топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон – буюк цивилизациялар юрти

Samarqand veterinariya meditsinasi instituti
Илм-фан
(Ўзбек халқининг буюк миллий тарихига бир назар)
<p class=«MsoNormal» style=«text-align: center;» align=«center» >                                                                          Рахматов А. – СамДАҚИ талабаси
Ўзбек халқининг ўтмиш маданий мероси тарихини ўрганиш жамият тараққиёти учун зарур бўлган ниҳоятда долзарб масалалардан биридир.Аждодларимиз қолдирган маданий меросда барча даврлар учун зарур бўладиган, илғор фикр ва ғоялар борки, булар бугунги тараққиёт учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Ўтмишдаги илғор мутафаккирларимиз ҳаётининг маъноси, жамиятда инсоннинг тутган ўрни, тарбияси ҳақидаги фикрлари тафаккур мевасидир. Томиримизда Маъмун академияси “Байт-ул ҳикма”нинг пешқадам олими Ахмад Фарғонийнинг, ал-жабр ижодкори Мухаммад Хоразмийнинг, ҳакимлар ҳакими Абу Али ибн Синонинг, тафаккур кўзи билан янги дунё – Америка қитъасини кашф этган Абу Райхон Берунийнинг, энг мукаммал юлдузлар жадвалини тузган Мирзо Улуғбекнинг, Турон пири Аҳмад Яссавийнинг, беназир муҳаддис имом Исмоил Бухорийнинг, соҳиби шижоат Амир Темур каби жаҳонни ҳайратга солган улуғ зотларнинг қони бор. Буюк даҳоларнинг жаҳон цивилизацияси қўшган ҳиссасини ўрганиш, тарғибот ва ташвиқот қилиш бугунги кунда халқимизнинг маънавий дунёсини янада бойитишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу жиҳатдан олганда, ўтмиш маданий меросининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрнини ўрганиш ва тарғибот қилиш назарий-методологик ва амалий аҳамиятга молик ишдир. Бу соҳада тарих фани алоҳида ўрин ва аҳамиятга эга. Тарих фани инсоният ва унинг ҳаёти, авлодлар алмашинуви, цивилизациялар, давлат ва жамиятнинг шаклланиши, тараққиёти билан боғлиқ барча жараёнларни ўрганувчи фандир. Тарих, шунингдек, табиат ва жамиятдаги ҳар қандай ўзгариш ва ривожланиш жараёнини ифодалайди, ўзида акс эттиради. Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Ахборот коммуникация технологиялари, математика, кимё, саноат, менежмент – буларнинг ҳаммаси керак, албатта. Лекин, авваламбор, тарихни билиш – бу ҳаётий зарурат”[1]. Халқимизнинг миллий тарихига назар солсак, у озодлик, эрк учун курашлар, йўқотишлар билан бирга бутун дунёда тан олинган миллий – маданий кўтарилиш, жаҳон цивилизациясини безаган кашфиётлар, ихтиролар яратилган юрт эканини англаш мумкин.
Дарҳақиқат, юртимиз ҳудуди азалдан буюк цивилизациялар юрти ҳисобланади, бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Масалан, олимлар томонидан ўрганилган Сурхондарёнинг Зараутсой қоятош суратлари юртимизда бундан 14-15 минг йиллар аввал илк санъат асарлари пайдо бўлганини, бу маданият Испаниянинг Алтамира, Франциянинг Ляско ғорлари деворий суратлари қадр-қимматидан кам эмаслигини жаҳонга англатиб турибди. Бундан беш минг йил илгари аждодларимиз бронзани эритиш технологиясини ўзлаштирганлар. Мис ва қалай ёки мис билан қўрғошин аралашмасидан бронза металини кашф этганлар. Улар сифатли бронза олиш учун мис билан қўрғошин аралашмасини 9:1 нисбатда, уни яратиш ҳарорати 930-1030 даражада бўлишини юқорида таъкидлаганимиздек беш  минг йил илгари билганлар. 
Ўзбекистон  ер юзидаги энг қадимги динлардан бири бўлган зардўштийлик динининг асосий китоби ҳисобланган “Авесто”нинг Ватанидир. Авесто – Турон, Хуросон, Озарбайжон, Эрон, Ироқ, Кичик Осиё халқларининг мелоддан аввалги қадимий даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, давлат бошқаруви, олам ва одам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий қадриятлари ҳақида маълумот берувчи қадимий манба ҳисобланади.
