топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

«Ёшларни ахборот хуружларидан асрайлик»

Urganch davlat universiteti
Илм-фан
Хоразм вилоят Минтақавий тадқиқотлар
маркази мутаҳассиси Ғ.Сапаев
ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллигида халқаро компьютер тармоғи – интернет тизимининг вужудга келиши ва ахборот алмашинуви жараёнларининг тезлашиб бораётгани ғоявий таъсир ўтказиш кўламини кенгайтирмоқда. АҚШ мудофаа маҳкамасининг оддий бир лойиҳасидан бошланган бу тизим кўплаб қулайликларни яратгани билан бир қаторда, бир мамлакатда пайдо бўлган бузғунчи ғояларни тез фурсатларда бутун дунёга ёйиш имкониятига эга бўлган восита бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.   
Маълумотларга кўра,“оммавий маданият” вирусларини ишлаб чиқишга ихтисослашган махсус гуруҳлар томонидан ахборот таҳдидларини уюштириш устида дунёнинг 120 га яқин давлатида “ҳамжиҳатлик” билан иш олиб борилмоқда. Бугуги кунда жаҳондаги 20 га яқин давлатнингядро қуролига эга бўлишга интилаётган бир паллада, юқоридаги гуруҳларнинг ахборот таҳдиди билан 120га яқин давлатда жиддий шуғулланаётганликлари дунё халқларига ядро қуролидан кўра ахборот хуружлари кўпроқ хавф солаётганидан далолат беради. Ахборот хуружларининг кескин ортиб бораётгани кузатилаётган мазкур шароитда мафкуравий таҳдидларга қарши курашнинг энг самарали услубларини жорий этиш талаб этилади.
Ҳозирги кунда интернет клублари хизматидан фойдаланувчиларнинг аксарият қисмини 10-16 ёшдаги ўсмир ёшлар ташкил этаётганлиги муаммонинг нақадар долзарблигини кўрсатади. Ҳозирда айрим ўсмирларнинг касаллик сифатида эътироф этилаётган лудомания (лудо лотинча ўйин, қимор ўйинларига берилувчанлик)га чалинаётганликлари кузатилмоқда. Ушбу касалликка чалинган ёшлар инсон тафаккурини заҳарлашга қаратилган интернет ўйинларинингғоявий таъсирига тушиб, турли хил жиноятлар содир этишмоқда.
Хусусан, 2006 йилда АҚШнинг Колорадо штатига қарашли шаҳарчада икки нафар ўсмирнинг 12 нафар синфдошини отиб ўлдиргани, бир қанчасини ярадор қилиб, охирида ўз жонларига қасд қилишганлиги ҳақидаги шов-шув дунёга тарқалган эди. Интернет ўйинларидан таъсирланган болалар ана шундай мудҳиш қотиллик содир этишган.
Қонхўрлик, ваҳшийлик, зўравонлик каби иллатлар асосида ташкил қилинган “Кўк кит”(“Синий кит”), “Море китов”, “Фея”, «Тихий дом», «Разбуди меня в 4:20» каби интернет ўйинлари ўсмир ёшларнинг руҳиятига юқоридаги каби салбий таъсир кўрсатади. Баъзи ўсмирларнинг ўта асабий ва атрофдагиларга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолаётганига ҳам ана шундай ўйинлар сабабчидир. Айниқса “Кўк кит” номи остидаги ўйин ёшлар ўртасида анча оммалашган бўлиб, ёшлар ҳаётига жиддий хавф солмоқда, аниқроғи “Ажал сиртмоғи”га етакламоқда.
Ўйиннинг барча шартлари суицидал ҳаракатерга эга бўлиб, ҳали онги тўлиқ шаклланмаган ва руҳияти заиф ёшларни ўзига тортувчи ва қизиқтирувчи саволлардан иборат. Масалан ўйиннинг биринчи шарти сифатида кит расмини танасига тирнаб тасвирлаш белгиланган.
