топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

 


 


Аввал юрагингга мўралайди у,


Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.


Заминнинг кўзидан қочади уйқу,


Демак, Баҳор келди,


Келмоқда Наврўз


 


Серқуёш Республикамиз Мустақилликка эришгач, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида чуқур ўзгаришлар юз бера бошлади.


 


Аввало, бу аҳолининг тарихан узоқ миллий турмуш ва тафаккури тарзидан, халқ анъаналаридан, урф-одатларидан, маънавиятидан келиб чиқаёттанлиги яққол намоён бўлмоқда. Ҳақиқий ўзбекона урф-одатларимизнинг ҳаётдан ўрин олаётгани, қадриятларимизнинг ўз мавқеини топаётгани ҳам шунинг боисидир. Ўзбек ўзлигига ишона бошлади.


 


Қулоқ тутиб майса оҳига,


Малҳам қўйган кўнгил доғига.


Ҳижрон ёққан ўрик шоҳига,


Оқ рўмолин отган келинчак.


Салом, Наврўз!


Ассалом, Наврўз!


 


Маънавий бойлигимиз бўлган Наврўз ва ҳайитларнинг тикланганлиги жуда савоб иш бўлди. Катталарга ҳурмат, оила ва фарзандлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, очиқ кўнгиллик, одамларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш, ўзгалар кулфатига ҳамдардлик ва ўзаро ёрдам туйғуси халқимизга хосдир.


 


Маънавиятимизни шакллантиришда бу байрамни ёш авлод онгига, унинг тарбиясига тобора сингдириб боришимиз бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир. Асрлар мобайнида шаклланган авлоддан-авлодга бебаҳо мерос сифатида ўтиб келаётган урф-одат, маросим ва байрамлар ҳам миллий мафкуранинг асосий ғояларини сингдирищда муҳим омил бўлади. Шунингдек, Ватанга меҳр-муҳаббат, меҳнатсевар бўлишга, устозлар, маърифатпарварларга нисбатан алоҳида ҳурмат-эҳтиром ҳам ўзбек халқига хос фазилатлар бўлиб, чуқур инсонпарварлик, миллийлик ғоялари билан суғорилгандир.


   Неча йиллар келмай омади,


Дуто бўлган сарв қомати.


Истиқлолнинг чўнг шарофати —


Манглайин шамс ўпган келинчак.


Салом,Наврўз!


Ассалом, Наврўз!


 


  Маънавиятимизнинг шаклланишида юқорида қайд қилинган фазилатларнинг барчасини умумхалқ байрами «Наврўз» ўзида мужассамлаштирган. Юксак маънавий ва миллий қадриятларимиз тимсоли бўлган «Наврўз» байрамини бу кунда ҳам «Мудом бор бўл, Наврўзи олам!» ҳамда «Наврўзинг муборак, Ўзбекистоним!», дея XXI асрнинг ушбу қутлуғ йилида ҳам ўзгача бир тайёргарлик, шоду-хуррамлик ила қарши олмоқдамиз.


 


Наврўз Республикамизда яшовчи барча миллатлар, одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи байрам сифатида нишонланади.


 


Наврўз байрам тадбири барча таълим-тарбия масканларида, оила даврасида, маҳалла, вилоят ва республика миқёсида ташкилий равишда ўтказилишга қаратилгандир.


 


Наврўз байналмилал байрамдир. Бу байрамни биз билан бир қаторда Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон халқлари ҳам нишонлайдилар. Наврўз бу мамлакатда яшовчи кўп халқлар учун азиз ва мўътабар бир айём ҳисобланади.


 


Ҳозирги кунда Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга юз тутаётган бир пайтда диёримиз қўшни мамлакатлар билан маданий-маънавий алоқаларни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этаётир, чунки бу байрам эзгулик   адолат, инсонга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, халқлар ўртасида биродарлик ва бирдамликни янада кучайтиришга даъват қилади.


 


Қирларнинг тўшида эриётир қор,


Термулиб қор каби эрийдир кўзим:


Хоримай, соғ-омон келдингми, баҳор,


Келдингми, қадами қутлуғ Наврўзим?!


 


Энтикиб чопишдан чарчамас сабо,


Ям-яшил насимлар ётибди тўзиб.


Яна ёшлигингга қайтдингми, дунё,


Қайтдингми дунёга яна, Наврўзим?!


