топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўз ва анъаналар

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

          


Бинафшанинг баҳор баргини


Юзларига ёпган келинчак.


Кўриб қанча замон зарбини,


Энди бахтин топган келинчак.


Салом, Наврўз!


Ассалом, Наврўз!


 


Тарихий манбаларда келтирилишича ва олимларимиз фикрига кўра, Кадимий ва навқирон Наврўзимизнинг шаклланиш даври — энг қадимги замонлардан «зардуштийлик»нинг пайдо бўлишигача давом этган асрларни ўз ичига олади, дейилади.


Ўзбек халқининг алломаларидан бири Абу Райҳон Беруний «Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: «Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, – дейди. — Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатаркан. Наврўз эронликлар «зиж»лари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган вақтларида Қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган» дея изохлайди.


Қадим-қадимдан Наврўз холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхталган, гина-қудратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлашган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан ўтишган. Бу ҳақда Лутфийнинг «Гул ва Наврўз» достонида шундай сатрлар ҳам бор:


 


Улусга мустаҳиқларни қилиб шод,


Ҳамул дам бандиларни қилди озод.


 


Баҳор ва янги айём ҳар бир юракдан муҳим жой олган қувончли дамларда кўпчиликнинг «Наврўз қаерда ва қачон пайдо бўлган экан?» – деган саволига «Саодат» журналида эълон қилинган «Онақутининг саховати» мақоласида бунга асосли жавоб берилган. Унда жумладан: «Дунёга илк алифбони берган буюк алломаларнинг ватани бўлган, дунёвий фанларга асос солган Хоразм юрти қадимда, ҳатто эрамиздан аввалги мингинчи йилларда Хвайразам деб аталган. Кейинги йилларда олиб борилган археологик ва этнографик изланишлар Наврўз байрами илк бор худди шу заминда Нисо (яъни, аёл шаҳри пойтахти бўлмиш Парфиёна) грек ва Оврупа файласуфлари асарларида Парфияда нишонланганини ашёвий топилмалар тасдиқлади. Бунга Бургут қалъа, Жомбоқ қалъа ва Нисо қўрғонларида бунёд қилинган ва шу кунларгача сақланиб қолган «олов уй»лари яққол мисол бўла олади. Бургут қалъа марказида мовий гумбазли мақбара бўлган. Мақбара меҳробида Онақутининг кўтарилган қўлида Зумрад тош бўлган. Баҳорги тенг кунликда-шамсий хисоб билан ҳамал ойининг биринчи куни, ҳозирги тақвимимиз бўйича 22 мартда мақбара гумбазидаги туйнукдан қуёш нури Онақути қўлидаги Зумрад тошига тушиб, сумалак пишириш учун тайёр турган қозоннинг ўтхонасига ўт ёққан», дейилган.


Аждодларимизнинг уддабуронлигидан, беқиёс илмга эга бўлганлигидан далолат берувчи бу сўзларни ўқиганимизда қалбимиз бир олам шодликка тўлади. Халқимизни инқилобдан олдин саводсиз бўлган, дегувчи баъзи кимсаларга шу сўзларни алоҳида-алоҳида эслатгимиз келади.


Янги йил байрамимизнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида  яна кўплаб манбаларда ва донишманд халкимиз орасида хамда изланувчан олимларимиз асарларида айрим афсоналар хам мавжуд булиб, масалан, Усмон Корабоев, («Мулокот», 1991 й, 3-сони) маколасида келтиришича,  «зардуштийлик ақидасига кўра, яхшилик худоси Аҳурамазда (Ҳурмуз) – баҳор-ёзда, ёмонлик худоси Анхара-Майнью (Аҳриман) – куз ва қишда ҳукмдорлик қилар эмиш. Баҳорнинг биринчи куни яхшилик худоси ёмонлик худоси устидан ғолиб чиққан муқаддас сана ҳисобланиб байрам қилинган. Бу айнан биз нишонлаётган Наврўз кунига тўғри келади.


Бошқа афсоналарга қараганда, Одам Ато Момо Ҳаво билан учрашган кун Наврўз деб тан олинган эмиш.


Фирдавсийнииг «Шоҳнома»сида янги йил байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб кийим тўқитади, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, «ишлари гуркираб берганда мева» бир куни тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу куни Наврўз нишонланган.


