топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ислом Каримов – Мустақиллик асосчиси.

Toshkent Moliya Instituti
Миллий ўйғаниш, Миллий ўзликни англаш истиқлол берган буюк неъматдир. Ана шу туфайли миллат қаддини ростлади, асрлар давомида тўплаган нуфузини қайтадан тиклади. Зеро, ҳамиша ўйғоқ халқ бунёдкорликка, янги-янги марраларни забт этишга қодир бўлди.
Мустақиллик, Истиқлол тушунчалари ҳамда унинг ташаббускори Ислом Каримов номи билан боғлиқ бўлган янги Ўйғониш даври бошланган эди. Яъни,XXI аср Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳаётида янги цивилизация даври бўлиб, тарих саҳифаларидан жой олди.
Ислом Каримов Республикамизнинг раҳбари сифатида илк бор иш бошлаган кезларида, кўплаб муаммоларга дуч келди. Аввало, ўз халқини турли-туман туҳмат ва маломатлардан қутқариб, тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш керак эканлигини чуқур ҳис этди. Бу каби  ишларни бажариш учун эса юксак жасорат ҳамда метиндек ирода керак эди. Бундай  шароитда, ҳар қандай  зўр, жасур ҳамда довюрак давлат раҳбари ҳам эсанкираб қолиши турган гап эди. Чунки, Шўро тузумининг таъсир кучи ҳали йўқолмаган, тоталитар тузум меҳанизми эса ҳали ишлаб турган эди.
Ислом Каримовнинг вазиятга аниқ ва реал баҳо бериш, қарорлар қабул қилиш борасидаги ноёб қобилияти, халқимизнинг қатиятлилиги, бағрикенглиги, бунёдкорлик кучига бўлган чексиз ишончи, унинг ҳар бир чиқишларида ҳар доим аниқ-равшан сезилиб турар эди. Харизматик қобилиятга эга бўлган ана шундай буюк шахсларгина тарих тақозо этганда барча масъулият ҳамда жавобгарликнинг залворли юкини ҳеч иккиланмасдан ўз зиммасига олишга қодир бўладилар.
Бизга тарихдан маълумки, мустақилликни қўлга киритиш, ўз-ўзидан бўладиган осон иш эмас. Бироқ, уни сақлаб қолиш, ўлкан бўҳронлар ботқоғидан олиб чиқиш, турли ёвуз кучлар хуружидан асрамоқ янада қийинроқдир. Бунинг учун эса ягона ният, ҳоҳиш-истакнинг ўзи кифоя қилмайди. Бундай ишлар беқиёс фидойиликни, ҳақиқий қаҳрамонликни ҳамда довюракликни шунингдек, юксак ақл-заковат ҳамда маънавий салоҳиятни талаб қилади.
Истиқлолнинг дастлабки  йилларида, мустақил давлат пойдеворини барпо этишга киришилган бир пайтда, жазаваси қўзиган айрим ёвуз кучлар турли иғволар тарқатиб, қонли хуружлар уюштиришни ўз олдиларига мақсад қилиб олган эдилар. Бунга Фарғона, Паркент, Бўка, Ўш, Наманган воқеалари ҳамда Тошкентдаги зиддиятли тўқнашувлар ва бошқа шунга ўхшаш воқеаларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Бундай таҳликали ҳодисаларнинг ҳар бири атайлаб уюштирилган, она юртимизни қонли биродаркушлик уруши гирдобига тортишга қаратилган ҳаракатлар эди. Бундай тўқнашувларни ўта босиқлик ва донолик билан бостириш, жунбушга келган оломон орасига дадил кириб бориб, уларнинг қалбига йўл топиб, халқни муқаррар бўлиб турган биродаркушлик урушлардан  сақлаб қолиш, ҳақиқий жасорат, чинакам қаҳрамонликнинг ўзгинаси эди.
Дарҳақиқат, ўша суронли, таҳликали кезларда Ислом Каримов – ўз халқини тўқлик, фарованлик манзилига ҳамда инсоф, ҳақиқат ўлкасига, шунингдек адолат, диёнат, меҳр-шавқат устувор бўлган салтанатига олиб борадиган йўлни тинмай ахтарди. Бироқ, ҳар куни оёқ остидан чиқаётган минглаб муаммолар, уларнинг ечимини топиш эса ҳаммасидан мушкил эди. Бундай муаммоларнинг ҳаммасига ечим топиш ўша даврнинг асосий талабларидан бири эди. Чунки қалашаб ётган бу муаммоларни ҳал этмасдан туриб, кўзланган мақсадга  эришиб бўлмас эди.
 Ўша нохуш воқеалар аллақачон ўтмишга, тарихга айлангандек туйилади. Бироқ бу воқеаларни эсдан чиқариб, унутиб бўлмайди. Биз Ислом Каримовни нафақат Мустақиллик асосчиси, мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берган давлат раҳбари сифатида, балкиҳаётини хавф-хатарга қўйиб, ўз жонини ўйламай, халоватидан кечиб, мардлик ва матонат кўрсатиб, шунай кунларга етишишимизга сабабчи бўлган улуғ инсон сифатида ҳам ҳамиша ёдда тутмоғимиз лозим.
