топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

БОҒ–ПАРК ҲУДУДЛАРИНИ ЛОЙИҲАЛАШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Samarqand veterinariya meditsinasi instituti
Илм-фан
Республикамиздаги мавжуд боғ ва паркларнинг ҳудудлари инсоннинг табиат билан алоқаларини ривожлантириш учун яхши имкониятларга эга. Бироқ ҳозирги мавжуд пакрларнинг асосий муаммоларидан бири–бу уларнинг паст даражадаги рекреацион имкониятлари бўлиб, бу ўз навбатида уларга бўлган эҳтиёжларни сусайтириб юбормоқда. Натижада ҳар кунги одатий ҳаётимизда инсонларнинг парк муҳити билан учрашиши бевосита унинг эҳтиёжи асосида эмас, балки билвосита, яъни “йўл–йўлакай”, “транзит”, ёки шунчаки ёнидан ўтиб кетиш кўринишида бўлмоқда. Шундай экан мавжуд парклардан фойдаланишни замонавий асосда ечиш ва ташкиллаштириш мақсадида уларни лойиҳалашнинг янги усулларини излаш ва масалага буткул янгича ёндошиш талаб қилинмоқда.
Республкамизнинг ҳозирги замонавий ривожланиш босқичида боғ ва паркларни яратиш, республикамиз шаҳарлари ва туман марказларидаги мавжуд паркларни қайта қуриш ва модернизациялашнинг асосий истиқболли вазифалари тарзида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
-            уларнинг рекреацион мафтункорлигини ошириш;
-            боғ ва паркларнинг эстетик жозибадорлигини кучайтириш;
-            уларда экологик тоза ва ободонлаштирилган муқим ландшафтларни яратиш;
-            уларга сарфланаётган ҳаражатларни қоплаш имкониятларини ошириш.
Мазкур масалаларни ечиш учун боғ ва паркларни яратиш ва мавжудларини такомиллаштириш мақсадида масалага янгича функционал, эстетик, композициявий, экологик ва иқтисодий ёндошувлар талаб қилинади.
Функционал ёндошув  ўз таркиби ва мазмунига қуйидаги масалаларни олади:
-            турли ёшдаги ва ижтимоий гуруҳларга тегишли аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари ўзгаришини ҳисобга олиб боғ ва парклар ҳудудини функционал зоналаштиришдаги анъанавий усулни такомиллаштириш;
-            рекреациянинг янги мавсумий ва кундузги шаклларини киритиш, очиқ осмон остида ўтказиладиган фаолият турлари (ўқув, спорт ва бадиий секцияларининг машғулотларини ўтказиш ва бошқалар) учун шароитлар яратиш орқали парк ҳудуди функцияларини кенгайтириш;
-            паркнинг периметри бўйлаб йил бўйи фойдаланиладиган аттрактив рекреацион объектларни (қаҳвахона, спорт иншоотлари, кўргазма залларни) қуриш;
-            паркнинг очиқ муҳитидан маданий–оммавий тадбирлар (кўргазмалар, байрамлар, сайллар, концертлар) ўтказиш мақсдида фойдаланиш.
Паркларни истиқболли лойиҳалаш ва такомиллаштириш масаласига эстетик ёндошув қуйидагиларни назарда тутади:
-            парк ҳудудини меъморий–бадиий ташкиллаштиришни ландшафт архитектураси, дизайни, халқ амалий санъати, тасвирий санъат ва санъатнинг бошқа турларини (рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, кино ва бошқалар)ни синтезлаштириш асосида лойиҳалаш, паркни санъат объекти тарзида кўриш ва ҳис қилиш;
-            паркларни лойиҳалаш ва реконструкциялашда, уларнинг режавий ва композициявий хусусиятларини аниқлашда жаҳоннинг замонавий тажрибалари ва анъналаридан фойдаланиш;
