топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ЁШЛАРНИНГ ТАЪЛИМ ОЛИШ ҲУҚУҚИ

Urganch davlat universiteti
Илм-фан
          А.Абдуллаев – доцент, (УрДУ)
                С.Янгибаева, О.Матқурбонова– магистрантлар, (УрДУ)
Мустақиллик йилларида ёшларнинг таълим олишини кафолатловчи, таълимни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида, “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” деб таъкидлаган. Қомусимизнинг 42-моддасида, “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”[1] дейилганлиги давлатимизнинг нафақат инсонпарварлигини, балки таълимнинг бош ҳомийси эканлигини ҳам ёрқин кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов 1990 йил 4-августдаги маърузасида шундай таъкидлаган эди, “Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак. Бу дастур, умумий таълим мактабларида дарс бериш сифатини оширишни, энг истеъдодли болалар учун мактаблар очишни, ҳунар-техника билим юртларида оммавий касб кадрларини тайёрлаш сифатини кескин оширишни, Олий ўқув юртларида мутахассислар тайёрлаш тизимини қайта қуришни, бу соҳага кадрлар тайёрлашнинг буюртма бериш усулини жорий этишни, Республиканинг юқори малакали миллий мутахассисларини тайёрлаш учун Иттифоқдаги ва чет эллардаги энг яхши марказларга ёшларни юбориш системасини ўз ичига олиши керак” деб таъкидлаган эди.[2]
Ана шу эзгу ғоя биринчи бор кун тартибига қўйилганига, мана, 27 йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг ташаббуси ва раҳбарлигида 1997 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий, мантиқий давоми бўлган, 2004 йилда “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури” қабул қилиниб амалга оширилди.
1997 йил 29 августда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши,3 Миллий кадрлар тайёрлашнинг замонавий шаклини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, ёшларга таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кенг имконият яратди.
Мазкур қонунларда таъкидланганидек, таълим-тарбиянинг инсонпарвар, деморатик ҳарактерда эканлиги, таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги умумий ўрта, шунингдек, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими йўналишида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги, таълим стандартлари доирасида билим олишнинг барчага очиқлиги, таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш каби қоидаларнинг муҳрлаб қўйилганлиги унинг давлатимиз ижтимоий тараққиёти соҳасида устувор деб эълон қилинганлигини яққол кўрсатиб турибди.
Мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ҳозирги вақтда юртимизда аҳолининг олтмиш фоиздан ортиғини ташкил этаётган навқирон авлоднинг таълим олиши, замонавий касб-ҳунарни эгаллаши, ўз мутахассислиги бўйича ишлаши ва соғлиғини муҳофаза қилиши, шу билан бирга оила қуриш, яшаш жойига эга бўлиш каби кўплаб ҳаётий талабларни давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда.     
Ҳозирда 70 дан зиёд олий ўқув юртлари, бир ярим мингдан ортиқ касб-ҳунар коллежлари ҳамда академий лицейлар, ўн мингга яқин умумий ўрта таълим мактаблари, беш мингга яқин мактабгача таълим муассасаларида 7 миллион нафардан ортиқ ёшлар таълим-тарбия олаяпти. Шунингдек, кўплаб болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари ҳамда олий спорт маҳорати мактабларида тайёрланаётган юқори малакали, истеъдодли спортчиларимиз, Ватанимиз довруғини дунёга танитаётир.[3]
Мамлакатимизда таълим тизимида ижобий маънода “Портлаш эффекти” содир бўлди. Юртимизда таълим соҳасида катта сакраш пайдо бўлди. 9+3 таълим тизими тўла амалга ошди. 12 йиллик бепул, мажбурий таълим жорий этилди. Булар ўзининг самарали натижаларини бермоқда. Билимли, 2-3 касб-ҳунарли, кенг фикр ва дунёқарашига эга бўлган, чет тилларини, ахборот коммуникация технологиясини яхши билган кучли мутахассис ёшлар етишиб чиқмоқда. Олий таълим ҳам замон талаблари асосида такомиллашиб бормоқда. Ўзбекистондагидек таълим тизими дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида йўқ. Ҳатто ривожланган давлатлар ҳам 12 йиллик таълимни бепул қилишга қийналмоқда. Ўзбекистон ёшларининг 100 фоизи ўрта махсус маълумотга эга бўлмоқда.
Жаҳон рейтингида таълим ислоҳотлари бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида биринчи, дунё давлатлари орасида олдинги ўринларни эгаллайди. Бу ёшларга эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг келажагига пойдевор қўйилаётганининг исботидир.
