топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Мен диний экстремизм ва терроризмнинг таҳдидини қандай тушунаман?

Qarshi davlat universiteti
Илм-фан
Дин – инсон ҳаётидан, унинг қалбидан ўчириб бўлмайдиган муқаддас туйғу. Мана, неча замонлар ўтса ҳамки, бу муқаддас туйғу инсоният билан биргаликда унинг ҳаётида ажралмас бўғин сифатида яшаб келмоқда. “Дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди”[1]. Дарҳақиқат, мусулмонларнинг муқаддас дини ҳисобланган ислом динига бугунги кунда 1.5 миллиард одам эътиқод қилмоқда.
  Ислом динининг нақадар софлигини, поклигини, унинг гўзаллигини эътироф этмасдан иложимиз йўқ.
Минг афсуски, бугунги кунда муқаддас ислом динини никоб килиб, ўзларининг ғояларини инсон тафаккурига, онгига сингдиришга зўр бериб ҳаракат қилаётган қабих ниятли кишилар ҳам йўқ емас. Бундай кишилар бир сўз билан “экстремистлар” деб аталади. Улар муқаддас “Қуръони Карим” оятларини ўзгартирган ҳолда ташвиқот қилиб, одамлар онгига таъсир ўтқазишга ҳаракат қиладилар ва уларнинг ғоялари таъсирига тушиб қолган шахслардан ўзларининг манфур ниятлари йўлида фойдаланадилар.
Хўш, биз диний экстримизм ҳақида нимани биламиз? У бугунги кунгача даврда қандай ривожланди?         
“Ўрта асрларда Марказий Осиёдаги диний бағрикенглик, инсонпарварликмайллари, фан ва санъатнинг ривожланиши Араб шарқида қаршиликни келтириб чиқарди. Натижада ХIII-ХIV асрларда бугунги кундатузилмаларини шакллантираётган экстремистлар ғоявий жиҳатдан таянаётган ақидапараст салафийлик оқими юзага келди. Ибн Таймия бошчилигидаги салафийлар Марказий Осиё мутаффакир, олим ва уламоларини “ислом моҳиятини сохталаштириш”да айблаб, халифаликни идеаллаштиришга асосланган қарашлар тизимини ишлаб чиқдилар ва жиҳодни унга эришишнинг асосий воситаси сифатида эълон қилиб, ўз ғояларига жанговарлик тусини бердилар”1. Шу тариқа дастлабки экстремистик ғоялар ва ҳаракатлар вужудга келди. Ушбу оқим таъсирида кейинчалик, ХVIII асрнинг 1-ярмида Арабистон ярим оролида Муҳаммад Абдул Ваҳҳоб ҳокимият учун кураш олиб боришга мослаштирилган “Ваҳҳобийлик” таълимотини яратди. Бу ташкилотнинг асосий ғоявий дастури “ихвонийлик” ва “жиҳод”га асосланган эди.
  ХХ асрга келиб, кўпгина араб мамлакатларида бундай ташкилотлар вужудга кела бошлади. Хусусан, Миср, Сурия, Иордания, Ироқ каби давлатлар диний экстремистик ташкилотлар “ўчоқлари” эди. Айниқса, “…1953 йил Мисрдаги “Мусулмон биродарлари” уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари Иорданияда “Ҳизб ут-таҳрир ал-исломий” номли янги партия тузадилар. Партия ўз олдига барча мусулмон давлатлари ҳудудида ягона ислом давлати – “халифалик” тузиш мақсадини қўяди”2.
  ХХ асрнинг 70-йилларига келиб араб оламида бундай ташкилотлар сони жуда ҳам кўпайиб кетади. 80-йилларда эса Марказий Осиё ҳудудига ҳам кириб кела бошлайди. 90-йилларда эса уларнинг ҳаракатлари янада хавфлироқ бўла бошлайди. Аммо, бу ерда экстремистлар Ўзбекистон давлатининг қаттиқ қаршилигига учрайди ва аввал Тожикистон, кейин Афғонистондаги жангарилар сафига қўшилиб кетадилар.
