топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Қадимдан мерос айём

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият
Шарқ халқларининг севимли байрамларидан саналган Наврўзда ўзига хос маросимлар ўтказилиши, миллий таомлар ва егуликлар тайёрланиши ҳамда бошқа шу каби анъаналарни кўпчилигимиз яхши биламиз. Хўш, ушбу байрамнинг тарихи тўғрисида яна нималар маълум?

Наврўз байрами, унинг вужудга келиши ва тарихи ҳақида кўплаб қадимий сарчашмаларда, жумладан, Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Умар Хайёмнинг «Наврўзнома», Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Навоийнинг «Тарихи мулуки Ажам» ва бошқа олимларнинг қатор асарларида, зардуштийлик (маздапарастлик) динига оид манбаларда қимматли маълумотлар берилган. Уларнинг кўпчилиги мифологик, афсонавий моҳиятда бўлса-да, маълум даражада ҳақиқатни акс эттирувчи, маънавий меросимиз хазинасига мансуб дурдоналардир.

Наврўз – жуда қадимий, илдизи бир неча минг йилларга бориб тақаладиган миллий байрамдир. Ислом дини кириб келишидан олдинги даврлардаёқ у Турон ва Эронда истиқомат қилувчи халқларда турмуш тарзи билан боғлиқ муҳим байрам сифатида шаклланган. Зеро, минтақамизда жуда қадимдан амал қилган зардуштийлик дини тақвимида Наврўз энг асосий байрам сифатида қайд этилган.

Фаришталар улуғлаган кун

Аслида «Наврўз» – форсий тилда «Янги кун» деганидир. Чунки, зардуштийлар календарида янги йилнинг бошланиши баҳордаги кун-тун тенглигига («эътидол»га) – бизда амал қилаётган календардаги 21 мартга тўғри келади. Яъни, эронийлар йилининг илк ойи бўлмиш «Фарвардин моҳ»нинг биринчи куни – Наврўз байрамидир. Умар Хайём ўз китобида «Фарвардин» сўзининг маъноси «жаннатлар» эканини ёзади. Аммо, кўпчилик тадқиқотчилар фикрича, бу сўз паҳлавий (ўрта форс) тилидаги «фравартинам» – «халоскор фаришта» сўзидан келиб чиққан. Бу ҳам қаҳратон қишдан халос бўлиб, ҳаёт жонланишига ишора бўлса, ажабмас.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Исломдаги ҳижрий-шамсий йил ҳисобида ҳам янги йил боши айнан шу кунга тўғри келади. Ана шу куни қуёш ҳам Ҳамал буржига киради, яъни, самодаги ўзгариш, коинотдаги муайян бир мунтазамлик – баҳорги эътидол мана шу куннинг байрам қилинишига сабаб бўлган. Шарқ халқларидаги мучал йили ҳам айнан шу кундан ўзгаради, яъни, Балиқ (Ёки Аждар) йили 2012 йил 21 мартдан бошланди.

Маздапарастлик афсоналаридан бирида Наврўз байрамига пайғамбар Зардушт асос солгани айтилади. Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида келтирилган бир афсонага кўра эса, шу куни Худо, яъни Аҳура Мазда қуйи оламни – Ерни яратиб, ярим одам, ярим ҳўкиз танли Каюмарсни унга подшоҳ қилган. Шу сабабли бу кун байрам сифатида нишонланадиган бўлган.

Яна бир афсонага кўра, ҳаракатсиз коинотни Тангри шу куни, айнан қуёш Ҳамал буржига кирадиган соатда ҳаракатга келтирган. Натижада Нур ва Зулмат бир-биридан ажралган, йил, ой, кунлар пайдо бўлган ҳамда вақт ҳисоби бошланган. Баъзи манбаларда ёзилишича, Худо бутун мавжудотни олти кунда яратган ва унинг биринчи куни Наврўздир.

Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»ида ёзилишича, «Наврўз фаришталар улуғлаган кундир, чунки улар шу куни яратилганлар. Уни пайғамбарлар ҳам улуғ тутганлар, чунки Қуёш шу кунда яратилган ва уни подшоҳлар ҳам улуғлаганлар, чунки у замоннинг биринчи кунидир».

