топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди

Yagonasan muqaddas Vatanim, sevgi va sadoqatim senga baxshida, go'zal O'zbekistonim!
Жамият


Халқимиз ҳар йили Мустақиллик байрамини улкан ютуқлар, муваффақиятлар билан кутиб олади. Энг улуғ, энг азиз айёмга муносиб туҳфа ҳозирлаш, юртимизни янада обод ва фаровон этиш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. 


Бу йил ҳам улуғ байрамимиз арафасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янги саноат корхоналари, таълим ва тиббиёт муассасалари, санъат ва спорт кошоналари, турар жойлар, йўллар, кўприклар қуриб битказилди. Халқимизга хос эзгу анъаналарга мувофиқ бу иншоотлар хосиятли ва хайрли кунларда – Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишди. 


Тошкент мамлакатимизнинг бош шаҳри, юртимизнинг бутун кўрку тароватини ўзида намоён этган пойтахтимиздир. Президентимиз раҳнамолигида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди ва бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. Шаҳар ўзининг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, замонавий қиёфага эга бўлмоқда, узоқни ўйлаб тузилган режа асосида муттасил ривожланиб бормоқда. Пойтахтимизда миллий меъморлик анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилаётган иншоотлар, йўллар, йўл ўтказгичлар, кўприклар бунинг ёрқин намоёнидир. 



Президентимиз Шайхонтоҳур туманининг Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада бунёд этилган янги замонавий кўприкни бориб кўрди. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳузуридаги “13-кўприкқурилиш” трести бунёдкорлари томонидан барпо этилган ушбу транспорт боғламаси автомобилларнинг ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратади. Кўприкнинг узунлиги 642, эни 19 метр. Давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, улар юксак маҳорат, чуқур билим, юқори технологиялар асосида амалга оширилганини алоҳида қайд этди. Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган жойда транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирар эди. Янги бунёд этилган кўприк бу муаммоларга барҳам бериш билан бирга, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлигини ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. Шаҳар қиёфасининг ўзгаришида кўприкларнинг ўрни катта. Экология нуқтаи назаридан ҳам бу муҳим аҳамиятга эга. Яъни, автомобиль ёнилғисининг кўп ишлатилиши ҳавони бузади. Бир жойда транспорт тиғизлиги юз берса, бошқа жойга ҳам таъсир кўрсатади. Кўприклар ана шу муаммоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутади. Бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида Абдулла Қодирий кўчасига туташ кўчалар кенгайтирилди, собиқ “Динамо” спорт дўкони ўрнида замонавий савдо мажмуалари қад ростлади. Шаҳар ландшафтининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланган Анҳор каналига туташ кўчалар, майдон ва хиёбонларда яшил ҳудудлар кенгайтирилди. Президентимиз мазкур ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, ушбу кўприкда йилнинг тўрт фаслида ҳам транспорт воситаларининг бемалол ҳаракатланиши учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини янада такомиллаштириш, замонавий ландшафт дизайни асосида ободонлаштирилган ҳудудларни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди. Юртбошимиз Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари кесишадиган майдонда бўлиб, бу ерда бунёд этиладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.



Ушбу чорраҳада саккиз қаторли иккита йўл кесишган. Атрофда банк биноси, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи, савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар жойлашган. Шу боис бу ер ҳамиша гавжум, кўчалар серқатнов бўлади. Ўтган асрнинг 70-йилларида бу майдонда табиий омиллар ҳисобга олинмай, пала-партиш экиб ташланган дарахтлар бугунги кунда аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда. Йўлнинг ўртасидаги бу майдондан бугун мақсадли фойдаланилмаётгани, ўртадаги майдоннинг кенглиги сабабли бинолар йўлга жуда яқин жойлашганлиги транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатланишига халақит бераётир. Бу ерда қуриладиган янги йўл ўтказгич тирбандликнинг олдини олиб, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имкониятлар яратади. Бутун мамлакатимизда, жумладан, пойтахтимизда транспорт воситалари тобора кўпайиб бормоқда. Бу одамларимизнинг турмуш даражаси юксалаётгани, эл-юртимиз йилдан-йилга фаровонлашаётганининг исботидир. Зеро, кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аҳоли турмуш даражасини ошириш, манфаатларини тўла таъминлашдир. Юртбошимиз Абдулла Қодирий кўчасини кенгайтириб, саккиз тасмали йўлга айлантириш, мазкур ҳудуддаги кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолининг дам олиши учун имконият яратиш, мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида фавворалар бунёд этиш кераклигини таъкидлади. Кўприклар, йўллар ва бошқа иншоотларни қуришда нафақат бугунги кунни, балки келажак авлодлар манфаатларини ҳам инобатга олган ҳолда иш тутиш зарур, деди Ислом Каримов. Давлатимиз раҳбари Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қурилган янги йўлни бориб кўрди. 


