топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз-ўзбек ва шарқ халқларининг маънавий мероси ҳамда қадриятлар байрами

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият


Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,


Тошқинлар киради қалбимга маним,


Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,


Менинг Ўзбекистон – дилбар Ватаним!


 


Ҳа, Наврўз ҳар йили юртимизга ризқ-рўз, тинчлик, омонлик, бахту иқбол, қут-барака олиб келмоқда. Наврўз ўзининг ана шу эзгу хислатлари билан барча ёшларни ҳар томонлама баркамол, маънавий етук, ватанпарвар, меҳнатсевар қилиб тарбиялашда улкан омил ҳисобланади. Чунки аждодларимиз мероси бўлган Наврўз эндиликда йилдан-йилга янада такомиллашиб бормоқда. Унинг тарбиявий куч-қудрати янада кенгаймокда. Демак, Наврўз баркамол, комил инсонни тарбиялашда муҳим ахамият касб этиб келмокда.


 


Мустақил Ўзбекистонни ривожлантиришнинг маънавий ахлоқий негизларидан бири – умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдир. Халқнинг маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш – Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг энг муҳим вазифасидир.



Маънавият инсонга она сути, ота намунаси, аждодлар ўгити билан бирга кириб боради ва сингади. Табиатга яқинлик, жонажон ўлканинг бениҳоя гўзаллигидан баҳраманд бўлиш маънавиятга озиқ беради, кучайтиради, Маънавият ўз халқининг тарихи, унинг маданияти ва қадриятларини чуқур билиш ва тушуниб етишга суянгандагина қудратли кучга айланади. Тарихга мурожаат қилар эканмиз, бу халқ хотираси эканлигини назарда тутишимиз керак. Хотирасиз киши бўлмаганидек, ўз тарихини билмаган халқнинг ҳам келажаги бўлмайди.


 


Маънавият инсонга ҳаво ва сувдек зарур. Инсон неча-неча азоблар ва қийинчиликлар билан маънавият чашмасини излайди. Маънавиятнинг маъноси кенг бўлиб, у тарих, маданият, ер, оила, ота-она, болалар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, мустақил давлатимизга садоқат, инсонларга ҳурмат, ишонч, хотира, виждон, эркинлик кабиларни ўз ичига олади.


Зеро, Президентимиз «Юксак маънавият-енгилмас куч» асарларида таъкидлаганларидек:


 


«Миллий маънавиятимиз азалдан кандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халкимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам-шаркона янги йил булмиш Навруз айёми мисолида айникса, ёркин намоён булади.


 


Барчамиз доимо орзикиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан утказадиган Навруз байрами биз учун хаёт абадийлиги, табиатнинг устувор кудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси булиб келмокда.


Мухтасар килиб айтганда, янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик  меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан бахраманд бўлиб маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди».


 


Дархақиқат, Наврўз – ўзбек ва шарқ халқларининг маънавий қадриятлар байpaми – мерос бўлиб, у ўқувчи ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, бунёдкорлик, дўстлик, меҳр-оқибат, эзгулик, адолат, тинчлик руҳида тарбиялашдаги бойлик ва буюк хазинамиздир. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ижтимоий хаётнинг барча соҳаларида чуқур ўзгаришлар юз бера бошлади.


 


Аввало бу аҳолининг тарихан узоқ – миллий турмуш ва тафаккур тарзи, халқ анъаналари, урф-одатлари, маънавиятидан келиб чиқаётганлигида яққол намоён бўлмоқда. Ҳақиқий ўзбекона урф-одатларимизнинг ҳаётдан ўрин олаётгани, қадриятларимизнинг ўз мавқеини топаётгани ҳам шундан. Катталарга ҳурмат, оила ва фарзандлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, очиқ кўнгиллилик, одамларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш, ўзгалар кулфатига ҳамдардлик, ўзаро ёрдам туйғуси мамлакатимиз фуқароларига хосдир.


 


Маъанавиятимизни шакллантиришда бу фазилатларни ёш авлод онгига, уларнинг тарбиясига тобора сингдириб бориш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.


Ўрта Осиё, умуман Шарқ халқлари мутафаккирларининг илмий ва бадиий ижодида Наврўзга катта эътибор берилган. Ҳайдар Хоразмийнинг «Гул ва Наврўз» достонида, Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» асарида Наврўз бу – оламнинг хуррамликка юз тутиши, чаманлар чиройи жаннатдан нишон беришини тасвир этади. «Ошиқлар тумори» асарида Наврўз байрамининг латофати куйланади.


1990 йилдан бошлаб республикамизда Наврўз байрами дам олиш куни деб эълон қилинди. У юртимизда яшовчи барча миллат, элатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи байрам сифатида нишонланади.


 


Бу тадбирлар барчаси Наврўз байрамининг барча таълим-тарбия масканларида, оила даврасида, маҳалла, вилоят ва республика миқёсида ташкилий равишда ўтказилишига қаратилгандир.