«Наврўзнома» ва «Шоҳнома»га кўра, Каюмарс – қадимги Эроннинг илк подшоҳлари – Пешдодийлар сулоласининг биринчи шоҳи бўлиб, у йилнинг кунлари ва ойларига ном қўйишга қарор қилган. У олим ва мубадларни (диний уламоларни) йиғиб, офтобнинг Ҳамал буржига кирган дақиқасини аниқлайди ва йил ҳисобини шу кундан бошлашни буюради.

Битта ёлғон фикр учун омад юз ўгирган

Юқоридаги барча ривоятлар бир-бирини тўлдиради, тасдиқлайди. Аммо, кенг тарқалган бошқа афсоналарда Наврўз байрамини подшоҳ Жамшид жорий қилганлиги айтилади. Жамшид – форсий ва ҳиндий халқларнинг қадимги аждодлари бўлмиш орийларнинг афсонавий шоҳи, одил ҳукмдордир. У бутун ер юзига шоҳ бўлиб, барча одамлар, ҳайвонлар, дев-парилар ва жинлар устидан ҳукмронлик қилган. У олтиндан тахт ясатиб, баҳорги эътидол кунида унда ўтирган ва девлар уни олиб осмонга учишган. Шу кунни у Янги кун – Наврўз байрами сифатида тарихда муҳрлаб қолдирган.

Муқаддас «Авесто» китобида келтирилишича, Жамшиднинг минг йиллик салтанати даврида касаллик, қарилик, ўлим, ғам, очлик ва ташналик, жазирама иссиқ ва қаҳратон совуқ бўлмаган. У Тангри билан сўзлашиб, одамларни тўғри йўлга бошлаган, ер юзини уч марта кенгайтирган, бир сафар қаттиқ совуқ ва тўфон бўлганида, ҳимоягоҳ ер ости қўрғонлари қуриб, барча жонзотларни сақлаб қолган. Умуман, шоҳ Жамшиднинг ҳукмронлиги инсониятнинг «Олтин аср»и бўлган. Аммо, бир куни хаёлига битта ёлғон фикр келгани учун омад ундан юз ўгиради, дунёда яна касаллик ва ўлим, фитна ва ҳасад пайдо бўлади. Натижада Заҳҳок исмли бошқа бир золим подшоҳ чиқиб, уни ўлдириб, тахтини эгаллайди. Кейинроқ, Жамшиднинг авлодидан бўлган Фаридун (Афридун) Заҳҳокни енгиб, тахтни қайтариб олади. Бу қувончли воқеа ҳам айни Наврўзда содир бўлган, дейди кўпчилик. Аммо, «Наврўзнома»га кўра, Афридуннинг тахтга ўтириши Сада байрами кунига тўғри келади. Байрамнинг бундай номланиши форсий тилдаги «сад», яъни, «юз» сўзи билан боғлиқ, чунки, бу байрам Нав¬рўздан эллик кечаю эллик кундуз олдин нишонланади.

Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сида шоҳ Жамшиднинг тахтда илк бор учиши шундай тасвирланади:

Тахт кўкда чарх урур мисоли қуёш, 
Фармондор ўтирар, унда ирғаб бош...
Жамшидга сочишар олтину гавҳар,
Шу кунни янги йил – байрам дейишар.

Халқ ишончларига кўра, Наврўз байрамида одамларнинг бир-бирларига совғалар улашиши, гуллар отишлари мана шундан қолган эмиш.

Адолат байрами
 
Қадимги эронийлар Наврўзни шу қадар улуғлаганларки, ўз тарихларидаги ва бошқа халқлар тарихидаги кўпгина хайрли воқеа-ҳодисаларни айнан ушбу байрам билан боғлаганлар. Жумладан, Каюмарснинг дев устидан ғалабаси, пайғамбарлардан Нуҳнинг тўфондан қутулиши, Сулаймоннинг тахтга чиқиши кабилар баҳорги кун-тун тенглиги пайтида содир бўлганлиги тўғрисида ривоятлар мавжуд.

Давоми

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.