топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз-яшариш ва янгиланиш фасли

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият


Наврўз мусулмон халқларининг тақвимида мустаҳкам ўрин олган энг сара байрамларидан биридир. У инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни англатадиган ноёб ва ижтимоий ҳамда табиий ҳодисадир. Лекин айни пайтда биз кутиб олаётган, янги йилнинг биринчи куни 1 январь тўғрисида бундай фикрни айтиш мумкин эмас, чунки бу маросим тақвимда турғунсиз бўлган сунъий, яъни кишиларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ ҳолда белгиланган санадир


 


Фикримизча, бу байрамни кутиб олишнинг озгина салбий ва анъанавий томони бор. У ҳам бўлса, қисқа вақт ичида турли тақинчоқ, ўйинчоқлар билан безаш мақсадида миллионлаб қимматбаҳо ихота дарахтларининг ҳануз нобуд қилиниб келинишидир. Тана учун тоза ҳавони етказиб берадиган доимий яшил дарахтларни кесиш одатини тарк қилиш вақти келди деб ўйлаймиз. Негаки авваллари арчалар билан кўча, ҳовли ва хоналарни безаш бутунлай ёт бўлса, кейинчалик бу одат тусига айланганлиги салбий оқибатларга олиб келди.


 


      Жумладан, республикамиз тоғларини безаб турган ноёб манзарали арчазорларнинг йўқолиб кетишдан тоғларнинг яланғочланиб қолишида жорий этилган «Фармоннинг шарофати» (яъни Пётр I нинг 1699 йилнинг 15 декабрдаги Янги йил куни ҳамма жойни арча ва қарағай дарахти билан безаш ҳақидаги фармони) ҳам етакчи роль ўйнайди. Айниқса, асримизнинг 60-80 йилларида маҳаллий тоғли халқ, ҳатто ёшлар ҳам фойдани ўйлаб тоғларда, кишилар гавжум бўлган кўча ва чорраҳаларда кесилган арчаларни бемалол сотар эдилар.


 


Янги йилни юқори, байрам кайфиятида кутиб олиш биз маҳаллий миллат вакиллари учун ҳам анъанага айланиб қолган бўлиб, янги йилни биз ҳам ўта интизорлик, зўр қувонч билан кутамиз. Айниқса, болажонлар севинчи чексиз. Фақат мусулмон халқларида дарахт экиш жуда савобли иш ва муқаддас бурч ҳисобланганлигини, ҳатто ўзбекларда «гуноҳинг кўпайса дарахт эк» ёки «фарзанд курсанг кучат утказ, дарахт эк» деган нақллар борлигини эслаб ўтмоқчимиз холос. Бинобарин, халқимиз дарахт кесишни катта гуноҳ ҳисоблаб, ўз фарзандидек парвариш қилиб келган. Қолаверса, Наврўзда дарахт ўтказиш  юртимизда анъанага айланган.


 


Қадим-қадимдан халқимиз Наврўз арафасидан бошлабоқ, ризқ-рўзимиз манбаи она ерга алоҳида меҳр билан ишлов бериб, уруғ қадаган, мевали ва мевасиз дарахтлар ўтказиш маросимлари ташкил этилган, хилма-хил тансиқ таомлар, пишириқлар тайёрланган, турли мусобақалар, ўйин-кулгулар, сайиллар ва ҳоказолар бўлиб ўтган. Дарҳақиқат, ўз халқига қайтарилган янги йил – Наврўз барчага олам-олам қувонч келтириб, маънавий озиқ берадиган тақвимдаги муҳрланган қадимий анъанамиздир.


 


Наврўз халқимизнинг она ерга бўлган муносабати, ундан эҳтиёткорона, билиб, тушуниб, ҳосилдор ерлар сифатини, экологик ҳолати, унумдорлигини сақлаш ва ошириш, кишиларда табиат ва у барпо этган эҳсонларга муҳаббат билан муносабатда бўлиш кераклигини уқтирган, тарғиб этган.


 


«Наврўз» деҳқонларнинг баҳорда дастлабки дала ишларини бошлашлари билан боғлиқ маросимдир. «Наврўз»нинг охирги кунларида ерларни шудгорлаш, экин экиш бошланади. Худди шу ҳолатлар билан боғлиқ ҳолда «қўш-қўшиш», «қўш оши» «биринчи чигит» («Экиш сайли») каби кўплаб удумлар вужудга келган.


