топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Хореография санъатида ялла жанрининг аҳамияти!

Toshkent davlat Milliy raqs va xoreografiya oliy maktabi
Илм-фан
     Рақс…! Бу сўз замирида жуда кўп маънолар мужассам. Чунки рақс орқали инсониятнинг ҳаёт фаолияти ҳамда ундан ташқари, ҳаттоки энг нозик томонимиз ички ҳис туйғуларимизни ҳам мана шу рақс ҳаракатлари орқали ифода эта оламиз.
     “Хореография” атамаси кенг  маънода қўлланилиб, грекчадан таржима қилинганда “рақсни ёзаман” деган маънони билдиради. Рақс санъатидаги ҳамма амалиётлар хореография сўзи билан чамбарчас боғлиқдир.
     Сўзимиз  бошида  рақс  сўзига  таъриф  билдирар эканмиз, бу дунёдаги ҳар бир санъат соҳаси ҳаётимизни бадиий образ орқали ифода этиши зарур. Рақс санъати-ижод руҳияти, ҳис туйғулари, фикрини сўссиз, фақат ҳаракатлар ва юз ифодаси билан халқга етказишга асосланган ажойиб санъат туридир!

Рақс-ўзингни куйга, оҳангга бахшида этиб, сеҳрлар дунёсига шўнғиб кетмоқ, кўнгилдаги бор-йўғингни кўзларга,  ҳаракатларга ҳайрат ато этмоқ, истакларингни бир даста гул шаклида томошабин ҳаёжонлари устидан сочмоқ, улар олқишига муяссар бўлмоқ ва бундайин буюк туйғу ҳар бир раққос ёки раққосанинг юрагида олов, ўт мисоли ловуллаб туради. Рақс санъати мана шундай мўжизакордир.
   Рақс санъати хақида гапирар  эканмиз, тахминан, рақс инсоният пайдо бўлган илк даврлардаёқ туғилган. Жамиятнинг меҳнат жараёнларини,ҳайвонларнинг ҳаракатларини, афсонавий шахслар қиёфасини кўрсатувчи рақслар  ижро этилган. Бу даврда улар табиат куйига таянганлар. Ижтимоий ҳаётимиз тараққий этгани сари бошқа санъат соҳалари каби рақс санъати ҳам кундан кунга бойиб, унинг характери, мавзулари ўзгариб борди. Меҳнат рақслари эса янгича талқинда, янги ҳаётий эҳтиёж сифатида, инсонларга руҳий мадад берувчи, қувонч ва роҳат бахш этувчи рақслар ижро этила бошланди. Масалан, ўзбекларда “Пахта”, “Пилла”, русларда “Ип йигирувчи”, Украинларда “Ҳосил байрами”, Молдавияда “Узум йиғимиъ, Корея давлатида “Балиқчилар” ва ҳоказо рақслар шулар жумласидандир.
    Рақс санъатининг мумтоз, лирик, қаҳрамонлик, ҳазил-мутойиба, фолклор, меҳнат ва жуда кўп турдаги рақслар мавжудки, унда замонамизнинг яшаш тарзини аниқ ҳамда равшан ифодалаб беради.
     Ўзбек саҳна рақс санъатининг пайдо бўлишида, унинг равнақ топишида, гуллаб-яшнаб, бутун дунёга кўз-кўз қилинишига ўз ҳиссасини қўшган, рақс санъатимизнинг буюк мусаввирлари бўлмиш Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Уста Олим Комилов, Исоҳор Оқилов, Юсуф Қизиқ Шакаржонов, Розия Каримова ва уларнинг шогирдларинини айтиб ўтиш жоиздир.
   Уларнинг машаққатли қилган меҳнатлари ўзбек рақс санъатининг бебаҳо бойликлари ҳисобланади. Мана шу  бойликни асраб авайлаш, сақлаб қолиш, ривожлантириш ва келажак авлодга тўғри етказиб бериш  балетмейстерларнинг ихтиёридадир.
