топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Урф-одат ва замон

ToshDSHI
Илм-фан


Ўзбек халқи урф-одатларга бой қадимий халқ. Урф-одатлар маданиятнинг бир қисми. Одатда юксак маданиятли халқ деганда, замон ўзгариши билан, замонга мос равишда эски, ўз вазифасини ўтаган ва янги замонга мос келмайдиган урф-одатларни тарк этиб, янгича дунё халқлари ҳавас қиладиган урф-одатлар, расм-русумларни жорий қилган халқ тушунилади. Масалан, Ўрта асрларда, Алишер Навоий замонида катта давлат арбоблари, йирик ер эгалари, руҳонийлар вафот қилса, бир ҳафта, ўн кун, баъзан қирқ кун ва ундан ортиқроқ муддатда туя, буқа, қўйлар сўйиб, етим-есир, бева-бечора, мусофир ва гадоларга ош тарқатишган. Бундай эҳсон ўз вақтида ўзини оқлар эди. Чунки аҳолининг деярли аксарият қисми ишсиз, тинимсиз ўзаро урушлар, тахту-тож эгаллаш ниятида ота билан бола, мерос талашган  шаҳзодалар низо-жанжаллари натижасида тинчлик йўқ эди, юрт вайрон, деҳқоннинг экин-текини пайхон эди. Унинг устига тинимсиз босқинчилик лашкарларининг озиқ-овқати, қурол-яроғлари солиқ устига солиқни кўпайтириб, аҳолини бор топган-тутганини талаб, тинкасини қуритар эди.
         Ҳозир, кўз тегмасин, Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик, қурилиш-ободончилик ишлари йилдан-йилга ошиб, одамлар бир қаватлик бино ўрнига 2-3 ва ундан кўп қаватли бинолар қуришмоқда.
         Эски одатга кўра ҳозир ҳам оилада кексалар вафот қилса дошқозонларда ош дамлаб, 300-500, баъзан минглаб одам чақириб эҳсон оши тарқатишади. Дастурхонлар ноз-неъмат кўплигидан лорсиллайди. Анвои мевалар, қанд-қурс, ширмойи нон, баъзида қази-қарта, гўё бу таъзия эмас тўйми деб қоласан.
Лекин шунча ноз-неъмат кимга аталган, камбағал, бева-бечорагами? Камбағал, етим-есирни келган одамлар ичида уруғликка ҳам топмайсан. Тўйхона атрофига бири-биридан ошган люкс жиплар, қимматбаҳо машиналар сиғмайди, одамлар бири-биридан олифта ҳаммаси жума намоз форма, эгнида Италия-Франция модапарастлари киядиган костюмлар. Булар очми, бир луқма овқатга зорми? Кўпчилиги ижирғаниб “Оббо яна ошми? Одамни тинчгина дам олишга ҳам қўймайди” деб тонг саҳарлаб уйқудан туришади. Баъзида шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига 30-40 км йўл босиб, баъзида бошқа шаҳардан келишади. Бир луқма ош ейдими-емайдими камида 5-6 минг йўқса 50-100 минг сарфлаб ошга келиб-кетишади.
Шулар очми, бир ошам ошга зорми, шу одамларга ош бердим, деб, савоб иш қилдим деб мақтанишга, обрў орттиришга арзийдими? Бу қачонлардир ижтимоий-иқтисодий танглик шароитида юзага келган урф-одатнинг қули бўлиб қолиш эмасми?
Биз бир гуруҳ ўзбекистонлик олимлар ва зиёлилар билан Эронда ўтказилган китоб ярмаркасига бордик. Китоб кўргазмасининг саҳни шунчалик улканки бир бошидан иккинчи боши кўринмайди. Одамларни кўплигини айтмайсизми, танга ташласанг ерга тушмайди, етти ёшдан-етмиш ёшгача болалар, ўқувчи-талаба ёшлар, хотин-қизлар, ҳатто ногирон аравачасидаги кишилар худди умумхалқ сайлига келгандай келишади. Энди мактаб ёшига етган-етмаган ўғил-қизлар қўлида бир даста пул, бир халта-бир халта китоб сотиб олиб зўрға орқалаб кетаётган манзараларга кўзим тушади. Китоб ўқишга қизиқиш фавқулодда зўр. Ҳавас қилса арзигулик. Биздачи, баъзи бир оилаларда номига бўлса ҳам жавонида олиб қўйган битта китоб ҳам йўқ. Лекин тўй қилса 500 кишини чақириб ош беради, қўлини кўксига қўйиб келганларга таъзим бажо келтиради.
