топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конституция — эркин фуқаролик жамияти таянчи

Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги
Қонунчилик
 

Демократик жамиятнинг асосий белгиларидан бири қонун устуворлиги ва халқнинг сиёсий саводхонлиги билан белгиланади. Барча қонунлар эса бош қомусга таяниб яратилади. Конституциямиз қабул қилинганлигига 25 йил тўлиши юртимизда тарихий воқелик бўлиб, бугун ва ўтган давр мобайнида халқимиз ҳаётида тутган ўрни муносиб аҳамиятга эгадир.
 
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Конституциямизнинг лойиҳаси бўйича 1992 йил 8 декабрда Олий Кенгашнинг тарихий сессиясида сўзлаган нутқида қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлаган эдилар:
 
“Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатнинг, ундаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат  деб, ҳисоблаб келдик. Ана шу масалада ҳам Конституцияда туб бурилиш ясалган. Яъни, Асосий Қонунимизга “давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган модда киритилган. Эндиликда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда­эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади”.
 
Дарҳақиқат, Конституциямизнинг яратилиши мамлакатимиз учун тарихий воқеа бўлди. 1989 — 1991 йиллар, айтиш мумкинки, бир неча минг йиллик тарихимизда миллий тикланиш, миллий уйғониш ва миллий тараққиёт даврининг муқаддимаси бўлди.
 
Бу воқеаларни бугун орадан бирмунча вақт ўтгач, хотиржам эслаш осон, лекин суронли йиллар силсиласида ўтган кунларни солиштирсак, нақадар улкан тарихий воқеаларга гувоҳ бўлганимизни ҳис этамиз. 1992 йилнинг 8 декабрь куни XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши XI сессиясида ҳозир амал қилаётган Конституциямиз қабул қилинди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси қабул қилинган кун махсус қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни — умумхалқ байрами, деб эълон қилинди.
 
Конституция — давлатимизнинг асосий қонуни бўлиб, конституциявий тузум, давлат қурилиши асосларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини белгилаб беради, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларини тузишни тартибга солиб туради, сайлов тизимини жорий этади, давлат рамзларини белгилайди ва Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибини мустаҳкамлаб қўяди.
 
Қомусимиз хусусий мулк ва бозор иқтисодиётига асосланган янги ижтимоий сиёсий тизим негизини яратиб берди. Давлат мулки қаторида хусусий мулк ҳам муҳофазаланган. Конституцияда мафкуравий хилма- хиллик, кўппартиявийлик мустаҳкамлаб қўйилган.
 
Конституциямизда инсон манфаатини биринчи ўринга қўйилган бўлиб, ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятлар деб эълон қилинди. Шунингдек фуқаро ва давлатни ўзаро ҳуқуқлар ва бурчлар билан боғловчи принципни ҳам мустаҳкамлаб қўйилганлиги билан аҳамиятлидир.
 
  Унда эълон қилинган умуминсоний, маънавий қадриятлар эзгулик ва адолатга ишонч, аждодлар хотирасини эъзозлаш, инсонпарварлик, тинч ҳаётга интилиш, суверен давлатчилик яратилишининг асосидир.
 
Ватанпарварлик ва садоқат туйғулари ила  ватанни севиш, уни эъзозлаш, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятни ҳис қилиш, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниш, аждодларнинг маданий меросини авайлаб-асраш ҳар бир фуқаронинг энг олий бурчига айланди.
 
Истиқлол даврида одамларнинг тушунчаси, тафаккури тубдан ўзгарди. Юрт, Ватан, Миллат, Мустақиллик тушунчалари тобора улкан мазмун касб этди. Бугун ватанимиз муайян чегара ва қиёфа касб этди. Биз унинг куч- қудратини, ютуқлари ва муаммоларини аниқ биламиз ва бутун вужудимиз билан ҳис этамиз. Ишонамизки, конституциямиз юрт равнақи ҳамда инсон манфаатлари йўлида узоқ йиллар хизмат қилиши шубҳасиздир.
 
Умид ШОУМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент  вилояти Кенгаши раиси в.в.б

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.