топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз-қадимий ва боқий байрам

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

Бир неча минг йиллик тарихга эга ушбу байрам аждодларимиз томонидан шарқона янги йил сифатида кенг нишонлаб келинган. Инсон ва табиат ўртасидаги муштараклик, деҳқончилик мавсумининг бошланиши Наврўз шодиёналарида ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам асрлар оша бу байрам боқий қадрият, миллий маросим сифатида яшаб келмоқда. Зеро, Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида қайд этилганидек, Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодасидир.

Халқимизга хос анъана ва фазилатлар мужассамлиги учун ҳам олис ва яқин тарихимизда бу байрамни чеклаш, уни одамлар қалбидан ўчиришга уринишлар бўлган. Лекин ота-боболаримиз ҳар қандай шароитда, ҳатто яширинча бўлса-да, Наврўзни нишонлаганлар, байрамга хос удумларни адо этганлар.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан миллий ўзликни англаш, маънавий қадриятларимизни тиклашга қаратилган юксак эътибор туфайли Наврўз юртимизда умумхалқ байрами деб эълон қилинди ва ҳар йили анъанавий тарзда кенг нишонланмоқда. Юртимиз тарихи ва маданиятига оид қимматли манбалар, қадимий ашёларга эга Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида ҳам Наврўз билан боғлиқ кўплаб маълумот ва экспонатлар сақланмоқда.

— Аждодларимиздан бизгача етиб келган кўплаб тарихий китобларда Наврўз ҳақидаги маълумотлар учрайди, — дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси санъат бўлими мудири Сафура Рўзимуродова. — Жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит-турк», Абу Бакр ал-Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарларида Наврўз тарихи, бу байрамдаги маросим ва ижро этиладиган халқ қўшиқлари билан боғлиқ маълумотлар келтирилади. Уларда баён этилишича, Наврўзни байрам сифатида нишонлаш милоддан аввалги VI-V асрларда бошланган.

Наврўзда ўтказиладиган асосий маросимлардан бири бу — сумалак пишириш билан боғлиқ. Сумалак баҳор ойларида, асосан, Наврўз муносабати билан тайёрланадиган қадимий ва шифобахш таомдир. Унинг келиб чиқиш тарихи бўйича кўплаб ривоятлар мавжуд. Аммо, шуниси эътиборлики, сумалак қўни-қўшни, қариндош-уруғ, умуман кўпчилик иштирокида тайёрланади ва бу жараёнда одамлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланади. Музей-қўриқхонамизнинг археология фондида қадимий Афросиёбда ўтказилган қазишма ишлари пайтида топилган милоддан аввалги VI-V асрларга тегишли ўғир сақланади.

Аждодларимиз Наврўз кунларида пишириладиган сумалак учун ундирилган буғдойни мана шу ўғирда эзиб, ширасини олганликлари манбаларда баён этилган. Ушбу фонддаги Наврўз билан боғлиқ нодир ашёлардан яна бири VII-VIII асрларга оид ошиқлар ҳисобланади. Ошиқ ўйини қадимий миллий ўйинлардан бўлиб, асосан баҳор пайтларида, байрамларда ўйналган. Музейда сақланаётган ўртаси тешик бу ошиқлар айнан ушбу ўйин учун мўлжалланган. Бу ҳақда кўплаб тарихий китобларда маълумотлар бор. Этнография фонди бўлимида сақланаётган Наврўз байрамларида хотин-қизлар кийган миллий либослар, турли тақинчоқ ва безаклар ҳам ўзига хос тарихга эга.

XIX аср охири ва XX аср бошларига оид бу ашёларда Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент ва Фарғона водийси аҳолисининг турмуш тарзи, кийиниш маданияти ва анъаналари ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, музей-қўриқхона тасвирий санъат фондида Наврўзга оид маросимлар, халқ сайиллари ифода этилган кўплаб рангтасвир ва графика асарлари мавжуд. Бу ашёлар ҳам ушбу байрамнинг тарихи, у билан боғлиқ қадриятлар ҳақида ҳикоя қилади.

Жумладан, самарқандлик машҳур рассом Намоз Султонов томонидан 1977 йилда ишланган асарда сумалак пишириш маросими ўз аксини топган. Яна бир таниқли ижодкор Мирсаид Самадов Наврўз маросимидаги кураш миллий ўйинини тасвирлайди. Бундай рангтасвир асарлари Наврўз тақиқланган пайтларда ҳам, халқимиз ўзлигини йўқотмаган ҳолда, бу байрамни тор доираларда бўлса-да, нишонлаганини, анъаналарни сақлаб қолганини кўрсатади. Кейинги йилларда Наврўз байрами арафасида музей-қўриқхонада сақланаётган ноёб экспонатларни жамлаган ҳолда махсус кўргазмалар ташкил этиш яхши анъанага айланиб бормоқда.

Хусусан, бу йил ҳам байрамга бағишланган экспозиция ўтказиш мўлжалланмоқда. Самарқанд шаҳридаги Чорсу галереясида ташкил этиладиган мазкур тадбирда Самарқанд каштачилиги тарихи ва анъаналари, уларда табиат, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси қандай акс этгани ҳақида маълумот берилади. Бундай тадбирлар ёшларнинг халқимиз тарихи ва маданияти, боқий анъана ва қадриятлари ҳақидаги билим ва тасаввурини бойитишга хизмат қилади.

манба

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.