топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

АСЛИНГГА ҚАЙТ, ОРОЛИМ!

Toshkent Moliya Instituti
Бир вақтлар ўзининг гўзаллиги, иқлимининг ёқимлилиги-ю, манзарасининг бетакрорлиги, сувининг ширинлигию балиқларининг ноёблиги, хуллас, денгизмисан денгизлиги билан дунё денгизлари ичида алоҳида ажралиб турган Орол шундоққина кўз ўнгимизда сўлиб, сарғайиб, оғир бир дардга мубтало бўлди.У ўзининг кўм — кўк қудратли тўлқинлари-ю, кўзларни яйратадиган улуғвор мавжларидан айрилиб, хаёлига келмаган фожиага юз тутди. Хўш, нега шундай бўлди? Нега фалокат Ўзбекистоннинг кўрку камоли, бебаҳо бойлиги–Оролга ёпишди? Унга чанг солган фожиа деймизми, офат ёки фалокат деймизми, дард деймизми,қаердан келди? Ким олиб келди уларни? Мақсади нима эди у иблисларнинг? Нега ўшанда биз ҳам дардимизни ичимизга ютдик? Нега ҳайқирмадик? Нега исён кўтармадик? Нега ҳаётимиз манбаини асраб қолиш учун курашмадик? Нега Оролга қалқон бўлолмадик? Ўшанда нималар бўлаётганига тушунмадикми ё? Тушуниб туриб ожизлик қилдикми ё? Амударё билан Сирдарё оқиб турар экан, Орол ҳеч қачон қуримайди деб бизни ишонтирдиларми ё? Алдандикми, қўрқдикми? Йўқ, алданганимиз ҳам,қўрққанимиз ҳам йўқ.Ҳамма-ҳаммагинасига қарамлигимиз, эркимиз ўз қўлимизда эмаслиги сабаб бўлди. Чўлларни ўзлаштириб, Орол суви билан милён-милён тонналик пахтамизни янада юксалтирсак, қорнимиз тўқ, устимиз бут бўлади, орзуларимиз ушалади деб ўйладик.Ўйларимиз саробга айланди.Ранги-рўйи сарғайиб бораётган Оролнинг дарди бизнинг ўзимизга ҳам чирмаша бошлади.Йўқ жойдан пайдо бўлган дардлар на болаларга, на катталарга ва на аёлларга шафқат қилди.Борган сари кенг қулоч ёзиб,ўлимни кўпайтирди.Бу қизил салтанатчилар учун айни муддао бўлди.Уларни беҳад қувонтирди.Азоб-уқубату машаққатли меҳнат билан етиштирган бойликларимизнинг бир мисқолини ҳам бизга илинмаган инсон қиёфасидаги жирканч махлуқлар Оролни ана шундай фожиага гирифтор этдилар.Боболаримизу момоларимиз бу мўъжиза умрига завол бўлганларни туну кун лаънатладилар, қарғадилар.Аммо, улар инсофга келмади.Инсофга келишни истамади.Чунки, улар учун инсон ва унинг қадр-қиммати эмас, бойлик устун турар эди. Хўш,ўша иймонсизлар табиат бизнинг онамиз, онамизни эса ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишимиз, асрашимиз кераклигини билармиди? Биларди! Била туриб, табиатнинг шундай дурдонасини йўқ қилишга бел боғлагани учун ҳам уларни ҳеч қачон,ҳеч қайси биримиз кечирмаймиз.На фақат биз, Оролнинг ўзи ҳам кечирмайди.Буни қайтар дунё деб қўйибдилар.Оролни қуритганларнинг ўзлари ҳам қуридилар.