топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ислом Каримов — Ўзбекистон мустақиллигининг ташаббускори ва раҳнамоси

Toshkent Moliya Instituti
Дунёдаги халқлар ва миллатларнинг озодлик йўлидаги курашлар тарихи шундан далолат берадики, жамият ҳаётидаги туб бурилишлар даврида ижтимоий-сиёсий вазиятнинг ўзи буюк йўлбошчиларни майдонга чиқаради. Ҳиндистон тарихида Махатма Ганди, Америка Қўшма Штатлари тарихида Жорж Вашингтон, Франция тарихида Шарль де-Голь, Туркия тарихида Мустафо Камол Отатурк ана шундай тарихий миссияни ўз зиммасига олиб, она халқининг миллий озодлик курашига бошчилик қилганини яхши биламиз.
Бизнинг юртимиз тарихида ҳам ана шундай улуғ йўлбошчилар тарихий вазият тақозоси билан майдонга чиқиб, халқимизни ёвуз босқинчилар зулмидан озод этган, унинг шаъни ва ғурури, инсоний ҳуқуқларини қайта тиклаган. Бу ҳақда гапирганда, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ХIV асрда Туркистон заминини мўғуллар зулмидан озод этиб, ана шундай буюк миссияни адо этганини ҳамиша ғурур-ифтихор билан эсга оламиз. XX асрнинг 90-йилларига келиб эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ана шундай ўта оғир ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди.
1989 йил 24 июнда, республика раҳбари сифатида иш бошлаганининг иккинчи куни Ўзбекистон Министрлар Советида бўлиб ўтган Фарғона водийси вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган кенгашда сўзлаган нутқидаёқ Ислом Каримовдаги ҳақиқий йўлбошчиларга хос фазилатлар ёрқин намоён бўлди. Аввало, янги раҳбар бошқалар каби ёниб турган ўткир масалаларга, республикадаги ўта танг аҳволга бепарво қаролмади. Чунки унинг қалби, юраги халқ дарди билан, Ўзбекистон дарди билан ёнди.
Ҳолбуки, Ислом Каримовга қадар республикамизни бошқарган раҳбарлар фаолиятида ўз халқининг эмас, балки фақат мустабид Марказнинг иродаси, унинг манфаатлари бош мезон бўлиб келган эди. Шунинг учун ҳам улар ўзича мустақил ҳеч қандай иш қилолмас, бошқалардан ҳам ишни талаб қилишга уларда қатъият етишмас эди.
Ислом Каримов республика раҳбари бўлиб сайланишидан олдин -Давлат режа қўмитасининг раиси бўлиб ишлаган вақтида ана шу мураккаб масалалар устида узоқ вақт системали тарзда ишлаб, бир муҳим хулосани, яъни Ўзбекистон иқтисодиёти шу тариқа бирёқлама ривожланишда давом этадиган бўлса, бу хатарли жараён охир-оқибатда ҳалокатли натижаларга олиб келиши муқаррар, деган, чуқур илмий асосланган фикрларни республика раҳбариятига ёзма равишда маълум қилди. Давлат ва халқ манфаатини ўйлаб, келажак ҳақида қайғуриб билдирилган бундай таклифларга эътибор қаратиш ўрнига, Марказ ва унинг республикадаги гумашталари бундай мустақил ва дадил қарашлар билан чиққан раҳбарни пойтахтдан четлаштириб, уни олис Қашқадарё вилоятига, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан энг оғир аҳволда қолган минтақага раҳбар қилиб, аслида эса жазолаш учун юборади.
Такдирнинг ана шундай қалтис ўйин ва синовларидан ўтган, қисқа давр ичида Қашқадарёдек катта бир вилоятдаги аҳволни тубдан ўзгартиришга эришган Ислом Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари бўлиб сайланганининг эртасига, яъни 1989 йилнинг 24 июнь куни республика ҳукуматининг мажлисида “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди” деб, қатъий баёнот бериши унинг қандай катта азму шижоат билан янги вазифага киришганидан далолат беради.
Республика раҳбари сифатида иштирок этган биринчи мажлисдаёқ Ислом Каримов ўн йиллар давомида ҳал қилиб келинмасдан келаётган ва кўпчилик бундан буён ҳам шундай давом этаверади, деган кайфият билан умумий бир бепарволик билан қўллаб-қувватлаб келаётган масалаларга ойдинлик киритди. Бошқача айтганда, ўзининг раҳбарлик позициясини очиқ баён этди.
Ислом Каримов республикамиз раҳбари сифатида иш бошлаган пайтда Ўзбекистондаги вазият ўта кескин тус олган эди. Аввало, Фарғона водийсидаги жанжал-тўполонлар олови ҳали сўниб улгурмаган, қишлоқлар, шаҳарлар ўт ичида қолган, қашшоқлик, қуруқ ваъдалар жонига теккан одамлар маҳаллий ҳокимиятга ҳам, марказий ҳокимият идораларига ҳам ишонмай қўйган эди.