Ушбу ўйиннинг асосий мазмуни шуки, ўсмир ўйинда иштирок этиб, 50 кун ичида 50 та шартни бажариши керак бўлади. Ўйиндаги барча шарт ва вазифалар ўйин пайтида тармоқ орқали берилади ва ҳар куни битта шарт бажарилади. Ўйин бошида фойдаланувчи ўзи ҳақида зарур маълумотларни киритади ва интернет орқали номалум шахс билан алоқада бўлади. Ўйиннинг муҳим ва ҳавфли шартларидан бири, ўсмир бола ушбу ўйинни ўйнаётганини сир сақлаш лозимлигидир. Бу шарт ўйин ташкилотчиси томонидан ўйинни ўйнаётган ўсмир онгига қаттиқ сингдирилиб, унинг мустақил, эркин шахс эканлиги мунтазам равишда уқтириб борилади. Шунингдек, болага ўйин шартлари ва вазифалари қанчалик қийин бўлмасин, уни бажариш шартлиги, акс ҳолда топшириқни бажармаган ўйин иштирокчиси ўйиндан чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилади.
Ўйиннинг ўз-ўзини ўлдиришга етаклайдиган хавфли шартларидан яна бири, агарда бола ўйиндан чиқишни истаса, интернетдаги IP-манзил орқали излаб, яқинларининг бирини ўлдирилиши ҳақида қўрқитилади. Натижада содда ва ишонувчан бола руҳий қарамлик исканжасида ўйинни давом эттириша мажбур бўлади.
Ўйин ташаббускори томонидан қўйиладиган барча шартлар ва вазифалар унда ўйнаётган ўсмирни унинг руҳиятига зид бўлган қўрқинчли ва таҳликали топшириқларни бажаришга  даъват этади. Масалан кўп қаватли бино томига чиқиб ўзини селфи асосида расмга олиш, катта тезликда ҳаракатланиб келаётган автомашина олдидан кесиб ўтиш ҳамда мазкур жараённи селфи расмга олиш, автомашинани соатига 250 км. соат тезликда ҳаракатлантириб селфи суратга тушиш ва ҳоказо. Мазкур ўйин иштирокчисига айланган бола бора-бора жамиятдан ўзини ажратиб, ўйинга ва ўйин раҳбарининг кўрсатмаларига тобе бўлиб қолади.
Мазкур онлайн интернет ўйини 2015 йили Россияда пайдо бўлиб, кисқа вақт ичида ёшлар орасида ва интернет тармоқларида тез оммалашиб, 130 нафарга яқин ўсмир боланинг ўз жонига қасд қилишга етаклаган. Оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган маълумотларга кўра, Россияда биргина 2017 йилнинг февраль ойида 800 нафар ўсмир йигит-қизнинг ушбу ўйинни ўйнаш истагини билдирган.[1]“Ўлим гуруҳи” таркибига кирувчи ушбу интернет ўйин бутун МДҲ мамлакатлари бўйлаб кенг тарқалмоқда.
Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу янги “ўйин” 2016 ва 2017 йилда янада оммалашиб, Ўзбекистон ёшларини ҳам ўз домига торта бошлагани кузатилган. Масалан, Тошкент шаҳар ИИБ маълумотларига кўра, шаҳардаги мактаб ва коллеж ўқувчилари телефонлари текширилганда 31 нафар мактаб ва 5 нафар коллеж ўқувчиси “Кўк кит” ўйинининг 1-15 босқичларигача келганликлари маълум бўлди.[2]
Тўғри бугун Хоразм вилоятида ушбу ўйин “қурбон”лари ёки жабрланган аниқланмаган.Лекин бу билан хотиржамликка берилиб бўлмайди. Чунки, интернет бу чегара билмас технология ва уни назорат қилиш ҳам анча мушкул.Бунинг устига ҳозирги кунда аксарият ёшлар замонавий ва кўпфункцияли мобил телефон аппаратларига эга. Мазкур омиллар юқоридаги каби салбий интернет ўйинларини вилоят ёшлари ўртасида оммалашувига олиб келиши мумкин.
Хусусан, Минтақавий тадқиқотлар маркази томонидан ўтказилган сўровлар жараёнида вилоятимиз ўрта мактаб ва коллеж ўқувчилари телефон аппаратларида юқоридаги ўйин шартлари ва белгилари акс этган видео файллар борлиги аниқланган. Бу эса келгусида “Кўк кит” ўйинининг ўсмир ёшлар ўртасида кенг тарқалиши ҳавфи мавжудлигини билдиради. Жумладан, яқинда вилоят ҳокимлиги томонидан Урганч шаҳар “Шовот” канали бўйида “Наврўз” байрамига бағишлаб ўтказилган асфальтга расм чизиш кўрик танловида, ёш иштирокчилардан бири оғзидан қон сачратаётган катта кит расмини чизганлиги кузатилган.
