топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

КУНДАЛИК ҲАЁТ КОНТЕКСТИДА ИНТЕРНЕТ МУЛОҚОТ: АФЗАЛЛИКЛАРИ ВА САЛБИЙ ТОМОНЛАРИ

Urganch davlat universiteti
Илм-фан
 
 Мустақиллик йилларида  мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънан етук ва юксак интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялашга қаратилаётган давлат сиёсати юксак самаралар бераяпти. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек “Ватанимизнинг келажаги ва тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган янги авлодни тарбиялашга қаратилган дастурларни ўз вақтида қабул қилганмиз ва давлат сиёсати даражасига кўтарганимиз янги жамият қуришимизга ҳақиқатдан ҳам ҳал қилувчи рол ўйнамоқда”.
Ўзбекистон бугун юксак марраларни қўлга киритди. Ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича мамлакатимизнинг рейтинги жаҳон миқёсида юқори ўринларда турибди. Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳаси хизмати ҳам тараққий қилмоқда жумладан  Ўзбекистоннинг 51 фоиз аҳолиси яъни 15 453 227 киши доимий равишда интернетдан фойдаланади. 
Замонавий дунёни компьютерлар, ахборот технологиялари, интернетсиз тасаввур қилиш қийин  чунки бу тизим ҳар бир инсон ҳаётида  алоҳида ўрин эгаллашга улгурди. Глобаллашув даврида ахборот технологияларнинг жадал тараққиёти кишилик жамиятининг кундалик ҳаётига муҳим ўзгаришлар киритди. Ахборот муҳим товар сифатида жаҳон тараққиётига таъсир қиладиган омиллардан бирига айланди.
Йирик ОАВларидан бирига айланган интернет тизими таркибида ижтимоий тармоқлар кенг тарқалган бўлиб, ҳар бир фойдаланувчи кам деганда ҳафтада бир неча маротаба ўз саҳифасига киради. Лекин бугун ижтимоий тармоқларнинг инсонларга таъсири   кўплаб олимларни ташвишга солмоқда. Ижтимоий тармоқлар ўз тизимида кўплаб яхши ва ёмон жиҳатларни жамлаган.
Бугунги кунда ер юзининг 96 фоиз аҳолисига ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш имконияти яратилган. Ижтимоий тармоқлар ичида фойдаланувчилари сони жиҳатидан Facebook биринчи ўринни эгаллайди (1 миллиард). Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра  ижтимоий тармоқларга ҳар бир фойдаланувчи кам деганда 3 соат сарфлар экан, бунинг учун у ўзининг аккунтига кунига икки маротаба ташриф буюради.
  Интернет мулоқотнинг фойдали томонлари анча. Интернет мулоқот инсонларга бошқа мамлакатлар, узоқдаги яқин инсонлари, дўстлари, танишлари билан қулай боғланиш, хабарлашиш имконини беради. Интернет ёрдамида таълим соҳаси, масофавий таълим имкониятлари анча кенгайган бўлиб, ғоя ва лойиҳалар алмашинувлари, ўз қизиқиш доираси бўйича инсонларни излаб топиш, мулоқот доирасини кенгайтириш имкониятлари мавжуд.  Лекин интернет билан ишлар экан инсон ўз вақтини қай даражада сифатли сарфлай олади, зарур, керакли, яхши маълумотлар билан фикр алмашинадими ёки нохолис фикрлар ортидан эргашадими, ўз билим, салоҳиятини эзгу амаллар билан тўлдирадими ёки ғаразли кимсалар билан бирлашадими, ёшлар миллий қадриятларимизга зид “маданият”лар ботқоғига кириб қолмайдими? Бу саволлар албатта бугунги кунда кишилик жамиятининг долзарб муаммосига айланиб қолди.  
Интернет мулоқот, ундан фойдаланиш маданияти  ва кишилик жамиятига таъсири мавзуси долзарб илмий-тадқиқотга муҳтож масалалардан. Интернет хизматлари яқиндагина ХХ асрнинг 90-йиллари охирида кириб келди. Унинг кишилик жамиятига таъсирини ўрганиш жуда кўп йўналишлар, жумладан социологлар, психологлар, тилшунослар  ва бошқа соҳалар учун  долзарб ўрганиш доираси ҳисобланади.
Интернетнинг фойдали жиҳатлари хусусида фикр юритилар экан унинг зарарли томонларини ҳам эсдан чиқармаслик зарур. Ижтимоий тармоқдан фойдаланувчи айрим инсонлар виртуал ҳаётни реал ҳаёт сифатида қабул қиладилар ва уларнинг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.  Бу тоифа одамлар  учун ресурслар керакли маълумотларни олиш учун эмас, балки, вақтни ёқимли ўтказиш учун зарур бўлиб, ҳаттоки ёши катта фойдаланувчилар ҳам ижтимоий тармоққа боғланиб қоладилар, болалар ва ўсмирлар руҳияти шаклланишида нуқсонлар юзага келади.
Интернет тармоғида фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолиш хавфи мавжуд. Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши натижасида фирибгарлар ўз фаолиятларини тармоқларда жонлантириб ёвуз мақсадларни ифодалаган ресурсларни жойлаган. Шу сабабдан ижтимоий тармоқлардаги янги танишувлар ва келишувлар ҳар томонлама чуқур ўрганилган ҳолдагина амалга оширилиши зарур. Фирибгарлар келтираётган зарардан ишонувчан содда одамлар, асосан ёшлар азият чекади.
Интернет мулоқотнинг зарарли жиҳатлари инсон саломатлигига салбий таъсир қилишида кўринади. Жумладан кўз нурининг камайиши, бош оғриғи, елкаларда оғриқнинг сезилиши, ўсмир ёшларда интернет қарамлик, салбий материаллар таъсирида руҳий тушкунликка тушиш ва бошқа жиҳатларни кўриш мумкин.
Шундай экан бугун ҳар бир ёш ўзига яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиши, интернетда жойлаштирилган, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли хил нохолис фикрларга эргашмаслиги, асл маданиятимизга қарши қаратилган, инсоният аҳлоқ меъёрларига зид бўлган маънавий, мафкуравий таҳдидларга эргашмаслиги, асл маданиятимизга қарши қаратилган, инсоният аҳлоқ меъёрларига зид бўлган маънавий, мафкуравий таҳдидларга эргашмаслиги, тарқатилаётган материалларни холис, нохолислигини таҳлил қила оладиган дунёқарашга эга бўлиши лозим. Мустақил давлатимизга қарши қаратилган фикрларга қарши мустақил фикр билдириши, ўз юртини улуғлаши, севиши, садоқат сақлаш яхши инсон, муносиб фуқаро сифатида ўз шахсини шакллантириш ҳар бир ёшнинг бурчидир. Очиқ ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида миллий ахборот билан интернет тизими материалларини бойитиш бугуннинг долзарб вазифаларидан.
 
