топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Беқиёс фалсафий тафаккур соҳиби эдилар

Toshkent Moliya Instituti
Халқимиз ўзининг донишманди ва раҳбари, ғамхўр ва елкадоши, жонкуяри, буюк сиёсатчисидан ажралгани, аниқроғи жудо бўлганига ҳали кўп давр бўлмаган бўлсада, доимо у киши билан бирга бўлганимиздек  туюлади. Афсуски, фоний дунёдан боқий дунёга ўтиб кетлганлари учун қалб зирқирайди, кўнгил йиғлайди. Сабаби, бу улуғ зотнинг ҳар бир кўриниши, маъруза қилиши, вилоятларда бўлиб очиқ кўнгиллик билан суҳбат қилишлари кўз ўнгимизда гавдаланаверади. Анжуманларда билдирган фикрларида тарихий соҳаларни ўз замонаси билан боғлагани, келажакни эса кўз ўнгимизга келтириб қўяр эдики, эндиликда у фикрлар аллақачонлар айтилгандек сезилади. Шу маънода, шахсан менинг қалбим у кишини янада кўпроқ кўришни қўмсайверади. Бинобарин, ўтган қисқа  вақт ичида соғиниш нуқтаи назаридан ўтган давр асрлардек гўё. Ҳа, мен ҳам кўп кишилар сингари давлатимизнинг 4-5 та биринчи раҳбарлари билан учрашганман. Суҳбатларида бўлишимга ҳам тўғри келган. Уларнинг барчасини тарихда ўз ўрни бор. Аммо, Ислом Абдуғаниевичнинг нон-тузларини таътиганман. “Туз еган жойда қирқ йил салом”,  деган халқимизнинг доно фикри бор. Демоқчиманки, берган тузларини оқлаш учун, у киши ҳақида қалбимдан ўрин олган фикрларни баён қила олармиканман, деган хавф мени ўйлантирмоқда. Ахир замонанинг буюк инсони, донишманди ҳақида оддий менга ўхшаган бир инсон хотира ёзаолармикин деб ўйланиб қоламан. Шундай бўлсада, Ислом ака ҳақида билганим туфайли озми кўпми, оддий ёки соддами, ёки илмий жиҳатданми қандай бўлмасин ўз фикрларимни қисқа қилиб баён қилишга ҳаракат қиламан.  
Сув ўзининг ўзанини тез топади ва шунга қараб оқади.Раҳбарлар ҳам ўзидан юқори турган раҳнамосини фаолиятини англаб етади ва шунга қараб интилади. Муҳтарам Президентдимиз Ш.М.Мирзиёев ҳам И.А.Каримов бошлаб берган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий соҳаларни янгича янада давом эттириш, у кишининг улгурмаган ишларини ҳисобга олиш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясини” ишлаб чиқдиларки, бундай фаолиятни халқимиз олқишлаб қабул қилди. Ҳа, ҳаётда баъзи подшоҳ, ҳукумат ва президентларнинг фаолияти тарихдан маълумки, ўзидан олдингиларни нафақат қоралаш, ҳатто тарих саҳнасидан чиқариб ташлашга уринганлар кам эмас. Ш.М.Мирзиёевнинг И.А.Каримов хотирасини абадийлаштириш учун бошлаган  саъи ҳаракатлари нур устига аъло нур бўлдики, халқимиз қалбидан Шавкат Миромоновичга тасаннолар айтмоқдалар.