 


Ҳа, бугун юртимизга Наврўзи олам ташриф этмокда. Ўрик новдаларида гуллар, қизлар сочларида тол баргак, йигитлар қўлларида эса гулдаста. Ҳамма ёқда яшариш. Олмалар куртак чиқармоқда, қирларни майсалар қопламоқда, сойлар кўпириб оқмоқда.


 


 Арик бўйларида хилва, бинафша-ю, бойчечаклар бўй чўзмокда. Қишлоқларда, маҳаллаларда, овулларда дошқозонлар осилган. Қаердандир чанқовузнинг дилтортар овози эшитилмоқда.


 


Туни билан байрамга тайёргарлик, барча уйғоқ – ҳамма ёқда шодлик, қувноқлик. Куй-қўшиқлар янграмокда, раққослар ўйнамоқда. Одамлар қалбида илиқлик, ғурури ўсмоқда, ғайрати ошмоқда.


Наврўз айёмида ҳазрат Алишер Навоийнинг дилидан отилиб чиққан ва асрлар оша кўп   қалбларни яйратиб келган шу сермаъно сўзлар тилимизга келаверади-келаверади:


Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз!


 Бу мисралар буюк шоир ва мутафаккир талкинидаги сермаъно ва пурмаъно сатрлардир.


 


Хазрат Навоийнинг «Тарихи мулуки Ажам» 1486 йилда ёзилган бўлиб, биз унда шоирнинг улкан шеърий меросида Наврўз, Наврўз байрами, умуман, баҳорнинг фусункор латофати, ҳаётбахш таровати ҳақида кўплаб бадиий лавҳаларни учратамиз.


 


Аввало, шуни айтиб ўтиш керакки, Навоий ўз шеъриятида ҳам илмий асосланган тушунчани — кеча ва кундузнинг баҳорга тенг келиш куни Наврўз деб аталишини бир неча бор мисраларга жойлаб ўтади. Бугина эмас. Шоир маъшуқанинг ташқи гўзал қиёфасини чизищда ана шу тушунчадан жуда ўринли фойдаланади, таносиб санъати воситасида эсда қоларлик лавҳалар яратади. Ана шундай намуналардан бирини «Бадое ул-васат» девонида:


 


Эмди ғам йўқ солди чу кўнглум аро минг сўз


каби шодиёна руҳдаги мисра билан бошланувчи ғазалда учратамиз. Лирик қаҳрамон – ошиқ байрамона кўтаринки кайфиятда, у севимли ёри васлига етишганига шукроналар айтади. Ғазалнинг учинчи байтида эса қуйидагиларни ўқиймиз:


 


Васли аро кўрдум, тенг эмиш бўйию сочи,


Тун-кун тенг экан зоҳир ўлур, бўлди Наврўз.


 


Бунда маъшуқанинг тим қора сочи тунга, келишган қомати кунга қиёсланмоқда, кеча (соч) ва кундуз (қомат)нинг баробарлиги Наврўз билан, висол эса наврўз байрами билан тенглаштирилмоқда.


Навоий умрининг сўнгги йилларида ёзилган:


 


Эй юзуна боғи насимида ҳавойи наврўз,


Лаъл тожинг бўлуб ул боғда бўстон афрўз,


 


байти билан бошланувчи шеърда эса наврўзнинг фазилати, унинг жонбахш, шифобахш ҳавоси, наврўзда киши руҳининг енгил тортиб, парвозланиши ўзига хос ифодасини топган. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, шоир наврўзни қутлуғ, шодиёна кун (байрам) сифатида тилга олади.


 


 Бундай талқин севгида садоқат ва вафо кўрсатган маъшуқа шаънига энг эзгу истаклар билдирилаётган ошиқ тилидан битилган мисраларда, айниқса, равшан юзага чиққан. Ошиқ вафодор ёрнинг ҳар бир туни, орзу-умидлар ушаладиган, мушкулини осон қилиб, мурод-мақсадига етказадиган қутлуғ қадр кечаси («лайлатулқадр»), ҳар бир ёруғ кунининг эса ҳаётбахш наврўз бўлишини хоҳлайди:


 


Зулфу рухсор ила коминга мени еткурсанг,


Ҳар тунунг қадр ўлубон ҳар кунинг бўлсун Наврўз!