Алишер Навоий «Тарихи мулуки ажам» (“Ажам шоҳлари тарихи”) асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўз ихтиро қилинганлигини баён қилади. Навоий ёзишича: «Жамшид «Чиҳил минор» номли одамзод кўрмаган ва ақл бовар қилмайдиган баланд бино қуриб… «бу иморат туганди, олам саломин ва ашров ва аҳбарин йиғиб, анда азим жашн қилди. Ул вақтким, қуёш нуқта эътиқодли рабийға тақвил қилиб эрди ул бинода тахт устига ўлтириб, адолат сайт ва садосин оламға мунташир қилди ва ул кунининг отин наврўз қўйди».


Беруний фикрича ҳам Наврўз Жамшидга боғланади: «Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбовандан (Дамованд тоғи) Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайит қилдилар ва Жамшиднинг (аравада учишига) тақлид қилиб арғумчоқларда учдилар».


 


Соғинганман, ҳилол ойнинг балқишини,


Бўтана сув гоҳо тиниб қалқишини,


Баҳоройим, чорлаб келгин бахт қушини


Ўшал қушнинг бахт беришин соғинганман!


 


Дархакикат, Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин бўлса-да, шуни айтиш мумкинки, бу байрам доно кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки Наврўзнинг дунёга келиши чуқур илмий асосланган коинот ва табиат қонуниятлари, яъни Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви, кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ бўлган. Бу эса (ҳар қандай жамиятда) йил боши қачон келишидан қатъи назар наврўзни уйғониш байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган. Бундан ташқари, Наврўзнинг чуқур илдизларига мурожаат қилсак, у энг қадимий даврларда – ибтидоий одамларнинг деҳкончиликка ўтганидан сўнг далаларда янги иш мавсуми бошланишидан олдин ўтказилган баҳор байрамларига бориб тақалади.


 


 


Элим кутар, баҳоройу, Наврўзини,


Ният қилар берсин деб халқ ризқ-рўзини,


Дилга етказ аждодларнинг хақ сўзини,


Очил гулим, гулжамолинг соғинганман.


 


Қалдирғочлар ин қўйса уй пештоқига,


Деҳқон бобо ишин етмай адоғига,


Жоним садқа бобом қўлин қадоғига,


Деҳқонимга яхши кунни соғинганман.


 


Бугун мана яна элимизга Наврўзи олам уз сепини ёймокда. Маълумки, халқимиз истак-хоҳишларини эътиборга олган холда Юртбошимиз томонидан, 21 мартни дам олиш куни деб эълон қилинган.


Наврўз барча вилоятларнинг шаҳару қишлоқларида, корхоналарида, илм-фан даргоҳларида ўзига хос тарзда  кутаринки кайфият ва ташаббус ила ўтказилади. Байрам куни турли хил мусобақалар, қариялар билан мулоқотлар бўлади. Баҳор кўкатларидан тайёрланган нозу неъматлар тортиқ этилади. Барча вилоятларнинг энг истеъдодли ва ёш xoнaндалари хизматда бўладилар.


Элимизнинг муроду мақсадини куйлаган, юртимизнинг орому осойишини ўйлаган, бутун борлиқ мурувват айлаган, бағрига бениҳоя эзгу муҳаббат жойлаган, ёмонликлар йўлин бойлаган, яхшиликдан достон сўйлаган, барчани бирдай сийлаган байрамдир бу.


«Бу байрамни баҳори баробар келгувчи, бир хил йиғлаб, бир хилда кулгувчи, мучал йилини билгувчи, урфини ҳурмат қилгувчи талай элу элатлар, мазҳаблару миллатлар янги йил деб нишонлайдилар. «Тўқсон»нинг бахайр ўтганини, яъни «кўк»ка оғизлари етганини айтиб, бир-бири билан омон-омонлашади».


Бу кун косаларга сумалак сузилади. Шоирлар кўнглида шеърлар тизилади:


Мунисам, келдингми бойчечак тақиб,


Қирларда лоладан гулханлар ёқиб.


Юрагим тўлмоқда пойингга боқиб,


Омон-омонмисан, бормисан ўзинг –


Суюк Наврўзим!


Бир вақтлар бўлдики, Наврўз эскилик сарқити ҳисобланиб, сумалаклар ағдарилиб, уни таъқиқлаб қўйдилар. Шоир айтганидек:


Сенга тош отганлар ғайрилар эмас,


Эсидан, ҳушидан айрилар эмас,


Ўзларимиз эдик, ўзларимиз бас,


Нетай бир-бирига ёв бўлса кўзим –


Куюк Наврўзим!


Ва ниҳоят, ўша – арабу мўғул ўчиролмаган, «ўзларимиз» ўзга номга кўчиролмаган, офтобни хира булут яширолмаган кун келди. Бу кун туғида ва хақ деганининг кўз қорачиғида келди. Уни кўплар интиқ кутдилар, шоирлари юрак дардларини шеърга тўкдилар:


Басирлар билурми, тонг отар яқин,


Ғофиллар уйғонур, сен чақсанг чақин,


Не ажаб, болга ҳам тил энса бир кун,


Кел, аҳли ноқисга тилайлик тўзим,


Буюк Наврўзим!


