топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Истиқлол Наврўзи

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

 


(таълим муассасаларида ўтказиш учун тартибот)


 


Наврўз байрами ўтказиладиган жой анъанага хос безатилади. Тадбирни ўтказиш учун атрофи мевали ёки манзарали дарахтлар бор жой танланса мақсадга мувофиқ бўларди. «Наврўз»  осойишталик рамзи!», «Истиқлол Наврўзибахту иқболим!», «Ассалом, Наврўзимсен ризқу-рўзим каби шоирлар плакатларда акс эттирилади.  


 


Карнай-сурнай, доира садолари ҳаммани байрамга чорлайди. Тадбирга таклиф қилинган меҳмонлар – ота-оналар, устозлар, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар безатилган дастурхон атрофига ўтирадилар.


Ёғоч от минган жарчи йигитлар халқ байрами бошланганлигидан дарак берадилар.


1-жарчи:


Югуринглар, елинглар,


Эшитганлар келинглар


Элимга келди Наврўз


Сероб бўлар ризқу-рўз.


 


2-жарчи:


Кеча-кундуз баробар,


Бир-биридан сарвар


Баҳордан келди хабар


Барча яқин биродар.


Шўх куй садоси остида миллий либос кийган бошловчи йигит ва қиз даврага кириб келадилар.


 


Қиз:


Ассалом, кўклам севинчи Наврўзи олам, марҳабо,


Ассалом гуллар илинжи Наврўзи олам, марҳабо!


Қутлуқ бўлсин пойқадаминг, юртимизга хуш келдинг.


Ташна кўнгиллар қувончи Наврўзи олам, марҳабо.


 


Йигит:


Бу кун муборак тонг, Наврўзи айём,


Бу кун эзгуликка чулғанар олам.


Бу кун ҳаяжонда севинчда юрак,


Эй, азиз дўстларим, Наврўз муборак!


 


Қиз: Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар! Азиз отахонлар, муҳтарама оналар, меҳрибон устозлар ва қадрли тенгдошлар!


 


Йигит: Аввало сизларни Наврўз – янги йил, янги кун билан муборакбод этамиз. Барчангизнинг оилангизга тинчлик, хотиржамлик, ризқ-рўз, барака, ишларингизга унум тилаймиз!


 


Қиз: Наврўз – бу қутлуғ калом, муқаддас сўз! Ота-боболаримиздан қолган мерос, урф-одат.


 


Йигит: Наврўз – бу яшариш, покланиш, уйғониш ва яхшилик олами.


 


Қиз: Наврўз – бу меҳр-муҳаббат, оқибат, ўзлик ва қадриятларни англашдир.


Йигит: Наврўз – сулҳ, тотувлик рамзидир.


 


Қиз:


 


Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!


Ҳамма бир-бирига жигар сўз экан.


Олам ҳам баробар кеча-кундуз экан.


Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!


 


Йигит:


Ҳой, боғбон, ниҳолга берсин барака!


Ҳой, деҳқон бобо, далангга берсин барака!


Ҳой, чўпон бобо, қўрангга берсин барака!


Бойчечак чиқибди, бугун Наврўз экан!


 


Қиз: Ўлкамизда баҳор! Бутун борлиқ уйғонмоқда. Бутун борлиқда кўклам нафаси. Наврўз шодиёнаси.


Йигит: Табиатда дилрабо гўзаллик, ажиб майинлик, ўзгача тароват бор.


Қиз: Табиат ёзган зангори гилам узра ёқут лолалар очилади, далалар бағрида майсалар ниш уради.


Йигит: Болалар қўлида баҳор даракчиси. Наврўз элчиси бойчечак.


Қўлларида бойчечак гулини тутган бир гуруҳ болалар чиқиб«Бойчечак» қўшиғини ижро этадилар.


Саҳнага юқори синфнинг қиз ва йигитлари чикиб, қўлларидаги бойчечакларни даврадагиларга берадилар. Улар бойчечакни кўзларига суртиб «Омонлик-омонлик» қилиб шукроналар келтирадилар.Ҳазил-мутойиба, кулгу шўх мусиқа садолари остида ёшлар айтишуви бошланади.


