топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

БУЗҒУНЧИЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ БОРМИ?!

Toshkent Moliya Instituti
Пойтахт марказидаги миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари ёрқин акс этиб турган Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри, Марказий банк, Ташқи ишлар вазирлиги,”Тошкент” меҳмонхонаси, кўп қаватли савдо маркази, республика касаба уюшмалари федерацияси каби бири-биридан чиройли ва ҳашаматли биноларга нигоҳи тушган одам ҳайратланмай қолмайди.Уларнинг кўркига-кўрк қўшиб турган гулу-гулзорлару фаввораларни айтмайсизми? Кўзларингиз яйраб, баҳри-дилингизочилади.Кўнглингиз ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларига чулғаниб, хаёлингиз кўзгусида беихтиёр юртимиз шаҳар ва қишлоқларидаги янгиланишлар, режали бунёд этилаётган маъмурий, маданий-маиший бинолар, уй-жойлар, кенг ва равон йўллар, кўприклар, таълим муассасаларию спорт иншоатлари намоён бўлиб, ич-ичингиздан севиниб, чеҳрангизда шукроналигу шодмонлик мавжланганини сезмай қоласиз.Ажиб ҳислар оғушида меъморлару қурувчиларга таҳсину тасаннолар айтасиз.Ва албатта, буларнинг ҳаммаси тинчликнинг шарофатию давлатимиз раҳбарининг халқимиз фаровонлигига қаратилган саъй-ҳаракатларининг меваси эканлигидан мамнун бўлиб, беихтиёр жилмайиб  қўясиз.                                                                                                                                               Хўш, бугун ҳаммамиз ҳам ана шундай ҳавас, ана шундай эзгу ўйлару олижаноб мақсадлар билан яшаяпмизми? Хайрли ишларга камарбаста бўлиб, яхши ном, яхши боғ қолдиришга интилаяпмизми? Билдирилган ишончни оқлаяпмизми? Ҳеч бўлмаса,ўз вазифамизни сидқидилдан бажараяпмизми? Бепарволик, лоқайдлик,ўзибўларчилик, манманлик, юлғичлик сингари иллатлардан фориғ бўлишга ҳаракат қилаяпмизми? Ҳаромдан ҳазар қилиб, нафсимизни тийишдан қочмаяпмизми? Дунёда инсоннинг инсонлигини яққол кўрсатиб турадиган имон, инсоф, виждон,ғурур, диёнатдеган тушунчалар борлигини унутиб қўймаяпмизми? Тилимиз бошқа-ю, дилимиз бошқа, сўзимиз бошқа-ю, ишимиз бошқа бўлиб қолмаяпмизми? Бу саволларга жавоб топиш учун шундоққина мақоламиз бошида таърифланган бинолар ортига ўтсак кифоя.Чунки, уларнинг ҳаммаси Шароф Рашидов номли маҳалланинг юзи.Юзи шундай бўлса, ичи бундан ҳам зўр бўлса керак дейишингиз табиий.Афсуски… Ҳа, афсуски, бундай эмас.Томоша қилишдан аввал, ўн тўққизта кўп қаватли уйни бағрига олган мазкур маҳалланинг ёши элликдалигини, бир вақтлар адабиёт, санъат, илм-фан намояндалари яшаганлигини-ю, етти-саккиз йил олдин обрў-эътиборли бўлганлигини билиб қўйганингиз маъқул. Ҳозирги аҳволига эса маймунлар йиғлайди.”Йўғ-е!” Ишонмаяпсиз-а? Яна ўн-ўн беш қадам юрсак бас.Бепул томошанинг устидан чиқасиз. Мана, келиб ҳам қолдик.Марҳамат,ҳузурингизда вайрона маҳалла! “Вой-бўй, дабдалаку!”Ҳа, дабдала! “Бу ердаги осмонўпар дарахтлар, болалар майдончалари, чўмилиш ҳовузчалари қани?” Ҳаммаси ер билан битта бўлди.“Э йўқ, бе йўқ, 40-50 йиллик дарахтларни кесиб ташлашдими-а?” Ҳа, кесиб, гумдон қилишди.”Нимадир қуришмоқчими?”  Қурмоқчи эди.”Бўлмадими?” Бўлмади! ”Нега?” Зўравонлик билан қурмоқчибўлишди.”Бу ўша интернетда шов-шув бўлган жойми?” Худди ўзи. “Адашмасам, алоқадор ташкилотларнинг ҳеч қайси бири рухсат бермаган, шекилли.” Шундай.