топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз ва маънавий тарбия

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

 


Тилга кираётир ҳар боғда оғоч,


    Бинафша атридан йўқотдим ўзим.


                                           Бошимни силаб қўй, дўстим қалдирғоч,


          Қайтганинг ишқилиб чинми, Наврўзим!


 


Наврўз байрамининг қачон вужудга келгани ҳақида бизгача етиб келган қадимий манбалардан шу нарса кўринадики, у Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонда Аҳамонийлар даврида (милоддан аввалги VI асрларда) кенг тарқалган. Шу маънода Наврўзнинг тарихини 25-30 асрга эга деб тахмин қилиш мумкин.


Наврўз қачон, қандай вужудга келганидан қатъий назар, у ҳар томонлама илмий асосланиб, коинот ва табиат қонуниятлари ҳисобга олинган ҳолда жорий этилган. Чунончи, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кундузнинг узая бошлаши, ёруғликнинг кучайиши, табиатнинг жонланиши – Наврўз деб қабул олинган (Наврўз – «янги кун»деган маънони билдиради). Наврўз эски қуёш календари ҳисобида фарвордин ойининг бошланишига (ҳозирги 22 мартга) тўғри келган. Букун «кичик Наврўз» деб аталган ва бу кундан бошлаб табиатдаги ҳамма нарса амалга киради, деб ҳисобланган.



Беруний «Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар» номли китобида қимматли маълумотлар бериб, унда кичик байрам фарвордин ойининг олтинчи кунигача давом этганини таъкидлаган. Демак, фарвордин ойининг олтинчи куни «Катта Наврўз»нинг моҳиятини бевосита табиат билан боғлайди ва бу ҳақда шундай ёзади: «… У бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақгда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда насл вужудга келгунча давом этадиган вақтда келади.


 


Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган». Бу фикрлар Наврўзнинг қадимдан табиат ва баҳор байрами бўлганини яна бир карра исботлайди. Бироқ, тарихда Наврўзнинг мазмунини турлича талқин қилиб, баъзилар уни таракқий эттиришга, бошқалар эса уни таъқиқлашга ҳаракат қилишди. Жумладан, грек-македон ва араб истилоси даврларида Наврўз таъқиқланиб, у подшо саройларида, амалдорлар ва дин аҳли давраларида расмий байрам ҳисобланмаган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Наврўз ўтмишдаги ҳар бир синфий жамиятда подшолар ҳукмдорлиги, диний идеология таъсирида шаклан ўзгариб турса-да, у ўзининг асосий моҳиятини сақлаб қолди. У ҳақиқий халқ байрами бўлиб, меҳнат аҳли орасида катта тантаналар билан нишонланган.


 


Бинобарин, қадимдан халқда байрамни ўтказишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бўлган.


Исломгача бўлган Наврўзда оддий халққа тегишли бўлган одатлар ҳам диққатга сазовордир. Байрам куни одамлар бир-бирига шакар ва ширинликлар ҳадя қилиш (ҳаётингиз ширин бўлсин деган маънода), бир-бирига cув сепиш (бу йил сув кўп бўлсин, ҳосил яхши бўлсин деган маънода) ва бошқа одатлар кенг тарқалган. Кейинги асрларда эса ҳовли-жойларни тозалаш, кўкат ва гуллар экиш, ота-она, ёру дўстларни зиёрат қилиш, марҳумларнинг қабрини зиёрат қилиш каби одатлар Наврўз байрамининг таркибий қисмига айланган.


 


Қорлар эриб, дарё сувга тўлиқ бўлсин,


Дон-дун экиб, хирмонлари бўлиқ бўлсин.


Қўй кўпайиб, даштда чўпон-чўлиқ бўлсин,


Кел, баҳорим, ўшал кунни соғинганман.


 


Қачонлардир урушганлар апоқ-чапоқ,


Ёвлашганлар бу кун ҳатто уймас қовоқ.


Етим-есир, ночорларданхабардор гоҳ,


Халқим, азал оқибатинг соғинганман.


 


Маълумки, ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудининг турли жойларида Наврўз ўзига хос усулларда уюштирилган. Уни нишонлаш вақти уч кундан тортиб то 15 кунгача чўзилган. Масалан, Хоразмда Наврўздан олдин жойларда махсус йиғин бўлиб, унда байрам раиси тайинланган, тантаналар, томошалар, сайиллар ўтказиш тартиблари ҳақида сўз борган.


 


Наврўз одатда бозор қошидаги жойларда, катта майдонларда, шаҳар чеккаларидаги сайилгоҳларда уюштирилган. Одатда, байрамнинг биринчи куни қуйидагича бўлган: эрталаб байрам бошлангандан кейин, кун ўртасида мусиқачилар, қўшиқчилар ва бошқа санъаткорларнинг ижролари, кечки пайт эса сайиллар, халқ ўйинлари, базмлар уюштирилган.


 


Наврўзнинг томоша ва мусобақалари кун сайин авжга чиқа бошлаган. Ҳар хил мусобақалар: кураш, кўпкари (улоқ), пойга байрамнинг кўрки бўлган.


