топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида "Наврўз мушоираси"

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин бўлса-да, шуни айтиш мумкинки, бу байрам доно кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки Наврўзнинг дунёга келиши чуқур илмий асосланган коинот ва табиат қонуниятлари, яъни Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви, кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ бўлган. Бу эса (ҳар қандай жамиятда) йил боши қачон келишидан қатъи назар наврўзни уйғониш байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган. Бундан ташқари, Наврўзнинг чуқур илдизларига мурожаат қилсак, у энг қадимий даврларда – ибтидоий одамларнинг деҳкончиликка ўтганидан сўнг далаларда янги иш мавсуми бошланишидан олдин ўтказилган баҳор байрамларига бориб тақалади.


Элим кутар, баҳоройу, Наврўзини,


Ният қилар берсин деб халқ ризқ-рўзини,


Дилга етказ аждодларнинг хақ сўзини,


Очил гулим, гулжамолинг соғинганман.


 


Қалдирғочлар ин қўйса уй пештоқига,


Деҳқон бобо ишин етмай адоғига,


Жоним садқа бобом қўлин қадоғига,


Деҳқонимга яхши кунни соғинганман.


 


Бугун мана яна элимизга Наврўзи олам ўз сепини ёймокда. Маълумки, халқимиз истак-хоҳишларини эътиборга олган холда Юртбошимиз томонидан, 21 мартни дам олиш куни деб эълон қилинган.


Наврўз барча вилоятларнинг шаҳару қишлоқларида, корхоналарида, илм-фан даргоҳларида ўзига хос тарзда  кутаринки кайфият ва ташаббус ила ўтказилади. Байрам куни турли хил мусобақалар, қариялар билан мулоқотлар бўлади. Баҳор кўкатларидан тайёрланган нозу неъматлар тортиқ этилади. Барча вилоятларнинг энг истеъдодли ва ёш xoнaндалари хизматда бўладилар.


Элимизнинг муроду мақсадини куйлаган, юртимизнинг орому осойишини ўйлаган, бутун борлиқ мурувват айлаган, бағрига бениҳоя эзгу муҳаббат жойлаган, ёмонликлар йўлин бойлаган, яхшиликдан достон сўйлаган, барчани бирдай сийлаган байрамдир бу.


«Бу байрамни баҳори баробар келгувчи, бир хил йиғлаб, бир хилда кулгувчи, мучал йилини билгувчи, урфини ҳурмат қилгувчи талай элу элатлар, мазҳаблару миллатлар янги йил деб нишонлайдилар. «Тўқсон»нинг бахайр ўтганини, яъни «кўк»ка оғизлари етганини айтиб, бир-бири билан омон-омонлашади».


Бу кун косаларга сумалак сузилади. Шоирлар кўнглида шеърлар тизилади:


Мунисам, келдингми бойчечак тақиб,


Қирларда лоладан гулханлар ёқиб.


Юрагим тўлмоқда пойингга боқиб,


Омон-омонмисан, бормисан ўзинг –


Суюк Наврўзим!


Ҳа бугун ҳар бир гўшада Наврўз айёми шоду хурррамлик ила кутиб олинмоқда. Байрам қилинмоқда, ҳофизлари яллалар куйласа, шоирлари шеърлар ёзиб элнинг дарду дилига малхам бўлмоқдалар.


Мана бугун ана шундай тароватли кунни қувонч ила нишонлаш, уни муносиб ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига барча таниқли ва эл эътиборида бўлган суюкли шоир ва ёзувчилар тўпланишди.


Тадбирни Уюшма раиси Муҳаммад Али олиб борди. У ўзининг шеър ва табригидан сўнг навбати билан барча тўпланганларга сўз берди. Шоирлар ёниб шеър ўқидилар бу кун. Чунки йил давомида орзиқиб ва интиқиб кутилган Наврўз остонамизда кенг қулоч ёйиб, этакларини гулга тўлдириб турибди. Унинг мадҳига алёрлдар айтилди.


Жумладан, Ўзбекистон Қахрамони Абдулла Орипов, Халқ шоирлари Сирожиддин Сайид, Иқбол Мирзо, шунингдек, Омон Матчон, Хайдар Муҳаммад, Рустам Мусурмон, Давронбек Ражаб, Аҳад Қаюм, Вафо Файзулло ва бошқа кўплаб ёш ижодкорлар иштирок этдилар ва Наврўз, баҳор, севги-муҳаббат ҳақидаги янги ижод намуналаридан ўқиб, тадбир иштирокчиларини дилларини хушнуд этдилар.


Суръатларни «ZiyoNET» Ресурс марказининг мутахассиси Д.Юсупов олган.


 


Қуйида сиз “Наврўз мушоираси”дан лавҳалар кўришингиз мумкин:



 


 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.