Аммо, орамизда ҳалиям қинғир йўл билан  топган пулининг кучига ишониб, хохлаганимни қиламан дегувчилар бор экан.”Бу борада уялмай-нетмай лавозимини қурбон қилганларни айтмайсизми? Балиқ бошидан деганларидек, айнан мана шунақалар ҳамма жойни эгаллаб олди.Жиддийроқ суриштирсангиз ҳаммагинаси ноқонуний.Бу ҳашаматли биноларни қайси пулингга қурдинг дейилса борми, орқасига қарамай қочиши аниқ.” Қанийди шундай бўлса.Лекин, улар сизу-менга ўхшаганлар эмас-да.Осонликча жон бермайдиган казо-казолар.Бир-бири билан чатишиб кетган.Эшитганларимиз рост бўлса, илдизлари чет элгача етган эмиш.Аммо, уларнинг бирон биттаси маҳалланинг  ками-кўстини бутлашга озгина бўлса-да ҳиммат қилиш у ёқда турсин,қайрилиб ҳам қарамайди.” Илдизлари хорижга етган бўлса ҳам, мана кўрасиз,ҳа демайуларга ҳам навбат келади.Неча юз милёнлаб кўк йиққан генералларнинг думи тугилганда, бошқалари нима бўлибди.Буни давлат деб қўйибдилар, дўстим.Давлат билан ўйнашиб бўлмайди.”Бу иш амалга ошса борми, боғча учун ҳам, гузар учун ҳам, болалар спорт иншоатлари-ю, соғломлаштириш марказлари учун ҳам, борингки, яна қанча-қанча ташкилоту идоралар учун жой тайёр бўларди-да.”Бўлади, албатта бўлади!”Илоҳим бўлсин.Давлатнинг қурилиш учун сарфланадиган бюджет маблағлари ҳам тежалган бўларди. “Хўш, бу вайронанинг тақдири нима бўлди?” Нима бўларди, Оллоҳга шукрки, маъмурий ишлар бўйича шаҳар судида оқни оқ,қорани қора дейдиган адолатпарвар судьялар ҳам бор экан.Ўшаларнинг  қарори билан қурилишга чек қўйилди.Аммо,ўзи бўлгани йўқ.Одамларнинг бош урмаган эшиги қолмади.Шўрликларнинг тинка–мадори қуриб, асаби пиёз пўстидай юпқалашиб қолди...”Офарин.Ниҳоят, сал кам бир йил давом этган жанжалга нуқта қўйилибдику.Дарвоқе, етказилган зарарни ким қоплайди?” Бош-қош бўлган одам-да! ”Маҳалла раисими?” Албатта-да! “Кўриб турибман, бу жойни вайрон қилиш учун қанча маблағ сарфланган бўлса, обод қилиш учун ҳам шунча  керак бўлади.Маҳалла раиси роса терлар эканда-а?” Емоқнинг қусмоғи ҳам бор дейдиларку.Қонунни дастак қилиб, талаб қилиш бизнинг, бажариш эса унинг иши.Нима бўлса ҳам вайрона ўрнини олдинги ҳолига келтиришимиз керак. ”Ҳа-а...“Бировга қилмагин зинҳор, сенга ҳам қилгувчилар бор” деганлари шу-да.Ие, мана бу уйнинг асосий деворларини бузиб, эшик очиб олишибдими? Даҳшатку.Ҳойнаҳой, меъмор рухсат бергандир-да?”Билмадим.Лекин, сал нарироқда бундан ҳам баттарларини кўришингиз мумкин.”Қани, юринг-чи!” Юринг! “Вой-бўй, чатоқку.”Эга бўлмагандан кейин ким нимани хохласа, шуни қилавераркан-да.”Нималар деяпсиз тақсир.Шаҳар бедарвоза эмас.”Дарвозаси бўлганида пойтахт марказидаги маҳалла бундай вайронгарчиликка юз тутмасди.Қаранг,ҳатто биринчи қават хонадонининг икки томонини ҳам кенгайтиришган.Бу ҳам етмагандай атрофини бетон супа билан ўраб олган.Уйнинг ташқи кўринишига қаранг: ола-була.Бундай аянчли манзарани кўп қаватли ҳар бир уйда кўриш мумкин.”Худо кўрсатмасин-у, эрта бир кун ер қаттиқроқ силкинса, асосий деворлари бузилган бу уйлар дод деб юборади-ю.” Худди мана шу гапни одамларга тушунтирадиган мард йўқ.”Нега бўлмас экан? Шаҳар ҳокимининг 2012 йил 11-октябрда қабул қилинган 820-сонли қарори-да.Унинг аввалида “Фуқаролар томонидан кўп қаватли турар жойлардаги хоналар ва ёрдамчи хоналарни қайта қуриш,ўзгартириш қатъиян тақиқлансин” деб ёзиб қўйилгани етмайдими?! Бу туман меъмори учун асос эмасми?” Бунинг учун ишлаш керак, ишлаш.