Йўл – иқтисодиётнинг қон томири, муҳим коммуникация воситаси. Йўллар равон бўлган жойда ҳаёт фаровон бўлади, барча соҳалар равнақ топади. Буни мамлакатимизда транспорт тизими изчил яхшиланаётгани, иқтисодиёт ривожи ва халқимиз фаровонлиги ошиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча йирик шаҳарларида ҳалқа йўллар қурилмоқда. Мавжудлари кенгайтирилиб, транспорт ҳаракати ва аҳоли учун қулайликлар яратилмоқда. Пойтахтимизда яна бир янги йўлнинг қурилиши бу борадаги ишларнинг изчил давомидир. 5,1 километрлик бу йўл Олмазор туманидаги Беруний кўчасидан бошланиб, Шайхонтоҳур туманидаги Хуршид кўчасига қадар давом этади. Форобий, Сағбон, Қорасарой, Себзор ва Лабзак каби катта кўчаларни ўзаро боғлайди. Илгари Тошкентнинг барча қисмида, хусусан, Эски шаҳарда уйлар, бозорлар пала-партиш қуриб ташланган. Оқибатда тор, эгри-бугри кўчалар ҳосил бўлган. Бу транспорт ҳаракатини қийинлаштириб, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлган. Давлатимиз раҳбари ғояси ва лойиҳаси асосида қурилган мазкур янги йўл бундай ноқулайликларни бартараф этади. Ҳар бир томони 4 тасмали кенг ва равон бу кўча ҳудудда транспорт ҳаракатини енгиллаштиради. Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, йўлсоз ва қурувчиларнинг меҳнатига юқори баҳо берди. – Эски шаҳар аҳолиси асрлар давомида шундай қийин шароитларда яшаб келган, бу муаммони ҳеч ким ўйламаган, – деди Ислом Каримов. – Бу масалани атрофлича ўрганиб, Эски шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, бу ерда янги йўллар, кўприклар, замонавий уйлар, коммуникациялар барпо этилади. Бу ишларимизнинг дастлабки самарасини халқимиз кўриб турибди. Ушбу янги йўл аҳоли учун катта қулайлик яратиш билан бирга, Эски шаҳарни ҳамма ҳавас қиладиган замонавий шаҳарга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очади. Йўл билан параллел равишда барча коммуникациялар ва муҳандислик инфратузилмаси бунёд этилган. Келгусида йўл атрофида замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган. Президентимизнинг тавсиясига мувофиқ, кўп қаватли уйлар қурилишида шамол йўналиши, қуёш нурининг қандай тушишигача ҳисобга олинган. Лойиҳага кўра, турар жойлар уч ва беш қаватли бўлади. Чорраҳаларда фаввора ва гулзорлар, Калковуз ариғи бўйида сайилгоҳ барпо этилади. Президентимиз пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида истиқомат қиладиган аҳолининг эмин-эркин яшаши, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитларни яратиш, йўл четларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.


 


ЎзА, Фарҳод Қурбонбоев, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев, Муҳаммад Амин, Ёлқин Шамсиддинов (сурат)


 

1 изоҳ

avatar
Бунёдкорлик ишларидан гўзал диёримиз чиройи янада очилиб бормоқда.Юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларни кўриб, дилинг шодликка тўлиб, кўзинг қувнайди ва қалбан Яратганга беҳад шукроналар айтасан.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин, она Юртимизнинг файзли кунларига асло кўз тегмасин.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.