топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

«Каттақўрғон» дала-ўқув майдонида оператив тактик машқлар бўлиб ўтди.

Ватан учун яшайлик

ҲАРБУ ЗАРБ ҚОНУНИ
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг «Каттақўрғон» дала-ўқув майдонида оператив тактик машқлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев душман таҳдидини қайтариш ва уни яксон қилишга доир машқларни кузатиб, ҳарбий хизматчиларнинг реал шароитларга максимал даражада яқинлаштирилган ҳаракатлардаги иштирокини, жанговар шайлигини юқори баҳолади.
Давлатимиз раҳбари жанговар ўқув топшириқларини қисқа вақтда тўлақонли адо этган ҳарбий хизматчилар билан самимий суҳбат қурди.

Машқ ғоясига кўра

ноқонуний уюшган ва қуролланган бузғунчи кучлар ҳужум операциясини амалга ошириш мақсадида қўшинларнинг тегишли туркумини яратиб, ҳужумга ўтиш учун жамланган. Унинг муҳандислик бўлинмалари қаршиликсиз ҳаракатланишни таъминлаш тадбирларини амалга оширмоқда. Шу маълумотлар тезкор чоралар кўришни тақозо қилди.

Қарши ҳаракатлар режалаштиришда

бугунги замон жангининг муҳим хусусиятлари ўрганилиб, энг мақбул қурол-яроғ ва ҳарбий техника воситалари қўлланиши белгиланди, ҳарбий хизматчилар ахлоқий-руҳий жиҳатдан тайёрланди. Кенг қамровли таҳлиллар ва муҳокамалар натижасида қуролли кураш олиб бориш, куч ва воситаларни қўллаш, ҳамкорлик масалаларини ташкил қилиш, бўйсунувчи бўлинмаларни ҳар томонлама таъминлашнинг янги шакл ва услублари ишлаб чиқилди.

Янги шакл ва услубларда

соҳа мутахассисларининг таҳлиллари, ҳарбий фан муаммолари бўйича изланишлари, қўшинларнинг хизмат-жанговар фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги илғор хорижий тажриба ва замонавий ҳарбий санъат ютуқларини чуқур ўрганиш ва улардан фойдаланиш борасидаги фикр-мулоҳазалари инобатга олинди.

Шартли душман таҳдидини

қайтариш ва уни яксон қилиш учун Ҳарбий ҳаво кучлари, Қуруқликдаги қўшинларнинг артиллерия, мотоўқчи, ҳаво десанти қисм ва бўлинмалари ҳамда махсус операциялар кучлари жалб этилди.

Оператив тактик машқлар

ёш, чуқур билим ва кўникмага эга ҳарбий учувчилар майор Гафур Бабалиев, майор Умид Мирханов бошқарувидаги бир жуфт Л-39 самолётлари билан бошланди. Ҳудудни визуал разведка қилиш майдонни оралаб ўтиш, оғиб бурилиш, 270 градусга бурилиш тактик усулларида бажарилди. Аниқланган объектлар ҳақидаги разведка маълумотлари қўмондонлик пунктига етказилди.

Шундан кейин тактик авиациянинг иккита МиГ-29 ва тўртта Су-25 самолётлари экипажларига жанговар топшириқ қўйилди. Улар шартли душман объектларига авиацион бомбалар ва бошқарилмайдиган авиация ракеталари билан зарба бердилар.

Юзага келган вазият

атрофлича баҳоланди. Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони махсус операциялар кучларини қўллашни ҳамда ҳудудни шартли душман кучларидан тозалаш ва вертолётлар учун қўниш майдонини забт этиш гуруҳи туширилишини режалаштирди.

Жанг майдонида вертолёт авиацияси таркибига кирувчи АС-532 ва Ми-171 русумли вертолётлар пайдо бўлди. Ушбу учиш аппаратлари белгиланган ҳудудда махсус операциялар батальони шахсий таркибини десантлаштирди.

Подполковниклар – Бахтиёр Отажанов, Мир­аббос Гопоров, Шавкат Абдунабиев, капитан Дилшод Тиловов каби тажрибали ҳарбий учувчилар бошқарган учиш аппаратлари билан шартли уюшган тўдаларнинг ҳаракатдаги колонналарига жиддий талафот етказилди.

Кейинги вазиятда Ми-24, Ми-8 жанговар вертолёт жуфтликлари майдонга кириб келди. Полковниклар – Отабек Камолов, Дилшод Сатилов, подполковниклар – Баҳодир Салиев, Шодмон Нуриллаев бошқарган учиш аппаратлари ҳам бошқариладиган ракеталар билан нишонларни бехато яксон қилдилар.

Бу ҳарбий учувчилар Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртининг битирувчилари эди.

