топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш – давр талаби.

Samarqand veterinariya meditsinasi instituti
Илм-фан
Инсоният бугунги кунда тез суръатлар билан ўзгариб бораётган ўта шиддатли мураккаб глобаллашув даврида яшамоқда.  “Кимдир уни юксак технологиялар замони деса, кимдир тафаккур асри, яна биров ялпи ахборотлашув даври сифатида изоҳламоқда… Аммо кўпчиликнинг онгида бу давр глобаллашув даври тариқасида таассурот уйғотмоқда”[1] — деб таъкидлаган эди И.А.Каримов. “Глобаллашув жараённинг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки,  ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир  қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта кузатиши муқаррар”[2]. Биргина ахборот соҳасидаги глобаллашув жараёнини оладиган бўлсак, унинг таъсири жаҳонда етакчилик қилиш, инсоният онгини, айниқса, ёшлар онгини заҳарлаш учун кечаётган шиддатли курашда намоён бўлмоқда. Глобаллашув жараёнларини айрим мафкура марказларининг манфаатларига жавоб берадиган мақсадларга хизмат қилдириш йўлидаги интилиш кучаймоқда. Агар ўз вақтида  глобаллашувни маданиятлараро мулоқат воситасига, миллий ўзига хосликни бойитувчи омилга, дунёдаги  ранг — барангликнинг  муҳим  манбаига  айлантирилмаса, кишилик жамияти глобал тақдирнинг ожиз ўйинчоғига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ана шундай мураккаб даврда ёшларни турли хил хуружлар, таҳдид ва хатарлардан,  айниқса, аҳборот хуружидан сақлаш, уларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш жуда муҳимдир..
 Шуни унутмаслик керакки бугунги дунё бошидан кечираётган глобаллашув жараёни  ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Шу билан бирга И.А.Каримов огоҳлантирганидек “… ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт ва бегона бўлган турли хил хуружлар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлар тобора кучайиб бораётгани барчамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этиши табиийдир. Шу сабабли ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёвандлик,, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор”[3]. Аммо бугунги кунда дунёдаги айрим кучлар шундай ҳам мураккаб дунёни янада мураккаблаштиришга зўр бериб, доимо зўровонлик ва гегемонлик ҳисобидан бойлик орттириб келган кучлар “оммавий маданият” ғоясини кенг тарғиб қилмоқдалар. Бу жараён бугун рок ва поп музика, видео ва турли жанрдаги  фильмлар, сериаллар, ранг-баранг кўнгилочар шоу-томошалар, ўйинларни қамраб олмоқда. “Оммавий маданият” ниқобидаги аксилмаданият пайдо бўлиб, тобора кенг ёйилиб бормоқда. “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўровонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди»[4],- деб  эътироф этган эди  И.А.Каримов. Ушбу маданиятнинг асосида аввало тижорат, моддий манфаатдорлик борлигини замонавий фан ҳам эътироф этмоқда. “Оммавий маданият”ни ниқоб қилиб бузуқлик ва зўровонлик сингари инсон шахсини руҳан емирадиган, ёшлар онгигини заҳарлайдиган ғояларни тарғиб этадиган асарларнинг ҳақиқий маданиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Афсуски, айрим ёшларнинг ривожланмаган дидига оммавий маданиятда кўп учрайдиган мазмунан саёз, сийқа ва жўн маҳсулотларнинг мос келиши ва мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Оммавий маданият бир томондан аксил маданиятга бориб тақалса, иккинчи томондан мумтоз маданиятга бориб тақалади. Шу боис, бундай маданият намуналари ичида нозик дид ва юксак маҳорат билан яратилган кўплаб асарлар кўпчиликни ташкил қилади. Глобаллашувнинг салбий оқибатларини, “оммавий маданият”  ниқобидаги аксилмаданият ва турли ғаразли, нохолис ахборотлар хуружининг таъсирини мумкин қадар камайтириш учун,  ёшлар сиёсий онгини, ҳуқуқий, ахлоқий, эстетик маданиятини юксалтириш. Бир сўз билан ифодалаганда, бизнинг фикримизча қуйидаги муаммоларга асосий этиборни қаратиш зарур:
Биринчидан, ёшлар  ушбу хуружларга қарши ўз ақллари, билимлари, интелектуал салоҳиятлари билан курашишлари лозим. И.А.Каримов хақли равишда таъкидлаганидек “Кимки бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш ҳар қайси миллат ва давлат учун кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса – бундай давлат жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиб кетиши муқаррар”[5].
Иккинчидан, ёшларни турли адабиётларни мутоала қилишдан сақлаш даркор. Чунки  ҳозирги кунда ҳеч қандай нашриёт номи ёзилмаган, номаълум бўлган ҳар хил адабиётлар чоп этилмоқда-ки, уларни ёшлар мушоҳада қилишлари қийин бўлмоқда.  
Учинчидан, уяли алоқа воситаларининг жамият ҳаётидаги юксак имкониятларини, улар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу билан бир қаторда уяли алоқа воситалари орқали турли хил зарарли, маънавиятимизга ёт бўлган айрим салбий ҳолатларни, аҳлоқсизлик, зўровонлик сингари инсон шахсини руҳан емирадиган, ёшлар онгигини заҳарлайдиган ғояларни тарғиб этадиган, диний ёт оқим ғояларини баён эттирувчи маълумотлар  кенг тарқалиб бормоқда.
Тўртинчидан, биз бугун аҳборот технологиялари, айниқса, интернет тармоғи тез суръатлар билан ривожланиб бораётган, ўта тезкор  ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз.  Интернетнинг салмоғи ва қўлами  кундан-кунга кенгайиб, жамиятнинг барча соҳаларини қамраб олмоқда, унинг катта имкониятлар эшигини очиб бераётган қулайликларини кўриб турибмиз.   Хозирги кунда интернет тармоғи инсониятнинг минг йиллар давомидаги тажрибаларини ўз домига қамраб олмоқда. Шу боис унинг тўридан яҳшиликка ундовчи ғоялар билан бирга бузғунчиликни акс эттирувчи ғоялар ҳам жой олмоқда. Новқирон авлоднинг асосий қисми жаҳонда машҳур бўлган ижтимоий тармоқларда банд бўлиши эса ғаразли ниятли кимсаларни ўз мақсадларини амалга оширишига замин яратмоқда. Бу эса ўз навбатида ёшлар онгига салбий таъсир қилиб, зарарли ахборотларни олишга ва уларда нотўғри тасаввур хосил бўлишига замин яратиб бермоқда. Шундай холатларни олдини олиш учун ёшларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш жуда муҳимдир. Бунинг учун уларга интернетдан тўғри фойдаланиш ҳақида тушунча бериб бориш, интернетга ёшларга хос бўлган маълумотлар киритиб бориш катта  аҳамият касб этади. Мавжуд интернет сайтларини, жумладан, ижтимоий тармоқларни, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг веб-сайтларини доимий равишда тезкор миллий қадрият ва анъаналаримизни  ўзида акс эттирувчи маълумотлар билан тўлдириб бориш,  ёшлар учун зарур бўлган ахборотларни  ва зарурий билим кўникмаларини  акс эттирувчи интернет сайтлари сони ва саҳифалари сифатини ошириш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги мураккаб глобаллашув жараёнларида  навқирон авлодда  ёт унсурлар ҳамда ахборот хуружига, “оммавий маданият”га хос айрим кўринишларга танқидий муносабатни,  турли бузғунчи ғоялар ва ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади.         



[1] И.А.Каримов. Юксак маънавият — енгилмас куч. -Т.: ”Маънавият”, 2008, 110-бет.

[2] И.А. Каримов.  Юксак маънавият — енгилмас куч.- Т.: ”Маънавият”, 2008, 113-бет. 

[3]И.А.Каримов.Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир.-Т.: “Ўзбекистон”, 2015, 267-бет.

[4] И.А. Каримов.  Юксак маънавият — енгилмас куч. -Т.: ”Маънавият”, 2008,  117-бет. 

[5] И.А.Каримов.Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир.-Т.: “Ўзбекистон”, 2015, 268-бет.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.