топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Тонг таронаси

Ойдин_Ҳожиева

Тун ярмидан оғар.
Юлдузлар
Бирин-кетин сўна бошлайди.
Ғарқ уйқудан далаю бўзлар
Керишиб уйғона бошлайди.
 
Атиргуллар бол косасига
Шудринг ёғар биллур каби соф.
Тонг шамолин майин рақсига
Жўр бўлади майсазор атроф.
 
Чирилдоқлар тўхтатар машқин,
Ғижжагига дам берар саҳар.
Булбулларнинг келтириб рашкин,
Сайраб қолар сурбет майналар.
 
Юлдуз каби тонг саҳнасига
Анбарсочиб чиқар келинчак.
Олма гулин алангасида
Орзулари учар беланчак.
 
Сигирини ийдирар келин,
Сут тушади челакка “пов-пов”.
Елкаси-ла битта кокилин
Ўпиб ўтар еллар бесўров.
 
Газ ўчоқни ёқар нозанин,
Сўнг супурги олар қўлига.
Офтоб-чевар дарахтлар танин
Ўгиради  палак гулига.
 
Жойнамозин ёяр  бувижон
Элга тилар тинчлик, саодат.
Мўъжаз ҳовли  шу катта жаҳон
Бағридаги кичик бир жаннат.
 
Кунгайгина деразалардан
Бир қучоқ нур кирар қаймоқдай.
Пастаккина дарвозалардан
Болакайлар чиқар тойчоқдай.
 
 
Ҳаёт қайнар тор кўчаларда,
Ҳар саҳфаси мўъжиза китоб.
Сокин сўлим бу гўшаларда
 
Ҳар эшикдан чиқар бир офтоб.

 
Ойдин ҲОЖИЕВА

1 изоҳ

avatar
Juda go'zal she'riyat uchun tashakkur… :)
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.