– Йўл бўлсин, ҳой қизлар!


– Лола тергани...


– Лола очилмаган, унинг вақти бор.


– Лола бўлмаса ҳам ундан нақти бор.


 Қайтамиз ялпизми, гул, равоч териб.


– Ҳей қизлар, эй қизлар, қайтинг чиқмасин тоғу тошдан айиқ ўкириб.


– Биз гўзал қизлармиз: бизга тегмайди.


Сизларни кўрган сўнг бизни емайди.


 


Шўх кулгудан сўнг, йигит ва қизлар ялла ва лапарларни ижро этишади. Даврага таклиф қилинган муаллимлар маҳалла онахонлари ўланлар айтишади (ёшларга ўрнак бўлиш учун).


 


Қиз: Қадимда «Наврўз» байрами бозор қошидаги жойларда, катта майдонларда, шаҳар чеккаларидаги сайилжойларда уюштирилган.


 


Йигит: Байрамнинг биринчи кунида эрталабдан дорбоз ва полвонлар томошалар кўрсатганлар: кун ўртасида мусиқачилар, қўшиқчилар, санъаткорларнинг ижролари, кечки пайт эса сайиллар, халқ ўйинлари, базмлар уюштирилган.


 


Қиз: «Наврўз»нинг томоша ва мусобақалари кун сайин авжга чиқа бошлаган. Ҳар хил мусобақалар кураш, кўпкари (улоқ) пойга байрамнинг кўрки бўлган.


Миллий либос (оқ кўйлак, белбоғ боғланган) кийган 10 нафар йигитлар чиқиб 2 гуруҳга бўлинадилар, арқон тортиб куч синашадилар. Енгилган томон енгган томонни опичлаб даврадан олиб чиқиб кетади.


«Наврўз» қўшиғи ижро этилади. Меҳмонлардан бирига табрик сўзи берилади.


 


Йигит:


Қалдирғочим, қоши хилол қариндошим,


«Вижир-вижир,дуо ўқиб, бўл йўлдошим.


Қорақошим, қурган ининг сабр дошим


Кела қол-ей, элчигинам, соғинганман.


 


Қиз:


Қорлар эриб, дарё сувга тўлиқ бўлсин,


Дон-дун экиб, хирмонлари тўлиқ бўлсин.


Қўй кўпайиб, даштда чўпон-чўлиқ бўлсин,


Кел, баҳорим, ўшал кунни соғинганман.


 


Йигит:


Шукронаким, Наврўзимни топдим зўрға,


Мерос дея йигитлари минса йўрға,


Кўпкарида от минсалар ким ўзарға,


Ўшал мерос от дупурин соғинганман.


 


Йигит: Аждодларимиз Наврўз кунлари одатдаги овқатлардан ташқари дўлма, ялпиз, пиёз ва бошқа кўкатлардан солингаи махсус таомлар пиширганлар.


 


Қиз: «Наврўз» таомлари орасида сумалак алоҳида ўрин тутган. Чунки сумалакни тайёрлаш, ўзи махсус маросим сифатида шаклланиб, «Наврўз» байрамининг муҳим қисмларидан бирига айланиб кетган.


 


Йигит: «Сумалак сайли» Наврўзнинг «Шоҳона таоми сумалак» тайёрлаш, сумалакхўрликка бағишланган маросимдир. Сумалак сайли иштирокчилари чилдирма чалиб, рақсга тушишган, қўшиқлар айтиб, хурсандчилик қилишган.


 


Қиз: Сайил ҳазил-мутойиба, ўйин-кулгу билан ўтган. Асрлар оша нишонланиб келинаётган «Сумалак сайли» ҳозирги кунда ҳам кишиларни ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликка чорлайди.


 


Йигит:


Момоларим пиширсалар гар сумалак,


Ўйин-кулгу, шодликлардан тўлса фалак,


То тонггача ўтин ташиб жоним ҳалак


Бўлса-бўлсин, сумалакни соғинганман.


 


Қиз:


Сумалагим тарихи зўр,бу «си-малак»


Ковлар экан ғайбдан келган ўттиз малак,


Ниятларинг ижоб бўлар айтсанг тилак,


Момом айтган пок тилакни соғинганман!