Ким қилмағай, ким топмағай деганлари шу. * * * Сиз Оролнинг дилбар куйларини, дилрабо қўшиқларини тинглаганмисиз? Чиройидан кўз узолмай, юрагининг туб-тубидан сизиб чиққан нафис оҳангларга қулоқ тутганмисиз? Мовий тўлқинларига мафтун бўлганча дилингиз яйраб, тўлиб-тошиб куйлаганмисиз? Уфқларга ботиб бораётган бобо қуёшнинг қизғиш шуъласини чайқалиб турган суви юзида нозланишини кўрганмисиз? Соҳибжамол Оролга бўлган беқиёс муҳаббатингизни шеърга солиб, денгиз узра чаппор уриб учаётган ғуж-ғуж оқ чорлоқларга ўқиб берганмисиз? Осмонида ярақлаб турган ой билан чарақлаб турган милён-милён юлдузларнинг денгиз мавжларини қучиб, уяла-уяла чўмилганларини ҳайрату ҳаяжон ила кузатганмисиз? Тўда-тўда оппоқ булутларнинг Орол юзида кемалардек чайқалиб-чайқалиб сузишларини-чи? Ёқимли салқин шабадаси сочингизни тортқилаб-тортқилаб ўйнаганлари ёдингиздами? Лабларига лабларингизни оҳистагина қўйганингизда вужуд-вужудингизни чулғаган туйғулар-чи?! Балиқлар рақси-чи, балиқлар рақси?! Айниқса, оқшом чоғлари. Гўзал-а? Бундай пайтда денгиздан жилла бўлса-да, олислагингиз келмайди.Унинг ҳар лаҳзада пайдо бўладиган янги-янги ажиб мўъжизалари билан бир умр қолгингиз келади.Бир умр!.. Эҳ, Оролгинам, Оролгинам! Мен сени қанчалар севмай, барибир, асл гўзаллигингни таърифлай олмадим, ололмайман ҳам. Аммо, сен мен учун дунёда тенги йўқ денгизсан.Сен менинг фахрим,ғурурим, ифтихоримсан. Агар, жамики денгизлар узук бўлса, сен шу узукнинг кўзисан. Бизнинг бебаҳо-ю, беқиёс бойлигимизсан, Оролгинам! Номинг ҳеч қачон ўчмайди,ҳеч қачон! Шоирларнинг шеъру достонларида, ҳофизларнинг қўшиқларида, рассомларнинг суратларида, бастакорларнинг куйларида, энг муҳими халқимизнинг дилида-ю, тилида мангу яшайсан, яшайверасан, менинг суюкли ОРОЛИМ! * * * Минг афсуски, шундай нозанин денгизни асраш, унинг чиройига-чирой қўшиш, беминнат хизматидан миннатдор бўлиш, бериб турган бебеҳо неъматларидан баҳра олиб турган Марказнинг катталари борига шукр қилмади. Бирига ўн эмас, минг, милён қўшгиси келди.Нафси ғуруридан устунлик қилди. Қинғир хаёллар қулига айланиб, Она табиатга қўл кўтарди.Уфқларга туташ минглаб гектар чўлларни ўзлаштириб, Орол суви ҳисобига улардан миллионлаб тонна “оқ-олтин” олмоқчи бўлди. Лекин, бу унинг ўзига, ўзигагина эмас,ҳаттоки, Она табиатга ҳам битмас-туганмас зарар олиб келишини хаёлига ҳам келтирмади. Тарихдан сўрамади.Кўпни кўрганлар билан маслаҳатлашмади. Китоб варақлаб, денгизлар ҳаётини ўрганмади.Илмий таҳлил қилмади.Бу ишга тиш-тирноғи билан қарши бўлганларнинг илтимосу илтижоларига қулоқ тутмади.Партия битта гапиради, унинг қарори қатъий деди.Қарорни бажармаган партиядан ўчирилар эди.Партиядан ўчирилган қамалар эди.Шундай бўлди ҳам.Бўйин товлаганнинг уйи куйди.Бола-чақаси дод деб қолди.Партия шафқат қилмади.Унинг айтгани айтган, дегани деган бўлди.Чўлларни ўзлаштириб, Орол суви билан пахта етиштиришга киришди. Орол фарёд солди. Телбаларча тўлғонди.Телбаларча чайқалди. Қирғоқларга бош урди. Ҳайқирди. Бунга денгиз теварак — атрофида яшаб келаётган неча юз минглаб одамлар қўшилдилар. Йўқ, бўлмади. Инсон инсонларни тушунмади. Тушунишни истамади.Йўқ, у инсон эмас эди.Унинг қиёфаси инсон эди.Ўзи эса тўйдимини билмайдиган чўчқасифат раҳнамо эди.У фақат буйруқ беришни билди. Буйруғининг бажарилишини талаб қилди.