топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ёшлар – эртамиз эгалари

Qarshi davlat universiteti
Илм-фан
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб – қувватлаш тўғрисида”ги фармонлари асосида жонажон Ўзбекистонимизда ёшларга жуда кенг имкониятлар яратиб бериляпти. Ёшларимиз ҳам юқоридаги қонун ва фармонга жавобан, ўзларининг бор билими, тафаккури ва қобилиятини ишга солиб, бу имкониятлардан унумли фойдаланиб келишмоқда. Ёшларнинг чинакам ишончи ва таянчига айланиб улгурган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилганлигига ҳам яқинда бир йил тўлади. Бу қисқа муддатда ташкилот кенг қамровли лойиҳаларни амалга оширди ва ёшларнинг имкониятларини муносиб баҳолаб, рағбатлантириб келмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг барча ҳудудлардаги бошланғич ташкилотларида ҳам ишлар қизғин тус олган.
Жумладан, Қарши давлат университети бошланғич ташкилотининг фаоллиги сезиларли даражада ошди. Университет бошланғич ташкилотига ҳужжат топширган 67 нафар иқтидорли ва фаол талабаларга 2017-2018 ўқув йили учун тўлов-контракти миқдорининг 35 фоизи ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши томонидан тўлаб берилганлигининг ўзи ҳам таълимга ва ёшларга бўлган эътиборнинг юксак натижасидир. Чунки бу талабалар фанларни 86 фоизга ўзлаштириш билан бир қаторда, ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган лойиҳалар ва тадбирларда фаол қатнашганликлари учун юқоридаги имтиёзга эга бўлдилар. Бундай имкониятлар таълим сифатининг янада ошишига, фаол ёшлар сафининг кенгайишига замин яратди. Жорий йилнинг 11 май куни университет бошланғич ташкилоти Кенгашининг  Таълим жараёни сифатини мониторинг қилиш йўналиши етакчиси ва шу йўналишнинг Тарих ва ижтимоий фанлар факультети етакчиси Азиз Маҳманазаров, Хорижий тиллар факультети етакчиси Азиза Сайдалиевалар билан биргаликда Ўзбек филологияси ва Хорижий тиллар факультетига бориб, таълим жараёни самарадорлигини янада яхшилаш мақсадида талабалар билан суҳбат олиб бордик. Суҳбат давомида талабаларнинг таълимга бўлган қизиқиш ва интилишларининг юқори даражада эканлиги барчамизни хурсанд этди. Келажагининг порлоқ бўлишини истаётган талабалар таълим жараёнини юқори баҳолашди. Уларнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини янада аниқроқ билиш мақсадида аноним-сўровнома ўтказдик. Сўровноманинг натижасини кўздан кечириб, талабаларнинг университетдаги таълим жараёни сифатидан кўнгиллари тўқ эканлигига амин бўлдик. Таълим жараёни сифатини мониторинг қилиш йўналишининг мақсади ҳам сифатли таълим олиб борилаётганлигини ўрганиш ва таълим самарадорлигининг ошиишига ўз таклифларимиз ва фикр-мулоҳазаларимиз билан муносиб ҳисса қўшишдир. Юқоридаги каби суҳбат ва сўровномалар эса бизни шу мақсадимизга яқинлаштиради. Бунинг учун эса барчамиздан ватанпарварлик, фидойилик ва серғайрат ҳаракат талаб этилади. Биз ҳам бу йўлда оз бўлса-да ўз ҳиссамизни қўшишдан  бахтиёрмиз. Зеро, Президентимиз айтганларидек, Ёшлар- келажак бунёдкори.


                                                       Шоҳсанам БОБОЖОНОВА
Қарши давлат университети талабаси,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қарши давлат университети бошланғич ташкилоти  Кенгаши Таълим жараёни сифатини мониторинг қилиш йўналиши етакчиси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.