Ҳа, Ислом Абдуғаниевич ҳақида хотира мақоласини ёзиш ўта мураккаб, сабаби у инсоннинг  фалсафий тафаккури кенг ва дунё қараши кўп қирралидир. У кишидан мерос бўлиб қолган асарларга назар ташлар эканмиз, уларда инсонга, инсониятга, Ватан ёки жамиятга, ўтмиш ёки келажакга дахлдор бўлмаган соҳанинг ўзи йўқ. Энг асосийларидан бири бу айтилган фикрларини  қайтармаслигидир. Ҳамма асарларида янгича ёндошув, янгича фикрлаш мужассам. Муҳими, тингловчини ўзларига жалб қилиб, янги ғоялари билан бойитиш ҳусусиятларга эга инсон эдилар. Бундай фаолиятга қойил қолмасдан иложимиз йўқ Мазкур хислатлари билан И.А.Каримов кўпчилик хорижий давлатларнинг раҳбарларини ҳам лол қолдирганини барчамиз гувоҳи бўлганмиз. Жумладан, Буюк Хитой давлатининг раҳбари Ўзбекистонга келиб, қилган учрашув  маърузасида И.Каримовнинг фаолиятига баҳо бериб, “Замонамиз донишманди”, деб бежиз айтмагандир. Ислом ака ана шундай юксак баҳога кўп маротаба лойиқ эди.
Давлат раҳбарлари билан норасмий ёки расмий учрашувларнинг ҳар бирида, Халқаро ташкилотлардаги  айниқса 193 мамлакатнинг аъзолари ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ассамблеяси бўладими, ёки бошқа   Европа мамлакатларидаги анжуманларда бўладими, хуллас, барчасида мағрур туриб замонавий, дунё миқёсидаги муоммоларни баралла ўртага ташлар эдиларки, у кишининг фикрлари асосида таклифларини ҳисобга олиб қарорлар қабул қилинар эди. Айниқса бунга Шанхай Ташкилоти минбаридан И.А.Каримов мавқеига айтилган фикрлар бирор раҳбарни ёки оддий бир инсонни назаридан четда қолмаган деб ўйлайман. Баралла айтиш мумкинки мутафаккир  Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асарида ҳокимнмнг ўн иккита фазилати ҳақида фикр юритади. Ана шу фазилатларнинг ҳаммаси Ислом акада мавжуд эди. Узоққа бормайликда, Ислом аканинг ўз ватанида кўрсатган ташаббускорлигини,  инсонларни бирлаштириш, ягона мақсадга интилтириш, халқимизнинг қалбидаги фикрларни сезиб айтиш ёки келажакни ўйлаб айтган фикрлари  халқимизни шиорларига айланиб кетгани бугунги кунда сир эмас. Жумладан, у киши ўртага ташлаган қуйидаги фалсафий фикрларга эътиборингизни қаратмоқчиман, мана улар: “Ўзбекистон келажаги буюк давлат”, “Ватан саждагоҳ каби  муқаддас”, “Ватан туйғуси ҳар нарсадан устун”, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, “Шу азиз ватан барчамизники ”, “Биздан озод ва обод ватан қолсин”, “Бу муқаддас ватанда азиздир инсон”, “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” ва бошқалар. Ушбу фикрларнинг барчасида олам-олам фалсафий маъно ётадики, улар ишончим комилки, келажакда ҳам ҳар қандай оддий инсонларни тугул, балки илмий изланувчиларнинг кашф қилишлари, илмий иш қилишлари учун муқаддас манбалар бўлиб қолади. Ҳа, муболағасиз айта оламанки, И.А.Каримов замонавий Ўзбекистонни барпо этиш учун, Ўзбек давлатчилигини тиклаш ва мустаҳкамлаш учун ҳамда  халқимизга Ватан туйғусини ўтмишдаги бирорта давлат раҳбаридек ўзи бўларчиликга ташлаб қўймасдан, аксинча, бу соҳани ўзининг байроғи қилиб олди ва умрининг охиригача шунга содиқ қолди.  Аввало Ватан туйғусини, мустақилликни ҳар биримизга назарий ва амалий жиҳатини сингдирди. Сўнг халқимизни Ватан туйғуси орқали буюк келажак сари етаклаб, мустаҳкам, демократик  фуқаролик жамиятини барпо этишга ундай бошлади.  Ҳолбуки, дунёдаги баъзи мамлакатларда фуқаролик жамияти ҳақида тасаввур ҳам йўқ деб айта оламан. Ислом аканинг юқорида айтилган даъватлари инсонларни касби, ирқи, миллати, дини, ёши, жинси, лавозимидан қатъий назар Ватан равнақи йўлида бир жон-у, бир тан бўлиб ҳаракат қилишларига замин яратиб кетди. Миллий истиқлол ғоясининг бош мақсади: “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш” эканлигини ҳам белгилаб берди.
