топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз билан боғлиқ бўлган удумлар, анъаналар ва расм-русумлардан намуналар

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият


 


Наврўз куни туғилган боланинг исмини Наврўз қўйишган. Наврўз куни одамлар ота-онаси, яқин кишилари, йигитлар унашилган маҳбубалари билан дийдорлашганлар.


Орасидан гап қочган одамларни, уришган эр-хотинларни эл оғалари Наврўз куни яраштириб қўйишган.


Наврўзда атроф-муҳит орасталанади, ариқ-зовурлар тозаланади, ҳовли-боғлар тартибга келтирилади. Кўчалар, майдонлар, ҳовлилар тозаланади.


Наврўз дастурхонига 7 хил дарахт баргидан намуна келтириб қўйилади. Улар: мажнунтол, зайтун, беҳи, анор, бодом, писта, ёнғоқлар. Шулар қаторида қатиқ, сут, пишлоқ, тухум, балиқ ва ёниб турган шамлар ҳам қўйилган!


Сумалак тагига олмасин учун қозонга етти ёки ўн уч дона тош ташлаб қўйилади.


Наврўз куни бўй етган қизлар бир жойга тўпланишиб, чиройли гулчамбарлар ясашади. Булоқдан кўзаларга сув олиб келиб, ичига узук, исирға, танга ташлашган. Кейин қўшиқ, лапарлар остида сувдан чиқазиб олинган нишонлар бахт рамзи деб ҳисобланган.


 


ЁР-ЁР


 


Тахта-тахта кўприк тахтинг бўлсин, ёр-ёр,


Он ҳазратим қизларидек бахтинг бўлсин, ёр-ёр.


Он ҳазратим қизларини Али олган, ёр-ёр,


Ёр-ёр айтиб қиз бермаклик андин қолган, ёр-ёр.


Йиғлама, қиз, йиғлама, тўй сеники, ёр-ёр,


Остонаси тиллодан уй сеники, ёр-ёр,


Қоматлари келишган ёр сеники, ёр-ёр.


Қат-қатина қатлама қатланади, ёр-ёр,


Қизни олиб янгалари отланадир, ёр-ёр.


Қизни олиб янгалари тура турсин, ёр-ёр.


Қиёматли оталари рози бўлсин, ёр-ёр,


Оқ сут берган оналари рози бўлсин, ёр-ёр.


КЕЛИНСАЛОМ


 


1-аёл: Баланд-пастни бор қилган,


Икки ҳурни бир қилган,


Аввало худога салом.


 


2-аёл: Ризқ бўлсин деб дон берган,


Умматим деб жон берган,


Пайғамбаримизга бир салом.


 


1-аёл: Оппоқ уннинг урпоғи,


Охиратнинг тупроғи,


Ўтган азизларга бир салом.


 


2-аёл: Оқ салласини ўраган,


Охиратини сўраган,


Катта бувасига бир салом.


 


1-аёл: Тўрда гилам тўқиган,


Беш вақт номозини ўқиган.


Катта бувисига бир салом.


 


2-аёл: Этигининг қўнжи йўқ,


Уйда ўтирса тинчи йўқ,


Қайнатасига бир салом.


 


1 -аёл: Угра кесиб эринган,


Ўғил туғиб керилганҚайнонасига бир салом.


 


2-аёл:Элу юртнинг тўраси,


Йигитларнинг сараси –


Куёвтўрага бир салом.


 


1-аёл: Қўчқорларни сўйдирган,


Элу юртни тўйдирган,


Вакил отага бир салом.


 


2-аёл: Бўйи басти чинордай,


Икки бети анордай,


Амакисига бир салом.


 


1-аёл: Меҳмон келса хуш деган,


Меҳмонхона бўш деган,


Холасига бир салом.


 


2-аёл: Этиклари пошнали,


Юрган йўли ошнали,


Поччасига бир салом.


 


1-аёл: Осмондаги юлдуздай,


Қоши-кўзи қундуздай,


Янгасига бир салом.


 


2-аёл: Катта қозон қопқоғи,


Хотинларнинг оппоғи,


Аммасига бир салом.


 


1-аёл: Қозонда сутни тоширган,


Гап топса элдан оширган,


Опаларига бир салом.


 


1-аёл: Томдан ўтин ташлаган,


Энсасини қашлаган,


Қайноғасига бир салом.


 


2-аёл: Уйга кирса сирдоши,


Йўлга тушса йўлдоши,


Қайнсинглисига бир салом.


 


1-аёл: Илиб қўйган ичақдай,


Чархлаб қўйган пичоқдай,


Ошпазига бир салом.


 


2-аёл: Кўйлагини ямаган,


Ҳамма тўйдан қолмаган,


Момоларига бир салом.


 


1-аёл: Оёғида маҳсиси,


Кампирларнинг яхшиси,


Кайвонига бир салом.


 


2-аёл:Очилиб турган гулдай,


Сайраб турган булбулдай,


Жиянларига бир салом.