«Наврўз»нинг жуда катта, буюк тарбиявий хусусиятлари, одамийлик, инсонпарварлик, умумбашарий сифатларини ҳам таъкидламоқ лозим. «Наврўз» кунлари бутун халқ хушчақчақлик билан ҳордиқ чиқарган.


 Бунчалик умумбашарий, умрбоқий яхшиликларни тарғиб қилувчи азалий ва навқирон удумимизни ҳар қанча таъриф этсак, ривожлантирсак арзийди. «Наврўз» нафақат хурсандчилик, кулгу, хушчақчақлик билан чегараланади, айни пайтда байрам олди ва ундан кейинги кунларда кишилар ўз юмуш ва тадбирларини ҳам режалаганлар, унга маълум умид боғлаганлар. Март ойининг бошланиши биланоқ катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган қариялар янги мавсум режаларини фикрлаганлар, намгарчиликка, об-ҳавога қараб, қайси ерларга қандай экин экиш, сувни қандай бўлиш ва уни тежаб-тергаб тақсимлаш, қайси кундан бошлаб ерни ҳайдаш, чигит қадаш, от-улов, омочларни ер ҳайдашга ҳозирлаш каби кўплаб масалалар хусусида маслаҳатлашиб олганлар. Шунинг учун «Наврўз байрами 21-22 март кунлари – кун билан тун тенг келган куни Янги йил сифатида хушчақчақ ўтказиладиган байрам, деган фикр билангина чекланмаслигимиз лозим. «Наврўз» март ойининг дастлабки кунларидан бошлаб халқимиз катта тайёргарлик билан ўтказадиган баҳор байрами ҳисобланади.


Биз «Наврўз»ни тайёрлаш ва ўтказиш жараёнида унинг даврлар, асрлар оша бизга қадар етиб келган халқчил анъаналарини тиклашимиз, уни замонамиз, халқимиз манфаатлари, ҳаёти, мақсад-умидлари билан боғлиқ ҳолда ривожлантиришимиз лозим.


 


Қадимий ва навқирон «Наврўз» республикамизнинг турли шаҳарларида ўтган. Байрам давомида полвонлар, аскиячилар, қизиқчилар, қўғирчоқбозлар, дорбозлар чиқиши, созанда, новазандаларнинг ўз санъатларини намойиш этишлари, халқ сайли, ўйинлари, базмлар деярли ҳамма жойда ўтказилган.


 


Ҳозирги «Хотира куни»да қилинадиган барча ишлар ўтмишда «Наврўз» байрами давомида, унинг узвий бир қисми сифатида амалга оширилган.


 


Айниқса, шаҳарларда «Наврўз» жуда катта тайёргарлик билан ўтказилмоғи лозим. Ҳар бир даҳада карнай-сурнай, ноғорa садолари остида кишиларни йиғиш, миллий кийиниш, миллий рақс ва қўшиқлари, амалий санъат намуналари ва яна бошқа халқ қадриятларини, бойликларини намойиш этиш зарур. «Наврўз» байрами кунларида томоша масканларида, боғ ва майдонларда қизиқчилар, масхарабозлар, ансамбллар, полвонлар, ёш хонандаларнинг чиқишларини тайёрлаш, миллий амалий санъат намуналари, ҳунармандлар кўрик-мусобақаларини ўтказиш лозим.


 


      «Наврўз» – халқимизнинг яратувчанлик меҳнати билан боғлиқ, орзу-умидларини куйлаган, унинг турмуш тарзи, маънавияти, миллий руҳини халқ ижоди усули ва услублари ёрдамида тараннум этган, халқимизинг бой миллий санъатини, урф-одатларини ўзида сақлаган байрамдир.


 


«Наврўз» кунларида халқимизнинг оғзаки ижодидаги турли-туман жанрлар ажойиб шаклларда, бутун нафосати билан намоён бўлишини кўрамиз. Шулар билан бирга «Наврўз»нинг ҳозирги шароитдаги жуда катта маънавий-тарбиявий қимматини бир дақиқа ҳам унутмаслигимиз даркор. У кишиларни, айниқса, ёшларни одамийликка, дўстликка, ўзгаларга ҳамдард бўлишга, меҳрибонликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундайди.