Биз Абдуҳаким Шараъи Жузжоний билан таксига ўтириб кўргазмадан меҳмонхонага қайтаётган эдик. Йўлда такси ҳайдовчи билан гаплашиб кетдик. Одатдагидай, оиласи билан қизиқдик. Учта қизи бор экан. Энг каттаси 25 ёшда экан. Ҳали турмуш қурмаган экан. “Нимага шу пайтгача эрга бермагансан, нима иш қилади?”-деб сўрасак, “Компьютерда ишлайди, қачон ўзим оёққа туриб, квартирали, уйли-жойли бўлмагунча турмуш қурмайман, деб эрга тегмаётипти”,-деб жавоб берди. Ҳақиқатан Эронда йигитлар ҳам қизлар ҳам уйлангандан кейин ота-онаси билан яшамайди. Қурби келса квартира сотиб олади, жуда бўлмаса ижарага олиб бўлак туришади. Йигитлар то ўзи бир ишни бошини тутиб, оила боқадиган ҳолатга етмагунча уйланишмайди.
Эронда тўй маросими ҳам жуда мухтасар ўтади. Ёшлар, кўпинча, талаба бўлса университет клубида, йўқса махсус салон ёки ресторанда энг яқин қариндош, дўст-ёронларини чақириб 50-100 кишилик тўй маросимини ўтказишади. Тўй, одатда, соат 19:00 га тайинланади. Столга ҳўл мева, ширинлик, чой қўйилади. Миллий оҳанглар чалинади, ёш қизалоқлар ўйинга тушади, катталар келин-куёвга бир даста гул бериб табриклайди, кейин ўтириб суҳбат қуришади. Соат 10:00 да кечки овқат тортилади. Кечки овқат, одатда, сувга пиширилган гуруч билан кабоб, ёки товуқ бўлади. Шу билан соат 11:00 да тўй тарқайди.
Биздаги келин узатиш дабдабаси, ҳатто миллардернинг ҳам хаёлига келмаса керак.
Биздаги келин сарпоси, мебели, баъзи хонадонлардаги катта участкани қуриб қўйиб, келин томонга ҳамма жиҳозларини юклаши, телевизор, кир машина, ҳатто куёв болага янги машинагача олиб бериш дунёнинг ҳеч бир бурчагида топилмаса керак. Ундан ташқари, ҳозир келин-куёв аксарият ҳолларда ўқийди. Уларнинг ҳамма ўқиш харажатлари, кийим-кечаги, ейиш-ичиши ота-онанинг зиммасига тушади. Ота-онаси буларни таъминлашга қодир бўлишса хўп-хўп, қодир бўлишмасачи?! Ҳамма оила ҳам бундай залворли, бел синдирадиган харажатларга қодир эмаску!
Бизда тақлид кучли, биров томини туникасини олиб ташлаб черепица ёпса қўшниси ҳам шуни қилади, биров бир қаватли уйини бузиб ташлаб икки қаватли уй қурса, буниси ҳам қилади, биров қизини узатиб дабдабали тўй қилса, уни кўрган бошқалар ҳам қўлидан келса-келмаса унга тақлид қилади.
Бундай тақлидлар оқибати уруш-жанжал, оила бузилиши, хонумонсўзликка олиб келади.
Энг ёмони, ёшларни боқимандаликка, текинхўрликка, ишёқмасликка, молпарастликка, маънавий қашшоқлигига сабаб бўлади.
Биз бу тўқликка шўхлик, тақлидчилик билан, ким ўзарга пойга билан қаёққа қараб кетяпмиз? Наҳот, бизнинг халқимиз орасида соғлом ақл эгалари бўлмаса, наҳот қилаётган ишларини бир тарозига солиб ўйлаб кўрадиган, ҳамма учун мақбул бўлган, ҳамма кўриб ҳавас қиладиган урф-одатларни жорий қилишга халқимизнинг қудрат-қобилияти етмаса?!
Алишер Навоий ҳазратлари:
 Табиатға ҳар неки одат ўлур,
Чу вақт ўтғай одат табиат ўлур,
Деб ўгит қилганлар. Ҳамма урф-одатларни ҳам бу юксак миллий қадрият деб ҳисоблаб бўлмайди. Вақт ўтиши билан баъзи одатларимиз эскиради замон талабларига жавоб бермай қолади. Маккаи мукаррамада, Эронда, Афғонистонда ва бошқа мусулмон давлатларининг кўпчилигида оилада кимдир вафот этса, унинг фотиҳасини уч кун масжидда ўтказишади. Ош дамлаб юртга тарқатиш уёқда турсин ҳатто келганларга чой ҳам таклиф қилишмайди. Вафот қилганларни эслаб нимаики маросим бўлса уйда ўз яқинлари билан ўтказишади. Биздаги исрофгарчиликлар, хўжа кўрсинга сендан мен камманми қабилида ким ошарга ош тарқатишлар бу шариатга ҳам тўғри келмайдику.
Турли маросимларни ихчамлаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори жуда тўғри ва айни вақтида қабул қилинган қарор. Ахир қачонлардир бу замонга мос келмайдиган урф-одатларимизни ўзгартиришимиз керакку.
 
Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори А.Қуронбеков

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.