Демак, биз катталар ёшларнинг “оммавий маданият” ва ахборот хуружларининг таъсирига тушиб қолмасликларини таъминлаш мақсадида ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, ўқувчи ёшлар ва ўспирин йигит-қизларнинг бугунги ҳаёт тарзи, ўқиши, кайфияти ва муаммолари, уларнинг бўш пайтлари нима билан банд эканликлари билан қизиқишимиз талаб этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов “Юксак маънавият енгилмас куч” асарида таъкидлаганларидек, “Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмидаги унга қарши иммунитетни ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, таъбир жоиз бўлса, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин. Ана шунда жоҳил ақидапарастларнинг “даъвати” ҳам, аҳлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ҳам ўз таъсирини ўтказа олмайди”.
Маълумки, халқимиз азалдан илмий-маънавий мерос тўпланган кутубхоналарни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш орқали келгуси авлодларни улардан баҳраманд қилишга ҳаракат қилиб келади. Ёшларни китоб мутолаа қилишга йўналтириш хам уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, ўсмирларнинг ахборот хуружларидан асрашда педагоглар ва ота-оналарнинг ўта хушёр ва зийрак бўлишлари, ёшларнинг мобиль телефонларидан фойдаланишларини назорат остига олишлари ва интернетда нима билан банд эканлигини мунтазам текшириб туришлари мақсадга мувофиқ саналади. Зеро Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти айтганларидек, “қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади.”
Акс ҳолда не ниятлар билан ўстириб, вояга етказаётган фарзандларимиз биз кутмаган тубан ишларга қўл уриб қўйишлари, қандайдир руҳий касал кимсаларнинг кўрсатмаси билан ёш умрини нобуд қилишлари мумкин. Фақат сергаклик ва огоҳлик ҳаётимиз мезонига айланган тақдирдагина биз бир мушт бўлиб, ҳар қандай хавф-хатарни тўхтатишимиз, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан асрашимиз мумкин. 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов мафкуравий таҳдидлар юзасидан тўхталиб, “… тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огох ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин”, деб таъкидлаган эдилар. Шу сабабдан ёшларни юқоридаги ахборот хуружлари гирдобига тушиб қолишларини олдини олишда ОАВ, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳалла ва оила институтларининг ижтимоий ҳамкорлигини кучайтириш, ўқув юртларида таълим-тарбия жараёни устидан назоратни кучайтириш, ёшларнинг тўлиқ ўқишга жалб қилинишини таъминлаш, “Кўк кит” ва бошқа шу каби интернет ўйинларнинг салбий жиҳатлари тўғрисида ёшлар ҳамда ота-оналар иштирокида мунтазам равишда маърифий тадбирларни ўтказиб бориш талаб этилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, агар бугун биз ёшлар билан шуғулланмасак, бу иш билан “бошқалар” шуғулланиши ва бу борада имкониятлар бой берилиши мумкин.
 



[1]«Жамият» газетаси 2017 й. 28 апрель 17-сон.

[2]Ўша мақолада

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.