 


«Наврўз»ни асрлар мобайнида худбин-манқуртлар, жоҳил шоҳу амирлар, баъзи ақидапараст дин пешволари-ю, бебош замона тўра ва беклари таъқиқ қилганлар. Лекин халқ дилида жо бўлган Наврўз барҳаёт ақл-идрок ила ҳар гал ғалаба қилди. Зотан, Наврўзнинг мустақиллик шабадаси эпкинида қайта тикланиши ҳам адолатнинг тантанаси, ақл-идрок ғалабасидир.


 


Наврўзни нишонлаш Марказий Осиёда ва қатор Шарқ мамлакатларида қадим даврда вужудга келган удум. У аста-секин шакллана бориб, маълум расм-русм, урф-одат, кундалик турмуш эҳтиёжлари заминида таркиб топиб, анъанага айланган.


 


Яна кўхна Наврўзимизнинг келиб чиқиш тарихига қайтадиган бўлсак, «Хўш, Наврўзнинг ёши нечада узи?, деган хакли савол тугилиши табиий. Юкорида бот-бот такрорлаб утганимиздек, катор манбаларда Нарўзнинг қўҳналиги ҳақида ривоятлар келтирилади. Энг тўла маълумотлар ва аниқ илмий хулосалар Абу Райҳон Беруний, Умар Хайём асарларида келтирилади. Кейинчалик эса Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида ҳам Наврўзнинг қадимдан байрам қилиниши таъкидланади.


 


Умар Хайём ҳам «Наврўзнома» асарида Наврўз нишонланиши ҳақидаги ривоятларини подшоҳ Жамшид даврига тақайди. «Жамшид шу кунни (Фарвардин ойининг боши) Наврўз аталсин, деб фармон берди ва одамларга ҳар йили Фарвардин ойи киришини байрам қилишни, уни янги йил деб ҳисоблашни буюрди», – деб ёзади Умар Хайём.


 


Хуллас, ривоятлардан икки хил хулоса келиб чиқади: биринчиси: Наврўз билан боғлиқ ривоятларнинг кўпи пошоҳ Жамшидга мансуб воқеалардан иборат; иккинчиси бу ривоятларда Наврўзни белгилашда табиат қонуниятларига амал қилингани маълум бўлади.


 


Наврўз ҳақида турли маълумотлар Маҳмуд Қошғарийнинг (XI аср) «Девони луғотит турк» асарида ҳам баён этилади.


 


Булардан ташқари қатор ёзма манбаларда ҳам Наврўзнинг қадимийлигига ишора этувчи талай ривоятлар мавжуд.


 


Мустақиллигимиз шарофати билан ўзимизга қайтган, қайтаётган барча қадриятларимиз бири-биридан азиз. Аммо Наврўз бўлакча...


 


Айнан шунинг учун ҳам бизни тарих майдонидан миллат сифатида йўқотмоқчи бўлган мустабидлар Наврўзи оламга тош отган эдилар. Негаки бу тантана миллатимизнинг дунёда минг-минг йилдан бери яшаб келаётганини исботлаб туради. Шу ўринда чор Россиясининг Туркистон ўлкасидаги генерал-губернатори, золим, босқинчи Скобелевнинг: «Агарда сен бирон-бир миллатни енгмоқчи бўлсанг, аввало унинг урф-одатини, динини йўққил, шундагина бу миллат ўз-ўзидан тугайди ёки сенга таслим бўлади», деган сўзларини эслашни ўзи кифоя. Биттагина сумалак аталган сеҳрли таомнинг ўзи аёлларимизнинг қурби, қодирлигидан белги эди. Қўшиқ айтиб ёмғир ёғдирган, бир-бирига яхшиликлар тилаб эшикма-эшик бойчечаклар улашган, қир-адирларни гумбурлатиб, туёғидан юлдуз сачраган тулпорларни кўпкарига солган халққа «гумроҳ, бесавод, лаёқатсиз» деган ёмон ёрлиқ тақиш учун миллатимиз ёвлари қора калхатлардай Наврўзимизга панжа урдилар.