У ва унинг сафдошлари вақти келиб, қабул қилинган қарорларнинг ўнтаси, юзтаси, мингтаси билан ҳам Орол сувини қайтариб бўлмаслигини ўйламади.Ўйлашни хохламади.Ақли, идроки етмади.Узоқни кўра билмайдиган калтафаҳм бўлди. Ўшанда юраклар ёнди. Кўз ёшлари сел бўлиб оқди.Партия эса буни кўриб кўрмаганликка, эшитиб эшитмаганликка олди.Заррача ачинмади. Унинг учун инсон ҳақ-ҳуқуқлари, талаб ва истаклари, орзу-умидлари, борингки, тақдири бир пул эди. Оҳ,ўша йилларнинг азобларини айтмайсизми, азобларини. Шўринг қурғур ўзбек туну-кун чанг ютди.Оч-яланғоч юрди.Минг бир дарднинг азобини тортди.Яйраб дам ололмади.Яйраб ухлолмади.Бир пасгина бўлса-да, ошно-оғаинилари билан яйраб гурунглашолмади.Инграб-инграб ер ҳайдади.Чанг ютиб-чанг ютиб ер ҳайдади.Ойлаб бола-чақасини кўрмади.Кўришга зор бўлди. Кўришнинг иложини тополмади.Юзлаб километр йўл босиб, чўлдан уйига боришнинг ўзи бўлмади.Кўргани бийдай чўл бўлди.Кўргани оғир меҳнат бўлди. Қўлига теккани бебарака бўлди.Рўзғорни бутлашга етмади.Марказдагиларнинг бу ердаги айғоқчилари ҳаммасини кўриб-билиб турди. Бироқ, лом-мим демади, ачинмади, ачингиси келмади. Афтодаҳол чўлқуварнинг олдига бориб,ҳолини сўрамади.Қорни очми-тўқлигини суриштирмади.Шароити, бору-йўғи билан қизиқмади.Чанг ютгиси келмади.Жирканди лаънати.Олис-олисдан кафтини пешонасига қўйиб, қараб-қараб,қайтиб кетаверди.Ҳеч бўлмаса, тил учида раҳмат демади.Фақат зуғум қилди.Зуғум қилгани учун нишонлар олди, лавозими юқорилади лаънатининг. * * * Навбат Оролга келди.Сувини чўлга бурдилар.Марказ бу хушхабардан хурсанд бўлди.Малайларига раҳмат айтди.Туну-кун тиним билмай чўлга сув бераётган Орол бўшашиб, тинка- мадори қурий бошлади.Амударё билан Сирдарё аллақачон тортилиб қолган, улар ҳам пахта далаларидан ортмас эди.Айғоқчилар Орол аввалгидек мавж урмаётганлигини, аввалгидек ғурур билан, аввалгидек сурур билан ўзини кўз-кўз қилмаётганлигини кўриб турсалар-да, кўрмасликка олардилар.Чунки, уларни денгизнинг улуғворлиги-ю яшнаб туриши, табиатининг чиройи, одамларнинг соғлиги эмас, пахта қизиқтирар эди, пахта! Тўғри, пахта ҳам керак. Қанча кўп бўлса, шунча яхши.Чунки, у ҳам халқнинг, юртнинг бойлиги, у ҳам жамиятнинг тараққиётига, давлатнинг мустаҳкамлигига хизмат қилади.Лекин, уни денгиз сувини сўриб олиш, табиат ва жамиятни мушкул аҳволга солиш, тузатиб бўлмас фожиаларни содир этиш, бедаво касалликларни кўпайтириш ,ўзбекона қилиб айтганда,ўз оёғимизга ўзимиз болта уриш ҳисобига кўпайтиришдан нима фойда? Сир эмас, милён — милён тонна пахта ўзбек халқининг машаққатли, таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, азоб-уқубатли меҳнати билан етиштирилиб келинди. Бир дона чигитдан юзлаб чигиту бир неча кило пахта пайдо қилишнинг ўзи бўладими?! Буни биздан минг-минг чақирим узоқда бўлган шўролар ҳукуматининг бели оғримай нон еб келган текинхўр раҳбарлари эмас, ўзбек деҳқони билади.