 


Саҳнада турли хил урф одатлар: Чақалоқни бешикка солиш, қиз узатиш, келин салом, тортшимачоқ ва бошқалар намойиш қилинади. Шунингдек, қизларнинг миллий кийимлари, соч турмаклаши, хина ва ўсмалар қўйиш ҳақида қисқача тўхталиб ўтилса мақсадга мувофиқ бўлади.


 


Қиз: Қаранг, қандай гўзал анъана, урф-одатларимиз бор. Уларни кўриб кўзинг қувонади.


Йигит: Нафақат кўзинг, қалбинг ҳам қувончга тўлади. Шундай буюк халқнинг фарзанди эканлигидан фахрланасан киши.


 


Қиз: Ҳа, бир-биридан бой ва сермазмун анъаналаримиз кишига олам-олам қувонч, битмас-туганмас завқу-шавқ олиб келади.


 


Йигит:


Қани энди ҳар кун бўлса Наврўз сайли,


Севишганлар бўлса бунда Мажнун Лайли.


Бахтин топсин бир-бирида бўлса майли,


Навоийдан қолган ишқни соғинганман!


 


Қиз:


Ҳаёт сувин бахш айласа булоқлари,


Тоғлар ошса қўй-қўйзи-ю, улоқлари,


Йўлин топса, йўлдан озган «суллоҳ»лари,


Эл ичинда огоҳларни соғинганман!


«Наврўз» замонга мос равишда мазмунан бойиб, шаклан ривожланиб бормоқда. «Наврўз» каби анъанавий байрамларимиз аждодларимизнинг бизга қолдирган муқаддас меросидир.


 


Йигит: Уларни авайлаб асраш, келажак авлодларга янада бой, пурмаъно ҳолда етказиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.


 


Қиз:


Тилайман гулларнинг ифорларини,


Салобатли тоғлар виқорларини.


Унутинг дунёнинг ғуборларини,


Наврўз айёмингиз муборак, дўстлар!


 


Йигит:


Момом Тўмариснинг аҳдлари Сизга,


Амир Темур шиддати, шаҳдлари Сизга,


Ёр бўлсин бу олам бахтлари Сизга,


Наврўз айёмингиз муборак, дўстлар!


 


Қиз:


Кўзларга сурайлик Наврўзимизни,


Тилайлик Аллоҳдан ризқ-рўзимизни.


Олқишлаб қўяйлик ўз-ўзимизни,


Наврўз айёмингиз муборак, дўстлар!


 


Куй, қўшиқ ва рақслар белгиланган вақтгача давом этади.


Байрамни янада сермазмун ўтиши учун викторина, баҳру байт, савол-жавоблар билан ўтказиш мумкин.


Масалан: ўқувчиларни бир неча гуруҳга бўлиб, уларга бир сўз билан жавоб берадиган саволлар берилади. Тез ва тўғри жавоб берган гуруҳ аъзолари ғолиб деб топилади.


 


Қуйида бериладиган саволларга ўхшаш саволлардан фойдаланиш мумкин


1. Тун билан кун тенглашадиган кун (21 март)


2. «Гул ва Наврўз» достонининг муаллифи (Лутфий)


3. Баҳор даракчиси бўлган гул (бойчечак)


4. Энг биринчи гуллайдиган дарахт (бодом)


5. Наврўзни таъқиқлашга ҳаракат қилган истилочилар (грек-македонлар, араблар)


6. Наврўз сўзининг маъноси (янги кун)


7. Эркаклар томонидан тайёрланадиган баҳор таоми (ҳалим)


8. Қозонга биринчи солинадиган нарса (назар)


9. Сўз кўрки (мақол)


10. Сержанжал уйда бўлмайдиган нарса (барака)


11. Отдан тушса ҳам – эгардан тушмайдиган одам (ўжар)


12. Саранжом-саришта қизнинг пичан остида турадиган рўзғор буюми (супурги)


13. Турк назмида мамлакатни як қалам қилган шоир (А.Навоий)


14. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарининг муаллифи (Беруний)


 


Г.Ибрагимова/>

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.