  90-йиллар бошларида Биринчи Президентимиз И.Каримов диний экстремистларнинг “йўлини кесиш” ва уларни йўқ қилиш мақсадида қаерда ва қачонки, минбарда туриб, ўз фикрларини баён қилсалар, айнан шу муаммони ўртага ташлайдилар ва экстремизмга қарши курашга даъват этади. Афсуски, И.Каримовнинг саъй-ҳаракатлари етарлича баҳоланмади. Дунёнинг йирик сиёсатчилари экстримизм ва халқаро терроризмни тўғри баҳолай олмадилар. Натижада деярли ҳеч қандай қаршиликка учрамаётган экстремистлар ўзларининг разил ниятларини амалга оширишда давом этавердилар. Дунёниг турли ҳудудларида турли ҳил қўпарувчилик, террористик ҳаракатларни амалга ошира бошладилар. Улар ҳаттоки, Президентимиз ҳаётларига суиқасд уюштиришга ҳаракат қилдилар. Натижада 1999-йил 16-февралда Тошкентда Вазирлар Маҳкамаси биносида террор орқали ўз режаларини амалга оширмоқчи бўлдилар. Аммо бу ният амалга ошмай қолди. Жиноятчилар жиноятларига яраша жазоларини олдилар. 
  Бундай террор ҳаракати 2001-йилда АҚШда ҳам кузатилади. “2001-йил 11 -сентябрда халқаро терроризм АҚШда мудҳиш жиноят содир этди. Террорчилар ўзлари эгаллаб олган самолётда Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Халқаро савдо маркази” биносини вайрон қилдилар. Натижада минглаб кишилар ҳалок бўлди. Миллиардлаб долларлик моддий зарар етказилди”1.Бўлиб ўтган бу воқеалар дунё ҳамжамиятини қаттиқ ҳавотирга тушириб қўйди. Надижада, АҚШ бошчилигидаги дунёнинг етакчи давлатлари терроризмга қарши ҳарбий ҳаракат бошлашга қарор қилди. Халқаро ҳамжамият, унинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳам АҚШнинг бу қарорини қўллаб-қувватлади. Натижада Афғонистондаги толибонлар ҳукумати ағдариб ташланди. Шу каби террорчилик ҳаракатлари бошқа кузатилмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Зеро, диний экстремизм терроризмни ўзининг қуроли қилиб олган. Террор ҳаракатлари қурбонлардан кўра гувоҳларга  қаратилади ва аҳоли ўртасида, қўрқув, ваҳима уйғотилади. Натижада одамлар онгидаги мафкуравий бўшлиқлардан фойдаланиб, уларнинг онгига ўз ғояларини сингдирадилар.  
  Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш жаҳон ҳамжамияти учун долзарб масалага айланди. Бу икки оқимга қарши курашиш учун мутахассислар қуйидаги вазифаларни бажариш керак деб таъкидлайдилар:
-                     Диний радикализмнинг ижтимоий-иқтисодий заминини йўқ қилиш, яъни терроризмни озиқлантираётган иқтисодий омилларни бартараф этиш;
-                     Ёшларга таянишдан маҳрум этиш;
-                     Сиёсий, ахборот, диний, маданий ва ёшлар муасссаларининг ушбу муаммони ҳал қилишда ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш;
-                     Диний дастурлар ва фанларнинг ўқитилишини қаттиқ назорат қилиш.
Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишда якка давлатнинг ўзи натижага эришиши мумкин эмас. Бу радикал исломчилар зуғумидан  азият чеккан кўпгина мамлакатлар дунё жамоатчилиги диққатини уни ҳал этишга қаратиб келмоқда. Дунё ҳамжамияти ҳар томонлама террорчилар йўлини бекитиб қўйгандагина уларга ҳеч қандай бошпана бермасдан уларнинг таъминоти йўқ қилиниб, бир ерда сиқиб қўйиб ҳужумга ўтилгандагина бу радикал оқимни маҳв этиш мумкин бўлади.