Тонгдан шомгача тиним билмаган, ҳатто кечаси ҳам пахта даласидан бери келмаган ўзбек деҳқони ўз меҳнатининг роҳатини кўришни ҳам билармиди? Биларди! Афсуски, ином -ихтиёр, ҳисоб-китоб, олди -сотди унинг қўлида эмас эди. Чунки, у қарам эди. Бу қарамлик уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан ўз чангалида маҳкам тутиб турар эди. Қарам бўлган одамда, миллат ва халқда эрк бўладими? Йўқ, бўлмайди! Эрки бўлмаган инсон, миллат, халқ қора меҳнатдан бошқа яна нимага эга бўла олиши мумкин? Қорнини тўйғазмайдиган, устини бут қилмайдиган, орзу–армонини ушалтирмайдиган “ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт — саодати учун!” деган қуруқ ҳамду — саногами? Ёки унинг меҳнатини шарафлаб, яна кўпроқ ишлашга даъват этган завқли қўшиқларгами? Ҳа, фақат шунга! Ростини айтганда, буларнинг бари қизил салтанат ҳукмронлиги даврида эрта-ю, кеч қулоқларимиз остида янграйвериб, медамизга тегиб кетган, бундай шиор ва қўшиқларни эшитишга тоқатимиз қолмаган. Баъзан ўйлаб қоламан, ахир, табиатга зиён – заҳмат етказаётган одамлар ҳам бола бўлганларку. Улар ҳам биз каби ота-оналари, бобо ва бувиларидан она табиатнинг сеҳру синоати ҳақида қанчадан- қанча эртаклар, ҳикоятлару ривоятлар, қўшиқлар эшитишганку.Улар ҳам она табиат бойликларини кўз қорачиғидек асраш лозимлигини онгу шуурларига қуйиб олган бўлсалар керакку. Ким айтади, уларни она табиат ҳақида битилган китобларни ўқимаган деб. Ким айтади, уларни она табиат гўзаллиги акс этган ранг-баранг суратлардан ҳайратланмаган деб. Ҳатто,ўзлари ҳам она табиатга бағишлаб шеърлар, қўшиқлар битишган.Уларни куйга солиб, завқу-шавқ билан куйлашган. Хуллас, ҳаммаси бўлган. Ҳа, ҳаммаси! Кейин-чи? Кейин, улар ҳам ўз кичкинтойларига мана шуларнинг ҳаммасини такрорлаганлар. Она табиатга бепарво бўлмасликка ўргатганлар. Табиатга озор бериш, уни хўрлаш онани оёқ ости қилиш демакдир дея уқтирганлар. Унда, нега ҳаммаси тескари бўлди? Нега табиат билимдонлари унга қўл кўтардилар? Нега унинг мўъжизаларини хонавайрон қилдилар? Сабаблари борми? Нега бўлмасин?! Албатта, бор! Энг асосийси, улар бизга ўхшаган она табиат қучоғида улғаймаганлар, шаҳарда туғилиб, шаҳарда катта бўлганлар. Она табиатнинг ҳар бир мўъжизаси қалбига қулоқ тутмаганлар, уларнинг рангларига, оҳангларига маҳлиё бўлиб, суҳбат қурмаганлар. Дов — дарахтларни иссиқ-совуқдан асраб, парваришлаб, илк мевасини тотиб, лол бўлмаганлар, мўъжизаку бу дея ҳайратланмаганлар. Ҳеч бир нарса машаққатли меҳнатсиз бўлмаслигини ўйлаб ҳам кўрмаганлар. Буларнинг ҳаммаси тириклик манбаи- сув билан бўлишини -чи? Сувнинг ҳар бир қатрасини тежаб-тергаб ишлатишни-чи? Буни уларга ким ҳам ўргатар эди. Шунинг учун ҳам узумини еб, боғини суриштармай юраверганлар-да! Дарвоқе, биз ўйламай ташланган қадамлар жабрини чекаётган Орол денгизи ҳақида гаплашаётган эдик-а. Бугун Амударё билан Сирдарёдангина эмас, балки, бутун дунёдан мадад кутаётган Орол ҳақида гаплашаётган эдик.