топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

"Бой ила хизматчи" драмасини ёзган муаллифнинг таваллуд кунига оз қолди

Тарихий саналар
Илм-фан
Янги давр ўзбек адабиётининг намояндаларидан бири, шоир ва драматург, бастакор ва режиссёр, маърифатпарвар-педагог ва жамоат арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1889 йил 6 мартда Қўқон шаҳрида табиб оиласида туғилди. Ҳамза аввал эски мактаб ва мадрасаларда ўқиб, форс, араб тилларини, рус-тузем мактабида эса рус тилини ўрганишга муваффақ бўлган.
Ҳамзанинг бадиий ижодга қизиқиши барвақт бошланган. Ҳамза 1903 — 1914 йиллар орасида Ниҳоний тахаллуси билан 197 та шеър ёзиб, уларни қўлёзма девони шаклига келтирган. Бу девонни ташкил этган шеърларида Ҳамза ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарининг давомчиси сифатида намоён бўлади.

У 1909 — 1910 йилларда Тошкентда бўлганида Мунаввар қори, А. Авлоний, С. Раҳимий сингари маърифатпарварлар билан танишиб, улар таъсирида жадидчилик ҳаракатига келиб қўшилади. Бу — уч йўл билан амалга оширилади. Аввало, Тошкент, Марғилон ва Қўқонда янги усул мактабларини очиб, муаллимлик қилади. Қолаверса, мазкур мактаблар учун «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби», «Қироат китоби» каби дарсликлар ҳам яратади. Ва, ниҳоят, ўзининг шеър ва драмалари, публицистик мақолаларида ўз халқини маърифатга чорлайди.
1915 — 1916 йилларда нашр этилган «Миллий ашулалар» учун миллий шеърлар мажмуаси, «Оқ гул», «Қизил гул», «Сариқ гул» каби шеърий тўпламларида ва «Янги саодат» каби насрий асарларида унинг маърифатпарварлик ғоялари тўла намоён бўлган. Ҳамза шу даврда ёзилган «Йиғла, Туркистон», «Оқибатсиз Туркистон», «Ватандошларимга хитоб», «Дардига дармон истамас» каби шеърларида халқнинг «руҳсиз тандур, ханжар урса қони сочулмас» ҳолига келганлигидан оҳ-зор чекади, уни хурофот ва жаҳолат ботқоғидан чиқиб, тараққий этган халқлар қаторидан ўрин олишга даъват этади. Шунингдек, «Илм ҳидояти», «Нормуҳаммад домланинг куфр хатоси», «Ўч» ва «Заҳарли ҳаёт» каби илк драмаларида ҳам зулм ва хурофотдан халос бўлишнинг бирдан-бир йўли маърифатдадир, деган фикрни олға суришга ҳаракат қилади.
Ҳамза ижодида 1916 йилги мардикорликка олиш воқеалари ҳам ўз аксини топади. Унинг «Сафсар гул» (1917) шеърий тўплами ва «Лошман фожеаси» (1916 — 1918) трилогияси шу жиҳатдан муҳимдир.
1917 йил февраль инқилобидан кейин Ҳамза дунёқарашида ўзгариш пайдо бўлиб, у гоҳ ишчилар, гоҳ мухториятчилар тарафига ўтади. Туркистон мухторияти тор-мор этилгандан кейин большевиклар тарафига ўтиб, сайёр драматик труппаси билан фуқаролар уруши фронтларида хизмат қилади ва 1917 йилда ёзган «Бой ила хизматчи» драмасини ҳамда инқилобий шеърларини ёзади.
Бу даврда у «Ким тўғри» (1918), «Туҳматчилар жазоси» (1918) сингари пьесаларини ёзади.
Фаолият доираси бениҳоя кенг бўлган Ҳамза 20-йилларнинг бошларида Хоразм Халқ Жумҳуриятига бориб, мактаб ва маориф ишлари билан шуғулланади. У ердан қайтгач, фақат ижодий ишлар билан машғул бўлиш истагида Аввал қишлоғига боради ва драматик ижодининг гултожи бўлган «Майсаранинг иши», «Паранжи сирлари» (1926) асарларини яратади.
Ҳамза 1928 йил август ойида Шоҳимардонга юборилади. У ерда маданий-оқартув ишлари, хотин-қизлар озодлиги масалалари билан шуғулланади. 1929 йил 18 мартда у шу ерда фожеали ҳалок бўлади.
1926 йил 27 февралида Ҳамзага биринчилардан бўлиб «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони берилган. Ҳамза асарлари жаҳон халқлари тилларига таржима этилган. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номида шаҳар, туман, мактаб, кўча, театр, метро бекати ва кутубхоналар бор.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.