Пахта яккаҳокимлиги мисли кўрилмаган даражага етгани боис одамларга томорқа ерлари берилмас, уларнинг қўшимча даромад манбаи деярли йўқ эди. Бунинг устига, “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган сохта кампаниялар туфайли Марказдан Гдлян ва Иванов бошлиқ терговчилар гуруҳи келиб, қишлоқ хўжалигига озгина алоқаси бўлган барча инсонлар бошига ноҳақ тергов ва таъқиб азобларини солар эди. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар қамалди, тергов жараёнларида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кулфатларга дучор қилинди.
“Пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган сиёсий кампаниялар пайтида қизил империянинг марказий матбуоти эл-юртимиз шаънини таҳқирлаб, унинг бошига “қўшиб ёзиш”, “юлғичлик”, “кўзбўямачилик”, “боқимандалик” каби туҳмат ва маломатлар бўронини ёғдирган шундай таҳликали пайтларда халқ дардига дармон бўлиш ўрнига собиқ Марказнинг ноғорасига ўйнаган, мустақиллик ғоясини ниқоб қилиб, аслида ана шу муқаддас интилишга қарши чиққан кимсалар, дунёвий ва диний кўринишдаги радикал сиёсий гуруҳ ва оқимларга қарши Ислом Каримовнинг қандай катта жасорат, сиёсий вазминлик билан кураш олиб боргани, эл-юртимизга суяниб, унинг қалбига йўл топиб, вазиятни ўнглаш, юртимизни ҳалокатли инқироз гирдобидан олиб чиқиш, истиқлол сари бошлаш бўйича қатъий чора ва тадбирлар, чуқур ислоҳотларни амалга оширгани ва ниҳоят, 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилгани барчани ҳис-ҳаяжонга солади.
Собиқ мустабид тузум давридаги пахта яккаҳокимлиги, мустамлака тузумига хос, бирёқлама ривожланган иқтисодиётнинг ҳалокатли оқибатлари аввало одамларнинг турмуш тарзида, энг ёмони, уларнинг жон бошига тўғри келадиган даромад даражасининг ўта пастлигида, томорқа ерларининг кескин камайиб боришида, миллатнинг саломатлиги, унинг генофондига салбий таъсирларнинг кучайишида, болалар ва оналар ўлимининг авж олишида, ўлкамизнинг экологик ночор ҳолатида ва бошқа кўплаб масалаларда яққол намоён бўлган эди.
Ўша пайтда маҳаллий ёшлар ва месхети турклари ўртасида собиқ Марказдаги ёвуз кучлар томонидан қора ниятда атайлаб ташкил этилган жанжал-тўполонлар туфайли бутун Фарғона водийси бамисоли ўт-олов ичида қолиб кетган эди. Ишсизлик, қашшоқлик, уй-жой ва томорқа ерларининг етишмаслиги, бунинг устига, бундай жанжалларнинг ўйлаб топилганидан халқнинг сабр косаси тўлиб кетган эди. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов ўз раҳбарлигининг биринчи иш кунидаёқ Фарғона водийси вилоятларидаги аҳволни муҳокама қилиш масаласини ҳукумат олдига қатъий вазифа қилиб қўйди. Ўзининг қандай буюк миссия билан республика раҳбари бўлиб иш бошлаётганини, бу борадаги улкан масъулият ва жавобгарликни юрак-юрагидан ҳис қилган Ислом Каримов нафақат ишга, айни пайтда минг-минглаб одамлар такдирига бундай менсимасдан муносабатда бўлишга мутлақо тоқат қилолмади. Шунинг учун ҳам “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йул қўймайди”, дея бутун мажлис иштирокчиларини огоҳлантирди.
Ислом Каримов, буюк бир миссияни -Ўзбекистонни, унинг жафокаш халқини қарийб 130 йилдан буён давом этиб келаётган мустамлакачилик зулмидан озод этиш вазифасини ўз зиммасига олган эди. Ана шу улуғ мақсад уни доим жасоратга, ҳар лаҳза, ҳар дақиқада она халқининг тақдири ва келажагини ўйлаб яшашга даъват этди.
Ҳақиқатан ҳам, халқ дарди билан ёниб, нафас олган, ўзини буюк ишларга бағишлаган мард ва жасур инсонлар ҳеч қандай хавфу хатардан қўрқмайди. Бамисоли бутун халқнинг эзгу ниятлари кўринмас қудратли кучга айланиб, уларни қўллаб-қувватлаб туради.
Ҳайратли жиҳати шундаки, 70 йилдан зиёд вақт мобайнида фақат мақталган, таърифлаб кўкка кўтарилган собиқ мустабид тузумнинг бутун кирдикорларини Ислом Каримов аниқ далил ва рақамлар билан очиб ташлайди. Дунёда энг адолатли, инсонпарвар жамият деб тасвирланган мустабид совет тузуми аслида зулм ва зўравонликка асосланган энг ғайриинсоний жамият эканини очиқ баён этади. Ислом Каримовга қадар ҳеч ким Ўзбекистондаги чуқур ижтимоий-иқтисодий инқироз ҳақида, унинг туб илдизлари тўғрисида шу қадар катта жасорат билан гапирмаган эди.
