топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конституция, инсон ҳуқуқлари ва ислоҳотлар

Urganch davlat universiteti
Илм-фан
Олламов Яраш Йўлдошович – Хоразм вилоят Минтақавий тадқиқотлар маркази директори, юридик фанлар номзоди, доцент

2017 йил мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар, мисли кўрилмаган ислоҳотлар йили десак муболаға бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам республикада жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган изчил сиёсат олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида “Энг устувор вазифа – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат” эканлигини таъкидлади.
Ҳозирги давр талабидан келиб чиққан ҳолда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Юқорида қайд қилинган ҳужжатнинг асосий негизида, албатта инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масаласи ётади.
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда унинг кафолатлари Асосий қонун – Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, Конституциянинг Иккинчи бўлими “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланиб, унда шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар конституциявий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси замирида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари асосида “инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш...” мақсади ётади. Демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг энг асосий шартларидан бири инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдан иборатдир. Таниқли ҳуқуқшунос олим, юридик фанлар доктори, профессор А.Х.Саидовнинг тўғри таъкидлаганидек, “Ҳуқуқий давлат ва инсон ҳуқуқлари – бу ҳақиқат, эзгулик ва адолат сари ягона йўлнинг узвий таркибий қисмларидир. Инсон ҳуқуқлари – ҳуқуқий давлатчиликнинг инсонийлик мезонидир. Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг реаллигига қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятининг саъй-ҳаракатларини баҳоловчи, жамиятнинг ахлоқийлигини ва давлатнинг мақбуллигини кўрсатиб берувчи аломат сифатида қаралмоғи зарур. Инсон ҳимоясини ишончли тарзда таъминламай туриб, ҳуқуқий давлатчиликнинг ҳуқуқ устуворлиги, ҳокимиятнинг ҳуқуқ билан чеклаб қўйилиши ва тийиб туриш каби асосий тамойилларини амалга ошириш мантиқсиздир”.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралиб келинмоқда. 2017 йилни Ўзбекистонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги юртимизда инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарганлигини тасдиқлайди. Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ғояларига содиқлик ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигининг тан олинганлиги, бу борадаги вазифаларни сўзсиз амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ҳамда қадр-қиммати энг олий қадрият эканлиги белгиланган. Асосий қонун — Конституциясида «Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар», деб мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу нормада Конституциямизнинг энг муҳим хусусиятларидан бири ўз ифодасини топган бўлиб, унда фуқаролар манфаатининг устунлиги қонуний равишда мустаҳкамланган ва кафолатланган. Бу конституциявий-ҳуқуқий асослар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. «Давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Давлат қонун доирасида инсонлар учун зарур шарт-шароитларни яратиб бермоғи керак. Шунинг учун ҳам давлат халқ иродасини ифодаламоғи, унинг манфаатлари, хоҳиш-истакларига хизмат қилмоғи лозим».
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида белгиланган нормаларидан келиб чиқиб “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда” мустақиллик йилларида фуқароларнинг шахсий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоясига оид 120 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган, ҳозиргача республикамиз томонидан инсон ҳуқуқларига оид 70 га яқин халқаро ҳужжат имзоланган.Ушбу халқаро ҳужжатлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари муҳофазасига қаратилган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг қабул қилинишида асосий мезон бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида «ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга» лигининг мустаҳкамланиши мурожаатлар табиатини жиддий равишда ўзгартиради ва унинг аҳамиятини янада оширади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мурожаат этиш ҳуқуқи каби муҳим сиёсий ҳуқуқларга нисбатан «аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт» лиги тўғрисидаги жиддий ҳуқуқий кафолатларни белгилайди.
Кейинги йилларда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар амалдаги қонунчиликни, шу жумладан, фуқароларнинг мурожаатларини ҳал қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни, унинг нормаларини бугунги кун талабларига мослаштиришни тақазо этди. Шу мақсадни назарда тутган ҳолда 2014 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонунни қабул қилиш жараёнида хорижий давлатлар, шу жумладан, МДҲ мамлакатларининг бу борадаги тажрибаси ҳам чуқур ўрганилди.
