топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бола ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида

Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги
Қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдир. Асосий қонунимизнинг мазкур талабидан келиб чиққан ҳолда Оила кодексида ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандларини тарбиялаш, таълим бериш ва моддий таъминлашига доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан, унинг 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши белгиланган.
 
Миллий матбуот марказида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ташкил этган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.
 
Амалдаги қонунчиликда давлат томонидан амалга ошириладиган ижтимоий таъминот борасидаги ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга “нафақа” сўзи ишлатилади. Алимент мажбуриятлари эса фақат оила аъзолари ўртасида, яъни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар жараёнида вужудга келади.
 
— Алимент ундиришда боланинг ота-онаси ўзаро никоҳда экани ёки улар ўртасидаги никоҳ тугатилгани муҳим эмас, — деди жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Аҳрор Ҳошимхонов. — Бунинг учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада қайд этилган ота-оналик ҳамда болага ихтиёрий равишда таъминот беришдан бўйин товлаш билан боғлиқ далил асос бўлади. Қонунчиликда алимент тўлови шартларига амал қилмаган, ундирилиши лозим бўлган маблағни уч ойдан ортиқ муддат давомида тўламаган  ота-оналар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
 
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида юзага келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш чорасини кўриш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, мажбурий ижро бюроси, бандлик, маҳалла, ёшлар ташкилотлари ҳамкорлигида “Суд қарорларини ижро қилиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратни янада кучайтириш тўғрисида”ги қўшма фармойиш қабул қилинган.
 
Шунингдек, Тошкент шаҳрида суд қарорларини ижро этиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратни янада кучайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорлар билан жамоатчилик ўртасида ана шу асосда муҳокама ўтказиш амалиёти мунтазам йўлга қўйилди. Бу таъсирчан механизм амалда ўз самарасини бериб, кўпчиликнинг бола олдидаги масъулияти ошишига кўмаклашмоқда.
 
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
 
  Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish”мухбири

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.