топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Толеи феруз наврўз

Наврўзинг муборак Ўзбекистоним!
Жамият

Дунёда халқлар ҳам, байрамлар ҳам кўп. Бироқ, бирор-бир халқнинг тарихи, бугуни ва келажагини ўзида мужассам қилувчи, ҳам ўта миллий, ҳам умуминсоний қадриятларга бойлиги билан ажралиб турувчи, неча-неча асрлардан буён ўзлигини бор бўйи басти билан намоён этиб келгувчи байрамлар бармоқ билан санарли.


 
1

Наврўз ҳамма даврларда ҳам халқимизнинг энг улуғ байрамларидан бири бўлиб келган. Бу байрам тарихий тараққиёт жараёнида халқимизнинг ижтимоий-маънавий эҳтиёжлари асосида юзага келди. Аср­лар оша аждодлардан авлодларга ўтиб, ривож топди, халқнинг ўзлигини, руҳиятини, маънавий қувватини намоён этадиган бебаҳо маданий меросга айланди.


Наврўз ҳақида жуда кўплаб адабиётлар ва тадқиқотлар мавжуд бўлса-да, бироқ унинг қачон пайдо бўлгани аниқ тарихий фактлар асосида далиллаб берилган эмас. Шу кунгача сақланиб қолган миф, афсона ва ривоятлар, қўшиқлар таҳлилига суяниб шуни айтиш мумкинки, бу анъана қадим даврлардаёқ халқимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган, ўша қадим даврлардаёқ элнинг муқаддас кунига айланиб улгурган.


Маҳмуд Кошғарий, Беруний, Умар Ҳайём, Алишер Навоий, Наршахий Ҳофиз Таниш Бухорий каби алломаларнинг асарларида, бошқа турли тарихий, адабий ва бошқа манбаларда Наврўз байрамининг ўтиш тартиби, у билан боғлиқ урф-одат ҳамда халқ ўйинлари ҳақида кўплаб маълумотлар келади. Улуғ бобоколонимиз Абу Райҳон Беруний ўзининг "Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар" деб номланган асарида ҳам бу байрам хусусида қизқарли маълумотларни ёзган. Жумладан, қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойининг биринчи куни наврўз эканлигини кўрсатган. Бу кун ернинг шимолий ярим шарида баҳорги кундуз билан кеча тенг келадиган 21 мартга тўғри келади.


«Бу кун — фаришталар қадрлайдиган кундир, чунки шу куни фаришталар яратилган. Бу кунни пай­ғамбарлар ҳам қадрлайди, чунки шу куни қуёш яратилган. Бу кунни шоҳлар ҳам қадрлайдилар, чунки бу кун йилнинг биринчи кунидир», — деб ёзади улуғ бобомиз Абу Райҳон Беруний.


Наврўзга барча даврларда ҳам бир хил муносабатда бўлинмаган. Сосонийлар даврида уни ўзгартиришга уринилган бўлса, собиқ шўролар даврида наврўз қатағон қилиниб, халқимиз хотирасидан буткул ўчириб ташлашга ҳаракат қилинди. Фақат Ўзбекистон ўз мус­тақиллигини қўлга киритгандан кейин у яна оммавий халқ байрами сифатида кенг нишонлана бошланди, янгича мазмун ва моҳият кашф этди.


Юртбошимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида шундай ёзади: «Миллий маънавиятимиз азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам — шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида айниқса ёрқин намоён бўлади...


Мухтасар қилиб айтганда, янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди».


Бу сўзларни ўқиётиб, Наврўз халқимизнинг минг йиллардан буён авайлаб-асраб келаётган муқаддас байрами эканига, шунчаки бир байрам эмас, халқимиз тарихи, фалсафаси, маданияти, тушунча ва тасаввурларини ўзида тўлалигича мужассам этган ҳаёт китоби, улкан қомус эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.


2

Наврўз ҳақидаги тасаввурлар халқимизнинг энг қадимий инон-эътиқодлари билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, наврўзда бўлиб ўтадиган маросим ва томоша санъатида халқимизнинг қадим касби — темирчилик билан уйғун жуда кўплаб унсурлар иштирок этади. "Қозон тўлди" маросими, «Олтин қобуқ» ёхуд «Ёйандозлик», «Пичоқ», "Қиличбозлик" ўйинлари бунга мисол бўла олади.


«Бойчечак», «Оқ теракми кўк терак» каби турли хил маросимлар, халқ ўйинлари ҳам наврўз халқи­мизнинг азалий байрами эканидан далолат беради. Зеро, бу маросимлар ва удумларнинг аксарияти бош­қа ҳеч бир халқда учрамайди.


«Бойчечак» маросимини олиб қарайлик. Бу маросим бугунги кунда деярли унутилиш даражасига келган. Фақат Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидаги болалар фольк­лорида қолдиқ ҳолатда сақланиб қолгани бу маросим узвларни тўлиқроқ тасаввур этиш имконини беради.