Ўзбекистон фанлар академиясида бўлиб ўтган учрашувда И.А.Каримов файласуфлар ҳақида гапириб, уларни бозор муносабатларига ўтиш хусусиятларини тушунтиришда орқада қолаётганлигини таъкидлаган эди. Бу эса Ислом аканинг файласуфлигидан далолатдир. Чунки, бундай фикрни фалсафани мукаммал билган мутафаккиргина айта олади.
И.А.Каримовдаги янгиликка интилиш – новаторлик хусусиятини Совет замонида тарбия топиб, раҳбарлик мавқеида шаклланган кишиларнинг ҳаммасида ҳам бор деб айта олмайман. Бу киши эса ҳамма янги, замонавий  ғояларни ўртага ташлади. Фақат ўртага ташлабгина эмас, шу ғояларни ҳаётга татбиқ этди. Бошқаларни ўзининг янги ғояларига ишонтира билди. Кўплаб инсонларни, раҳбарларни шу хислатларга ўргатди, тайёрлади. Ислом ака менинг таҳлилимча: оддийликликни ёқтирадиган, мард, танти бўлиб, шундайликка амал қиладиган инсон эдилар. Буни ҳаётий воқеалар тасдиқлайди. Жумладан, Ислом ака билан ҳамнафас бўлган, биргина колхоз раиси М.Бойхонов шундай хотирлайди: “Мени масаламни баъзи бир сабабларга кўра Чироқчи тумани райкоми бюрода кўрмоқчи бўлди. Бундан хабар топган Ислом ака икки кундан кейин хўжалигимизга келдилар. Дала майдонидаги шийпонда кодхозчилар у кишини нон туз билан сийлашди. У киши катта сариқ сирли косада келтирилган чалобни деҳқончасига сипқириб, ичиб,  ўтирганларга ҳам тутди. Улар ҳам навбат билан ичишди. Сўнг далани айландилар.Тракторчи Холмат билан қадрдондек обдон сўрашдилар ва иш юзасидан маслаҳат бердилар. Менга юзланиб, ўртоқ раис, ишларинингиз ёмон эмас, бардам бўлинг… Камчиликлар бўлса менга тортинмасдан мурожаат қилаверинг. Менинг эшигим сиз учун ҳамиша очиқ. Сўнг у киши кетдилар. Шу тариқа мени Райком секретарининг ғаразли ниятидан сақлаб қолдилар. Елкамдан гўёки икки қанот ўсиб чиққандай бўлди.
Агар у киши ҳар жиҳатдан қўлламаганларида илгариги етимлик, ота-онасизлик, ҳимоясизлик руҳияти мени яна ўз домига тортиб кетиши муқаррар эди. Мен ҳам бошқаларга кераклигимни ҳис этдим. “(М.Бойхонов. Қалбимда ўчмас из қолдирган кунлар Т., Янги аср авлоди ” 2016 йил 22-26 бетлар). 