Ислом Каримов чорак аср давомида мамлакатимиз раҳбари сифатида, санаб адоғига етиб бўлмайдиган бунёдкорлик ишларини қилишга улгирди. Чунки, марказлашган маъмурий-буйруқбозликка асосланган тизим оқибатида Республикамизнинг иқтитсодий инфратузилмаси бутунлай издан чиққан эди. Мамлакатимиз саноати, собиқ Иттифоқ саноатининг бир бўғини сифатида бошқа республикаларнинг саноати билан боғлиқ ҳолда ривожланиш имкониятига эга эди. СССР парчаланиши билан улар ўртасидаги иқтисодий алоқалар узулди, аксарият корхоналарнинг фаолияти тўхтаб қолди. Уларнинг ечимини топиш, ислоҳотларни тўғри ва мувафаққиётли ҳал этишда давлат раҳбаридан  улканақл-заковат, билим ва ирода талаб этилади. Юксакақл-заковат, билим ва ирода соҳиби бўлган Ислом Каримов ана шундай ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш учун уларнинг  ичида яшади, нафақат яшади, ана шундай муаммоларниг энг тўғри энг илғор ҳамда мукаммал ечимларини топишга эришди. Юртбошимиз бу борада шундай деган эди: “ Менда ҳеч қандай шубҳа йўқки, биз иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, ҳаётни ўнглаб олиш борасида олдимизга қўйган муддао ва марраларга, албатта, етамиз. Биз бошқалардан ҳеч қачон кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз ҳам.”
Шуни ҳам эътироф этиш керакки,  бу ҳаёт тараққиёти биргина иқтисодий муаммоларни ҳал этишдан иборат эмас. Инсон тўла-тўкис бахтли яшаши учун кўплаб муаммоларини ҳал этиши керак бўлади. Ана шу муаммоларнинг асосийларидан бири руҳият, маънавият масалалари ҳисобланади.
Ислом Каримов Мустақилликнинг илк кунлариданоқ, маънавий камолат, миллий ўзликни англаш, миллий қадриятларни тиклаш уларни кўз қорачиғидек асраш, халққа қайтариш масалаларини ижтимоий ривожланишнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилаб берди ва уни амалга оширишнинг кенг кўламли дастурини ишлаб чиқди. Ҳамдўстлик мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб, ушбу соҳани ривожлантиришга киришди ҳамда дастуриламал сифатида ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарини ёзди. Мазкур китобда шундай жумлалар учрайди: “… дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваломбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади.”Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳар бир халқнинг маънавияти унинг бугунини, тақдирини ҳамда ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилайди. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ушбу масалалар Юртбошимиз томонидан атрофлича ёритиб берилган.
   Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан, буюк саркарда, улуғ салтанат соҳиб Соҳибқирон Амир Темур бобомизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.Ислом Каримов турли учрашув ва маърузаларида Соҳибқирон бобомизнинг буюк ишлари ҳақида такрор, такрор тўхталиб, юксак инсоний фазилатларинимароқ билан гапириб берар эди. Шунингдек, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоийни халқимизга қайтариб берган, буюк шоир ижодини кенг урганишни йўлга қўйган инсон ҳам муҳтарам Юртбошимиздесак, асло муболоға бўлмайди.Қисқа қилиб айтганда, халқ маънавиятини тиклаш учун ниҳоятда катта, залворли ишлар амалга оширилди.
 Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўтган чорак аср давомида Ислом Каримов Ватанимиз равнақи ва юксак тараққиёти йўлида бир-биридан улуғ ҳамда ўта муҳим ишларни йўлга қўйди. Биз бу ишларнинг биронтасини ҳам камситмаган ҳолда у кишининг жасорати фидоийлиги, олдида ҳар доим бош эгамиз.
Ислом Каримовнинг ўтган йиллар давомида мамлакатимиз ривожи, юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссасини, санаб, адоғига етиб бўлмайди. У ҳар доим ўзини эмас, халқини ўйлади.Ўзига ҳайкал қўймади она юртининг улуғворлигини тиклади. Ўзини аяамади, жонини фидо қилди. Буларнинг бари, ватанга, жонажон халқига бўлган меҳир-муҳаббатининг рамзидир. Бир неча бор такрор-такрор айтган, “Барчангизни бағримга босаман”, “Ўзбекистоннинг ҳамма болалари – менинг фарзандларим” деган гаплари ҳам шунчаки лутф эмас, балки юрак қаъридан отилиб чиққан самимий дил изҳорлари эди.
  Ислом Каримов мамлакатимизнинг буюк келажагига замин яратиб берди. Халқимизнинг фарованлигини таъминлади. Озод ва Обод Ватан ҳамда эркин ва фарован жамият барпо этишиш йўлида, бутун куч-қудратини сарфлади.
 
Муҳиддин Примов Фалсафа фанлари номзоди, доцент
 
Ибодулла Қўнғиров тарих фанлари номзоди, доцент

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.