Шарқ халқлари, жумладан, ўзбеклар орасида тарқалган ва бугунги кунгача етиб келган анъаналар, байрамлар, расм-русумлар, одатлар, удумларнинг ҳар бири ўзига хос одобномадир. Чунки, улар бошдан-оёқ халқ педагогикаси анъаналари, халқ одобномаси, ибратномаси билан йўғрилган.


Хўш, Наврўзнинг маърифий, ахлоқий, тарбиявий воситалари нималардан иборат?


 


Аввало, Наврўз меҳнат, ҳунар-касб, ҳамкорлик, дўст-биродарлик, ўртоқлик, инсонийлик, тантилик, билимдонлик, зукколик, топқирлик, юртсеварлик, тўғрилик, яхшилик, ҳалоллик, адолат, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, қадр-қиммат, тозалик, деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик маданияти, ҳайвонлари, паррандалар, ер, сув, табиатга муносабат, инсонга муҳаббат каби умумбашарий қадриятлар асосида қурилган, уларни тарғиб-ташвиқ қилган халқона байрамдир. Бошқача айтганда, мазкур байрамда халқ донишмандлигию педагогик анъаналари, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий, фалсафий, маиший ҳаёти ва дунёқараши, асрлар давомида тўпланган, қўлга киритган тажрибалари кўз-кўз қилинади. Халқ ўйинлари, жисмоний тарбияга оид қарашлари, ютуқ-тажрибалари намоён бўлади.


 


Булар нималарда, қандай анъаналар, воситалар, методлар, йўллар орқали амалга оширилган?


Ўзбек болалар миллий ўйинлари: (улардан бир қисми умумтуркий болалар халқ ўйинлари бўлиб, бутун Шарқ шу жумладан, Ўрта Осиё халқлари орасида кенг тарқалган) кураш, от ўйини, ёғоч ўйини, кўпкари, пойга, узоққа тош ирғитиш, чиллак зувиллатар, «зув-зув», совунланган ходага чиқиш, ошиқ соққа, бекинмачок, қулоқ чўзма, каптарбозлик, қушбозлик, варрак, бўри-бўри, пошшо-вазир, қўчқор уриштириш, хўроз уриштириш, тухум уриштириш, дўппи отиш, ланка, ҳаккалама-дуккалама, ариқ қазиди, девор урди, қуш ҳайдаш, тойчоқ-тойчоқ, сочпопук, тўй-тўй, келин-куёв, оқизоқ-оқизоқ, меҳмон-меҳмон, қўзи-қўзи, арқон-арқон, сигир соғди, жуфтми-тоқ, лой-лой, парсилдоқ, оқ теракми-кўк терак, боғбон-боғбон, кўчат экди, Ё рамазон, деҳқон-деҳқон, данак ўйини (жуфтми тоқ), қовун-қовун, овуш, мол сўйди, тўптош, ким олади шугинаниё, варрак, лайлак-лайлак, чўп ўйин, қўғирчоқ ўйин, ёғоч от ўйини, туя-туя, эчки-эчки, эшак минди, даста ўйин, қора-қуш, ғиди-ғиди, тарс-турс, халфана-халфана… Рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин.


 


Хуллас, ўзбек халқ миллий болалар ўйинларининг ҳар бири бир олам, ахлоқ-одоб бобида, жисмоний чиниқиш, камолот соҳасида ибратли воситалардандир. Диққатга сазовор томони шундаки, спорт ва жисмоний етуклик билан боғлиқ ўйинлар соф ўйин ҳолатида, айни дамда соз, сўз ва рақс билан биргаликда ижро этилган.


 


Димоққа ялпизлар нафаси урар,


Юракда муаттар чечаклар кулар,


Бир сулув келинчак саломга келар –


Остонага бош ур, азиз меҳмоним!


Наврўзинг муборак, Ўзбекистоним!


 


 


Қишнинг аёзли, қор-ёмғирли кунларидан сўнг ҳавонинг исиб кетиши, кўм-кўк майсазорларда эркин ўйинлар, жисмоний тарбия ва спорт билан боғлиқ машқларга ташналик Наврўздаги болалар халқ ўйинларига хос хусусиятларни белгилайди. Улар нималардан иборат?


Биринчидан мазкур ўйинлар очиқ ҳавода, кенг майдонда ўтказилган, иккинчидан, ўйинлар хатти-ҳаракатлар, куй-қўшиқлар билан ҳамкорликда ўтган; учинчидан, ҳар қачонгидек чаққонлик, эпчиллик, тезкорлик, зукколик, бардошлилик, кучлиликка эътибор қаратилган; тўртинчидан, ўйинларда ҳайвонот дунёси ва ўсимликлар олами, табиат саховатига алоҳида аҳамият берилган.