И.А.Каримов ҳақиқтагўй инсон эдилар. Ҳақиқатга тик боқиб ҳар бир мулоҳазани ўртага ташлаганлари сир эмас. 1989 йил  10-11 июн кунлари И.А.Каримов   (ўзларини таъкидлашича) Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиб этиб  сайланишларидан олдин, Москвага сиёсий бюро аъзолари олдига суҳбатга чақириладилар. Суҳбат охирига етиб қолай деганда  Ислом ака  Горбачёвга қараб Михаил Сергеевич: “мободо, мени Ўзкомпартиясининг биринчи котиби этиб сайланишимга хайрихоҳлик билдирсангизлар, мени ҳам фикрларимни инобатга олиб, ёрдам берсангизлар, албатта, ишлашим мумкин”, — дейди. Шунда Михаил Сергеевич: “марҳамат қандай таклифларингиз бор”, — дейди.  Ислом ака:  “Михаил  Сергеевич,  пахта якка ҳокимлигини тугатилишига ёрдам беринг, бу биринчиси. Иккинчиси пахта етиштириш ўта мураккаб, жуда кўп меҳнатни талаб қилади. Унинг таннархини кўтариш зарур”. Шу пайт сиёсий бюро  аъзоси Е.К.Лигачёв: “э ҳали сиз биринчи котиб бўлмасдан туриб бизни олдимизга вазифа қўйяпсизми”, — дейди.  Шунда И.А.Каримов: “тушунарли Михаил Сергеевич  менга рухсат беринг, қайтиб кетаман, бу ишга сездимки, лойиқ эмасман”, деб кетишга тараддуданади. Горбачёв тўхтатишга ундаганда: “оввора бўлманг, тушунарли, менга рухсат беринг, Р.Нишоновни ўзларини 6 ойга қолдиринг”, — деб қаътий жавобни берганда, Михаил Горбачёв: — “хўп кетмоқчи экансиз кетверинг”, — деб истеҳзо билан рухсат беради. Бу бир воқеа. Иккинчи воқеалардан бири бу  1989 йилда совет иттифоқи компартиясининг бош котиби М.С.Горбачёв И.Каримовни Болтиқбўйи республикаларига ўзи билан бирга олиб боради. Чунки у республикалар иттифоқ тасаррафудан чиқиб кетаётган эди. Шунда Ислом Абдуғаниевич, у республикалар тўғри йўлни танлаганликларини ҳис этиб бош котибни рухсатисиз ўз ватанига қайтади. Яна бир мисол, 1990-йил 14 мартда Горбачёв Президент этиб сайланганидан сўнг СССРда иккинчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик лавозими таъсис этилади ва И.А.Каримов Олий Кенгаш томонидан сайланади. Натижада кунларнинг бирида И.А.Каримов  СССР Олий кенгаш йиғилишига бориб, эшикдан кириши билан Горбачёв барчани диққатини тортиб қаранглар: “СССРда иккита Президент пайдо бўлди, буни охирига етишимиз керак”, — дейди. Шунда И.А.Каримов Горбачёвга қараб: “агар шу меъёрда суҳбат давом этадиган бўлса мен бу йиғилишни тарк этаман”, — дейди. Ана қаҳрамонлик. Ўша пайтларда СССР  раҳбарига бундай жавоб қайтариш осон  кечмасди. Ишдан олиш, жазолаш, ҳеч гап эмас эди. Ана қаҳрамонлик. Бу ҳақиқатгўйлик, ҳақиқатга тик бориш, дунё қарашнинг кенглигидан, тафаккурни ноёблигидан далолатдир.
 Ислом Абдуғаниевич ўз устида тинмай ишлаганлигини илғаш қийин эмас. У киши ўзининг маърузалари пайтида буюк алломалар таълимотларидан иқтибослар келтирарди, уларни шарҳлаб ўз фикрларини билдириши давримиз зиёлиларига айниқса таниш, ёки Тошкент талабалар турар шаҳарчасида талабалар билан бўлган суҳбатда фалсафа фанининг тушунча ва қонунларини баралла аниқ таърифлаб бериши файласуфларни жиддий ўйлантириган ва қувонтирган эди. Ҳар қандай йиғилишда бўладими, дунёвий ахборот восталари  вакиллари саволларига жавоблар бўладими, қалтис ҳолатлар бўладими  вазиятдан келиб чиқиб, файласуфларча  суҳбат қурар эдилар. Қандай мавзу бўлмасин аниқ ва лўнда, инкор этиб бўлмайдиган таклиф ҳамда жавобларни берардилар.