Айтиш жоизки, қонунлардаги мавжуд нормаларнинг амал қилиши кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онгига, жамоатчилик фикри ва назоратига боғлиқ. Шу ўринда жамоатчилик фикри билан жамоатчилик назоратини фарқлаш керак. Фуқароларнинг ариза, таклиф ёки шикоятларидан иборат мурожаатларини маълум бир маънода жамоатчилик фикри деб таърифласа бўлади. Биламизки, ҳозирги шароитда жамоатчилик фикрининг аҳамияти давлат ва жамият ижтимоий-сиёсий ривожланишида беқиёс каттадир. Жамоатчилик фикри – фуқаролик жамиятининг ҳолатини ўзида акс эттиради. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида» ги Қонуни мазмун-моҳиятига кўра, шахс-жамият-давлат ўзаро муносабатларининг бир талай марказий масалалалари билан чамбарчас боғлиқдир.
2016 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида 7 та конституциявий қонун, 16 та кодекс ва инсон ҳуқуқларига оид 600 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган.
Ўзбекистонда ҳозирги жараёнда инсон ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқ асосий омиллардан бири — Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси бўлиб, унинг доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган ва уни ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ва 700 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бироқ, ҳали ҳаётимизинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган, айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга бўлиш учун анча ишларни амалга ошириш лозим эди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2016 йил 28 декабрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПФ-4909-сон Фармони қабул қилинди. Маълумки, Давлат раҳбаринингЎзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимида фаолият қилаётган давридаёқ Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси ташкил қилинган бўлиб, қисқа даврдаги фаолият давомида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб улгурган эди. Виртуал қабулхона фаолияти шуни кўрсатдики, мурожаатларнинг аксарият қисми тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорларни бекор қилиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш масалалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларинининг фаолияти юзасидан келиб тушган. Бундан ташқари Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси фаолияти давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликларни аниқлади.
2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани муносабати билан ҳамда аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси иши тўғрисидаги кўплаб ижобий фикрларини эътиборга олиб, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳарда, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхона негизида – Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ташкил қилинди.
Барча Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг асосий вазифалари этиб, биринчидан, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш, иккинчидан, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, бошқа давлат ташкилотларигава хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, учинчидан, Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ холис ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш, тўртинчидан, Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, бешинчидан, Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали ўтказиш, олтинчидан, Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушаётан мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши, тизимлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш ва юритиш йўли билан мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш кабилар белгилаб қўйилди.
Ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмасида Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати тузилди ва унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юкланди:
мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек уларнинг фаолиятини меъёрий-ҳуқуқий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;
давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини, шу жумладан жойларга сайёр чиқишларни ташкил этиш ҳамда келиб тушаётган мурожаатлар бўйича тезкорлик билан тегишли чора-тадбирларни кўриш орқали назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага келиб тушган, шунингдек тегишлилигига кўра давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатларни қабул қилиш, қайта ишлаш, кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиниши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш;
мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
мурожаатларга асос бўлган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш юзасидан доимий таҳлиллар ўтказиш;
мурожаатлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, фуқаролар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, аҳолининг давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Халқ қабулхоналари кадрлар таркибини аҳоли билан бевосита ишлаш учун зарур билимга, ташкилотчилик ва таҳлил қилиш қобилиятига, шунингдек маънавий-ахлоқий ва психологик фазилатларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан шакллантириш, тўлдириш ва мустаҳкамлаб бориш;
давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам ахборот бериб бориш;
мурожаатлар билан ишлаш натижалари оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритибборилишини ташкил этиш.
Фармонга кўра, барча даражадаги Халқ қабулхоналари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ходимлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-2721-сон қарори билан ”Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тўғрисида”ги Намунавий низом тасдиқланди. Мазкур намунавий низом билан Халқ қабулхоналарининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.
Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ҳамда жойлардаги Халқ қабулхоналарида кадрлар таркибининг аксарият қисмини ҳуқуқшунослар (315 нафар), педагоглар (28 нафар), иқтисодчилар (18 нафар), сиёсатшунослар (4 нафар) ва бошқа соҳа мутахассислари ташкил этади. Хизмат ходимлари таркибида 3 нафар фан доктори, 6 нафар фан номзодлари фаолият юритмоқда.
2017 йил 27 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхоналарига жами 15,692 та мурожаат келиб тушган. Шундан 12,578 та мурожаат қаноатлантирилган, 2130 та мурожаат бўйича тушунтиришлар берилган бўлиб, бу жами мурожаатларнинг 80 фоизини ташкил қилади. 279 та мурожаат рад қилинган. Қолган мурожаатлар жараёнда бўлиб тегишли органлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида қайд қилинганидек, “Халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати сифатида юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий пойдевор бўлиб келмоқда”.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.