топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўзинг муборак, ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

Она замин узра баҳорий насим эса бошлади. Табиатда мўъжизавий уйғунлик кузатилмоқда: кечагина оппоқ қордан қадди-басти эгилган, қаҳратон совуқда дийдираган дов-дарахтлар бугун куртак ёзди.
Фасллар келинчаги — баҳорнинг ана шундай фусункор дамларида уйғонаётган табиатга боқиб, бугунги нурафшон кунларга, ҳаётнинг бебаҳо неъматларига соғ-саломат етишганимиз, жаннатмонанд юртимиз осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги учун Яратганга шукроналар қиламиз ва ҳазрат Алишер Навоийнинг бетакрор сатрларини ёдлаймиз:
Ҳар кунинг қадр ўлубон,
Ҳар кунинг ўлсин Наврўз!

Ҳар бир кечанг Лайлатул қадр кечаси — хайрли қутлуғ тун бўлсин, ҳар бир кунинг янги кун бўлсин! Бу ҳар доим ҳам, ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган саодатдир.
Табиат қонунига кўра, ернинг Шимолий ярим шарида баҳорги кеча билан кундуз тенг келган кундан ёзги Қуёш турғунлигигача, яъни кундузи энг узоқ, кечаси энг қисқа кунгача давом этади. Бу 20-21 мартдан 21-22 июнгача бўлган фурсатдир. Айтишларича, баҳорнинг ўша биринчи кунида ер остида ётган илонлар ҳам бир ағдарилиб олар эмиш. Бу чиндан табиатнинг, она ер бағридаги жами махлуқот ва мавжудотнинг уйғониш, жонланиш давридир. Шунга кўра, аждодларимиз қадимдан 21 мартни Наврўз деб байрам қилиб келишган.
Абу Райҳон Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб, «Бу ойнинг биринчи куни наврўздир», — дейди. Улуғ бобомиз ўз асарида Наврўзнинг борлиқ қонуниятига мувофиқ ҳолатини асослабгина қолмай, у билан боғлиқ бўлган турли маълумот ва ақидаларни ҳам баён этади.
XI асрнинг улуғ тилшунос алломаси Маҳмуд Қошғарий «Девону луғотит турк» асарида ўн икки мучал йиллари, ойлар, ҳафта ва кунлар тўғрисида, Наврўз ҳақида турли маълумотлар бериб, баҳорги ва Наврўз байрамига бағишланган халқ қўшиқларидан намуналар келтиради.
Улуғ боболардан мерос манбааларда Наврўз шарафига катта сайиллар ўтказилиб, эл-улус фусункор табиат қўйнида дастурхон ёзиб, зиёфатлар уюштиргани, сумалак ва турли баҳор таомлари пиширилиб, муҳтожларга хайру эҳсон қилингани қайд этилади. Бироқ, бу байрам асрлар давомида бир неча бор қата0онга учрагани ҳам тарихий ҳақиқатдир. Собиқ тузум даврида Наврўзни халқимиз хотирасидан бутунлай ўчирмоқчи бўлишганини бугун кўпчилик яхши эслайди. Хўш, Наврўз нега қата0он қилинди?! Негаки, унда миллат тарихи, руҳияти, эзгу анъаналари мужассам. Наврўзда миллатнинг минг-минг йиллар давомида шаклланган қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ёдга олинади. Олам ва одам яхлитлиги, табиат ҳақида қўшиқлар куйланади, шифобахш баҳорий таомлар тортилиб, кексалар, етим-есирлар, бева-бечоралар йўқланади. Бу эса собиқ тузум мафкура ўчо0ига ўтин қалаб ўтирган гўлоҳларга ёқмаслиги табиий эди.
Халқимизнинг урф-одатлари, байрамлар, сайллар, тўйу томошалар билан боғлиқ одатларимизни қата0он қилиш, она тилимизни хўрлаш, миллатни камситиш давом этиб турган бир пайтда Президентимиз Ислом Каримовнинг миллий қадриятларимизни таклаш борасидаги жидду-жаҳди ҳақиқий жасорат эди. 1989 йил, 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган бўлса, орадан беш ой ўтиб, 1990 йил март ойида Наврўзни умумхалқ байрами сифатида нишонлаш расман эълон қилинди. Шу тариқа Наврўз қайта туғилди. 1991 йилдан буён бу байрам қадимий анъаналар асосида кенг нишонланиб келинмоқда. Наврўз билан боғлиқ «Сумалак сайли», «Гул сайли», «Лола сайли», кураш, кўпкари каби кўплаб миллий ўйинлар, фольклор асарлар қайта тикланди ва улар ёшларни миллий ҳамда умумбашарий ғоялар руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Халқимиз азалдан тўй ва шодиёналарни алоҳида тараддуд билан қарши олади. 15-16 март кунлари бутун мамлакатимизда умумхалқ ҳашари ташкил этилди. Шу куни маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар-жойлари ободонлаштирилди, ариқ-зовурлар тозаланди, зиёратгоҳ, қабристон ҳамда табаррук қадамжолар тартибга келтирилди, мевали, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди, дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Ҳашардан тушган маблағ меҳр-мурувват тадбирларини бажаришга, кўмакка муҳтож инсонлар ва оилаларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатишга йўналтирилади.
Аждодларимиз азалдан Наврўз кунлари етим-есир, бева-бечора, хаста ва муҳтож кишиларга меҳр-мурувват, саховат кўрсатишни ўзининг шарафли бурчи, деб билган. Бундай файзиёб кунларда жамики гина-кудуратлар орадан кўтарилиб, ўзаро самимият, оқибат, ҳамият ва меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкам боғланган.
Халқимиз доим Наврўзни ўзгача бир соғинч, интиқлик ва илҳақлик билан қарши олади. Ёшу қари кўча ва хиёбонларга, гузар ва сайилгоҳларга, дашту далаларга, қир-адирларга чиқади. Сайил қизийди: ҳофизу хонандалар хониш қилади, бахшилар дўмбира чертади, терма ва лапарлар янграйди, аскиячи ва қизиқчиларнинг ичакузди латифаю пайровлари кўнгилларга шодлик улашади. Кишилар дорбозу морбоз, масхарабозу қўғирчоқбозлар бахси, улоқ-кўпкари, пойга, кураш, мерганлик томошаларидан завқланадилар. Дастурхонларни баҳорий таомлар безайди, дошқозонларда сумалак қайнайди...
Наврўз биз учун бунёдкорлик ва яратувчилик байрами сифатида ҳам қадрлидир. Бу айём арафасида шаҳар ва қишлоқларимизда барпо этилган янги иншоотлар, корхона ва ўқув муассасаларини фойдаланишга топшириш хайрли анъанага айланди. Юртимизда шу кунларда янги қўшма корхоналар, ишлаб чиқариш объектлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, маданият ва хизмат кўрсатиш иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар моҳиятида юртдошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, фаровон ва тўкин ҳаётни таъминлашга интилишдек эзгу ниятлар мужассам.
Ҳа, бугун юртимизда, унинг узоқ-яқин шаҳар ва қишлоқларида, барча гўшаларда Наврўз сайли, шодиёналар давом этмоқда.
Озод ва обод юртимизга хуш келдинг, уйғониш, яшариш, янгиланиш ва меҳр-оқибат айёми! Қадимий байраминг — Наврўзи олам муборак бўлсин, Ўзбекистоним!
Нур МУҲАММАД.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.