Дарди аллақачон олам дардига айланиб бўлган бу денгиз бугун мендан, сиздан, ҳаммамиздан сув сўрамоқда, сув! Сув бўлса унинг бағридан кўтарилаётган миллионлаб тонна қуюн, қум, туз тўхтайди. Демак, оламни тутаётган зиён-заҳмат тўхтайди. Ҳазрати инсон умрини қисқартираётган қанчадан — қанча касалликлар чекинади. Ана шунда Орол ҳам сўлишдан, сарғайишдан тўхтайди. Яна ҳаёт учун, яшаш учун курашиб, ўзига, ўзлигига қайта бошлайди. Яна энг мовий, энг жўшқин, энг мавжли денгизга айланади. Яна бутун дунёга довруқ солади. Яна бутун дунё унга ҳавас қилади. Бу менга, сизга, ҳаммамизга олам — олам қувонч бағишлайди. Буни унга сўз билан эмас, сув билан ёрдам бериши керак бўлган халқаро ташкилотлар-у, давлатлар жуда яхши биладилар. Лекин, негадир уларнинг кўпчилиги ҳанузгача фаоллар сафидан жой олишга шошилмаётганликларига ҳайронман. Бутун вужудим титраб, ўзимга-ўзим савол бераман: Нега инсон ўз ҳаётига,ўз келажагига бунчалик бефарқ қараяпти? Нега олимлар жим? Қани изланиш? Қани янгиликка интилиш? Қани кашфиёт? Қани ташаббус? Қани фидойилик?!.. Эҳ, Оролгинам, Оролгинам! Қандай кунларга қолдинг?! Тортаётган азобларингнинг охири бормикан? Биламан, менинг дод- фарёдим билан дардинг енгиллашиб қолмайди. Менинг ҳайқирганим билан сувга тўлиб қолмайсан. Лекин, жим ҳам туролмайман.Сенга бўлган меҳрим-муҳаббатим бунга асло йўл қўймайди.Аҳволингга қараб туриб, юрак — бағрим эзилиб кетади. Ўкириб -ўкириб йиғлагим келади.Одамлар, Оролга сув керак, сув дея ҳайқиргим келади Оролгинам, ҳайқиргим келади,ҳайқиргим! Мана, қўлимда бундан ярим аср аввалги суратларинг. Нақадар гўзалсан. Жамолингдан кўз узолмайман. Кўрку-камолинг таърифига сўз тополмайман.Қулоқларим остида шовуллаганинг-шовуллаган. Салқин шабаданг дилимни яйратиб, бутун вужудимни беқиёс куч — ғайратга тўлдиради.Турфа хил балиқларингнинг ғуж-ғуж бўлиб, рақсга тушишлари-ю, ким ўзарга сакрашлари, кемаларингнинг турна қатор тизилиб сузишлари-ю, оқ чорлоқларингнинг чаппор уриб учишлари кўзларимни ҳайрату ҳавасга лим-лим этади. Кейин… Кейин бирдан жим бўлиб қоламан. Хаёлим кўзгусида яна бугунги қиёфанг намоён бўлади. Юрагимнинг туб — тубидан қандайдир тўфон қўзғолгандек туюлади. У худди шиддат билан қирғоқ томон келаётган тўлқинга ўхшайди. Нимадир рўй беришидан чўчибми, кўзларимни чирт юмиб оламан. Унинг қирғоғига келиб урилган тўлқин киприкларим орасидан сизиб чиқа бошлайди. Тўхтатишга ҳарчанд уринмай, кучим етмайди.Алам қилибми, йиғлаб юбораман. Кўзларим очилиб, томчилар оқимга айланади. Кейин… Кейин бирдан тўхтаб қолади. Бошимни кўтариб атрофга қарайман. Атроф ҳувиллаган. Атроф увиллаган. Яна сенга, сенинг кўзларингга термуламан. Сен ҳам йиғлаётган бўласан. Бироқ, кўзларингда ёш йўқ. Уларга ошуфта бўлган ойнинг ҳам, бошинг узра чарақлаб турган қуёшнинг ҳам кўзларида ҳалқа-ҳалқа ёш.