топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

СИСТЕМАЛАШТИРИЛГАН МУЛЬТИМЕДИАЛИ ЎҚУВ РЕСУРСЛАРИ ВА УЛАРНИ ЯРАТИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

Qarshi davlat universiteti
Илм-фан
         Мақолада системалаштирилган мультимедиали ўқув ресурслари ҳақидаги бошланғич тушунчалар ва уларни яратиш билан боғлиқ технологияларни такомиллаштиришнинг назарий асослари юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилган. 
Таълим тизимида ўқитишнинг юқори самарадорлигига эришиш учун замонавий таълим технологияларини оқилона қўллаш масаласи кейинги йил­ларда соҳа олимларининг диққат марказида турган долзарб масалалардан бири бўлиб қолди.
Замонавий таълим технологияларини қўллаш орқали ноанъанавий таъ­лим усулларини бойитиш ва улардан турли кўринишдаги (аудиторияли ва масофавий) таълим жараёнида узвий фойдаланиш системалаштирилган мультимедиа ўқув ресурсларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириб бориш билан чамбарчас боғлиқ.
Мультимедиали ўқув ресурсларининг системалаштирилиши унинг тат­биқ этилиши билан боғлиқ бир қатор параметрлар билан характерланади, яъни:
·        биринчидан, электрон ресурс муайян бир дарслик асосида яратилган бўлиб, ундан шу дарсликнинг тўлиқ мазмунини ёритишда янгича педа­гогик-технологик жараённи ифода этувчи устқурмавий электрон дарслик сифатида фойдаланиш мумкин;
·        иккинчидан, электрон ресурс муайян бир дарслик асосида яратилган ва ундан шу дарсликнинг фақат айрим бобларини ноанъанавий таълим технологиялари асосида ёритиш ва тўлдиришлар қилиш асносида қўл­ланиладиган қўшимча электрон манба сифатида фойдаланиш мум­кин;
·        учинчидан, электрон ресурс муайян бир намунавий дастур асосида тубдан яратилган бўлиб, ундан дарс жараёнини ташкил этишда тўлиқ иштирок этадиган базис электрон дарслик сифатида фойдаланиш мумкин.
Бу ҳар учала вариантда ҳам электрон ресурсни амалий татбиқ этиш ўзига хос системалаштиришларни талаб қилади ва фақат шундагина ижобий самара бераши мумкин. Системалаштирилган мультимедиали ўқув ресурсла­рини яратиш оддий кўринишдаги мультимедиали ўқув ресурсларини яратишдан бирмунча мураккаброқлиги билан фарқланади.
Мультимедиали ўқув ресурсларини системалаштириш деганда нима тушунилади?
Бу масалага икки нуқтаи назардан ёндашиш лозим, яъни ҳужжат таъминоти нуқтаи назаридан ва дастурий таъминот нуқтаи назаридан.
Электрон ресурснинг ҳужжат таъминоти нуқтаи назаридан система­лаштирилиши деганда қуйидагилар тушунилади:
1) ҳеч қайси дастурий таъминот универсал хусусиятга эга эмас, унинг у ёки бу томонлама имкониятлари чекланган бўлиши мумкин. Демак, электрон ўқув материали муаллиф томонидан шу дастурий таъминот имкониятига қараб маҳорат билан тайёрланиши лозим;
2) дастурий таъминотдаги мавжуд имкониятлар ўқув материалини фойдаланувчиларга тақдим этиш усулини ҳам белгилаб беради, масалан, материаллар ошкор кўринишда бирданига тўлиқ берилиши ёки ошкормас ҳолда ўзлаштириш даражасига қараб кетма-кет берилиши мумкин;
3) материаллар сифатли ҳамда энг оптимал файл ўлчамига эга бўлиши керак, чунки бу дастурнинг тез ишлаши ва хотирадан кам жой эгаллаши учун муҳим.
Системалаштирилган мультимедиали ўқув ресурсларининг яна бир характерли хусусияти дастурий таъминот нуқтаи назаридан қуйидагиларда кўринади:
1) электрон материалларни ўз ичига олган дастурий таъминот иерар­хик хусусиятга эга бўлиши лозим. Яъни у бошқа бир қисмий тизимларни ўз ичига оладиган бош тизим ва ўз навбатида бирор автоматлаштирилган ахборот тизими таркибидаги қисмий тизим сифатида фаолият кўрсата олиши лозим (масалан, Moodle нинг таркибий қисми сифатида);
2) дастурий таъминотда назарий ва амалий билим беришдан тортиб ўз­лаштиришни аниқлашгача (динамик, интерфаол тест) бўлган барча имкони­ятлар унинг компонентлари (ички тизим) кўринишида мужассамлашган бў­лиши лозим;
3) дастурий таъминот ишлаш принципи бўйича on-line режимда ҳам, off-line режимда ҳам бир хил аҳамиятга эга бўлиши керак.
Мультимедиа технологияларига асосланган ўқитишнинг янгича усулла­ри педагог-ўқитувчиларимиздан бу соҳада янгича тажриба, билим, маҳорат ва кўникмаларни ҳам талаб қилади. Замонавий ахборот технологиялари воси­тасида тайёрланган электрон кўринишдаги методик ва дидактик адабиётлар­дан фойдаланишни кенг кўламда амалга ошириш бугунги кунда давр тақоза­си саналади.
 Адабиётлар
1. Соловов А.В. Методические основы проектирования электронных образовательных ресурсов. – Самара, 2013. – 180 с.
2. Красильникова В.А. Информационные и коммуникационные техно­логии в образовании. – Оренбург, 2006. – 235 с.
E-mail: nam_71@mail.ru,  abdusaid-norov@umail.uz. Mob: (90)-7213113.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.