 


Халқнинг хақлиги айниқса, ҳақоратланган, ҳамиятига тегилган лаҳзаларда намоён бўлади. Ота-боболаримизнинг ғолиб руҳини, гўзал юрагини, заҳматга мойил, кўклаш, кўкариш тарафида турган кўнгли, жаҳди, азми, жазмини эслатиб турувчи бу байрамни сақлаб қолиш учун ўзбеклар тик оёққа қалққан эди. Юртбошимизнинг бу борадаги мардонавор қўллаб-қувватлашлари ва раҳнамоликлари эвазига яна соғинган қалбларга қайтди Наврўз..


 


...Ҳар қандай миллатнинг эзгулик йўлида бирлашиши яхшилик билан тугайди. Азалдан бизники бўлган Наврўз абадга бизники бўлди. Мана, бу қувончли сўзни яна бутун ишонч билан такрор айтаяпмиз. Яна тўлишган, тўлиққан тупроққа уруғ қадаяпмиз. Яна юртимизнинг мусаффо осмонларини тўлдириб турналар қайтаётир. Калдиргочлар уй пештокига ин куяётир… Озод болалар юраги варрак шаклида парвоз қилаётир. Чирманда, най, карнай-сурнайлар элимизда уйғониш фасли бошланганини овоза қилаётир. Йўқловлар, учрашувлар, дийдорлашувлар… ва бу хуш онлар, саодатли лаҳзалар учун шукроналик..


.Қалдирғочим, қоши ҳилол қариндошим,


«Вижир-вижир» дуо ўқиб, бўл йўлдошим.


Қорақошим, қурган ининг сабрдошим


Келақол-ей, элчигинам, соғинганман.


 


Шукронаким, Наврўзимни топдим зўрға,


Мерос дея йигитлари минса йўрға,


Кўпкарида от минсалар ким ўзарға,


Ўшал мерос от дупурин соғинганман.


 


Наврўзни шоира шундай талқин қилади: «… Наврўзнинг удумлари кўп. Бири арғимчоқ учиш. Бу энди янада баландлайлик, қанотланайлик деганимикан зукко аждодларимизнинг? Яна бири ширинликлар улашиш… Ҳамма-ҳаммага фақат ширин нафас, ширин сўз ҳадя этайлик деганимикан бу?


 


Яна бири – сув сепиш. Бунда жонланмоқ, шиддатланмоқ, шаҳдланмоқ фурсати етди деган даъват зоҳирмикан?


 


...Ҳарна бўлса-да, Наврўз бутун хотираси, ёди, кўриш, кўркамлиги, чорловлари билан бизнинг уйимиздадир.


 


Ишончли, эътиқодли, собит сарбони, ёруғ манзилларни кўзлаган карвони билан Сенга рўбару турган бу Ватан Ўзбекистондир».


Ташрифинг кўз устига яхшимиз, яхшилардан ёдгоримиз, муқаддас НАВРЎЗИМИЗ!, дея унга пешвоз чиқадиган кун  жуда яқин:


 


Пойимга поёндоз бўлган гул-чечак,


Сени кўзларимга суртайин ўзим.


Келдингми, қўрқмасдан, ботир бойчечак,


Ростдан ҳам келдингми, ахир, Наврўзим?!


 


Тилга кираётир ҳар боғ, ҳар оғоч,


Энди мен ичимга ютайин сўзим.


Қайтганинг ишқилиб ростми, қалдирғоч,


Айтақол, ташрифинг чинми, Наврўзим?!


       


Наврўз – тириклик рамзи, ҳаёт байрами. Яшариш, покланиш, тозариш ва янгиланиш айёми!.. Чунки баҳор келиши билан борлиқнинг ранги, таровати ўзгаради. Иккинчи томондан, табиат неъматларининг ижодкори ҳисобланган деҳқон далага чиқади. Қадимда хўкизга омоч қўшилган. Учинчи бир жиҳат, бу кунда момоларимиз сумалак тўла дошқозонларни қайнатишган. Буларнинг ҳаммаси, оғоч ковагидан бош кўтарган ёки мудроқ уйқусидан уйғонган чумоли мисоли инсонларнинг қишдан сўнгти тириклиги, ҳаётидир.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.