Фольклоршуносларимиз берган маълумотларга кўра, юртимизнинг баъзи вилоятларида бойчечак даст­лаб чиққанда болалар қир-адирларга уни тергани чиқишган. Кейин эса терилган бойчечакларни кўтариб, хонадонма-хонадон юриб:


Бойчечак айтиб келдик эшигингизга,


Қўчқордай ўғил берсинбешигингизга —


дея бойчечак қўшиғининг давомини куйлашган. Уй эгаси болалар келтирган бойчечакни кўриб, кўкламга етказганига шукрона айт­ган, уни олиб кўзларига суртган. Бойчечак айтиб келган болаларга эса кўнглидан чиқарган ҳадяларини берган.


Бойчечак маросими таҳлили шуни кўрсатадики, қадимда бу маросим қиш ва кўкламнинг курашини ифодалаган. Улуғ тилшунос аллома Маҳмуд Кошғарийнинг қиш ва кўклам мунозараси ҳақидаги сатрларини эслайлик:


Қиш ёз билан тўқнашди,


Қаҳрга тўлиб қарашди.


Кураш учун яқинлашди,


Енгаман деб олишар.


Бу сатрлар, биринчидан, қиш ва кўклам кураши ҳақидаги тасаввурлар акс этган қадимий қўшиқлар Кошғарий замонидаёқ мавжуд эканидан далолат берса, иккинчи томондан, у бойчечак маросим қўшиғига уйғун экани билан ҳам эътиборга моликдир.


Қиш узоқ чўзилиб, кўклам келиши интиқлик билан кутилганда бойчечак маросими ўтказилган. Бу маросим улус ҳаётида муҳим саналган ва унга махсус тайёргарлик кўрилган. Маросимда сўз компонентининг нисбатан тугал ҳолатда сақланиб қолгани шундан дарак беради. Даставвал катталар ижросида ўтказилган маросим кейин­чалик болалар фольклори кўринишини олган. Зеро, унутилган кўпгина маросимларнинг излари айнан болалар фольклори таркибида сақланиб қолади.


Бойчечагим бойланди,


Қозон тўла айронди,


Айронингдан бермасанг,


Қозон товоғинг вайронди.


Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,


Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.


Бойчечак қўшиғини куйлаётган болакайлар бойчечакнинг қиш қўнжидан қандай қийинчилик билан чиққанини ҳикоя қилишмоқда. Яъни бойчечакни ер тагида ушлаб турган куч қиш эди. Қиш ҳукмдор пайти ҳаммаёқ қозон тўла айрондек қор билан қопланган эди. Бойчечаклар ниш уриб, кўклам келадиган вақт яқинлашди. Айрон — қорлар ерга сингиб, бойчечаклар юмалаб бош кўтарди.


Бойчечагим бойирон,


Гуллар ичра айирон.


Айронингдан ичмайман,


Баҳоримдан кечмайман.


Ижрочининг қишга ва кўкламга муносабати аниқ. У қишни ҳайдаб, кўкламга интилмоқда. Кўклам ҳукм­га киргач, энди чиққан бойчечаклар толларнинг шохлари, бутоқларига осилиб, бойчечак қўғирчоғи ясалиб, қурбонлик маросимига шайланади:


Бойчечакни тутдилар,


Тут ёғочга осдилар.


Қилич билан чопдилар,


Бахмал билан ёпдилар.


Бойчечак тутган болалар уйма-уй юриб, хонадонлардан қишни ҳайдаганлар. Маросим қанчалик тантанали ўтса, унда куйланган кўкламни улуғловчи қўшиқлар қанчалик баланд куйланса, қиш шунчалик тез хонадонларни тарк этган. Кўклам чечаги бойчечак эса хонадонларга шод-хуррамлик, бахт ва омад, тўкинлик ва барака олиб келади деб тасаввур қилинган. Хонадон эгалари бойчечак келтирган болаларга қишни қувиб ҳайдаб, уйига кўкламни олиб келгани учун совға-салом улашмоқда. Бойчечакни кўриб қувониш, уни кўзига суртиш кўклам — бойчечакнинг ғалабасини, қиш тугаб, баҳор бошланганини англатган.


Маълумки табиатни жонлантириб тасаввур қилиш, бутун борлиқни қиш пайти ўлиб, кўклам келгач, қайта тирилади деб тушуниш айни жараён қиш ва ёзнинг аёвсиз курашида ўтади, деб тал­қин этиш дунёнинг барча халқлари тажрибасида учрайди. Шу асосида кўпчилик халқлар қиш ва кўклам курашини махсус театрлаштирилган ҳолда тасвир этувчи магик мазмунли маросимлар уюштиришган. Келаётган кўкламнинг бу курашда қишни енгиши табиатга таъсир қилади, деб англанган.


