топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда янги давр

Samarqand veterinariya meditsinasi instituti
Илм-фан
 
Ўзбекистонда янги тарихий шароитда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳoтлар жараёнида ёшларга оид сиёсат давлат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, унинг асосий мақсади – ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароитларни яратишдан иборатдир. Мустақиллик йилларида тараққиётнинг “Ўзбек модели” асосида ёшларга оид давлат сиёсати тамойиллари ва механизмлари ишлаб чиқилди, унинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бу соҳада 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакат ёшлари ҳаётида муҳим воқеа бўлди.
Ёшларга оид давлат сиёсати муҳим сиёсий йўналиш сифатида изчил жараён бўлиб, у ёшлар мавқеи ва ҳаёти билан боғлиқ воқеъликнинг бош хусусиятларини ўзида мужассам этади. Айни пайтда Ўзбекистонда ёшларга оид сиёсатнинг қуйидаги йўналишларида ислоҳотлар амалга оширилмоқда: ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолотловчи қонунчилик асосларини яратиш ва такомиллаштириб бориш; ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ зарур институционал тузилмаларни қўллаб-қувватлаш; ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларга таълим бериш сифатини янада ошириш; ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, ёшлар спортини оммавий ривожлантириш тизимини шакллантириш ва унинг тизимли фаолият юритишини таъминлаш; ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган вояга етмаганлар ва ёшларга давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатиш; вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этишнинг олдини олиш; баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида зарур ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни вужудга келтириш. 
Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, айниқса, ёшлар олдида янги-янги имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-куй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. 2017 йил 30 июнда бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқида Ш.М. Мирзиёев   Ўзбекистонда 10 миллиондан зиёд йигит-қизлар бўлиб, юртимизда минглаб ёшлар, айниқса, қишлоқ жойларда нафақат “Камолот”нинг, айни вақтда давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолаётгани, улар билан деярли ҳеч ким шуғулланмаётганига эътибор қаратган эди. Ушбу тарихий учрашув мамлакатда ёшлар сиёсати самарадорлигини ошириш билан боғлиқ янги даврни бошлаб берди. Энг муҳим жиҳат сифатида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати заминида Ўзбекистон ёшларини буюк мақсадлар сари бирлаштирадиган ва сафарбар этадиган оммавий ҳаракат – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди.
Ўзбекистонда жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган ёшлар ва шу билан биргаликда уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этишга ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Ёшларни фаоллаштириш, уларнинг ташаббускорлигини ошириш ёшлар тарбиясига ижодий тарзда ёндашиш, тарбия жараёнининг ўзини тизимли равишда ташкил қилишни талаб қилмоқда.  
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ. Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида яна бир муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда мамлакатда ёшларга доир ўнлаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, уларда, биринчи навбатда ёшлар тарбиясини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Энг аввало, барча даражадаги давлат ҳокимияти органларида, маҳаллаларда ёшлар масаласи бўйича хизматлар ташкил қилинди. 30 июнь мамалакатда “Ёшлар куни” деб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил қилинди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бинобарин, хар йили ярим миллион нафардан ортиқ йигит-қиз мустақил ҳаётга қадам қўяар экан, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, чуқур ўйланган ислоҳотлар янада чуқурлаштирилиб, меҳнат бозори ва ресурсларнинг имкониятларини жадал кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. “Биз ёшлар учун уларнинг соғлом туғилишидан бошлаб, токи мустақил ҳаётга киргунича барча зарур шароитларни яратиб бериш мақсадида қандай катта ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум”, -деб таъкидлайди, Ш.М.Мирзиёев.[1]  
Дарҳақиқат, қисқа даврда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида унинг мунтазам даромад манбаи белгиланди, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди, жумладан:
§  2018 йилда кикчик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизи ҳисобидан 200 миллиард сўм Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;
§  Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг жойлардаги кенгашлари раисларини рағбатлантириш мақсадида уларга автомашина ва кўчмас мулк харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланди;
§  республиканинг туман ва шаҳарларида бўшаётган коллежлар биноларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқига беғараз ўтказиш, уларнинг негизида барча қулайликка эга бўлган ахборот ресурс марказлари ва китоб дўконига эга бўлган Ёшлар марказлари ва замонавий ёшлар кинотеатрларини, шунингдек ёшларга 6 ойгача бўлган муддатда касб-ҳунарга тўловсиз ўқитиш марказларини ташкил этиш дастури тайёрланди ва улар фаолият кўрсатмоқда;
§  Ёшлар иттифоқи қошида турли фанлар, жумладан, чет тилларини ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш мақсадида ташкил этиладиган корхоналарни 10 йилгача барча солиқлардан озод этиш, бунда корхона ихтиёрида қоладиган сумманинг 20 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ривожлантириш жамғармасига ўтказиш белгиланди.
Ёш мутахассислар ва тадбиркорлар фаолиятини рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга солиқ имтиёзлари ва преференциялар жорий қилинди, жумладан:
§  биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғи биринчи йили учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун  эса 25 фоизга камайтирилди.
§  ишлаб чиқилган махсус дастурга кўра, ўтган даврда 7 мингдан зиёд ёш оилалар ўз шахсий уй-жойларига эга бўлдилар. 2018 йилдан эса, барча йирик шаҳарларда – кўп қаватли, туманларда – 1-2 қаватли намунавий лойиҳалар асосида махсус ёшлар учун арзон уйларни қуриш режалаштирилди;
§  Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Иттифоқнинг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасалари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган тақдирда контракт миқдорининг 35 фоизи тўлаб берилиши жорий этилди;
§  Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш бўйича тавсиянома асосида яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларисиз давлат грантлари асосида қабул қилиниши белгиланди;
§  Фаол ёшлар учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.[2,75-76]
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларни тарбиялашда биринчи ўринда уларнинг турли тилларни билиши, компьютер техникасини мукаммал эгаллаши, янги техника, технология ва фан ютуқларини ўзлаштириши муҳим вазифа сифатида ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу омилларни фаол тадбиркорлик ва ишбилармонлик билан уйғунлаштириш, уларнинг бирлигига эришиш юртимиз олдида турган асосий вазифани – замонамизнинг ривожланган давлатларидан бири бўлиш вазифасини амалга оширишни тезлаштиради. Ушбу мақсадни амалга оширишда жамиятдаги барча фуқаролар, аввало, энг фаол, изланувчан, ишбилармон ва тадбиркор ижтимоий қатлам бўлган ёшлар, шу билан биргаликда уюшмаган ёшлар билан олиб бориладиган ишларни тизимли равишда ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат- нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, “Ёшлар – келажак пойдевори” шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айланиб бораётган ёшлар иттифоқининг ўрни ва имкониятлари катта. Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида таъкидлаганидек, барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли  ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак [3].
Фойдаланилган адабиётлар.
1.    Мирзиёев Ш.М. Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир // “Халқ сўзи”, газетаси 2017 йил 8 декабрь.
2.    2017 йил – шиддатли ислоҳотлар йили.-Т.:“Адолат”, 2018
3.    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси // “Халқ сўзи” газетаси, 2017 йил 23 декабрь.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.