топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун

Тарихий саналар
Илм-фан
Дунёда халқлар кўп, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ўз давлатига эга эмас. Давлатларнинг ҳаммаси ҳам халқаро муносабатларда ҳурмат-эътиборга сазовор эмас.
Мамлакатимиз тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, глобал муаммоларни бартараф этиш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, илм-фан ва санъатни ривожлантиришга қаратилган изчил сиёсати ва амалий саъй-ҳаракатлари билан халқаро ҳамжамиятда обрў-эътибор қозонган.

Бугун Ўзбекистон дунёда ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўлган давлат. Йигирма уч йилдирки, БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ҳилпираб турибди. Барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда. Энг тараққий этган давлатлар, энг йирик компаниялар мамлакатимизда бизнес юритмоқда. Юртдошларимиз хоҳлаган мамлакатига бориб келмоқда. Тадбиркорлар ўз маҳсулотини чет элларга экспорт қилмоқда.Булар шунчалик одатий ҳол бўлиб қолганки, уларга эътибор ҳам бермай қўйганмиз. Худди ҳамиша шундай бўлгандек. Ваҳоланки, бундан атиги 25 йил олдин мамлакатимизда ташқи сиёсат, халқаро алоқа деган тушунчаларнинг ўзи йўқ эди. Яккаҳокимлик тизими шароитида Ўзбекистон халқаро майдонга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятидан маҳрум этилган бўлиб, ўзининг ташқи сиёсат ва ташқи савдо идораларига, дипломатларига ва мутахассисларига эга эмас эди. Республика табиий, хомашё ресурслари ва етиштирган маҳсулоти қаёққа кетишини, уни экспорт қилишдан тушган маблағ кимга тегишини билмасди. Айни вақтда хорижий техника ва технологияни, халқ истеъмол молларини етказиб бериш борасида батамом қарам эди.Шу боис мустақил ташқи сиёсат юритиш Ўзбекистон Республикаси учун умуман янги, илгари амалда қўлланилмаган соҳа эди. Мамлакатимиз халқаро муносабатларни “нол”дан бунёд этишига тўғри келди.
Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунларидан Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ривожлантириш, айрим ҳаётий муҳим масалаларда (ғалла мустақиллиги, энергетик мустақиллик) эски тузумдан мерос қолган қарамликдан қутулиш баробарида халқаро муносабатлар тизимига кириш, ундан мустаҳкам ўрин олиш, сиёсий нуфузини юксалтириш, чет мамлакатлар билан тенглик асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш йўлини танлади.
Мамлакатимизнинг бу борадаги сиёсати ва принциплари  Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Давлатимиз бу эзгу тамойилларга қатъий амал қилиб келмоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсати тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосига қурилган. Ҳар бир давлат билан аввало икки томонлама муносабатларни ривожлантирмоқда.
Ўзбекистон ҳамкорликдан манфаатдор бўлган барча мамлакатлар билан дипломатия муносабатларини йўлга қўйган. Қатор йирик давлатлар билан ўзаро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилган. АҚШ, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия шулар жумласидан.
Бугунги кунда 46 мамлакатда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда очилган элчихона ва ваколатхоналари сони олтмишдан ошади.1993 йилда давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб, дунё аҳли эътиборини Афғонистон можароси, Орол ҳалокати каби кескин муаммоларга жалб этди. Бу билан Ўзбекистоннинг узоқни кўзлаган ташқи сиёсати тинчликпарварлик, ўзаро тенглик, ҳурмат ва манфаатдорлик тамойиллари, умумбашарий тараққиёт ғоялари асосига барпо этилгани намоён бўлди. Терроризм, экстремизм, наркотик моддалар контрабандаси, экологик инқирозлар билан боғлиқ муаммоларнинг долзарблиги ошиб бораётган, улар ҳақида ҳар куни бонг урилаётган ҳозирги даврда Ўзбекистоннинг ўша пайтда тутган позицияси қанчалар оқилона ва одилона йўл бўлганини, энг муҳими, бу позиция ўзгармай келаётганини алоҳида таъкидлаш даркор.