 


Наврўз болалар ўйинлари ҳам ҳар бир маҳалла, овул, қишлок, даҳа ёхуд туманнинг ўзида мустақил тарзда қатнашчиларнинг хоҳиш-иродасига кўра ташкил қилинган. Бир маҳалладаги ўйинлар иккинчисига, иккинчи овулдаги учинчисига тўғри келиши шарт бўлмаган. Ўйинларни ташкил этиш жой билан боғлиқдир. Масалан, уларнинг кўпчилигини шаҳар муҳитида қўллаб бўлмайди. Шу боис маҳалла, қишлоқ, туман, вилоят ўз имконият, турмуш тарзи шарт-шароитларидан келиб чиқиб, Наврўзнинг бошқа ўйинлари каби болалар ўйинларини ҳам ташкил қилмоқлари лозим.


Юртим, кўклаётган далаларингда


Сумалакнинг хуштаъм бўйлари сезар,


Гўдакларга айтган аллаларингда


Момоларинг қадим куйлари кезар,


Эртадан умидвор боши осмоним,


Бошинг омон бўлсин, Ўзбекистоним!


 


 Айтайлик, қишлоқда Наврўз тантаналари бошланди. Ҳамма ёқда карнай, сурнай, доира овозлари. Чор-атрофда кўкатлар, бойчечаклар… Сумалак учун тараддуд кўрилаётир. Қишлоқда бунинг учун ўрталикдан кенг жой танланади. Жой танлаб, ўчоқ қазишу, ўтин ёришдан наврўзга хос болалар ўйинлари, жисмоний қобилият баҳслари ҳам ажойиб бир кўтаринки, байрамона ҳолатларда бошланади.


 


Ўчоқ қазиш, ўтин тайёрлаш, куракчаларда чопиш шартлари билан ўсмирлару болаларнинг эпчиллиги, куч-қуввати, зарб маҳорати синовдан ўта бошлайди. Ёки қозон атрофига ўралашаётган, бўш турган болага «Эшмат, Тошмат билан олишолмайсанми, кел, ота  ўғил, бир курашга туш-чи», деб уларга ёқа ушлатиш билан кураш бошланиб кетади. Қулоқчўзма учун танга ташланади. Курашга-кураш, беллашувга-беллашув, ўйин кулгига-ўйин кулги қўшилиб кетади. Қийқириқлар, ҳаяжонлар, олқишлар, дуолар, мадҳиялар… Сумалак тун бўйи пиширилиши сабабли ўйин-кулги, қий-чув, шовқин-сурон ҳам бутун тун давом этади...


 


Ҳар бир ўйин ёки жисмоний баҳсда, албатта, инсон камолоти, соғлом ўсиши, бақувват бўлиши учун машқ, яна машқ лозимлиги уқтирилади.


 


Демак, Наврўз маънавият, қадриятлар, урф-одат, анъаналар, меҳнат, шодлик, саломатлик байрами бўлиши билан бирга халқ одобномасидир. Шу боис, у ҳам тарихий, ҳам навқирондир.


Хазрат Навоий баҳор фаслининг яратувчилик қудрати, баҳор ёмғирининг ҳаётбахш фазилати ҳақида  шундай сўз юритади:


 


Чамани баҳри латофат бўлди майсон дурлари бир


Қизил толдек муҳайё қилди ҳар ён шоҳи маржоним.


Баҳор фасли, Наврўз айёми, гуллар чамани инсонларга куч-ғайрат, кўтаринки кайфият бағишлайди, янги-янги орзу-умидлар, завқу-шавқ улашади, дейди Алишер Навоий.


Навоий Наврўз, баҳор, гул мавсумини инсонлар бахту саодати, хурсандчилик билан бирга қўшиб куйлаган.


Мувофиқ кийдилар – бўлмиш магар наврўз ила байрам,


Чаман сарви яшил хилъват менинг сарвиравоним ҳам.


 


Демак, Наврўз гул, шодлик, дўстлик, меҳнат, шунингдек, яшариш, янгиланиш, покланиш, тозариш, бойчечак ифоридек хушбуй, шафтоли гулидек гузал   байрамдир.


Халқ тарихининг бир таркибий қисми бўлмиш миллий урф-одатлар байрами Наврўз ҳозирги кунда кўп миллатли Ўзбекистон халқлари дўстлиги мустақиллигини таъминлаш, Ватаннинг бахт, саодат, равнақи учун хизмат қилади.


 


Тупроқни уйғотиб майса чўзди бўй,


Табиат келиндек бунчалар хушрўй,


Баҳор кунларида ҳар бир кунинг тўй,


Халқим,букун сенга Наврўз муборак!


 


Бош узра қуёш ҳам қилади ханда,


Мунис бир туйғулар меҳмондир танда.


Истиқлол шамоли эсгай Ватанда,


Халқим, бу кун сенга Наврўз муборак!

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.