топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИГА ЭЪТИБОР – БУЮК КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Urganch davlat universiteti
Илм-фан
Сапаев Ғуломжон
Хоразм вилояти Минтақавий
тадқиқотлар маркази мутахассиси
 
Бугунги кунда мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни жисмонан ва маънан соғлом қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг етук ва баркамол инсон бўлиб вояга етишлари йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинаётган янги қонун ва қарорлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлари, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирлар Дастури ва бошқа соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар ёшларни сифатли таълим-тарбия олишлари ва маънан ва жисмонан етук шахс бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Натижада юртимиз ёшлари жаҳон спорт ареналарида турли мусобақаларда ва фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаб Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтармоқда. Бу билан ўзбек ёшлари ҳам жисмонан, ҳам ақлан ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқдалар. Бу албатта қувонарли ҳолдир ва бизнинг ёшларимиз ютуқларидан ҳар қанча фахрланса арзийди.
Лекин шуни ҳам айтиш жоизки, гуруч курмаксиз бўлмаганидек бугунги замонавий ёшлар орасида турли зарарли оқим ва ғоялар таъсирига тушиб қолаётганлар, ғарб “оммавий маданияти” таъсирида маънавий дунёқараши, тарбияси салбий томонлама ўзгариб, руҳий-психологик ўзгаришлар юз бераётган ёшларни ҳам учратиш мумкин. Албатта бу бир қарашда ёшлар деб аталувчи катта социал гуруҳ ичидаги бир кичик қисм сифатида оддий ҳолат бўлиб кўринсада, оқибатлари катта ижтимоий хавфга эга. Чунки, айрим ёшларнинг миллий маънавиятимиз ва менталитетимизга ёт, маданиятимизга бегона бўлган салбий фикр ва иллатларни ўзига одат қилиб олиши натижасида, девиант ҳулқ-атворли ёшлар сафининг кенгайишига олиб келади. Оқибатда ёшлар орасида турли ҳуқуқбузарлик, ўғирлик, талончилик, зўравонлик, ичкиликбозлик ва наркомания, фоҳишабозлик каби жирканч жиноятчиликнинг кўпайиш эҳтимолини оширади.
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ёшлар орасида бу каби салбий ҳолатларнинг юз бериши, айрим йўналишларда салбий кўрсаткичлар юқорилигича сақланиб қолинмоқда. Бунинг кўпгина омиллари мавжуд.
Хусусан, Хоразм вилояти Минтақавий тадқиқотлар маркази томонидан олиб борилган тадқиқотларда аниқландики, ёшлар маънавияти ва тарбиясига, дунёқарашига салбий таъсир қилаётган омиллар қаторига ёшлар ўртасидаги меҳнат миграцияси ва ишсизлик, шунингдек, интернет ва турли ижтимоий-тармоқлардан нотўғри, ўринсиз ва мақсадсиз фойдаланишлари, вояга етмаган ёшларнинг таълим муассасалари ва ота-оналар томонидан етарлича назорат қилинмаётганлиги, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига эътибор берилмаётганлиги, ёшлар тақдирига, айниқса, уюшмаган ёшлар ҳаётига кенг жамоатчиликнинг эътиборсизлиги ва ёшларни маънавий тахдидлардан асраш бўйича самарали ишлар амалга оширилмаётганлигини киритишимиз мумкин.
Бу каби салбий иллатларнинг илдиз отаётганлиги, улар томонидан жиноятлар содир этилиши, маънавий дунёқараши, маданияти ва ахлоқ-одобининг салбий томонга ўзгариб бораётганлиги бу масалага давлат ва жамоат ташкилотларини ҳушёр бўлишга ундайди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ёшларнинг бўш вақти – душманларнинг иш вақти бўлишига йўл қўймаслигимиз керак”.
