топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз тарихи ва анъаналар

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият
Бинафшанинг баҳор баргини
Юзларига ёпган келинчак.
Кўриб қанча замон зарбини,
Энди бахтин топган келинчак.
Салом, Наврўз!

Ассалом, Наврўз!

  Тарихий манбаларда келтирилишича ва олимларимиз фикрига кура, Кадимий ва навқирон Наврўзимизнинг шаклланиш даври- энг қадимги замонлардан «зардуштийлик»нинг пайдо бўлишигача давом этган асрларни ўз ичига олади, дейилади.

Ўзбек халқининг алломаларидан бири Абу Райҳон Беруний «Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: «Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, — дейди. — Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатаркан. Наврўз эронликлар «зиж»лари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган вақтларида Қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган» дея изохлайди.





















Қадим-қадимдан Наврўз холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхталган, гина-қудратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлашган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан ўтишган. Бу ҳақда Лутфийнинг «Гул ва Наврўз» достонида шундай сатрлар ҳам бор:

  Улусга мустаҳиқларни қилиб шод,
Ҳамул дам бандиларни қилди озод.

Баҳор ва янги айём ҳар бир юракдан муҳим жой олган қувончли дамларда кўпчиликнинг «Наврўз қаерда ва қачон пайдо бўлган экан?» — деган саволига «Саодат» журналида эълон қилинган «Онақутининг саховати» мақоласида бунга асосли жавоб берилган. Унда жумладан: «Дунёга илк алифбони берган буюк алломаларнинг ватани бўлган, дунёвий фанларга асос солган Хоразм юрти қадимда, ҳатто эрамиздан аввалги мингинчи йилларда Хвайразам деб аталган. Кейинги йилларда олиб борилган археологик ва этнографик изланишлар Наврўз байрами илк бор худди шу заминда Нисо (яъни, аёл шаҳри пойтахти бўлмиш Парфиёна) грек ва Оврупа файласуфлари асарларида Парфияда нишонланганини ашёвий топилмалар тасдиқлади. Бунга Бургут қалъа, Жомбоқ қалъа ва Нисо қўрғонларида бунёд қилинган ва шу кунларгача сақланиб қолган «олов уй»лари яққол мисол бўла олади. Бургут қалъа марказида мовий гумбазли мақбара бўлган. Мақбара меҳробида Онақутининг кўтарилган қўлида Зумрад тош бўлган. Баҳорги тенг кунликда-шамсий хисоб билан ҳамал ойининг биринчи куни, ҳозирги тақвимимиз бўйича 22 мартда мақбара гумбазидаги туйнукдан қуёш нури Онақути қўлидаги Зумрад тошига тушиб, сумалак пишириш учун тайёр турган қозоннинг ўтхонасига ўт ёққан», дейилган.

Аждодларимизнинг уддабуронлигидан, беқиёс илмга эга бўлганлигидан далолат берувчи бу сўзларни ўқиганимизда қалбимиз бир олам шодликка тўлади. Халқимизни инқилобдан олдин саводсиз бўлган, дегувчи баъзи кимсаларга шу сўзларни алоҳида-алоҳида эслатгимиз келади.

Янги йил байрамимизнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида  яна кўплаб манбаларда ва донишманд халкимиз орасида хамда изланувчан олимларимиз асарларида айрим афсоналар хам мавжуд булиб, масалан, Усмон Корабоев, («Мулокот», 1991 й, 3-сони) маколасида келтиришича,  «зардуштийлик ақидасига кўра, яхшилик худоси Аҳурамазда (Ҳурмуз) — баҳор-ёзда, ёмонлик худоси Анхара-Майнью (Аҳриман) — куз ва қишда ҳукмдорлик қилар эмиш. Баҳорнинг биринчи куни яхшилик худоси ёмонлик худоси устидан ғолиб чиққан муқаддас сана ҳисобланиб байрам қилинган. Бу айнан биз нишонлаётган Наврўз кунига тўғри келади.


0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.