Узининг курку таровати, нафосати, мазмун-мохияти билан, бунёдкорликни, яратувчанликни, мехр-мурувватни, хамжихатликни, бир Суз билан айтганда Мустакилликни ифода этувчи буюк ва суюк Наврузимизнинг тарихи ва илдизларига, у хакда аллома мутафаккирларимизга яна мурожаат киладиган булсак: Буюк аллома Абу Райҳон Беруний ўзининг «Осор ал-боқия» («Қадимги ҳалқлардан қолган ёдгорликлар») асарида шундай баён қилади: “Аббосийлар халифаси ал-Маъмун (810-833 йиларда подшолик қилган) ўзининг яқин кишилари бўлмиш Али ибн Мусо ар-Ризодан «Наврўз нима?» деб сўраганда, у: «Наврўз фаришталар улуғлаган кундир, чунки улар шу кунда яратилганлар, уни пайғамбарлар ҳам улуғ тутганлар, чунки Қуёш шу кунда яратилган, у замоннинг биринчи кунидир», деган.


Хавашяликларнинг айтишича, Сулаймон подшоҳнинг узуги йўқолган кун подшоҳлиги ҳам қўлидан кетган. Қирқ кундан кейин узуги топилгач, подшоҳлиги ҳам, равнақи ҳам қайтиб келган. Подшоҳлар унинг ҳузурига тўпланадилар. Шунда эронликлар «Наврўз омад», янги кун келди» деганлар. Натижада шу кун Наврўз деб аталади.


 


Ҳозир 21 мартдан то 3 майгача барча кунларни Наврўз ойи деб байрам қилинади. Бу кунларда турли урф-одатларни эслаб, атроф-муҳит тозаланади, кукаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари авж олади, хар хил мевали ва мевасиз ихота кучатлари утказилади, гуллар экилади, турли кўкатларни териб, витаминли таомлар, буғдой ундириб, сумалаклар пиширилади. Қариндош-уруғларни ёд олиб улар холидан хабар олишга борилади, ота-боболарни, ўтган авлодларни хотирлаб, қабрларини зиёрат қиладилар. Беморларни Наврўз таомлари билан йўқлаб, кўнгил кўтарадилар ва шундан кейинги кунлардан дала, ишларига киришиб кетадилар.


Мусулмон давлатлари, жумладан, Марказий Осиё халқлари Милоддан аввалги III асрдаёқ Наврўз байрамини Янги йил тариқасида кенг нишонлаганлар.


 


Янги йил – йилнинг биринчи куни бўлиб, дунёдаги кўпгина халқларнинг энг муҳим байрамидир. Янги йилни кутиб олиш ва нишонлаш турли даврларга тўғри келган. Масалан, бизда Наврўз 21 март куни. Оврупаликлар Янги йилни 1 январда, мўғул ва хитойликлар Янги йил-цагалганни февралда нишонлар эканлар.


 


Баҳор фаслининг кириб келишини кутиб олишга тааллуқли бўлган барча урф-одатлар орасида Янги йил – Наврўз шакл ва мазмунан алоҳида ўрин тутади. Наврўз кишиларни табиатга яқинлаштирган, инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро узвий алоқадорликни акс эттирган мусулмон халқларининг ажойиб ва ноёб маданий-маънавий меросидир.


Офтоб эмиб, мушт кўтариб чигит                          


                                                    унса,


Тол ёғочда юрган болам йигит бўлса,


Ийд Наврўз янги кунда бахти кулса,


            Янги йилим, янги изинг соғинганман


 


Мутахассисларнинг асосланган фикрларига кура, Қуёш айни шу куни ҳаётбахш нурларини тик, яъни 90 даража бурчак ҳосил қилиб, сайёрамизнинг қоқ белига – экваторга йўналтиради. Шу дақиқаларда баҳорги кеча-кундуз тенглашади ва 22 мартдан бошлаб Қуёшнинг тик йўналган нури шимолий тропик чизиғи томон ҳаракатланади. Бу Наврўзнинг илк ва қутлуғ қадами бўлиб, табиатнинг жонланиши билан кишиларнинг хўжалик фаолияти ўртасида уйғунлик намоён бўлади. Жумладан, бобо деҳқон она ерга меҳр ишлов беришга киришади; табиат ўт-ўланлар, қир-адирларни гилам сингари яшил либосга бўяйди...

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.