Шу сабабдан вояга етмаган ёшлар ўртасида салбий жараёнларни юзага келишига сабаб бўлаётган энг муҳим омилларни аниқлаш ва маънавий муҳитни соғломлаштириш чораларини кўриш, бунинг учун энг аввало давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ёшлар билан тизимли ишларни йўлга қўйиш, айниқса уюшмаган ва ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи катталар назоратидан четда бўлган ёшлар билан самарали тарғибот ишларини олиб бориш лозим. Бу ишларни самарали ташкил қилиш учун маҳалла институтидан, оммавий ахборот воситаларидан, таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчиларидан, кўргазмали аудио, видео ва босма материаллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки бугунги замонавий ёшлар асосий ахборотни интернетдан ва оммавий ахборот воситаларидан олишмоқда, ҳаётининг бир кунини ҳам уларсиз тасаввур қила олмаяптилар, турмуш маданияти ва идеал шахсини ушбу манбаларда кўрган-билганларидан келиб чиқиб шакллантирмоқда ҳамда шунга интилмоқда. Демак, биз эскича маърузабозликни камайтириб, ёшлар маънавияти ва дунёқарашига таъсири кучли бўлган воситалардан тарбиявий қурол сифатида фойдаланишимиз зарур. Зеро, биз бугун ахборот технологиялари даврида ва глобаллашув жараёнлар шиддат билан бораётган замонда яшаяпмиз. Айниқса интернет ёшлар маънавиятига жиддий хавф солаётган омиллардан бири бўлмоқда.
Чунки интернет тармоқларида фойдали маълумотлардан ташқари минглаб маънавий-ахлоқий бузуқликни, зўравонликни тарғиб қилувчи турли сайтлар, ўйинлар бор. Деярли ҳар куни ушбу тармоқдан фойдаланаётган ёшларнинг дунёқарашига бу салбий таъсир қилмасдан қолмайди. Мисол учун қонхўрлик, ваҳшийлик, зўравонлик каби иллатлар асосида ташкил қилинган “Кўк кит”(“Синий кит”), “Море китов”, “Фея”, «Тихий дом», «Разбуди меня в 4:20» каби интернет ўйинлари ўсмир ёшларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Баъзи ўсмирларнинг ўта асабий ва атрофдагиларга нисбатан шафқатсиз бўлиб қолаётганига ҳам ана шундай ўйинлар сабабчидир. Айниқса “Кўк кит” номи остидаги ўйин ёшлар ҳаётига жиддий хавф солмоқда. Айрим ёшларимиз турли диний оқимлар таъсирига тушиб, онги, дунёқараши “заҳар”ланиб қолишига ҳам ушбу интернет тармоғидаги ёт ва зарарли ғояларни ўзида акс эттирган сайтлар, ижтимоий тармоқлар сабабчидир.
Қолаверса, бундай шароитда ёшларда дунёнинг турли ҳудудларида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга, зиддиятли тўқнашувларга ва маънавий-мафкуравий курашларга нисбатан теран қараш ҳиссини ошириш, ёшларда ушбу мафкуравий кучларга қарши ғоявий-маънавий курашни шакллантиришимиз даркор. Аниқроқ айтганда глобаллашув даврида ёшлар ҳушёр ва сезгир бўлиши, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва лоқайд бўлмасликлари талаб этилади. Зеро, Биринчи Президентимиз айтганидек, “қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади”.
Шунингдек, ёшларнинг “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолмасликлари, уларда ёт ғоялар ва мафкураларга қарши маънавий иммунитетини кучайтириш учун кўпроқ ота-оналар эътиборини кучайтириш, ўз фарзандлари тақдирига бефарқ қарамасликлари, фарзандим нима ўқияпти, компьютерда ёки қўл телефонида эрталабдан кечгача нима билан банд экан, дўстлари ким, ўқиш ёки ишдан сўнг нима билан машғул деган саволни олдига қўйиб, уларнинг юриш-туришларини, кизиқишларини назорат қилишлари лозим. Акс ҳолда не ниятлар билан ўстирган, вояга етказган фарзандларимиз биз кутмаган ва эл орасида юзимизни ерга қаратадиган ишлар қилишлари мумкин.
