топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Огоҳлик – давр талаби

Toshkent Moliya Instituti
Ҳар куни эрталаб фарзандларимизни ўқиш  ва ишга кузата  туриб, орқа-олдинга қараб, эҳтиёт бўлиб, яхши бориб кел болам, деймиз. Улар ўқиш  ва ишдан қайтганлирида эса очиқ чеҳра билан яхши келдингми болам дея кутиб оламиз.Улар ўқиш ёки ишга бориб келгунларига қадар неча бор кўз ўнгимиздан ўтадилар. Бу табиий албатта. Масаланинг моҳиятига чуқурроқ қарайдиган бўлсак, бу бевосита огоҳликка бориб тақалади. Айни пайтда ота-онанинг ўз фарзандига бўлган бундай муносабати уларнинг эътиборсиз ва меҳрсиз эмаслигидан далолат беради.
Ҳар куни ота-онасидан ана шундай самимий, ҳароратли сўзларни эшитган фарзанд уларнинг ўгитларига бепарво бўлмайди. Агар ким ўз фарзандини ўқиш ёки ишга эътиборсиз кузатиб ва уйга кириб келганида меҳр ила қарши олмаса фарзанд бу эътиборни ташқаридан излай бошлайди. Ташқарида эса турли иллатлар қармоғини кўтариб юрган “одамлар” борким, улар айнан ана шундай ёшлар қўйнига қўл солишга ҳаракат қиладилар.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, фарзанднинг турли иллатлардан йироқ бўлиши энг аввало унинг ота-онасига, уларнинг ўз фарзандларига бўлган эътибор ва ғамхўрликларига боғлиқ. Мана шу ҳислат барқ уриб турган оилада тинчлик бўлади. Бу буюк неъмат ҳукмрон бўлган жойда эса ҳурмат иззат, аҳиллик, янгиликка интилиш, маслаҳат билан иш тутиш, шукроналик билан яшашни кўриш мумкин. Энг муҳими бундай оилада фарзанлар мустақил фикр эгалари бўлиб улғаядилар. Бундай ёшлар миллий ва умуминсоний ғоялар руҳида камол топиб ўз ватани, ўз халқи ва миллати  билан фахрланадиган уларнинг тинчлиги, барқарорлиги ва равнақи учун фидойи инсон бўлиб етишадилар. Бундай ёшлар бугунги кунда кенг қулоч ёзаётган “оммавий маданият”, “гиёҳвандлик”, “одам савдоси” сингари иллатларга қарши тура оладиган, атрофдагиларини ҳам ўзига ишонтира оладиган бўлади.
Тошкент молия институтида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигиҳамда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунни ҳаётга тадбиқ қилиш, “Диний экстремизм ва унинг зарарли оқибатлари”нинг олдини олиш, “Наркомания ва одам савдосига қарши курашиш” самарадорлигини ошириш мавзулари бўйича профилактик тадбир ўтказилди. Унда институт талаба-ёшлари ва педагог-ходимлари фаол иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маъсули Х.Эшов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази бўлим бошлиғи  Б.Шамсиев, Тошкент шаҳар ИИББ Терговбўлим бошлиғи З.Исломов,  шу бўлими бошлиғи ўринбосари А.Юлдашев, Тошкент шаҳар наркология диспансери шифокори А.Глазковлар ёшлар ҳаётига таҳдид солаётган гиёҳвандлик, одам савдоси ва бошқа иллатларнинг кириб келиши, билиб-билмай бу иллатлар домига тушиб қолаётган айрим ёшларнинг салбий кечинмалари хусусида таъсирчан мисоллар асосида фикр юритдилар. Педагог-ходимлар ва талабалар томонидан берилган кўплаб саволларга ҳаётий мисоллар билан жавоб бердилар.
Тадбир давомида намойиш этилган “Умр заволи” ҳужжатли фильми ва келтирилган мисоллар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу тадбир ёшлар орасида огоҳликни янада кучайтириш лозимлигини яққол намоён этди.
 Тошкент молия институти
 
“Маънавият ва маърифат” бўлими

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.