Бағрингни тўлқинлар тарк этган. Кемалар қумга кўмилиб ётибди. Бирон бир мавжудод кўринмайди. Тобора авжига чиқаётган қуюн ютай дейди. Даҳшат! Жуда — жуда даҳшат! Эҳ, Оролгинам, Оролгинам! Яна нечун тўлғанаяпсан? Нечун инграяпсан? Нимадир демоқчимисан? Айт, айта қол, қулоқларим сенда, Оролгинам! — Эй, азиз инсон! Илтимос, мени қутқар! Илтимос, меҳрингни дариғ тутма! Сендан ўтиниб сўрайман. Мени ҳаётга қайтар, ҳаётга! Мен яшашни истайман, яшашни. Менга фақат сув берсанг бас! СУВ, СУВ, СУВ!!! Биламан, биламан Оролгинам! Сен жуда — жуда чанқагансан. Афсуски, қақраган қалбингни менинг кўз ёшларим билан қондириб бўлмайди. Сенга сув керак. Дарё-дарё сув керак!.. Эшитаяпсизми, эй, аҳли олам! Оролга сув керак, сув! Биласиз, Оролнинг дарди одамнинг дарди.Одамнинг дарди оламнинг дарди. Оролга бефарқлик — одамга бефарқлик. Одамга бефарқлик — оламга бефарқлик. Бас, келинг, қўлни — қўлга берайлик.Хайрли ишнинг эрта кечи йўқ. Яхшилик қилган яхшилик кўради дейдилар.Ўзимизни ўйламасак ҳам, фарзандларимизни ўйлайлик! Уларнинг келажагини ўйлайлик! Ахир, бу бизнинг, сизнинг, ҳаммамизнинг инсонийлик, нафақат инсонийлик, балки ватанпарварлик бурчимиз-ку! Чунки, фарзандларимиз келажаги- бу юртимиз келажагидир, юртимиз келажаги эса фарзандларимиз келажаги. Келажак табиати бугунгидан соф, бугунгидан гўзал бўлмоғи керак! Демак, Оролни келажакка шу аҳволда олиб бориб бўлмайди. Уни шундай аҳволда кўрган келажак авлод биздан асло рози бўлмайди. Бу хатомизни асло кечирмайди. Эшитаяпсизларми, асло кечирмайди. Муаммони ечишнинг йўли эса битта. Ҳа, фақат битта. Оролни ҳаётга қайтариш. Бунинг учун унга фақат сув керак, сув керак, сув! БМТ саммити Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисида таъкидлаганидек, «Орол денгизининг қуриши давом этаётган ва унинг атрофида гуманитар фалокат содир бўлаётгани сабабли Орол бўйининг табиий биологик фондини асраб-авайлаш, Орол инқирозининг атроф -муҳитга, энг муҳими, бу ерда истиқомат қилаётган юз минглаб ва миллионлаб одамлар ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш бугунги кундаги энг муҳим вазифа ҳисобланади. Орол денгизининг қуриб бориш хавфи ғоят кескин муаммо, айтиш мумкинки, миллий кулфат бўлиб қолди.Орол денгизи муаммоси узоқ ўтмишга бориб тақалади. Лекин, бу муаммо сўнгги ўн йилликлар мобайнида хавфли даражада ортди. Марказий Осиёнинг бутун ҳудуди бўйлаб суғориш тизимларини жадал суръатда қуриш кўплаб аҳоли пунтларига ва саноат корхоналарига сув бериш баробарида кенг кўламдаги фожиа — Орол ҳалок бўлишининг сабабига ҳам айланди.Яқин-яқинларгача чўлу саҳролардан тортиб олинган ва суғорилган янги ерлар ҳақида дабдаба билан сўзланарди. Айни чоғда ана шу сув Оролдан тортиб олинганлиги, уни „жонсизлантириб қўйилганлиги“ хаёлга келмасди. Эндиликда Оролбўйи экологик кулфат ҳудудига айланди. Орол танглиги инсоният тарихидаги энг йирик экологик ва гуманитар фожиалардан биридир. Денгиз ҳавзасида яшайдиган қарийб 35 миллион киши унинг таъсирида қолди.Биз 20-25 йил мобайнида жаҳондаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бирининг йўқолиб боришига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бироқ, бир авлоднинг кўз ўнгида бутун бир денгиз ҳалок бўлган ҳол ҳали рўй берган эмас эди.