 Марказий Осиё VII асрда Араб халифалиги таркибига киритилгунга қадар бу ерда тасвирий ва мусиқа санъати, ўзига хос меъморчилик ва амалий хусусиятга эга бўлган илмий билимларнинг бой жамланмасини ўз ичига олган кўп қиррали маданият мавжуд эди. Бу ютуқлар Буюк ипак йўли орқали бошқа минтақаларга кириб борди. Ислом олиб келган янги маданият маҳаллий бой заминга келиб қўшилгач, “Ўрта асрлар  Шарқ уйғониш даври” деб номланган ҳодиса юзага келди. Ўша даврдаги Марказий Осиёлик олимлар – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хоразмий (783-847), Абу Райҳон Муҳаммад ибн Беруний (973-1048), Абу Али ибн Сино (980-1037), Абу Наср Фаробий (873-950), Алишер Навоий (1441-1501), Муҳаммад Тарағай Улуғбек (1394-1449), Заҳириддин Муҳаммад Бобур(1483-1530) каби мутафаккир ва олимлар эса илм –фаннинг мисли кўрилмаган ривожида асосий роль ўйнадилар.Ўрта асрлар Шарқининг математика, астрономия,   тиббиёт, кимё, география, геология, адабиёт, тилшунослик  ва хатто мусиқасини  уларнинг фундаментал ишларисиз тасаввур қилиш қийин. Бундай катта илмий-маърифий юксалиш жаҳоншумул тарихий аҳамиятга эга  бўлган ҳодиса эди. И.А.Каримов “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир ” китобида Ўзбекистон худуди, умуман, Марказий Осиё  жаҳон цивилизациясининг муҳим ўчоқларидан бири эканлиги ҳақида теран фикрлар билдирган. Бундай юксалиш тасодифан юз бермаслиги, у ворислик тамойилига эга эканига эътибор қаратади. “Буюк аллома ва мутаффаккирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиқадиган жойда, — дейди И.А.Каримов, аввало, илму-маърифат, маданият ва маънавият ўчоқлари ривожланган бўлиши керак. Бўм-бўш жойда ҳеч қачон буюк цивилизация пайдо бўлмайди. Жахон тарихи буни кўп-кўп мисолларда исботлаб беради”[2].
2014 йил 15-16 майда Самарқанд шахрида жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган олимлар иштирок этган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда И.А.Каримов маърузасида ва бошқа илмий чиқишларда билдирилган чуқур фикр-мулоҳазаларда юқорида таъкидланган фикрлар яна бир бор тасдиқланди. Уларда Марказий Осиё минтақасида IX-XII ва  XIV-XV асрларда бамисоли пўртанадек отилиб чиққан икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи сифатида жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатгани алоҳида таъкидланди. Агар Европа Уйғониш даврининг натижалари сифатида адабиёт ва санъат асарлари, архитектура дурдоналари, тиббиёт ва инсонни англаш борасида янги кашфиётлар юзага келган бўлса, Шарқ уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ  ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиётнинг ривожланишида намоён бўлди. Масалан, юртдошимиз, қомусий олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хоразмий (783-847) тўққизта рақам ва нолдан иборат ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини яратди ва муомалага киритди, алгебрани фан сифатида асослаб берди ва фан унинг номи билан аталди, илмий ва ўқув баёнининг аниқ ва кетма-кет келтирилган қоидаларидан иборат янги усулни яратди ва жорий этди. Бу усул кейинчалик Европа адабиётларида “Алгоритм ”номини олди, бу сўз лотин транскрипциясидаги Ал-Хоразмий исмига бориб тақалади. Ушбу тушунча замонавий рақамли ахборот ва компьютер технологиялари учун асос бўлди. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн  Хоразмий  Марказий Осиёда етишиб чиққан ва жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган минглаб ватандошларимизнинг биридир, холос. Ўзбекистон тарихининг қайси даврини ўрганмайлик уларнинг барчаси мазкур ҳудуд маърифат ва зиё маскани бўлганидан далолат беради.



[1] И.А.Каримов. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. – Т.: “Ўзбекистон”, 2015 йил, 109-бет.

[2]И.А.Каримов. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир.-Т.: “Ўзбекстон”, 2015, 114-бет.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.