Маъмун Академияси чин маънода вилоятнинг илмий ва маънавий марказига айланди, у нафақат фаннинг турли масала ва йўналишларида тадқиқот олиб боради, балки, ёшлар, олий ўқув юртлари талабалари ва коллеж ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказадиган музей ва ахборот-ресурс маркази ҳам ҳисобланади.
 



[1]Маънавият: асосий тушунчалар изоҳли луғати. Т.: 2009, “Ғофур Ғулом”, 400-бет.

[2]Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Асарлар, 7 жилд. Т.: “Ўзбекистон”, 1999, 99-бет.

[3] Садуллаев А., Сотлиқов А. Хоразм Маъмун Академиясининг тарихий илдизлари. Урганч, “Қорақалпоғистон”, 2003, 261-бет.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.