Шартли душманнинг

асосий жанговар гуруҳларига талафот етказиш учун Қуролли Кучлар раҳбарияти томонидан бирлашган артиллерия гуруҳи командирига жанговар вазифа қўйилди. Жанговар тайёргарлик аълочиси лейтенант Одил Азизов “Ураган” реактив артиллерия батареясида, капитан Суҳроб Дўсматов “Пион” русумли ўзиюрар артиллерия батареясида, майор Аброр Раҳмонов ва капитан Фаррух Сотиволдиев “Гиа­цинт” русумли тўпчилар дивизионларида 35, 40, 29 километргача бўлган масофадаги шартли душманнинг оммавий қирғин қуролларини етказувчи воситаларини, ўта аниқликда ишловчи қуролларини, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва узоққа отувчи артиллерия ўт очиш позицияларини, вертолётлар қўнадиган майдонларни, фронт орти объектлари ва бошқа тузилмаларини яксон қилишга киришдилар.

Қўзғалмас тўсиқлар барпо этиш

тўғрисидаги жанговар вазифаларни бажариш учун артиллерия гуруҳлари командирлари томонидан “Гиацинт”, “Пион” ҳамда Д-30 тўплари ва “Град” русумли реактив артиллерия батареялари жалб этилган ҳолда бараварига ўт отиш орқали талафот етказишга қарор қабул қилинди.

Бирин-кетин “Ўт оч!” буйруқлари янгради. Жуда кенг ҳудудда жойлашган нишонларга снарядлар, ўқ-дорилар отилди. Шартли душманнинг олдинги маррасида бир километргача бўлган ҳаракатсиз олов тўсиқлари ўрнатилди.

Бу жанговар вазифани артиллерия дивизионларининг жанговар отишларига раҳбарлик қилган подполковник Баҳодир Умирзоқов, дивизион командирлари – подполковник Жамолхон Билолов, майор Муроджон Авулов каби офицерлар муваффақиятли бажардилар.

Мотоўқчи бўлинмалари

шартли душман артиллерияси ва бошқа жанговар машиналарига талафот етказиб, унинг жанговар тартибини издан чиқаришга, бир вақтнинг ўзида биринчи эшелонда жойлашган бўлинмаларга қаратилган қарши ҳужумнинг олдини олишга ҳамда бошқа бўлинмалар ҳаракатлари учун қулай шароит яратиб беришга киришдилар.

Биринчи эшелондаги взводнинг зирҳли транспортёрлари ва ўқотар қуроллари билан мотоўқчи бўлинмаларнинг шахсий таркиби ўт очиш позицияларида ҳаракатларни бошлади.

Капитанлар – Шоҳрух Абдуллаев, Анвар Жомов, Сардор Жумаев, Дадамирза Мамарозиқов бошқарувидаги бўлинмалар мавжуд куч ва воситаларни қўллаган ҳолда эгаллаб турган позицияларига мустаҳкам ўрнашиб, ҳужумни тўхтатишга эришдилар.

Командир вужудга келган вазиятдан келиб чиқиб, умумқўшин захираси билан қарши ҳужумга ўтиш учун қарор қабул қилди. Танкчилар жанговар тартибда ёйилди.

Қарши ҳужумдаги ҳаракатлар суқилиб кирган шартли душманни тўлиқ яксон қилиш, олдинги маррани қайта тиклаш билан якунланди.

Командирнинг тезкор чоралари, тўғри бошқаруви, шахсий таркибнинг жанговар топшириқни тўлиқ ҳис қилган ҳолда ҳаракатлангани туфайли ҳудудда шартли душман аниқланди. Уни йўқ қилиш мақсадида махсус операция ишғол взводи шахсий таркиби жанговар ҳаракатларни бошлади. Ишғол взводи белгиланган вазифани бажарди.

«Фарғона» аэродромидан кўтарилган

С-295 русумли самолётлар қисқа вақтда махсус ҳаво йўлаги орқали “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонидаги десант ташлаш нуқтасига етиб келди.

Ҳар бирига 40 нафардан ҳарбий десант жойлашган ҳарбий транспорт авиациясига мансуб полковник Рустам Насриддинов, подполковник Аъзам Имамов, майорлар – Азиз Шожалилов, Шавкат Хўжамбердиев бошқараётган тўртта С-295 русумли самолётдан тактик ҳаво десантини ташлаш вазифасига киришилди.

Ерга қўнган десант таркиби шартли душманнинг ортида қулай марраларни эгаллаб, қўққисдан ҳужум қилди, ноқонуний қуролланган бузғунчи кучлар тамомила тор-мор этилди.

Мазкур машқларда

ҳарбий бошқарувнинг самарали тизимини шакллантириш, бўлинмаларнинг ўзаро мувофиқ ҳолда, ҳамкорликда ҳаракат қилишини таъминлаш механизмлари кўриб чиқилди. Эндиги вазифа уларнинг ҳаракатини танқидий таҳлил асосида кўриб чиқиш билан қўшинларнинг қўлланиши ва операцияларни ўтказиш йўналишларини такомиллаштиришдан иборат, дейишди Мудофаа вазирлиги мутасаддилари машқлар сўнгида.

Фурқат ЭРГАШЕВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.