         Марказий Осиёда ҳам хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича йиғилишлар ўтказилиб, бир қатор келишувлар ва шартномалар имзоланди. 2002- йилнинг октябрь ойида БМТ ва ЙХҲТ билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш: наркотик моддаларнинг ғайриқонуний айланиши, уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши курашишда ҳамкорлик” мавзуида Тошкентда ўтказилган халқаро конференция ҳам бу йўналишдаги ишлар кўламидан далолат беради. 2004-йил 17-18 октябрда Душанбеда бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан экстремистик ва террорчи ташкилотлар, уларнинг раҳбарлари ва аъзоларининг рўйхатини тузиш бўйича келишиб олинди.
Кейинги йилларда ҳам диний экстремизм ва терроризмга қарши қаратилган бир қанча конференциялар ва анжуманлар ўтказилди ва ўтказилиб келинмоқда.  Экстремизм ва терроризмга қарши қаратилган бундай йиғилишлар ва келишувлар ўз тасдиғини топмасдан қолмайди. Ўзбекистонда ҳам дин соҳасидаги жараёнларни тартибга солиш, диний муносабатларда содир бўлаётган ўзгаришларни ижобий йўсинда кетишини таъминлаш, экстремизмистик ғоялар тарқалишига йўл қўймаслик учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, 1998-йил 1-майда янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда диний фаолиятнинг ҳуқуқуий асослари мужассам этилган.
Республикамизда экстремизм ва терроризм билан биргаликда, уни молиялаштириб турган ва у билан узвий боғлиқ бўлган наркобизнес, наркотрафикка қарши курашда ҳам қатъий сиёсат олиб борилмоқда. Жумладан, “1999 йилда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги, 2000 йилда “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги ва 2004 йилда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни лигеллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилингани ҳам фикримизни тасдиқлайди”.1
Энг аввало, ҳар бир шахс ўз онгидаги бўшлиқни фақат эзгу фикрлар билан тўлдиргандагина у ташқи тажовузлардан ҳоли бўлади. Унинг онгига ҳеч бир ёт мафкуралар таъсир этмайди. Зеро, биринчи Президентимиз И.Каримов “…бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.
Ҳозирги кунда ким кўп – ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп.”2
Бу фикрлар бугун жуда ҳам ўринлидир. Ҳар бир инсон бу сўзлардан тўғри хулоса чиқариши даркор. Шундагина ҳеч бир ғайри куч уни енга олмайди.
 
Қарши давлат университети
Тарих ва ижтимоий фанлар факультети
Тарих йуналиши 015-2-гуруҳ III-курс талабаси
Шарифов Шоҳжаҳон



[1]Каримов И.А. Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда. Т.: “Ўзбекистон”, 2000. 7-бет

1 Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари. Ўқув қўлл. Т.: “Тошкент ислом университети”, 2009. 96-бет

2 Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари. Ўқув қўлл. Т.: “Тошкент ислом университети”, 2009. 100-бет
 

1Лафасов М. Жаҳон тарихи (1918-2012) Турон-Иқбол. Т.; 2015. 191-бет

1 Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари. Ўқув қўлл. Т.: “Тошкент ислом университети”, 2009. 200-бет

2Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.; Маънавият 2008. 12-бет.

1 изоҳ

avatar
Man qarshi davlat universiteti tarix va iktimoiy fanlar fakulteti Mehnat iqtisodiyoti va sotsiologiya yo’nalishi talabasiman.  Ushbu maqola manga juda yoqdi. O’ylaymanki kelajakda ham shunday dolzarb va muhim maqolalar ko’payib boradi. Qarshi davlat universitetiining barcha talabalariga omad tilab qolaman
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.