Ҳа, камтаринлик ҳам у кишининг байроғи бўлган. Мана бир мисол: И.А.Каримов ҳақидаги китобнинг муаллифларидан бири Леонид Левитин шундай таъкидлайди: “1994 йил августида Доналъд Карлайл ва мен БМТининг Ўрта Осиё республикаларидаги фаолиятига боғлиқ масалалар юзасидан Президент И.А.Каримов қабулида бўлдик. Суҳбат сўнгида Карлайл: “жаноб президент мен сизнинг таржимаи ҳолингизни ёзмоқчи эдим”, — деб сўради. Каримов жавоб берди: “керак эмас, бу ҳеч кимга керак эмас, менга ва бошқаларга ҳам”, “лекин мен аниқлик киритсам, — деди   профессор -  Балки бу таржимаи ҳол эмас сиёсий портрет бўлар”. “Фарқи йўқ”, — деди Каримов – “на сиёсий таржимаи ҳол, на сиёсий портрет ёзиш керак эмас. Агар сиз мамлакатимизда кейинги йилларда юз берган воқеалар ҳақида ҳикоя қилсангиз бу менимча қизиқиш уйғотади. Бу одамларга керак бўлади. Бизда ҳам сизнинг мамлакатингизда ҳам”.  Бу камтаринлик намунаси эмасми? (Леонид Левитин, Доналъд Карлайл, Ислом Каримов янги  Ўзбекистоннинг Президенти, 1996 йил). Ҳолбуки, баъзи бир иттифоқдан ажралиб  янги пайдо бўлган, аҳолиси бир неча бор кам бўлган мамлакатларда раҳбарларни  кўкларга кўтариб қисқа муддатда доҳийларга чиқариб қўйилган. Хабарим бор, Ислом ака ўқиган мактабда музей ташкил қилмоқчи бўлганлар. Шунда ҳам И.А.Каримов қаршилик қилган. Таъкидлашим лозим, у киши бировларнинг мақтовлари  ёки кўрсатмалари асосида эмас, бутун умри давомида ўз кучига фалсафий тафаккурига асосланиб, ишонч билан меҳнат қилди ва шундай яшади. Бундай хислат ҳаммада ҳам бўлавермайди албатта. Шу муносабат билан таъкидлаш лозимки, юртбошимизнинг буюклигини бутун дунё тан олди. Дафн маросими кунининг ўзидаёқ дунёнинг 17 та етакчи мамлакатларининг раҳбарлари келгани бунинг натижасидир. Юзлаб мамлакат вакиллари таъзиялар изҳор қилдиларки, фикримнинг тасдиғидир. Дунё ахборот воситаларида ўша кунлари Ислом Абдуғаниевич ҳақида кўплаб янги фикрлар билдирилди. “Россиянинг биринчи президенти Б.Елъцин ўзининг “Президент марафони” китобида И.Каримовни Шарқона нозик табиатга эга буюк ва оқил инсон”, — деб таърифлаганлиги эълон қилинди. “Ислом Каримов минтақада диний ақидапарастларнинг фаоллашувига йўл қўймади, ва уларга қарши муросасиз кураш олиб борди”. “Қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан фарқли равишда Каримов ўз мамлакатида миллатлараро низолар келиб чиқишига йўл қўймади. Собиқ Иттифоқ тарқалиб кетганлан сўнг Марказий Осиё сиёсий ҳаётида катта мавқе эгаллади”. “Шубҳасиз, у муракаб даврда ёш давлатнинг раҳбари сифатида иш бошлаган илк давридаёқ ўзини жаҳон миқёсидаги йирик раҳбар сифтида намоён қила олди. Бу пайтда қўшни мамлакатларда таҳлика, саросима ҳукм сурар, шиддатли жанглар давом этарди. Каримов турли миллат ва элатлар диний конфессиялар вакиллари яшаётган малакатни фуқаролар уруши гирдобидан асраб қолди” ва бошқалар. Ушбу фикрларни чет мамлакат ахборот воситаларида эълон қилинганлигини сезган ҳар бир ўзбек халқининг қалбида Ислом акага нисбатан меҳр ва ғурур пайдо бўлмасидан иложи йўқ.
Ҳа, Ислом ака шахсан ўзини эмас, ўзбек халқини, ўз мамлакатини севарди. Тахмин қилишимча у кишига Ўзбекистон Президентлигидан бошқа дунёвий ташкилотларда ишлаш учун таклиф этганларида ҳам ҳатто ўйлаб турмасдан бундай таклифни рад этган бўлардилар. Чунки ўз халқи учун жон беришга ҳам тайёр эдилар.