 


1-аёл: Тилла узук кўзидаи,


Ширмон ноннинг юзидай,


Сингилларига бир салом.


 


2-аёл:Эшик очиб қараган,


Тўй қачон деб сўраган.


Қўшниларига бир салом.


 


1-аёл: Бўйнимдаги маржоним,


Тўкилиб адо бўлди,


Айланай, ёру дўстлар,


Саломим адо бўлди.


Шунингдек, кадимдан Наврузи оламда боболаримиз ва момоларимиз томонидан турли кушиклар куйланган-ки, бу бугунги кунда бизнинг бебахо тарихимиз ва меросимизга, калб мулкимизга айланиб колган. Жумладан: Навруз байрамида куйланадиган халкона  кушикларимиз:


 


 


ЖАРЧИЛАР ҚЎШИҒИ


 


Бор-ҳо,


Кел-ҳо,


Ҳамалим, ҳа-ҳа,


Амалим, ҳа-ҳа,


Сайл бу ёғда,


Ўтирма уйда,


Ўйнагани кел,


Бўйлагани кел,


Кулишгани кел.


Тўлишгани кел.


Беллашгани кел,


Эллашгани кел.


Келмасанг ҳам кел.


Кел-о-ооо...


Э-о-ооо...


Отда чопиб кел,


  Жиянни топиб кел,


Қувнашгани кел,


Қувлашгани кел,


Келмасанг ҳам


Кел-о-ооо...


Ҳамалим, ҳа-ҳа


Амалим ҳа-ҳа.


            Буғдой тўлсин уйингга,


           Бўй қўшилсин бўйингга.


Сайл бунда


Ўтирма уйда


Диллашгани кел,


Сирлашгани кел,


                 Келмасанг ҳам кел-ооооо...


Эл-о-ооо ...


 


НАВРЎЗ ҚЎШИҒИ


 


Наврўз келди, кўрайин,


Қизил гуллар терайин.


Қизил гулга ярашган


Бўйдош олиб берайин.


Қизил-қизил қиялар,


Қинғир ишда уялар.


Қадрин билмас нодонлар


Қизил гул деб куярлар.


Ҳаво ёғди, дим бўлди,


Эшик очган ким бўлди?


Наврўз дея оламга


Бағрин очган ким бўлди?


Эй кўзлар, қаро кўзлар,


Осмондаги юлдузлар.


Тошларга ҳам тил битди,


Келаётир наврўзлар.


Hyp ёғсин қошингиздан,


Ҳам тоғу тошингиздан.


Ҳумо қушлар айлансин


То абад бошингиздан.


 


НАВРЎЗ ЁР-ЁРИ


 


Гул Наврўз этагида


Ҳалинчак бор, ёр, ёр,


Ҳалинчакнинг бошида


Келинчак бор, ёр, ёр


Келинчакнинг қошлари


Камон экан ёр, ёр,


Ошиқларнинг бахти кулган,


Замон экан, ёр, ёр,


Дошқозонда сумалак,


Кавлайман-о, ёр, ёр,


Севганимнинг кўнглини


Овлайман-о, ёр, ёр.


Келинчакнинг рўмоли


Шойи экан, ёр, ёр,


Мафтун қилган қошлари


Ёйли экан, ёр, ёр.


Келинчакнинг йўлига


Гуллар сочай, ёр, ёр,


Дугонамга кўнглимни


Бугун очай, ёр, ёр,


Шундай олам мунаввар


Бўлғусидир, ёр, ёр.


Дугоналар муродига


Етгусидир, ёр, ёр.


 


 


 


ЛАҚАШИҚИЛДОҚ


(Халқ қўшиғи)


 


Аравада онаси,


Лақашиқилдоқ,


Кажавада боласи,


Лақашиқилдоқ.


Эл оғаси Болтавой,


Лақашиқилдоқ,


Салласи бошда сават,


Лақашиқилдоқ.


Бойбува жуда танти,


Лақашиқилдоқ.


Бойбуванинг қизлари,


Лақашиқилдоқ.


Ғўрага кўнгли кетар,


Лақашиқилдоқ.


От қочирдим олисдан,


Лақашиқилдоқ


Ёпқирлари кумушдан,


Лақашиқилдоқ


Сумалак еб бой бува,


Лақашиқилдоқ.


Бош кўтармас болишдан,


Лақашиқилдоқ.


Ҳовлидаги ҳандалак,


Лақашиқилдоқ,


Банд (ин) бериб пишибди,


Лақашиқилдоқ.


Ҳеч кимга ё егизмай,


Лақашиқилдоқ,


Бари ичи тушибди,


Лақашиқилдоқ.


Ёрилсин боғлаб посоқ,


Лақашиқилдоқ.


Арава келар ларзон,


Лақашиқилдоқ.


Ичида моли арзон,


Лақашиқилдоқ.


Наврўз келди элимга,


Лақашиқилдоқ,


Севинч тўлар дилимга,


Лақашиқилдоқ.


Тупловчи:  Г.Ш.Ибрагимова

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.