1911-1962 йилларда Орол денгизининг сатҳи энг юқори нуқтада бўлиб,53,4 метрни, сувнинг ҳажми 1064 куб километрни, сувнинг юзаси 66 минг квадрат километрни ва минераллашув даражаси бир литр сувда 10-11 граммни ташкил этган эди. Денгиз транспорт, балиқ хўжалиги, иқлим шароити жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган.Унга Сирдарё ва Амударёдан ҳар йили деярли 56 куб километр сув келиб қуйилар эди. 1994 йилга келиб Орол денгизидаги сувнинг сатҳи — 32,5 метрга, сув ҳажми — 400 куб километрдан камроққа, сув юзасининг майдони эса 32,5 минг квадрат километрга тушиб қолди, сувнинг минераллашуви икки баравар ортди.Оролнинг сатҳи 20 метр пасайиши натижасида у энди яхлит денгиз эмас, балки иккита қолдиқ кўлга айланиб қолди.Унинг соҳиллари 60-80 километрга чекинди. Амударё билан Сирдарёнинг дельталари жадал суръатлар билан бузилиб бормоқда. Денгизнинг суви қочган туби 4 миллион гектардан ортиқроқ майдонда кўриниб қолди. Натижада яна битта „қўлбола“ қумли-шўрхок саҳрога эга бўлдик. Шамол Орол денгизининг қуриб қолган тубидан туз ва чанг-тўзонни юзлаб километрга учириб кетмоқда. Оролнинг қуриб қолган тубидаги чанг бўронлари 1975 йилдаёқ космик тадқиқотлар натижасида аниқланган эди. 80-йилларнинг бошларидан буён бундай тўфонлар бир йилда 90 кун давомида кузатилмоқда.Чанг-тўзон узунлиги 400 километр ва эни 40 километр майдонга етиб бормоқда. Чанг-бўронларининг таъсир доираси эса 300 километргача етмоқда. Мутахассислар берган маълумотларга қараганда, бу ердан ҳар йили атмосферага 15-75 миллион тонна чанг кўтарилишини эшитиш қандай даҳшат-а! Буларнинг ҳаммаси Орол бўйи иқлимининг ўзгаришига олиб келди.1983 йилдан бошлаб Орол балиқ овлашга яроқсиз бўлиб қолди. Соҳилнинг ҳозирги чизиғидан йироқларда бўлган балиқчиларнинг қачонлардир қудратли флотилиясининг занг босган қолдиқларини, вайронага айланган балиқчилар посёлкаларини учратиш мумкин. Бўзкўл, Олтинкўл, Қаратма кўрфазлари йўқолди. Акпетки архипелаги қуруқлик билан қўшилиб кетди. Яйловлар ва ўтлоқларнинг изи ҳам қолмади. Ҳудуд ботқоққа айланмоқда. Сувнинг тобора тақчиллашиб бораётганлиги ва сифати ёмонлашаётганлиги тупроқ ва ўсимлик қатламининг бузилишига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида ўзгаришлар юз беришига, шунингдек, суғорма деҳқончилик самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда. Орол денгизининг қуриб бориши ва шу жараён туфайли Оролбўйи минтақасидаги табиий муҳитнинг бузилиши экологик фожиа сифатида баҳоланмоқда. Чанг ва туз бўронларининг пайдо бўлиши, фақат Орол бўйида эмас, балки денгиздан анча наридаги бепоён ҳудудларда ерларнинг чўлга айланиши, иқлим ва ландшафтнинг ўзгариши-булар ана шу фожиа оқибатларининг тўлиқ бўлмаган рўйхатидир. Орол фожиасини 70-йилларнинг бошларида, жуда кечи билан 80-йилларнинг бошларида, денгизнинг сатҳи унчалик пасаймаган бир пайтда идора қилиш мумкин эди. Ҳозирги вақтда уни бошқариш жуда мураккаб бўлиб қолди. Кейинчалик эса бу жараён яна ҳам мушкуллашади ёки умуман бошқариб бўлмайдиган ҳолга келади.Орол бўйида денгизнинг қуриб бориши муносабати билан халқаро, кенг кўламли аҳамиятга молик бўлган экологик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларнинг мураккаб мажмуи вужудга келди. Орол денгизининг қуриб бориши ва минтақанинг чўлга айланиши билан боғлиқ экологик фожиа бу ҳавзада яшаётган барча халқларнинг дарду аламидир. Сув заҳиралари билан боғлиқ бўлган муаммолар мажмуаси кенг кўламли ва мураккаб кўп тармоқли ёндашувни, минтақадаги давлатлар билан халқаро ҳамжамият ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришни талаб қилади...” Дарҳақиқат шундай. Орол денгизининг қуриб бориши муносабати билан вужудга келган ва келаётган қатор муаммолар ҳамфикрликни, ҳамжиҳатлигу ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Ахир, халқимизнинг „бирлашган ўзар“ деган мақоли бежиз айтилмаганку. Чиндан ҳам, минтақа давлатларининг халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлиги кенг қулоч ёйса мақсадга мувофиқ бўлур эди. “Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда,-дейди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида,- Биз БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз.” Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бугун табиатнинг нималигини, унинг ҳайратли мўъжизалари — денгиз, кўл ва дарёларнинг инсон ҳаёти-ю, тақдирида тутган ўрни беқиёслигининг моҳиятини чуқур англаган инсон борки, Оролга бефарқ қараб туролмайди. Томошабин бўлишга виждони йўл қўймайди.Чунки, у ўзининг бугунини эмас, келажагини ўйлайди. Фарзандларининг порлоқ ҳаётини, бахту-саодатини кўргиси келади. Халқининг тинч ва фаровон яшашини, юртининг озод ва обод бўлишини истайди. Шу боис Орол муаммоси – умумбашарий муаммо, бутун инсониятнинг муаммоси сифатида тан олиниб, унга бўлган эътибор халқаро миқёсда янада кучайса, нур устига аъло нур бўлур эди. Тўғри, йўналтирилаётган маблағлару инвестициялар минтақа аҳолиси муаммолари ечимига сарфланаётганлигидан воқиф бўлиб турибмиз.Айни пайтда Орол ва унинг атрофидаги долзарб масалаларга бағишланган турли тадбирлар ўтказилиб турилибди.Бироқ,ҳолва деган билан оғиз ширин бўлмаганидек, Оролнинг оғзига сув тутилмас экан, унинг дарди енгиллашмайди. Шу боис Орол муаммолари масаласида вақти-вақти билан йиғилиб турадиган Халқаро конференция қатнашчилари денгизнинг бундан буёнги тақдири ҳақида аввалгилардан-да жиддийроқ бўлган кенг қамровли,ҳар жиҳатдан илмий асосланган амалий қарорлар қабул қилсалар фойдали бўлур эди. * * * Ёдимда.Бир вақтлар Ўзбекистонга Сибирь дарёлари сувини олиб келиш ҳақида анча-мунча гап-сўзлар бўлган, матбуотда олим ва мутахассислар фикрлари, баҳс-мунозаралари эълон қилинган ва кейинроқ жим бўлиб қолган эди. Эҳтимол, Марказ буни хохламаган ва шунинг учун ҳам Орол сувига ёпишгандир. Майли, энди у гапларни қўзғашнинг кераги йўқ.Чунки, у пайтларда биз ўз ихтиёримиз билан бир ишга қўл уролмасдик.Бир томондан юқоридан-Марказдан рухсат олишимиз, иккинчи томондан ундан ялиниб-ёлвориб маблағ сўрашимиз керак эди.Хохласа, минг бир турланиб, хўп дерди, хохламаса йўқ. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, бугунги Ўзбекистон дунёга танилган, ман-ман деган давлатлар ҳам ҳисоблашадиган,ўз ўрнига эга бўлган, тенг ҳуқуқли мустақил давлат.Қўли узатган ерга етади.Ўз муаммосини ўзи ечишга қодир.Ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаб, тараққиёт йўлидан шаҳдам бораётган улкан имкониятлар мамлакати.Инсонпарвар фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат барпо этишга бел боғлаган серқуёш диёр. Сизу биздан мадад кутаётган Орол ана шу еўзал юртнинг гавҳари.Ўзбекистон ўз гавҳарини ҳеч қачон йўқотган эмас, йўқотмайди ҳам. Биласиз, оққан дарё оқмасдан қолмас.Мана кўрасиз, дарёларимиз ҳали тўлиб-тошиб, Орол томон шошиб-шошиб оқади.Ўзбекистон гавҳари – Орол дарё-дарё сув ичиб, яна қаддини тиклайди,қадрини тиклайди, аслига қайтади.Ноёб балиқлар, оқ чорлоқлар,қатор-қатор кемалар, ранг-баранг ўсимликлару турфа ҳайвонлар–ҳамма-ҳаммаси яна аслига қайтган Орол денгизининг васлига қайтади.Ҳа,қайтади, албатта қайтади! Мана кўрасиз, Оролгинам аслига қайтиб, миллий қадр-қимматимиз-у,қадриятимизнинг гавҳари бўлиб, дунёни яна ҳайратга солади,ҳайратларга солади.
Нуриддин ОЧИЛОВ, журналист. 05.06.2018. тел: 94.635-18-07.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.