Ҳозир кабинеда ғўддайиб ўтирадиган пайт эмас.Сен менга тегма, мен сенга тегмай дея кабинетда биқиниб ўтирган билан иш бўлмайди-да.”Наҳотки, булар давлатимиз раҳбарининг туну-кун тиним билмай ишлаётганлигини ҳис этмаётган бўлса?!” Булар мустақил ишлашга эмас, буйруқ бажаришга ўрганиб қолишган.”Ҳақ гап.Мана бу бетон супачалар нима?” Машина қўядиган жой.”Машинаси борлар қуриб олганда-а?” Худди шундай. “Бу мумкин эмаску!” Биров э демагандан кейин, бири биридан кўриб қилаяпти-да.“Мана бу етти қаватли бино-чи, у ҳам ноқонунийми?” Тўрт қаватли турар-жой биносига ёпиштириб қурилади-ю, қонуний бўладими? Албатта, ноқонунийда.”Бу турар-жойми, нима ўзи?” Ҳеч ким билмайди! Рухсат берган одам эса қамоқда эмиш.                             “Президентимизнинг бу масалада чилонзорликларни қаттиқ уялтирганлари, каттаю-кичик раҳбарларга дашном берганлари Тошкент шаҳар қурилиш ва архитектура Бош бошқармасига сабоқ бўлмаган эканда.”            Аслида, сиз айтган 820-сонли қарорнинг ижросини айнан шу ташкилот таъминлаши керак.У эса… Буни ўзингиз ҳам яхши биласизку.”Қарам бўлгандан кейин шуда.Ҳали унисининг юзидан ўтолмайди,ҳали бунисининг.Устига-устак сиздан угина, биздан бугина қабилида буйруқ берувчилар ҳам бор-да. Бўлмаса, шаҳарнинг қоқ белида шундай хунук манзара пайдо бўлармиди?”                        Ҳақ гапни айтдингиз.Бу ташкилотда ишлайдиганлар энг аввало, шаҳар бош режасига қатъий амал қилган ҳолда давлат ва халқ манфаатларини ҳимоя қилмас эканлар,қўлбола бинолар кўпайса кўпаядику камаймайди.”Менимча бу ташкилотнинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида бўлгани маъқул.Шундагина унинг масъулияти ошиб, бер-бер ҳам, ол-ол ҳам барҳам топиб, одамларнинг сарсон-саргардон бўлиб, судма-суд елиб-югуришларига чек қўйилган ва албатта, Тошкентнинг қоқ белида мана бунақа вайронгарчилик бўлмасди.” Бунинг учун лоқайдликдан қутулишимиз керак.Биласиз, катта арава қайси йўлдан юрса кичиги ҳам ўшандан юради.Агар, биз катталар бир ёқадан бош чиқариб, ана шундай иллатларга барҳам бериб, халқнинг пешона тери билан топган пулини еб-ичиб ўтирган ширкат ва хизмат кўрсатиш компаниялари ҳамда уларга шерик бўлган маҳалла жиловини қўлга олмас эканмиз, бундай бузғунчиликдан қутулишимиз қийин бўлади.”Мана энди дилдаги гапни айтдингиз.Бу ишларнинг ҳаммаси маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги билан бўлади.Чунки, тинч-тотувлигу ободлик одамларнинг аҳиллиги билан.Бунинг учун уларга оғирнинг остидан, енгилнинг устидан юрадиган, етти ўлчаб бир кесишга қодир бўлган, одамларнинг ташвиш ва қувончлари билан яшайдиган етакчи – оқсоқол керак!”Жуда тўғри.Лекин, бу масалани биз эмас,ҳокимият ҳал қилади. “Ҳокимият бўлса, ҳокимият-да.Мурожаат қилинглар!” Агар, мурожаатларимиз вақтида адолатли кўриб чиқилганида бу машмашалар-у, азобларни кўрмаган бўлардик, дўстим!                                                                                                                                                     Нуриддин ОЧИЛОВ,                                                                                         Ўзбекистон Журналистлари ижодий                                                                        уюшмаси аъзоси.                               25.03.2018.           

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.