 


Шукронаким, Наврўзимнитопдим зўрға,


Мерос дея йигитлариминса йўрға.


Кўпкарида отминсаларким ўзарға,


Ўшал мерос отдупуринсоғинганман.


 


Наврўзнинг жуда катта, буюк тарбиявий хусусиятлари, одамийлик, инсонпарварлик, умумбашарий сифатларини ҳам таъкидламоқ лозим. Наврўз кунлари бутун халқ хушчақчакЛик билан ҳордиқ чиқарган. Бу байрам нафақат хурсандчилик, кулгу, хушчақчақлик билан чегараланади, айни пайтда байрам олди ва ундан кейинги кунларда кишилар ўз юмуш ва тадбирларини ҳам режалаштириб олганлар, унга умид боғлаганлар. Қачон ер ҳайдаб, чигит қадаш, суғориш ҳақида келишиб-кенгашлар ўтказилган.


 


Наврўз – халқимизнинг яратувчанлик меҳнати билан боғлиқ, унинг орзу-умидларини куйлаган, турмуш тарзи, маънавияти миллий руҳини халқ ижоди, усули ва услублари ёрдамида тараннум этган, халқимизнинг бой миллий санъатини, урф-одатларини ўзида сақлаган байрамдир. У ёшларни одамийлик, дўстлик, ўзгаларга ҳамдард бўлиш, меҳрибонлик, меҳр-оқибатли бўлишга ундайди.


Наврўз байналмилал байрамдир. Бу байрамни биз билан бир қаторда Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон халқлари ҳам нишонлайдилар.


 


Ҳозирги кунда Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга юз тутаётган бир пайтда диёримиз қўшни мамлакатлар билан маданий-маънавий алоқаларни мустаҳкамлаб бормоқда. Бу байрам ҳам эзгулик, адолат, инсонга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, халқлар ўртасида биродарлик ва бирдамликни, меҳр-оқибатни янада кучайтиришга даъват қилади.


 


Бу яшил оламга ўзинг бер тўзим,


Шафтоли гулидай ёришар юзим.


Оқ бодом гулини ўпганинг ростми,


Келганлигинг чинми, қадим Наврўзим?!


 


Наврўз кунлари катта бозорлар (савдо-сотиқлар) ташкил этилган ва энг ширин таомлар тайёрланган. Одатдаги (палов, шўрва, кабоб каби) овқатлардан ташқари дўлма, ялпиз, кўк пиёз ва бошқа кўкатлар солинган махсус таомлар пиширилган. Наврўз таомлари орасида сумалак алоҳида ўрин тутган. Чунки сумалакни алоҳида тайёрлашнинг ўзи махсус маросим сифатида шаклланиб, Наврўз байрамининг муҳим қисмларидан бирига айланиб кетган.


 


«Сумалак сайли» (ёки «Сумалак базми») Наврўзнинг «шоҳона таоми» — сумалак тайёрлаш, сумалакхўрликка бағишланган маросимдир.


 Олимларимиз келтирган манбаларга кўра, «Сумалак» сўзининг маъноси, бу ғаройиб таомни тайёрлаш удуми ўзига хос тарихий бўлиб, бу ҳақида улуғ олим Маҳмуд Қошғарий «Девони луғотит-турк», яъни «Туркий сўзлар девони» китобида сумалак хусусида шундай изоҳ беради:


 


«Сумма» ивитилган буғдойноми. Уни қуритиб туйилади.Сўнг ундан угра оши ва нонқилинади. Шарбат учун қилинган ундирилган арпа учун ҳамбу қўлланилади».


Демак, «сумалак» ивитилган буғдой ёки арпа маъносини англатувчи қадимги туркий калом – «сума»дан келиб чиққан. Сумалак пишириш удуми эса Ўрта Осиёда яшаган кадимги туркий қавмлар орасида азалдан кенг расм бўлган.


 


Умар Хайём ўзининг шоҳ асари «Наврўзнома»да сумалак ҳақида мана бундай изоҳ беради: «Сумалак баҳорнинг улуғ ва тансиқ таомидир. Менга ривоят айламишларким, Ҳисравнинг отаси Хормузд арпа ўсиб ётган экинзор олдидан ўтиб кетаётган экан. Арпага қўйилган сув экинзордан тошиб, йўлга оқар экан. Фарвардан ойи экан. Хормузд, «Арпа омонлик дони, унинг кўкати яхши кўкат» деб ичмоқ учун сувдан бир кўза тўлдириб олишга фармон қилди. Арпа орқали ўтган ёки ундан чиққан сув чарчоқни тарқатиб, меъда касалликларини даволайдн. Бу сувни ким ичса, у янги йил арпа пишиғигача касалликлардан муҳофаза қилинган бўлади. Эронликлар, туронликлар ҳам арпа экишнинг уддасидан чиқадилар. Арпа сумалак пиширилган илк кўкатдир.


 


Абу Муслум жунбушидан кейин туронликлар Наврўзни қайта ўз шодиёналарига айлантирдилар. Шайхларнинг эътирозига Муҳаммад алайҳиссалом «Арпа уни тансиқ таомдир, танангизда қувват камайган чоғда уни кўпроқ танаввул қилинглар», деган ҳадиси билан жавоб беради. Боиси, арпа уни ёки кўкатлардан тайёрланган таомлар алломалар ва сўфийларнинг энг хуш кўрган таомидир».