 


Навоий талқинида наврўз табиатнинг уйғониши, жонланиши, янгиланиши ва покланиш  фасли — баҳор ҳамдир. Баҳор эса бутун мавжудотга қайтадан ҳаёт бағишловчи, кишилик қалбида меҳр-муҳаббат, севги-садоқат туйғуларини уйғотувчи, шоирнинг жуда чиройли таъбири билан айтганда, ҳатто қуруқ ёғочдан ҳам гуллар ундирувчи сеҳрли ва жонбахш хусусиятга эга:


 


Жамоли васф этармен ҳамдамим ул гулъуз ўлғоч


Қуруқ шох ўйлаким зоҳир қилур гуллар баҳор ўлғоч!


 


Ҳудди шу боисдан ҳам шоирнинг қатор шеърларида ҳаётсеварлик ғоялари ва гўзаллик мадҳи, эзгу орзу-истаклар баёни ва нозик ҳис-туйғулар ифодаси наврўз – баҳор – гул-ишқ туғёни, висол айёми тизмасида уйғун тарзда кўзга ташланади.


Ҳа, шоир таъкидлашича, наврўз – гул фасли, у келгач, олам гулга беланиб, чаман гулистонга айланади. Дархакикат, шоирона таъбир ила Наврўзни фақат баҳор билан, висол айёми билан қиёслаш мумкин:


 


Ғунчага хандон била ҳуснинг у гули хуррам баҳор,


Хаттинг андоқ. сабзаким, бўлғай анга ҳамдам баҳор.


 


Маълумки, севимли бобокалон шоирларимиздан бири Огаҳий ҳам қадим-қадимда:


 


… Илоҳи, ҳар кунинг Наврўз бўлсун,


Ҳамиша толеинг феруз бўлсун!


– дея куйлаганидек, биз ҳам бугунги кунда мустақил диёримизнинг, она Ватанимизнинг ҳар куни шоду-хуррамликка тўлиб, Наврўз бўлиб, бахту иқболи, толеи баланд ва равшан бўлишини истаймиз ҳамда истиқлол юртида:


 


...Бугун далаларга қадалган уруғ,


Иншооллоҳ, ризқу барокот тўлуғ,


Эй, умид ўлкаси, эртаси улуғ —


Ватаним, муборак бўлсин Наврўзинг!


 


ва яна:


 


… Бошингда ҳуррият қуёшинг бордир,


Ўз Туғро, Байроғинг, Юртбошинг бордир.


Мақсадинг, ғайратинг, бардошинг бордир,


Ватаним, муборак бўлсин Наврўзинг! —


деймиз.


Ҳа, ўзбек халқининг севимли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов юқоридаги каби қувнаб куйлаганидек, Наврўз – қут-барака, ризқ-рўз, расм-русумлар, урф-одат ва анъаналар байрамидир.


Ўзбек халқининг миллий байрамларидан бўлган Наврўз байрами ўқувчи-ёшларни умуминсонийлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, иймон-эътиқод, тинчликсеварлик, меҳр-шафқатлилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этадиган тарбия мактаби сифатида маънавий бойлигимиз ва буюк  хазинамиздир.


 


… «Биринчи навбатда миллий маданиятимиз, халқ маънавий бойлигининг илдизларига эътибор бериш зарур. Бу хазина асрлар давомида мисқоллаб тўпланган. Тарихнинг не-не синовларидан ўтган. Инсонларга оғир дамларда мадад бўлган.


Бизнинг вазифамиз-шу хазинани кўз қорачиғимиздек асраш ва янада бойитиш».


 


Шундай экан, бугунги кунда Наврўз байрамининг улкан тарбия воситаси сифатидаги қадру-қиммати янада ортиб, у мустақил диёримизнинг ўқувчи-ёшлари қалбида истиқлол мафкурасини шакллантиришдек буюк вазифани амалга оширишда самарали хизмат қилаверади.


 


Хуллас, Наврўз ҳақида, унинг эзгу хислатлари, унинг буюклиги ва суюклиги, қадимий ва навқиронлиги, эзгулик ва бахт тимсоли, меҳр-оқибат туйғуларини боғловчи  ришта экани тўғрисида шоирларимиз кўп ва хўп куйлашган.


 


Наврўз ва Истиқбол мафкурасининг бугунги кундаги улкан тарбиявий аҳамиятидан келиб чиқиб, таъкидлаш жоизки, Наврўз-кишиларни эзгуликка чорлаши билан бирга, Истиқлол мафкурасининг озод, ҳур, эркин бўлган, умуминсоний, миллий қадриятлари асосида юксак ахлоқли-одобли, ватанпарвар, меҳнатсевар, иймон, эътиқодли ва меҳр-шафқатли комил инсонни тарбиялаш, миллий ғояни шакллантиришдан иборатдир.


 


                                                                         Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.