Фойдаланилган адабиётлар
1.     Батыгин Г.С., Градосельская Г.В, Сетевые взаимосвязи в профессиональном сообществе социологов: методика контент-аналитического исследования биографий // Социологический журнал. 2001. № 1. С. 156-163.
2.     Градосельская Г.В. Анализ социальных сетей. Автреферат диссертации на соискание ученой степени кандидата социологических наук.Москва — 2001.
3.      Градосельская Г, В. Сетевой анализ как метод исследования современных трансформаций // Социально-экономическая трансформация в России: Научные доклады / Московский общественный научный фонд. М., 2001. С.43-76.
4.     Муитов Д. Ахборотлашган жамият хусусиятлари. – Т., Маънавият, 2015.
5.     Cултонмурод Олим. Маънавий баркамоллик сир-синоати. – Т., Маънавият, 2015.
6.       Қосимова Н. Интернетда аҳлоқий меъёрлар вужудга келишининг асосий тамойиллари / www.fikr.uz
7.     Шеремет А.Н.Интернет как средство массовой коммуникации: социологический анализ. Автореферат диссертации на соискание ученой степени кандидата социологических наук. — Екатеринбург, 2004. — 25 с.
8.     Эркаев А. Оммавий маданият ва маънавий тарбия. – Т., Маънавият, 2015.
 
Ю.М.Рахманова –Урганч Давлат университети, Урганч шаҳри
 
Жабборова Дилсўз – Питнак транспорт касб-ҳунар коллежи, Питнак шаҳри

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.