Олий таълим ҳам замон талаблари асосида такомиллашиб бормоқда. Янги университетлар, институтлар, академиялар ташкил қилинди. Хорижий давлатлар нуфузли олийгоҳларининг 7 та филиали Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатмоқда. Вилоятларда янги олий ўқув юртлари барпо бўлди. Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг бир нечта фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Уларнинг ижроси яхши натижалар бермоқда. Халқаро Олимпиадаларда Ўзбекистон талабалари юқори натижаларни қўлга киритмоқдалар. Ўзбекистонлик кўплаб ёшлар чет элларда ишлаб, ўқиб, ўзларининг малакаларини ошириб, Республикамиз ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга эътибор кучаймоқда. Булар учун “Ниҳол” мукофотлари, Зулфия номидаги давлат мукофотлари, Президент стипендиялари, Номдор стипендиялар жорий этилган.
Мустақиллик йилларида Ал-Хоразмий номидаги Урганч Давлат Университетида ҳам катта ижобий ўзгаришлар бўлди. Университетнинг моддий-техникавий базаси мустаҳкамланди, замонавий бинолар, лабораториялар, ўқув хоналари, ахборот-ресурс маркази, интернетга уланган компьютерлар, талабалар турар жойлари мавжуд. Булар ёшларнинг замонавий билим олишлари учун кенг имкониятдир.
Университетда кейинги 5 йилда 2 нафар талаба Зулфия номидаги Давлат мукофотига, 4 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига, 18 нафар ёшлар Навоий, Беруний, Улуғбек давлат стипендияларига сазовор бўлдилар.
 2016 йилда Университетнинг бакалавриат босқичини 1652 нафар, магистратура мутахассислигини 59 нафар ёшлар битказди, шундан бакалавриат босқичини тугаллаган 32 нафар ёшлар имтиёзли дипломга эга бўлишди.
Университет ёшлари кўпгина йўналишларда ўзларининг юксак салоҳиятларини намоён этиб, катта ютуқларни қўлга киритдилар. Фақат 2015-2016 ўқув йилида 8 нафар талабалар республика фан олимпиадаси ғолиблари бўлишди.Университет ёшлари “Тафаккур синовлари”, “Юрт келажаги”, “Қувноқлар ва зукколар” танловларида, “XXI аср – интеллектуал авлод асри” шиори остидаги илмий-амалий конференцияларда ҳамда “Камолот” кубоги спорт мусобақаларида фахрли ўринни эгалладилар. 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ёзги XXXI Олимпия ва XV параолимпия ўйинларида совринли ўринни эгалладилар.
“Универсиада – 2016” спорт мусобақаларининг финал босқичида қатнашган университетнинг спортчи талабаларидан 2 нафари олтин, 8 нафари кумуш, 20 нафари бронза медалларини қўлга киритдилар. [4]                                                    
Дунёнинг энг яхши бешта бизнес мактаби қаторига кирадиган “Инссад” Халқаро бизнес мактабининг “Инновацияларнинг глобал индекси” маърузасига кўра, инновацион тараққиёт даражаси таҳлил қилинган 141 мамлакат орасида Ўзбекистон инсон капиталини ривожлантириш бўйича 35-ўринни эгаллаган. Таълим тизими сифат даражаси бўйича эса республикамиз иккинчи ўринни банд этган. [5]
Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик ҳаражатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этиётгани ва бу тизимнинг Давлат бюджети ҳаражатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқни ташкил этиши мазкур соҳага қаратилаётган улкан эътиборнинг яққол тасдиғи ҳисобланади.[6]
Дунёда “Ўзбек модели” деб тан олинган мамлакатимиз миллий тараққиёт стратегиясининг ажралмас қисми бўлган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ўз вақтида қабул қилиб, амалга оширилгани янги ҳаёт, янги жамият қуришда энг кучли, айтиш мумкинми, энг қудратли омил бўлиб, нафақат таълим соҳасини, балки ёшларимизнинг дунёқарашини, бутун ҳаётини тубдан ўзгартириб юборгани ҳақида бугун ғурурланиб, фахрланиб гапириш мумкин.
2016 йил 14-сентябрда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 4-боб, 33-моддадан иборат бўлиб, у ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун кенг имкониятлар яратилгани билан аҳамиятлидир.[7]
Тошкентда “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодини тарбиялаш–мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусида ўтказилган Халқаро конференцияда дунёнинг 40 дан зиёд давлатларидан ташриф буюрган олимлар, мутахассислар ҳамда экспертлар томонидан таълим тизимини тубдан ислоҳ этишда Ўзбекистон ўзига хос йўлдан бориб, юксак натижаларни қўлга киритгани, кенг эътироф қилингани ва кадрлар тайёрлаш миллий модели тан олингани барчамизни ғурурлантиради.
 



[1] Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2014 йил 15-16 бетлар

[2]Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. Тошкент, “Ўзбекистон”, 2011 йил, 16-17 бетлар

3Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисидаги қонунлари. Тошкент. 1997 й.

 [3]Халқ сўзи 2016 й. 19 ноябр.

[4]Урганч оқшоми 2016 й 15 июль

[5]Халқ сўзи. 2013 й. 14-декабрь

[6]Ўзбекистон овози. 2013й 3 декабр.

[7]Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. Халқ сўзи.
        2016 й. 15-сентябрь
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.