topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Қодирийни ёд айлаб...

Тарихий саналар
Ilm-fan
Абдулла Қодирий (асосий тахалллуси Жулқунбой) (1894.4.10–1938.10.4) – ёзувчи. 20-аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси. Тошкентда туғилган. Мусулмон мактабида (1904–06), рус-тузем мактабида (1908–12), Абулқосим шайх мадрасасида (1916–17) таълим олган. Москвадаги адабиёт курсида ўқиган (1925–26). Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби (1918), «Озиқ ишлари» газетаси муҳаррири (1919), Касабалар уюшмасининг саркотиби (1920), «Муштум» журнали асосчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси (1923–26).

Ижодий фаолиятининг бошланиши 1910-йилларнинг ўрталарига тўғри келади. «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрель сонида Абдулла Қодирий имзоси билан «Янги масжид ва мактаб» сарлавҳали хабар босилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси чоп этилган (1914–15). Абдулла Қодирий ижодининг дастлабки намуналари бўлган бу асарлар миллатпарварлик руҳида ёзилган бўлиб, жадидчилик ғоялари билан суғорилган. Ёзувчи унда халқнинг забун ҳолидан куйиб сўзлайди, миллатни уйғотишга даъват этади, фикрлашга чорлайди. Абдулла Қодирийнинг «Улоқда» ҳикояси (1916) аввалги асарлари билан тенглаштириб бўлмайдиган даражада юқори бўлиб, 20-аср тонгидаги ўзбек реалистик адабиётининг чўққиси, реалистик ҳикоянинг энг яхши намунаси ҳисобланади.
Абдулла Қодирийнинг публицистик чиқишлари аввало ўша даврнинг тарихий ҳужжати, замонасининг солномасидир.
Абдулла Қодирий сатирик ҳикоялар туркуми («Тошпўлат тажанг нима дейди», «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан»), романлар («Ўткан кунлар», 1926; «Меҳробдан чаён», 1929), қисса («Обид кетмон», 1935), пьеса («Бахтсиз куёв», 1915), публицистик ва адабий-танқидий мақолалар муаллифи. «Тўла русча-ўзбекча луғат» (1934)ни тузишда иштирок этган. Гоголнинг «Уйланиш», А. П. Чеховнинг «Олчазор» асарларини, Fарб ёзувчиларининг сатирик ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.
1926 йил «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» ҳикоясидаги танқидий мулоҳазалари учун «аксилинқилобий ҳаракат қилганлик»да айбланиб, қамоққа олинади, турли бўҳтонлар билан судланади. Судда у мардона туриб, ўз шаънини ҳимоя қилади. «Обид кетмон» қиссаси ҳам шўро мафкурачиларига маъқул келмайди, кескин танқидга учрайди; «идеологик бузуқликлар ва хатолар»га тўла, «сиёсий тутуриқсиз» асар сифатида баҳоланади. Ёзувчининг тарихий романлари эса асосий пафоси – миллат тақдири, бирлиги, эл-юрт қайғуси, мустақиллиги, шахс эрки, ижтимоий адолат учун кураш ғоялари билан йўғрилганлиги туфайли ҳам ҳукмрон мафкурага зид асарлар бўлиб чиқди. Миллат руҳини ёрқин акс эттирган, халқнинг, ўзга миллат китобхонларининг севимли асарларига айланган бу романлар шўро даври сиёсати учун зарарли китоблар сифатида бот-бот қораланди. 30-йиллар ўрталарига келиб, бу машъум компания авжига чиқди. Ниҳоят, Абдулла Қодирий 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олинди. 9 ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликдан сўнг Чўлпон, Фитрат каби маслакдошлари билан бирга қатл этилди. Абдулла Қодирий ҳибсга олингач, асарлари «зарарли» саналиб, ўтда ёқилди, кутубхоналардан йўқотилди, уларни ўқиш тақиқланди. Фақат 1991 йилда юртимиз ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнггина Абдулла Қодирийга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатила бошланди. Китоблари қайта нашр этилди, қодирийшунослик шаклланди. Хорижлик олимлар ҳам Абдулла Қодирийга эътибор бердилар. Абдулла Қодирий Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991), «Мустақиллик» ордени билан тақдирланди (1994). Тошкент маданият институтига, Тошкентдаги маданият ва истироҳат боғига, Тошкент метрополитени бекатига, катта кўчалардан бирига, маҳалла, республикамиздаги кўплаб маданият муассасаларига унинг номи берилган.
1994 йилда Абдулла Қодирийнинг 100 йиллиги кенг нишонланди ва ёзувчи номи билан юритиладиган маданият ва истироҳат боғида Абдулла Қодирийга ҳайкал ўрнатилди (ҳайкалтарош Ж. Миртожиев).
Хўжа Аламбардор қабристонида Абдулла Қодирийга рамзий ёдгорлик қўйилган.

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.