Биз асосий эътиборни уюшмаган ёшлар қатламига қаратишимизнинг сабаби, уларнинг аксарияти, доимий иш ўрнига ва машғулотига эга эмас, ҳеч қаерда ўқимайди, содда қилиб айтганда бекорчи. Бу эса маънавий дунёқараши ва тарбияси тез бузилиши мумкин бўлган, девиант ҳулқ-атворга эга ва “оммавий маданият” таъсирига тушадиган энг катта хавфли гуруҳдир. Чунки бекорчиликдан турли зарарли иллатларни одат қилиб олишлари мумкин. Масалан бугун тунги клубларда мижозларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилмоқда. Уюшмаган ёшлар ва назоратсиз ёшларнинг тунги клубларга боришлари уларнинг маънавияти ва тарбиясига кучли салбий таъсир кўрсатмоқда. Тунги клубларда менталитетга хос бўлмаган хориж мусиқа ва қўшиқлари янграмоқда, енгилтак ёшларнинг беҳаё рақслари намойиш этилмоқда, чекиш ва ичкиликбозлик уясига айланмоқда. Бу эса ўз навбатида ёшлар маънавиятига салбий таъсир қилиши шубҳасиз.
Шунинг учун ушбу жамоат жойларида назоратни кучайтиришимиз, “менинг фарзандим ёки қариндошим эмас ва менга алоқаси йўқ” қабилида ёндошмасдан, кенг жамоатчиликнинг, катталарнинг эътиборини кучайтиришимиз ва шу орқали ёшлар тарбияси ва маънавияти масаласида жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз даркор. Зеро юрт келажаги, халқ тақдири билан яшаш ҳар бир ватанпарвар шахс учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ёшлар маънавияти масаласида яна бир гап, ёшларга ўз мутахассисликлари бўйича иш ўринларини яратиш ва фойдали машғулот турлари билан банд бўлишлари учун зарур шароитлар яратиш уларни маънавий таҳдидлардан асрашнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади. Чунки ёшларнинг етарлича бандлиги таъминланмаганлиги, ташқи меҳнат миграциясининг ошишига олиб келмоқда.
Олиб борилган таҳлилларга кўра, четга иш излаб кетган ёшларнинг деярли ярми ҳали оила қуриб улгурмаган ёки энди оила қурган ёшлар ташкил қилади. Ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган ёшларнинг хорижий давлатларда ишлаши ва яшаши унинг маънавий онги, дунёқараши, ахлоқи ва тарбиясига ҳар томонлама салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Чунки ўзга давлатда у янада эркин ва назоратсиз, бунинг устига атрофида ғарбга хос ҳаёт тарзи, ғайриахлоқий маданият, маънавий бузуқлик ҳар қадамда учрайди. Бу ҳам камдек, муқаддас динимиз исломни ниқоб қилиб олиб, маърифатпарвар ва инсонпарварлик ғояларини сохталаштириб олган турли диний экстремистик гуруҳ ва оқимлар, террористик ташкилотлар таъсирига тушиб қолмоқда. Бугун қанчадан қанча ёшларимиз ўзлари билиб-билмай ёки адашиб ана шундай зарарли ғоялар таъсирига тушиб, улар сафида турли ҳунрезлик ва террор ишларни амалга оширмоқдалар, яқин шарқ ва дунёнинг кўпгина мамлакатларида бегуноҳ инсонлар қонини тўкмоқдалар.
Бунга ким айбдор, фақатгина ўша ёшлар эмас, биз катталар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам, таълим муассасалари ҳам ва бутун жамоатчилик айбдор десак хато бўлмайди. Чунки вақтида тергамадик, сўрамадик, айрим кишилар менга алоқаси йўқ деб лоқайд ва бефарқ муносабатда бўлди, баъзи ота-оналар вақти йўқлигини баҳона қилган бўлса, айримлари мол-дунё орқасидан қувиб, ҳали шахс сифатида ва маънавий онги тўлиқ шаклланиб улгурмаган фарзандини ташлаб ҳорижга ишлашга кетишди. Оқибатда биз нимага эришаяпмиз, бириси ичкилик ва чекишга ружу қўйган, бириси ўғри ёки жиноятчи, яна айримлари фоҳишаликни тирикчилик манбаига ёки кўнгилҳушликка айлантириб олган.
