топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШ АВЛОДГА БЎЛГАН ЭЪТИБОР

Qarshi davlat universiteti
Илм-фан
Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимиз асоси бўлган ёшларни ҳар томондан баркамол, юксак маънавиятли, етук малакали мутахассислар этиб тарбиялаш ва Муҳтарам Биринчи  Президентимиз таъбирлари билан айтганда, ёш авлоднинг кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Янги авлодни вояга етказишга қаратилган шароитларнинг моддий ва маънавий асосларини яратиш, янги таълим тизимини вужудга келтириш, миллий кадрлар тайёрлаш дастурини ишлаб чиқишнинг истиқбол мақсадлари дастлаб 1991 йил  20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида” қабул қилинган қонунда ўз ифодасини топди. Белгилаб олинган стратегик мақсадларнинг асосий тамойиллари эса Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда ушбу соҳага тегишли 22 та қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланди.
2014 йил 6 февралда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёш авлодга бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Ўз ривожланиш ва тараққиёт йўлини белгилаб олган мустақил Ўзбекистоннинг буюк келажаги – ёшларнинг интеллектуал ва ғоявий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, мафкуравий салоҳияти юксаклигини таъминлаш билан узвий алоқадор қилиб қўйилаётганлигидан далолатдир.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент стипендияси, Навоий, Беруний, Улуғбек номли Давлат стипендиялари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, «Ниҳол», Зулфия Давлат мукофотлари таъсис этилди. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» каби спорт мусобақалари ташкил этилди. Ёшларнинг чет эл таълим муассасаларида ўқиши, малакасини ошириши, халқаро спорт ва бошқа мусобақалар, танловлар, олимпиадаларда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Бу борада ёшларнинг улкан ютуқларни қўлга киритиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, спорт ва ҳарбий ватанпарварлик каби соҳаларида фаол иштирок этиб, унинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани юқоридаги тадбирлар меваси десак, муболаға бўлмайди.
Албатта, тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради,  жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Зеро, инсоннинг оиласи тинч ва осойишта экан, у оила тараққиёти, фарзандлари таълим-тарбияси, ҳамда келажак омилларни амалга оширишга қодир бўла олади. Шу маънода тинчлик – барча халқларнинг, шунингдек ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси бўлиб келган. Лекин, бу олий неъматни сақлашда инсон фарзандидан қатор бурч ва вазифаларни талаб этади. Чунки, турли қарама-қаршилик ва зиддиятларни келтириб чиқарувчи ҳамда ўз мақсадларига эришишда ҳеч бир қабиҳликдан қайтмайдиган кучлар борлигини унутмаслик лозим.
Айниқса, фан-техника жадал тараққий этиб бораётган XXI асрда ёшлар тарбияси алоҳида аҳамият касб этади. Кейинги пайтларда интернет билан боғлиқ бузғунчиликлар, глобал тармоқдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар купайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бугун Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 11 миллионга етди. Ёшларни турли ёт ғояларга эргаштириш, уларни ўз мақсадларидан адаштириш ёки моддий ва маънавий эҳтиёжларини ўз ғаразли мақсадлари йўлида қондирилиши оқибатида вужудга келаётган турли кўнгилсизлик, уруш ва тартибсизликлар барчамизни огоҳ ва ҳушёр бўлишга, ён атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамасликка чақиради.
 
Абатов Достон Рўзимурод ўғли
Филология факультети 4-курс талабаси
Навоий давлат стипендиянти ва “Йил талабаси”
танловининг “Ўз мутахассислигининг энг билимдон талабаси”
номинацияси бўйича Республика босқичи иштирокчиси.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.