 


Сумалакни асосан аёллар тайёрлаб, улар иш жараёнида суҳбатда бўлишган, ҳикоя, эртак ва ривоятлар айтишган. Вақти келганда ўйин-кулгу қилишган. Сумалак тайёр бўлгач, уни пиширишда қатнашганлар ва маҳалла аҳли сумалакхўрлик қилиш учун «сумалак сайли»га таклиф этилганлар, сумалак сайли иштирокчилари чилдирма (доира) чалиб, рақсга тушиб, хурсандчилик қилишган. Сайил ҳазил-мутойиба, ўйин-кулгу билан ўтган. Асрлар оша нишонланиб келинаётган «сумалак сайли» ҳозирги кунда ҳам кишиларни ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликка чорлайди.


 


Момоларим пиширсалар гар сумалак,


Ўйин-кулгу шодликлардан тўлса фалак.


То тонггача ўтин ташибжоним ҳалак


Бўлса-бўлсин, сумалакнисоғинганман.


Сумалагим тарихи зўр, бу «си-малак»,


Ковлар экан ғайбдан келганўттиз малак.


Ниятларинг ижоб бўлар айтсанг тилак


Момом айтган пок тилакни соғинганман!


 


Наврўз – бу янги қишлоқ хўжалик меҳнат мавсумининг бошланишига бағишланган байрам, шу сабабли кўп жойларда у дала ишлари бошлангунга қадар давом этган. «Наврўз»нинг сўнгги кунида деҳқонларнинг далага қўш чиқариш ва ерга уруғ қадаш маросими ўтказилган. Бу маросим ҳар жойда турлича: «экиш сайли», «Қўш оши», «Қўш чиқариш» («Қўш – мой») деб номланган, Мазкур анъанадан ижобий фойдаланиш натижасида ҳозирги даврда республикамизнинг кўп жойларида пахтакорларнинг меҳнат мавсумини бошлайдиган – «Чигит қадаш» каби маросимнинг янги замонавий шакли вужудга келган.


Офтоб эмиб, мушт кўтариб чигит унса,


Толёғочда юрган болам йигит бўлса.


Ийд Наврўз янги кундабахти кулса,


Янги йилим, янги изингсоғинганман.


Деҳқон бобо ишин етмас адоғига,


Кўли етмас Ойбарчиннинг балдоғига.


Жоним садқа бобом қўлин қадоғига,


Деҳқонимга яхши кунни соғинганман.


 


«Баҳорой» ҳамма ерда Наврўзнинг рамзий образларини гавдалантирувчи байрамнинг асосий қаҳрамони ҳисобланади. Одатда Наврўз Баҳоройнинг ўз дугоналари билан аҳоли яшайдиган кўчаларни карнай-сурнай садолари жўрлигида айланиши билан бошланади. Баҳорой қишлоқ ёки маҳаллаларнинг марказий майдонларида тўхтаб, аҳолини ўлкага баҳор кириб келгани билан табриклайди. Шунингдек, жойларда ўйин-кулгулар уюштирилади, ҳаммани Наврўз байрами тантаналарига таклиф қилади.


Байрамнинг иккинчи қисми маданият ва истироҳат боғларида байрам қатнашчиларининг Баҳорой, Пахтаой ва унинг дугоналарини тантанали кутиб олиши билан бошланади. Сўнг улар безатилган минбарга таклиф этиладилар. Баҳорой байрам қатнашчиларига шодлик, дўстлик ва ободончиликка оид учта шарт айтади. Сўзининг ниҳоясида тураржойлар яшил, обод, гўзал ва куркам бўлиши учун ҳар бир кишини биттадан дарахт кўчати экишга чорлайди ва ўзи биринчилар қаторида белгиланган жойга ниҳолни экади. Сўнгра, бошқалар ҳам навбати билан турли дарахт кўчати ўтқазадилар.


Тантананинг учинчи қисмида баҳор, янги ҳосил йили бошланишига бағишланган дастур, оммавий томоша намойиш қилинади. Базм уюштирилади. Бунинг учун саҳна байрамга мос қилиб безатилади ва унинг теварагига стол-стуллар қўйилади.


 


Байрамнинг театрлаштирилган дастуридан баҳорга бағишланган ўйинлар, меҳнаткашларни руҳлантирувчи турли мушоиралар, қувноқ қўшиқлар ва рақслар, драматик асарлардан лавҳалар, аския ва интермедиялар ўрин олади.


Наврўз байрамининг тўртинчи қисмида оммавий сайиллар, халқ ўйинлари (кураш, отчопар ўйинлари, шахмат, шашка ва ярмаркалар) ташкил этилади. У табиат қўйнида ўтказилса, янада мақсадга мувофикдир.


 


Яна баҳор келди, яна оламда


Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт,


Мен сени қутлайман, шу улуғдамда,


Улуғ елкадошим, музаффар ҳаёт...


 


 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.