-            оммавий ташрифлар зоналарида ўсимликлар ассортименти ва дизайнини кенгайтириш;
-            парк композицияларини ансамбллаштириш тамойиллари ва семантик ёндошувлар (ассоциациалар мавзуси), “жой рухи”ни тиклашни яратиш.
Композициявий ландшафт ёндошув эса қуйидаги муҳим масалаларни ўз ичига олади:
-            ўсимликларнинг маҳаллий навлари этакчилигидаги экологик турғун экинларни яратиш;
-            оммавий ташрифлар зоналарида парк ҳудудларининг эстетик жозибадорлигини ошириш, Ўрта Осиё анънавий боғ–парк санъати композициялари–“Чорбоғ”, “чорчаман”, “чортоқ”, “чорҳовуз”, “хиёбон” усулларидан фойдаланиш;
-            парк кўкаламларини яратишнинг замонавий усуллари (ўрмончалар яратиш, мунтазам ўсимликлар композициялари, топиар санъати)дан фойдаланиш.
Боғ ва паркларни яратишга бўлган экологик ёндошувнинг мазмуни қуйидагилардан иборат:
-            паркларда экологик жиҳатдан қулай муҳит яратиш (ифлословчи манбаларни йўқотиш, парк ҳудудини ноқулай ташқи таъсирдан ҳимоя қилиш ва бошқа)лар;
-            парк кўкаламларининг экологик турғунлигини ошириш (парк ўсимликлари таркибида буталар фоизини ошириш орқали парк ландшафтини қайта яратиш, асосий яшил массивларда маҳаллий навлардан фойдаланиш, парк ҳудудидаги рекреацион юкламани мувофиқлаштириш);
-            турлича рекреацион режим ва рекреацион юкламаларда фойдаланилувчи участкаларни алоҳида ажратиш, шунингдек юксак экологик ресурсларга эга бўлган зоналарга киришни чеклаш;
-            кўкаламларнинг зараркунандалар ва касалликлардан зарарланишини аниқлаш мақсадида ўсимликларнинг экологик мониторингини ўтказиш.
Иқтисодий ёндошув эса ўз таркибига қуйидаги вазифаларни олади:
-            парк харажатларини қоплаш шартларини мувофиқлаштириш мақсадида парк ҳудудларини ривожлантириш бизнес–режасини ва паркни бошқариш тизимини ишлаб чиқиш;
-            паркни эксплуатация қилишга ва унинг қурилмаларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш;
-            ҳар бир парк қошида эксплуатацион хизматлар учун алоҳида меъморий бирликни яратиш. Штатлар таркибига боғ–парк қурилиши, боғдорчилик, эколог мутахассисларни жалб қилиш;
-            ахборот тизими кўмагида ҳар йилги оммавий тадбирларни ўтказиш (мавсумий очишлар–ёзги, кузги, қишги фасллар очилиши ва баҳорги мавсум);
-            парк ҳудудини шаҳарнинг туристик–рекреацион маршрутларига киритиш;
-            паркка хизмат кўрсатиш учун энергосамарадор технологиялардан фойдаланиш (ёритиш жиҳозлари учун қуёш батаеялари, ўсимликларни суғориш учун ёмғир сувини йиғиш).
 
Юқорида келтирилган замонавий ёдошувлар ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги мавжуд ва янгидан лойиҳаланаётган парк ҳудудларининг рекреацион имкониятлари, моддий ва эстетик, меъморий–ландшафт тарзидаги мафтункорлигини оширишга йўналтирилган. Мазкур функционал, эстетик, композициявий, экологик ва иқтисодий янгича ёндошувлар боғ–парк ҳудудларини замонавий жамият ижтимоий ҳаётига, парк маданиятини янгилаш рекреацион эҳтиёжларига мослаштиради деган умиддамиз.
Рахматов Азим–СамДАҚИ талабаси
 
Илмий раҳбари: меъм.ф.д., А.С. Уралов

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.