топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

“Конституция – бахтимиз пойдевори” кўрик-танлови

Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги
Қонунчилик
Мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама баркамол, хусусан, ҳуқуқий жиҳатдан етук инсонлар қилиб вояга етказиш масаласига катта эътибор қаратилди. Зеро, аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг шаклланиши болалик давридан бошланади. Ҳуқуқий соҳада ислоҳотларни амалга ошириш учун халқ таълими тизимида барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилиб, бир қанча меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, ижроси назоратга олинган. 
 
Айни чоғда умумий ўрта таълим мактабларининг 1 – 4-синфларида “Конституция алифбоси”, “Одобнома”, “Ўқиш”, “Атрофимиздаги олам”, “Табиат” фанлари бўйича ўтиладиган дарсларда ўқувчиларга илк ҳуқуқий сабоқлар — қоида, бурч, вазифа каби тушунчалар оддий ҳаётий мисоллар асосида ўргатиш йўлга қўйилди.  5—7-синфларда эса “Конституция оламига саёҳат” ўқув курси орқали давлат ва шахснинг ўзаро муносабати, қонун олдида барчанинг тенглиги, сўз ва ахборот олиш кафолатлари эркинлиги,  ўсмир ва қонун каби мавзулар қамраб олинди. Шунингдек, 8-синфда “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқ асослари”, 9-синфда “Конституциявий ҳуқуқ асослари”, 10-синфда “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанлари ёрдамида ўқувчиларда давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий тараққиёти йўналишларига мос даражадаги билимларга эга, ижодий фикрлай оладиган, ҳаётий муаммоларга мустақил равишда тўғри муносабат билдира оладиган, билимли, ҳуқуқий маданияти юқори бўлган фуқарони шакллантиришга эътибор қаратилади. 
 
Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда  10 ноябрдан – 10 декабргача ҳуқуқий-тарғибот ойилиги ташкил этилиб, ойлик доирасида Бош қомусимизнинг моҳиятини очиб беришга, ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган туркум ҳуқуқий-маърифий, маданий тадбирлар интеллектуал мусобақалар, учрашувлар, ижодий кечалар ташкил этилади.
 
Ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, Республика Конституциясининг мазмун-моҳиятини пухта ўргатиш, унинг инсонпарварлик, демократик ва адолатпарварлик тамойилларини ёзма ишларда, тасвирий асарларда, кўргазмали воситаларда ифодалаш, таълим муассасаларини маънавий-маърифий, ҳуқуқий — ахлоқий мазмундаги кўргазмали воситалар билан жиҳозланишини йўлга қўйиш, пировард натижада ўқувчилар ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни қонунларини билиш, ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида 2001 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда «Конституциямиз бахтимиз пойдевори» Республика кўрик танлови ўтказилиб келинмоқда.
 
Мазкур танловни ўтказишдан асосий мақсад конституциянинг мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда эришаётган ютуқларини кенг тарғиб қилишдан иборат. Жорий йилдан янгилик сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни мазмун моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш мақсадида тегишли қўлланмалар ишлаб чиқилиб ҳудудларга етказилди ва кўрик-танлов мазмунига қонун тарғиботи билан боғлиқ бўлган мавзулар киритилди. 
 
“Конституция – бахтимиз пойдевори” кўрик-танлови тўрт босқич — мактаб, туман (шаҳар), вилоят ҳамда Республика босқичларида ўтказилди.
 
Кўрик-танловнинг дастлабки босқичида қарийиб 2 млндан ортиқ 2-10 синф ўқувчилари диктант, ижодий баён, иншо ва тасвирий санъат йўналишларида иштирок этди.
 
Танловнинг якуний Республика босқичи ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими 2017 йил 6 декабрь куни соат 14:00да “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт марказида ўтказилди.
 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.