Бу маънавияти юксак халқ учун иснод ва уят эмасми, ахир давлатимиз томонидан ёшларнинг ўқиб, яхши таълим-тарбия олишлари, касб эгаллашлари ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун қанча шароитлар яратилмоқда, маблағлар сарфланмоқда.
Маънавий нуқтаи назардан яна бир аянчли одат, таъбир жоиз бўлса ўзбек менталитети, оиласи, ахлоқий маданияти учун шармандали ҳолат ҳақида тўхталмоқчиман. Бугун ўзини замонавий ёшларданман деб ҳисобловчи айрим ёшларимиз маънавиятимизга хос бўлмаган, миллий маданиятимизга зид ва уят саналадиган кийиниш ҳамда ўзини тутишни одат қилиб олганлар, содда қилиб айтганда нормал кийиниш маданиятига айлантирганлар. Ачинарлиси шундаки, ўша беҳаёларча “замонавий кийинган” ёш йигит ва қизларимиз ўз яқинлари, ота-онаси олдида бемалол юришмоқда. Ҳатто баъзи ота-оналарнинг ўзлари кўнгли ўксимасин, ҳеч кимдан кам бўлмасин, ҳозирги мода эмиш деб ўша тор ва ялтироқ шимни, ҳаддан ортиқ калта юбкани, хорижий тилда ёзилган “мени ўп”, “мен қотилман” каби сўзлар акс этган кўйлакларни, ёки масхарабозларникидек ранг-баранг кийимларни фарзандларига сотиб олиб беришмоқда. Бу билан катталарнинг ўзлари ёшлар маънавияти ва маданиятининг бузилишига сабабчи бўлиб қолмаяптими. Ахир азалдан қачон ўзбек қизи ўз отаси олдида беҳаёларча кийиниб, бутун бадани ва қадди қоматини кўз-кўз қилган, қайси йигит сирға тақиб сочларини турли рангларга бўяб, аёллардек ўстириб юрган. Шу орқали айрим ёшларимиз жамият назарига тушишни мақсад қилишмоқдами, бошқаларни шу маънавиятсизлик, уятсизлик, ахлоқсизлик билан эътиборини жалб қилмоқдами. Нега катталар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик бунга бефарқ бўлишмоқда, оммавий ахборот воситларида бундай иллатларга қарши етарлича тарғибот ишлари, ижтимоий роликлар кам. Лоқайдлик ва бефарқлик ҳам ушбу иллатларни қўллаб-қувватлашнинг бир кўринишидир.
 
Бу масалада ёшларнинг ҳам ўзлари атрофлича ўйлаб, теран фикр юритиб, тўғри хулоса чиқаришлари, адашган бўлса тўғри йўлдан боришлари ёки адашган бошқа яқин дўстларини яхши томонга ўзгатиришга ҳаракат қилишлари жуда ҳам муҳимдир.
Шунингдек, жамоат ташкилотлари билан биргаликда ёшлар ва вояга етмаган шахсларни кўнгил очиш жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгил очиш жойларида назоратни кучайтириш, рейдлар ўтказиб бориш ҳамда буни ОАВларда кенг ёритиб боришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга чекка ҳудудларда, қишлоқ ва маҳаллаларда ёшлар марказларини ташкил қилиб, у ерда ёшлар учун турли спорт тўгараклари ва майдончалари, касбий тўгараклар ташкил қилиш орқали, ёшларнинг маънавий тахдидлардан асрашимиз мумкин.
 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, агар бугун биз ёшлар маънавияти, маданияти, ахлоқи ва таълим-тарбиясига жиддий эътибор бермасак, бу иш билан жиддий шуғулланмас эканмиз, “бошқалар” бу иш билан шуғулланишади ва келажагимиз бўлган ёшларимизни ўз мақсадлари йўлида тарбиялайдилар, дунёқарашини бошқа ғоя ва мафкуралар билан тўлдиришадилар ва охир-оқибат бу борада имкониятлар бой берилиши мумкин.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.