Бойчечак маросимининг қандай ўтганини тасаввур этиш учун уни ўзимизда мавжуд бошқа мавсумий маросимлар билан қиёслаб ўрганиш зарур бўлади. Чунки кўпчилик мавсумий маросимларнинг мазмун-моҳияти, ўтказилиш тартиби, унда ифода этилган рамзлар бир-бирига деярли уйғун келади. Бунга асосий сабаб, табиатга магик муносабат, унинг ҳодисаларини жонли деб тасаввур қилиш ҳамда мавсумий маросимлар, асосан, икки фасл — қиш ва кўклам ҳақидаги қарашлардан келиб чиқади.


Ёмғир чақиришнинг юксак намунаси бўлган «Суст хотун» маросимини олиб кўрайлик. Бу маросим ҳам асосан баҳорда ўтказилган. Қадимда баҳор ойлари ёмғир ёғмай, йил қурғоқчил келса, «Сут хотин», «Сув хотун», «Суст хотун» каби номлар билан аталувчи ёмғир чақириш маросими ўтказилган.


Мазкур маросим «Бойчечак»нинг акси — қўрғоқчилик пайтида ёмғир чақиришга қаратилган бўлса-да, унинг қатор жиҳатлари: баҳор фаслида ўтказилиши, уйма-уй юриб, ҳадя йиғиш, қўғирчоқнинг сувга ташланишини ва маросим тантана билан якун топиши бойчечак маросимига яқин туради.


Тахминимизча, ҳар икки маросимнинг юзага келишига қиш-баҳор (ёхуд ёз) ҳақидаги анимистик тасаввурлар асос бўлган. Бу ўринда бойчечак маросими қадимийроқ бўлиб, у кейинчалик бошқа маросимларнинг ҳам келиб чиқишига ёхуд унинг мазмун-моҳиятига маълум даражада ўз таъсирини ўтказган.


3

Наврўз куни ўйналадиган халқ ўйинлари ҳам кўпчилик иштирокида ўтказилган. Бундай ўйинлар орасида «Оқ теракми кўк терак», «Оқ суяк», «Чиллак» ўйинлари алоҳида эътиборга моликдир.


«Оқ теракми кўк терак» ўйинининг келиб чиқиш тарихи ўйинларнинг бошқа турларига қараганда қадимийроқ экани тарихий ва бадиий манбаларда қайд этилган.


«Оқ теракми кўк терак» ўйини мавсумий ўйинлар таркибига кириб, дастлаб фақат кўклам, баҳор фаслида ўйналган. Бу ўйин баҳор маросимининг таркибий қисми бўлгани учун, фақат маросим пайтида ўйналиб, кейинчалик у катталар, сўнгра эса болалар ўйинига айланган.


Фольклоршунос олимлар бу ўйиннинг қадим изларини қабилачилик даврлари билан боғлаб, икки томонда турган болаларнинг ўз вакилларини сайлаб юборишлари ҳам қадимий жанг қоидаларига алоқадор, икки томон полвонларининг, қабила ботирлари бир-бири билан яккама-якка жанг қиладиган одатлари, улардан қайси бири енгса, ўзи мансуб бўлган қабила енгган ҳисоблангани, енгилган томон эса товон тўлаши мазкур ўйинда билинар-билинмас из қолдирганини ёзади.


Бизнингча, бу ўйин кун-тун, қиш ва баҳор тўқнашуви ҳақида қадим тасаввурларни ҳам ўзида мужассам этади. Қиш енгилса, баҳор ғолиб келади, тун чекинса, кун узаяди. Зеро, ўйин фольклори матнида асосий урғу шу нарсага қаратилган.


Ўйиннинг «Оқ теракми кўк терак» деб аталишида бир томондан терак баргининг бир томони оқ (юмшоқ), бир томони кўк (қаттиқ) бўлса, иккинчи томондан, у ўзида кун ва тун ҳақидаги тасаввурлар билан боғланади. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида, хусусан Хоразмда бу ўйин «Ой теракми кун терак» деган номда ҳам учрайди.


Қадимда кўклам маросимининг таркибий қисми бўлган бундай халқ ўйинлари кўҳна тарих билан чамбарчас боғлиқ ҳолда аср­лар оша анъана тарзда яшаб келаётгани халқимизнинг руҳий қуввати ва ижодий салоҳияти бениҳоя юксак эканидан далолат беради.


Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, баҳор байрами, Нав­рўзи олам ҳақидаги ўйинлар, томоша санъати, маросим қўшиқлари халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ эканини, уларда табиатдаги ўзгаришлар, фасллар алмашинуви билан боғлиқ эътиқодий қарашлар ва инсон кўнглидан кечувчи некбин ҳис-туйғулар ўзининг бадиий ифодасини топганини кўрамиз. Зеро, бундай маросимларимизнинг тарихий илдизлари, бадиияти сирларини қанчалик яхши билсак, уларнинг халқ маънавий ҳаётидаги ўрни, баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти ҳам шунчалик ортиб боради.


Жаббор ЭШОНҚУЛ

 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.