    Ҳозирги кунга келиб,ўзбек миллий рақс санъатимизда жуда кенг қанот ёйган жанрлардан бири бу “Ялла” жанридир. Ялла ҳақида сўз борар экан, албатта тарихга назар ташламасдан иложимиз йўқ. Ялла жанри — бой маданиятимизнинг ажралмас бир қисми: халқимизнинг ҳаётни  ҳис қилиш жараёнида ўзига ҳослигини акс эттирган санъат тури десак ҳам бўлаверади. Яллаларимиз азaл-азалдан тўй, байрам-у тантаналарда шодиёна дамларнинг авжи сифатида ижро этиб келинган. Халқимизнинг жон томиридан пайдо бўлган бу жанр тирик бир вужуд каби мудом ривожланишда бўлган. Шуни аниқ айтиш мумкинки ялла жанри фақатгина ўзбекларга хос бўлган, бутун дунёга машҳур  ва Ўзбекистон ҳудудида  жуда кенг тарқалган жанр ҳисобланади. Ялла жанри ҳозирги кунга келиб, анъанавий сақланиш жараёнида ривожланиб, такомиллашиб келмоқда. Албатта шуни айтиб ўтишим керакки, ялла жанрининг гуллаб-яшнашида устоз санъаткор, ўзбек миллий рақс санъатимизнинг асосчиларидан бири Тамарахонимнинг ҳам меҳнатлари беқиёсдир. Ва илк бор ялла жанрида рақсни саҳнага Мукаррама Турғунбоева олиб чиққан.
     Ялла жанри ҳақида сўз борар экан, ялла  жанри ўзига жуда кенг маъноларни қамраб олади. Кўпчилик яллачилик деганда фақат ялла ижрочиси ҳамда ўйнаётган раққоса тушинилади. Тўғри, ялла жанри деганда қисқа ва лўнда шундай жавоб берса бўлади. Бироқ, хореография санъатида ўзига яраша фарқланади. Хореография санъатида ялла жанрининг аҳамияти шундан иборатки, ижро этилган ялла ва унинг шеър матнига рақс ҳаракатлари орқали томошабинларга етказиб бериш тушинилади. Бундан ташқари хореография санъатида ялла жанри ўзининг сўз матнига эга эканлиги ҳамда мусиқа ва рақс ҳаракатлари  ҳаттоки рақс чизмалари ҳам биз яратаётган ялламизни ифодалаб бериши, драматургияга  алоҳида эътибор беришни балетмейстердан талаб қилади.
     Айни шу даврга келиб, ялла жанри ўзига ҳос ривожланиб келмоқда. Бу ривожланиш ютуқлари билан бир қаторда ўз камчиликларини ҳам олиб келмоқда десам адашмайман. Чунки ҳозирги даврга келиб саҳналаштирилаётган яллаларнинг асл моҳияти очиб  берилмаяпти. 
    Мен ёш бўлажак балетмейстер сифатида шуни сўраб қолардим, ялла  саҳналаштираётганда аввало, ялланинг шеър матнига эътиборлироқ бўлишларини, ялла шеър матнини тўлиқ ифода эта оладиган ҳаракатлар яратишларини, ялла ижрочиларининг ҳар бир сўзини юракдан ҳис қилишларини ва қолаверса, ўзбек миллий рақс санъатимизнинг тизимга  солинган мактабидан чиқиб кетмаган ҳолда яратишса менимча мақсадга мувофиқ бўлар эди.
    Ана ўшандагина биз ўзимизнинг миллий маданиятимиз, миллий меросларимизни асраган бўламиз. Ҳурматли биринчи президентимиз айтганларидек, “Тарихий хотирасиз-келажак йўқ”! Дарҳақиқат, ўз тарихимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни асраб авайласаккина, биз ҳеч қачон ўзлигимизни унутмаймиз! Биз ахир буюклар ворисларимиз ва  албатта биз ҳам улардек буюк ишлар қилишга ва миллий рақс санъатимиз йўлида фидоий ва жонкуяр бўлишга қўлдан келганча сидқидилдан ҳаракат қиламиз!
Неъматова Шоҳиста ТДМРХОМ 2 курс «ХЖР» бўлими талабаси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.