топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наврўзга қасида

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

 


Қалдирғочим, қоши ҳилол қариндошим,


“Вижир-вижир”, дуо ўқиб, бўл йўлдошим.


Қора қошим, қурган ининг сабр-дошим,


Кела қол-ей, элчигинам, соғинганман.


 


Баҳорим кел, дарё сувга тўлиқ бўлсин,


    Дон-дун униб, бошоқлари бўлиқ бўлсин.


      Қўй кўпайиб, кимдир чўпон-чўлиқ бўлсин,


Ўшал чўпон-чўлиғимни соғинганман.


 


Шукронаким, Наврўзимни топдим зўрға,


Мерос дея йигитлари минса йўрға.


Кўпкарида от чоптириб ким ўзарға,


Ўшал мерос от дупурин соғинганман.


 


Момоларим пиширсалар гар сумалак,


   Ўйин-кулги, шодликлардан тўлса фалак,


То тонггача ўтин териб жоним халак -


Бўлса-бўлсин, сумалакни соғинганман.


 


Сумалагим тарихи зўр, 6у «симмалак»,


Ковлар экан ғайбдан келган ўттиз малак.


Соф ниятинг ижоб бўлар айтсанг тилак,


Момом айтган соф тилакни соғинганман.


 


Гилам каби кўк майсалар поёндозим,


Байту ўлан, яллалардан янграр созим.


Новдаларда хониш қилар хушовозим,


Ўшал «ялло-ялло»ларни соғинганман!


 


Завқи тошиб, бобом белга тақса тасма,


«Хап сизни» деб, момоларим сиқар ўсма.


Расул айтар, эзгуликни йўлин тўсма,


Аждодларим ўгитини соғинганман!


 


  Соғинганман, гулга тўлган чаманларни,


    Алплар минган Бойчибору, Саманларни.


Кўзга суртиб ёсмин отли суманларни


Райҳон исли баҳоримни соғинганман.


 


 


Ният қилиб, берсин деб халқ ризқ-рўзини


Элим кутар Баҳорой-ю, Наврўзини.


Дилга етказ, халқнинг айтган дил сўзини,


Очил гулим, оқ юзингни соғинганман!


 


Офтоб эмиб мушт кўтариб чигит унса,


    «Тол ёғочда» юрган болам — йигит бўлса.


Ийд Наврўз — янги кунда бахти кулса,


Янги йилим, янги изинг соғинганман!


 


Қачонлардир урушганлар «апоқ-чапоқ»,


Ярашганлар бир-бирига уймас қовоқ.


Етим-есир, ночорлардан хабардор гоҳ -


Халқим, азал оқибатинг соғинганман.


 


Ўлан айтса, дўмбирасин чалиб бахши,


Шоирлари шеър тўқийди, қандай яхши.


     Дейдиларки, достон-қўшиқ дилнинг нақши,


  Чал муғанний, соғинч куйин соғинганман.


 


Соғинганман, тоғдан тушган жилғасини,


Кўргим келар турфа чечак жилвасини.


Момақаймоқ, Ялпизжону, хилвасини,


Хуш бўйини жоним қадар соғинганман!


 


Қани эди ҳар кун бўлса Наврўз сайли,


     Севишганлар бўлса бунда Мажнун Лайли.


Бахтин топса бир-бирида бўлса майли,


Навоийдан қолган ишқни соғинганман.


 


Ҳаёт сувин бахш айласа булоқлари,


Тоғлар ошса қўй-қўзи-ю, улоклари,


Йўлин топса, йўлдан озган «суллоҳ»лари


Эл ичинда огоҳларни соғинганман.


 


Яхшиликни мақтаб кўклам айтса эртак -


Қиқирлашиб, кўзин очар мудроқ куртак.


Лайлакжоним келди, дея ашъор битсак -


Кўкламойим келгин, сени соғинганман.


 


Булбул айтса атиргулга дил розини,


Ишқибозлар уриштирар хўрозини,


Соғинганман карнай-сурнай овозини,


Гул атрини жону дилдан соғинганман!


 


Баҳоройнинг эрка қизи бойчечакдир,


Наврўзимнинг ярошиғи халинчакдир.


   Кимга армон қирқ кокилли келинчакдир,


Узун сочли қирмиз қизни соғинганман.


 


Ёмғирларни соғинганман, ёғса чак-чак,


Бека ёпса кўк ялпиздан иссиқ бичак.


Тоғ қўйнида ёнса лола, ёҳуд чечак,


Қизғалдоғим — эгачимни соғинганман!


 


     Қалдирғочлар ин қўйса уй пештоқига,


Деҳқонбобо ишин етмай адоғига.


   Жоним садқа бобом қўлин қадоғига,


      Деҳқонимга яхши кунни соғинганман!


 


Товланса гар кўкда нурли камалагим,


Толбаргаклар тақса, сочи жамалагим.


Қозонларда қайнаб турса сумалагим -


Фаришталар намагини соғинганман!


 


       Қувват берар тоғ неъмати, хушхўр равоч,


 Кучга тўлиб ҳар бир иши топар ривож.


Санайверсам хислатига етмас қулоч -


   Кел баҳорим, хислатларинг соғинганман!


 


Соғинганман ҳилол ойнинг балқишини.


Бўтана сув гоҳо тиниб, қалқишини.


Гулбаҳорим чорлаб келгин бахт қушини -


Ўшал қушнинг бахт беришин соғинганман.


 


    Ҳар бир куни Наврўз бўлсин ўзбегимнинг,


Хирмонлари донга тўлсин ўзбегимнинг.


Ризқи бутун бахти кулсин ўзбегимнинг,


Ўзбегимнинг ўзбеклигин соғинганман.


 


«Кел баҳорим сени жуда соғинганман,


Изларингни кўзга суртиб топинаман,


Кел баҳорим...»


 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.