топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Сурхондарё рақс санъатининг ривожланиш босқичлари!

Toshkent davlat Milliy raqs va xoreografiya oliy maktabi
Илм-фан
 
 Рақс халқ-мулки. Дарҳақиқат, рақс санъати ҳар бир халқнинг азал-азлдан урф-одатлари, анъаналари негизида пайдо бўлиб, ривожланиб келаётган санъат тури ҳисобланади.
Мустақиллигимиз шарофати билан мустақил гўзал Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнаб келмоқда. Мана шу гўзаллик, мусаффо осмон, тинчлик биз санъаткорларни эркин ижод қилишимиз учун улкан имкониятлар ўчоғи бўлиб хизмат қилмоқда десам муболаға бўлмайди. Сўзларимнинг исботи сифатида, муҳтарам, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Миромоновичнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги 2017 йил 31 май 3022 сонли қарорлари қабул қилинди.
Мана шу қарорни амалда ўз фаолиятини оширишга  ҳисса қўшиш мақсадида “Сурхондарё рақс санъатининг  ривожланиш босқичлари” ҳақида ўз фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман!


Ҳеч биримизга сир эмаски, юртимизда рақс санъатини учта  асосий мактаб Фарғона, Бухоро, Хоразм рақс мактаблари асосида ўрганилиб келинмоқда. Мана шу учта мактабни ўрганиш учун қўлланмалар мавжуд.
Сурхондарё рақс санъати ҳақида гапирадиган бўлсак, Сурхондарё воҳаси тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, унинг табиати, халқи ва халқ орасидаги ота-боболардан  ҳозиргача сақланиб қолган маросимий, урф-одатий рақс ўйинлари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, Сурхондарё рақс ҳаракатлари  борасида тўхталадиган бўлсак, оёқ ҳаракатларининг тез ўзгариши, қўл ҳаракатлари ижросининг бошқа ўзбек рақс мактаблардан кескин фарқ қилишини айтиб ўтиш жоиз деб билдим. Шу боисдан Сурхон воҳаси рақслари ҳақида, сурхон рақс услубиётёти ҳақида айтарлик ҳеч нарса ёзилмагани эса ачинарли ҳолат. Шунинг учун ҳам хореография санъатининг мутахассислари томонидан Сурхондарё рақс мактаби номли илмий қўлланма ёзилса, мана шу вилоятнинг ўзига хослиги оёқ-қўл  ҳолатлари ва ҳаракатлари тизимга солинсагина Сурхондарё рақслари ва ҳаракатлари асл ҳолича авлоддан-авлодга тўғри  етказиб бериш мумкин.
Тўғри, Шоира Қурбонова ва Холиқ Хурсандов  томонидан  2010- йил  нашрдан чиққан, Сурхондарё рақс мактаби номли ўқув-қўлланма мавжуд. Лекин бу қўлланмада Сурхондарё рақс мактабининг қўл ва оёқ ҳолатлари берилмаган. Мантиқан ўйланганда, қўл ва оёқ ҳолатларисиз, бирор бир мактаб яратиш бу ҳуддики, ҳарф билмай туриб, китобни ўқи деган билан баробардир. Шунинг учун бу берилган ўқув-қўлланма мактаб бўла олмайди. Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, хореография  санъатини ўқитиш услубиётида ҳар бир рақс мактабларининг тизимга солинган қўл ва оёқ ҳолатлари ҳамда маълум номланган ҳаракатлар жамланмаси мавжуд бўлсагина, уни рақс мактаби дея олишимиз мумкин. Мана шу  қўл ва оёқ ҳолатлари ва номланган ҳаракатлари мавжудлиги билан ҳам у мактабдир.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтишим керакки, Сурхон воҳасининг рақс санъати ўта миллийлиги туфайли совет мафкурасидаги маҳаллий раҳбарлар томонидан “ескилик салқити” сифатида қабул қилинганлиги ҳам Сурхондарё рақс услубининг ривожига халақит берган. Сурхон воҳаси рақслари тоғлик Бўйсун туманидаги “Шалола” ашула ва рақс ансамбли 1975-йилда Полша Республикасининг Закопоне шаҳрида бўлиб ўтган ВИИИ жаҳон тоғлик ўлкалари фолклоре фестивалида қатнашиб,” Кумуш болта” совриндори бўлганидан кейингина санъат аҳлининг эътиборини тортгандек бўлди. Бежизга айтмадимки Сурхондарё рақс мактабини яратиш керак деб…
Бинобарин, сўзим бошида таъкидлаб ўтганимдек, “Рақс-халқ мулки”! Шундай экан мана шу Сурхондарё рақс санъатининг гуллаб-яшнаши учун қолаверса ўзбек рақс мактабларимиз сонини яънада кенгайтириш учун ҳам Сурхондарё рақс оёқ-қўл ҳолатлари, ҳаракаталари ўрганилиб, номланиши ва Сурхондарё рақс мактабини тизимлаштириш керак деб ўйлайман. Чунки бу ҳам бизнинг неча минг йилликлардан бери халқ орасида ўйналиниб келинаётган рақслардан бири ҳисобланади. Тарихни иложи борича асл ҳолича сақлаб қолиш керак деб ўйлайман. Раҳматли биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаб ўтганларидек, “Тарихий – хотирасиз келажак йўқ!” Ўз миллий рақс санъатимиз тарихини ўрганиш ва асл ҳолича ёш авлодга етказиш энг асосий вазифамиздир десам адашмайман. Келажагимизни, миллий санъатимизни умри боқий бўлиши учун ҳам бирдамликда ҳаракат қилайлик!
Неъматова Шохиста ТДМРХОМ 2-курс “ХЖР” бўлими талабаси
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.