Ўттиз йилдан зиёд вақт давомида уруш домида қолиб келаётган Афғонистон тақдири, бу мамлакат билан муносабатлар юзасидан ҳам Ўзбекистон аниқ-равшан позицияга эга. Ислом Каримов Афғонистон можаросини куч ишлатиш йўли билан ҳал қилиб бўлмаслигини, фақат қарама-қарши томонлар ўртасида муросага эришиш, мамлакатнинг иқтисодиёти ва инфратузилмасини тиклаш, мақсадли гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш орқали тинчликка эришиш мумкинлигини таъкидлаб келади. Ўзбекистон бу мамлакат халқининг хоҳиш-иродаси билан шаклланадиган ҳокимият билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр.
Ўзбекистон ўзининг аниқ позицияси, халқаро сиёсат кун тартибидаги масалаларга қатъий ёндашувига эга бўлгани туфайли йирик давлатлар Ўзбекистон нуқтаи назари билан ҳисоблашмоқда. Албатта, бундай қатъият негизида мамлакатимизнинг геосиёсий жойлашуви, улкан иқтисодий салоҳияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо бу сиёсат оқилона, узоқни кўзлагани ва ҳар жиҳатдан тўғри ёндашувга эга экани билан алоҳида аҳамиятга молик. Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги шарт-шароитни, кечаётган жараёнларни аввало шу заминда истиқомат қилаётган инсонлар тўлиқ идрок этади. Бирор масалага ёндашув ишлаб чиқиладиган тақдирда замонавий воқелик билан бир қаторда халқларимизнинг бой тарихи, маданияти, анъаналаридан, маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда иш кўрилади.
2010 йили Қирғизистон жанубида содир бўлган воқеаларни эслайлик. Ўша вақтда давлатимиз раҳбари бу муаммонинг туб сабабларига, фитнанинг эҳтимол тутилган ташкилотчиларини аниқлашга, юз минглаб болалар, қариялар ва аёллардан иборат қочқинларга бошпана беришга эътибор қаратди. Миллатлараро низо, ҳатто давлатлараро қарама-қаршиликнинг олдини олди. Вазият ўнгланганидан кейин бутун дунё Ўзбекистон раҳбарияти эҳтиросга берилмасдан, вазминлик билан тўғри қарор қабул қилганини, минтақавий даражадаги катта фалокат келиб чиқишига йўл қўймаганини очиқ эътироф этди.
Президентимиз “Шанхай бешлиги” саммитининг меҳмони сифатида ушбу гуруҳни фақат чегара масалаларини ҳал қиладиган тузилма ҳолида қолдирмасдан, балки хавфсизликни таъминлаш, интеграция жараёнларини фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган етук ташкилотга айлантириш мақсадга мувофиқлиги, шунда Ўзбекистон унинг сафидан жой олишини таъкидлаган. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қандай ташкилот бўлиб шакллангани ва эришаётган ютуқларини бугун дунё кўриб турибди.
Президентимиз Ислом Каримов ҳамиша амалда самара берадиган, ҳар томонлама фойдали таклифларни илгари суради. Марказий Осиёни ядро қуролидан холи зона, деб эълон қилиш, Халқаро Оролни қутқариш жамғармасини тузиш, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини таъсис этиш каби ташаббуслар бу фикрнинг яққол тасдиғидир.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил сентябрь ойида ўтган Мингйиллик саммитида халқаро терроризм ва гиёҳванд моддалар  савдосига қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, БМТ фаолияти ва унинг таркибий тизимини ислоҳ қилишга доир таклифларни билдирди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши кураш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилиши бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун мамлакатимиз тинчликсевар сиёсатининг амалдаги яна бир ифодаси бўлди. Мазкур концепцияда белгиланганидек, мамлакатимиз ташқи сиёсати миллий манфаатларнинг устуворлиги, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиш, баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларига асосланади. Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.
Бугун шуни қатъий ишонч ва ғурур билан айтиш мумкинки, ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон бутун дунё кўз ўнгида нафақат сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мустақил мамлакат, халқаро майдонда ишончли хамкор сифатида, балки глобал ва минтақавий барқарорликни таъминлашга бевосита дахлдор давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Бу Президентимиз Ислом Каримов узоқни кўзлаб, мамлакатимиз  ва халқимиз манфаатларини устувор тутиб, оқиллик ва вазминлик билан иш юритаётганининг самарасидир.
Раҳмон ФАРМОНОВ, тарих фанлари доктори,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.