Республикада жамиятни демократлаштириш, Ўзбекистоннинг ҳақиқий суверенитетини ўрнатиш, мамлакатда яшаётган кўп сонли миллатларнинг тотувлиги ва тенглигини таъминлашга эришиш Ислом Каримов бошлиқ сиёсий раҳбариятнинг асосий вазифаларидан бирига айланди. Ўзбекистон халқи республика раҳбариятининг юзага келган вазиятни барқарорлаштириш, иқтисодий ва сиёсий мустақилликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлади. Чунки Ўзбекистон раҳбарияти халқнинг хоҳиш-иродасини ҳисобга олиб, унинг манфаатларини кўзлаб иш юритган эди.
Мустақилликка эришиш арафасида вужудга келган ўта оғир шароит, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий қийинчиликларга, турли тўсиқларга қарамасдан, халқимиз Ислом Каримов бошчилигида ўзининг асрий орзуси – Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллиги сари дадил ва қатъият билан ҳаракат қилишда давом этди. Ниҳоят, 1991 йилнинг 31 августида, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг олтинчи сессиясида Ислом Каримов тантанали равишда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилди.
Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган ўша унутилмас кунларга назар ташлайдиган бўлсак, айни ўша пайтда ёш, мустақил Ўзбекистон давлати раҳбари томонидан мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган кўплаб ўта муҳим ҳужжатлар қабул қилинганини кўрамиз. Мисол учун, 31 август куни қабул қилинган Ўзбекистон ССР Олий Советининг «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида»ги Қарори ва «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги Баёноти ҳамда «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.
1991 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисидаги масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди. Ўзбекистондаги президентлик ҳокимиятини мустаҳкамлашда 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонун ва унинг асосида ўтказилган умумхалқ сайлови катта аҳамият касб этди. Мустақиллик йилларида президентлик институти тўла шаклланди.
Биринчи Президент Ислом Каримов “Мустақилликни эркинлик тўғрисидаги шиорлар билан эмас, балки сиёсий, иқтисодий, маънавий мазмун билан тўлдириш керак” деб таъкидлаб, бундай қарашни ўз фаолиятининг бош мезони деб билди. Шу сабабли Ўзбекистоннинг ҳаётига дахлдор бўлган ҳар бир масалага комплекс ёндашиб, уларнинг ягона тўғри ва муқаррар ечими − бу мустақиллик ва фақат мустақиллик, деган мантиқий хулосага келди. Бундай дадил фикрни собиқ Иттифоқнинг катта-катта минбарларидан туриб баён этишдан чўчиб ҳам, тортиниб ҳам ўтирмади. Жумладан, биз учун мустабид тузумнинг бутун даври давомида энг оғриқли масала бўлиб келган пахта хомашёси етиштириш ва халқимиз ўзининг машаққатли меҳнати учун муносиб ҳақ олиши, муносиб турмуш шароитига эга бўлиши ҳақидаги талаб Москвада чоп этиладиган «Рабочая трибуна» газетасига Ислом Каримовнинг берган интервьюсида очиқ-равшан баён этилди.
Ўзбекистон мустақиллиги бўш жойдан ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган нарса, қандайдир тақдир эҳсони эмас, балки реал тарихий заминда, реал тарихий шарт-шароитда халқимиз ва унга етакчи бўлиб майдонга чиққан жасур Ислом Каримовнинг тинимсиз курашлари асосида амалга оширилган, эл-юртимизнинг туб манфаатларидан ўсиб чиққан, не-не аждодларимизнинг асрий орзу-интилишларини ифода этадиган конкрет тарихий жараён, амалий воқелик эканини ҳаётий мисоллар, аниқ далиллар билан кўрсатиб берди.
Юртбошимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий соҳаларга -Ўзбекистон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига тааллуқли бўлган муаммоларни аниқ рақам ва кўрсаткичлар асосида билиши ва уларнинг ечимини аниқ кўрсатиб бериши унинг қалбида ислоҳот ғоялари, мустақиллик ғояси узоқ йиллар давомида шаклланиб борганини кўрсатади.
Буюк шахсларнинг бир пайтнинг ўзида ҳам улкан назариётчи, ҳам моҳир ташкилотчи ва амалиётчи сифатида даврнинг ўзи халқ ва миллат олдига қўяётган кўпдан-кўп саволларга пухта илмий-назарий асосда жавоб топиши ва уларнинг энг мақбул ечимини кўрсатиб бериши дунё тарихида камдан-кам учрайдиган феноменал ҳодисадир. Ислом Каримов тимсолида “Тарихий бурилиш палласида халқ дарди, миллат қайғуси буюк шахсларни яратиши”ни янада чуқурроқ англаймиз. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида  халқимиз бахтига шундай улуғ инсонни раҳбар қилиб бергани учун шукроналар айтамиз.
Т.ф.д. Н.Х.Обломурадов,
 
Т.ф.н. Ш.Ш.Шаякубов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.