90-йиллардаги ўта оғир даврни бошидан ўтказаётган Ўзбекистондаги ҳаётни кузатганлар оз эмас. Қисқа муддатда мамлакатимизда рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилиб, унинг Президенти ҳақида кўпгина давлатларнинг ўша даврлардаги раҳбарлари эътироф сифатида ўз фикрларини билдирганлар. Мана улардан намуналар:
Австрия федерал канцлери Француа Враницки: “Президент Каримов давлат раҳбарларининг янги авлодини ўзида бошқалардан кўра тугалроқ мужассам этган”.  Қирғизистон Президенти Акаев: “Ислом Каримов – дўстни ҳеч вақт кулфатда қолдирмайдиган одам. Маълум маънода мен уни ўз устозим деб биламан, Ўзбекистонда эндиликда қилинганларни астойдил ўрганиш ва қабул қилишга муносибдир”. Украина Президенти Леонид Кучма: “Ислом Каримов билан суҳбатлар чоғида мен шогирд сингари, ундан бозор ислоҳотларининг юқори амалий натижаларига қандай эришганини, у қандай қилиб ишлаб чиқариш, даражаси тушиб кетишига, одамларининг қашшоқлашувига йўл қўймагани, Ўзбекистоннинг жиноятчилик билан курашдаги муваффақиятининг асосий пружинаси нималарда мужассамлашганини билиб олишга интилдим. Эндиликда кучли ижроия ҳокимятини сақлаб, олдинги давлат тузилмаларини инқилобчасига бузиб ташланишига йўл қўймаган Каримовнинг қанчалик ҳақ эканлиги ҳаммага аён бўлаётир”. Белоруссия Президенти Лукашенко: “Биз Ўзбекистонда тартиб ва интизомни кўрдик, биз беларуслар учун бу ислоҳотларни ўтказиш кераклиги ва ўтиш давридаги ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти нима эканлигининг кўргазмали мисолидир. Ўзбекистон халқининг бахти бор экан. Чунки унинг пешонасига Ислом Каримовдек йўлбошчи битган”. Германия Федератив Республикаси Президенти Роман Ҳерцог: “Биз Ўзбекистонда демократик жамиятга йўл бошланганини кузатамиз, Президент Каримовнинг мамлакатда ижтимоий ҳаётнинг демократик органларини бунёд этишга дадил уринишлари шахсан мен учун шубҳасиздир ва бу муносабатда Ўзбекистондаги  ишлар аҳволи масалан Қозоғистондагидан кўра албатта яхшироқдир.” Исроил Бош вазири Шимон Перес ҳам Президент Каримовнинг  Миллий сиёсати тўғрисида юксак фикрларни билдирган.
 Мен ушбу фикрларни келтиришимдан мақсад Ўзбекистоннинг 90-йиллардаги қийин даврларида Ўзбекистон раҳбарига берилган холисона баҳоларни эслатишдан иборат. Ҳа, бу  эътирофлар оқилонадир. Бунга шубҳа йўқ. Шундай инсонлар борки, улар дунёда ўз фаолияти, ижоди, тафаккури билан ёруғлик олиб келади. Қачонки улар кетсалар, нафақат жисмонан ҳатто руҳий хориқисан киши, олдиндаги ҳаёт қоронғудек туюлади. Лекин биз ер ташқарисида қолганлар шундай қилишимиз керакки, Ислом ака каби фалсафий тафаккур соҳиблари олиб келган ёруғликни ҳеч қачон сўндирмайлик. Уларни эзгу ниятларини ўз меҳнатимиз, ақл идрокимиз, тақаккуримиз орқали ҳаётга татбиқ этайлик азизлар. Шундай экан, бир фуқаронгиз сифатида:  Ислом ака, қабрингиз ҳамиша нурга тўлиб туришини тангридан тилаб  қоламан.    
Зиёдулла Давронов
Фалсафа фанлари доктори, профессор
 
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.