топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ЎзМУда Навоийхонлик кечаси

Тарихий саналар
Илм-фан
 
Улуғ аждодимиз, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Навоийхонлик кечаси ўтказилди. 
Маънавий-маърифий тадбирда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, профессорлар Қозоқбой Йўлдошев, Ҳамидулла Болтабоев, таниқли шоир Азим Суюн, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ориф Ҳожи, “Шарқ юлдузи” журнали масъул котиби Элёр Мурод ва бошқалар истиқлолнинг дастлабки йилларидан миллий ўзлигимизни англаш, буюк аждодларимиз номини тиклаш, маънавий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини  алоҳида таъкидладилар.
– Биз барчамиз Мир Алишер Навоий бобомизнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва бетакрор ижоди ҳақида мактабдаёқ анча-мунча билимларга эга бўлганмиз. Энди ҳар куни ана шу бебаҳо маънавий хазинадан баҳраманд бўлиб яшаяпмиз,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Китобхон деганда, кўз ўнгимизда энг аввало Алишер Навоий бобомиз асарларини теран нигоҳ билан мутолаа қилишаётган ёшлар намоён бўлади. Буюк шоирнинг бебаҳо ўгитлари ёш авлодда юксак маънавият, ватанпарварлик, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни шакллантиришда ғоят муҳим ўрин тутишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу бетакрор асарлар орқали эзгулик, муҳаббат, дўстлик, адолат, тинчлик каби олижаноб фазилатлар моҳиятини теранроқ англаймиз. Ҳазратнинг “Хамса”, “Мажолис ун-нафоис”, “Mуҳокамату-л-луғатайн” каби асарларини қўлдан қўймай ўқимоқ, мазмун-моҳиятини теран англамоқ даркор. Улуғ шоир бутун умр халққа хизмат қилиб, барча асарларида эзгу ғояларни тарғиб этган.
– Ҳар йили 9 февраль – Мир Алишер Навоий таваллуди кунини катта шодиёна билан кутиб олиш ЎзМУда ўзига хос анъанага айланган,– деди ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасини бажарувчи Қодиржон Абдураҳимов.–Шу муносабат билан бу йил ЎзМУнинг ҳар бир факультетида, талабалар турар жойларида ўтказилаётган Навоийхонлик кечалари талаба-ёшлар учун ўзига хос маърифий сабоқ бўлмоқда.
Дарҳақиқат, мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, умри давомида бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида шахсий ибрат кўрсатганини англаймиз. Мир Алишер Навоий асарларида эл-улус хизматида бўлишдек шарафли касбнинг аҳамияти, халқ манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги, вафо, садоқат каби туйғулар поклиги таърифланган. Бу каби эзгу ғояларни изчил ўрганиш, ёшларимизнинг онгу шуурига чуқур сингдириш оқил ва билимли мутахассисларни, комил инсонларни вояга етказишда муҳим омил бўлади.
Айтиш жоизки, она Ватанимиз Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи йили мамлакатимизда – Алишер Навоий йили, деб эълон қилингани замирида улкан маъно мужассамдир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1991 йилни – Алишер Навоий йили, деб эълон қилган пайтида ҳали истиқлолга эришмаган эдик. Миллий мустақиллик учун кураш бошланган даврда бу буюк аждодимиз биз учун миллат, миллийлик, ўзлик деган улуғвор тушунчаларнинг ёрқин юлдузи эди.
Мамлакатимизда 2009 йилда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси таъсис этилганидан буён деарли ҳар йили иқтидорли талабаларимиз орасидан шунга муносиб талабалар камолга етмоқда.
Аждодларимиз шундай буюк сиймолар экан, биз шунга муносиб баркамол ва комил авлодни камолга етказиш учун интилаверамиз.
ЎзМУ ахборот хизмати

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.