топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бола ҳайратига жо бўлган Ватан

Yagonasan muqaddas Vatanim, sevgi va sadoqatim senga baxshida, go'zal O'zbekistonim!
Жамият

  Бугун шаҳар ва қишлоқларимизда байрам шукуҳи кезмоқда. Ҳамманинг дилида шукроналик, кўзида қувонч порлайди. Қарангки, қуёш ҳам самодан кулиб, ўзгача тароват билан боқмоқда.    Бир олам қувонч ила транспорга чиқдим. Автобусда эътиборимни чамаси 4 ёки 5 ёшлардаги бола тортди. Бола атрофни кузатиб борар экан, ҳар бир кўрган нарсага қизиқиш билан қараб, бувисига саволлар берар ва жавобини интиқлик билан кутар эди.



“Бувижон, қаранг, катта бино, бу жой нима?”. Бувиси “Шерзоджон (боланинг исми шундай эди), бу бино театр, Ўзбекистон Миллий театри. Бу шаҳримиздаги энг катта, чиройли театрлардан бири”. Бола янада қизиқиш билан “бувижон, театрда нима қилишади”. “Болажоним, театрда яхшилик билан ёмонликни актёрларимиз саҳнада кўрсатади. Масалан, бобомиз Амир Темурнинг кучини, ботирлигини, одамларга чиройли муомала қилганлигини, чиройли бинолар қуришга буйруқ берганлигини, Алишер Навоий бобомизнинг эса, гўзал шеърларини ўқиб, камбағалларга ёрдам берганлигини актёрларимиз одамларга кўрсатиб беради”. Бола бувисининг гапларидан ҳайратланиб, кейинги бекатдаги фаввораларга завқ билан қараб, “бувижон, қаранг, чиройли фантан” дея қувониб кетди. Бувиси Шерзоджоннинг бошини меҳр билан силаб, “чиройли фавворани томоша қилгани ойижон, адажонинг, аканг ва синглингни олиб, албатта келамиз” деди. Бола бувисининг гапидан хурсанд бўлиб, кузатишни давом этди. Автобус кейинги бекатда тўхтади. Маҳобатли Кўкалдош мадрасасини кўрган Шерзоджоннинг кўзлари порлаб кетди. Ҳайрат ва қувончдан шижоати жўшган Шерзоджон бувисини имлаб, “бувижон қаранг, яна битта жуда чиройли ва катта бино. Бу қандай бино”. Бувиси ним табассум қилиб, “бу бинони жуда ҳам яхши, ҳаммага ёрдам берадиган инсон қурган”, сўнгра “сенга ўхшаган болаларга меҳрибон, ширинликлар берадиган одам қурган” деб қўшиб қўйди. Гапини давом эттириб, “Бу бинода кўп китоб ўқиган, ҳаммага салом берадиган, ойи, адажони ва ҳаммани яхши кўрадиган, яхши болалар ўқишади”, деди. Бола бинодан чиқаётган одамларнинг ҳар бирига меҳрли нигоҳлари билан боқди. Балки, ўша дамда беғубор мурғак қалбида шу бинодан чиқаётган ҳар бир одамга нисбатан ҳавас туйғуси уйғонгандир. Бола бувисининг сўзларидан мамнун кайфиятда йўлида давом этди. Мен эса, ўз бекатимда, руҳий енгиллик билан тушиб қолдим. Қалби қувончга, кўзлари ҳайратга тўла болажонлар ҳамда уларнинг саволларига ҳеч оғринмасдан, эътибор билан қараб, содда, болаларча тилда тушунтираётган бувижонлар борлигидан жуда қувондим. Тўғрироғи, ҳайратим ошди. Улар йўлда давом этди. Балким, улар ўз манзилларига етгунларига қадар, бувижони яна нималарнидир болаларча тилда тушунтириб, боланинг беғубор дунёсини яхшиликлар билан тўлдирган бўлса, не ажаб.


    Тилимда эса, “тинч, осуда юртда яшаётганлигимга, шундай юртга мос яхшилар кўплигига минг бора шукроналар бўлсин” деган сўзлар такрор ва такрор айланаверди.   


 


Лола Азимова 

1 изоҳ

avatar
Инсон камолотга етиши учун ақли ва тафаккури ривожланиши билан бирга қалби бола кўнглидек беғубор бўлиши зарурлиги қадим ҳикматларда таъкидланган. Гўдак забони ила битилган самимий сатрлар ифори Ватан ошиқларининг дил қаърига етиб боргуси. Мақола учун муаллифга ташаккур изҳор қилган ҳолда ижодий муваффақиятлар тилаймиз.
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.