топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ватанпарварлик намунаси

Ватан учун яшайлик


Ватанпарварлик намунасининг юксак кўриниши тарзида, озодлик йўлида жондан кечиш, мардлик, жасорат, машаққатларга бардош бериш, ор-номуснинг ҳар нарсадан устунлиги, дўстга садоқат ва ёрга чексиз муҳаббат каби инсоний фазилатлар қадимги аждодларимизнинг чин маънодаги қиёфасини очиб беради.


Ўзбек халқининг энг қадимги ёзма манбаларида аёлларнинг роли алоҳида тасвирланади. Жумладан, аёлларнинг жамиятда тутган ўрни барча соҳаларда эркаклар билан тенг бўлиб, турмушнинг, хусусан давлат бошқаруви, сиёсий қарорлар қабул қилиш, душманга қарши кураш, ижтимоий меҳнатда алоҳида мавқени эгаллаган.


Антик давр муаллифлари бу хусусда кўплаб қизиқарли маълумотларни келтиради. Масалан, агар сак қабиласидаги эркак қизга уйланмоқчи бўлса, у билан майдонда яккама-якка курашиши шарт бўлган. Агар қиз енгиб чиқса енгилган киши унинг асирига айланган ва батамом унинг ихтиёрида бўлган. Қизни майдонда енга олган кишигина унинг эрига айланган1.


Юқоридаги фикрларнинг ҳаётдаги акси қадимги достонларда ўз ифодасини топган. Зарина, Спаретра, Тўмарис каби халқ қаҳрамонига айланган аёллар сиймоси жасорат тимсолига айланди. Ана шундай ривоятлардан энг қадимгиси сак маликаси Зарина ва Мидия саркардаси Стрингей ҳақидаги ривоят ҳисобланади. Унда Ўрта Осиёда яшаган қабилаларнинг Мидия давлати истилосига қарши кураши ҳикоя қилинади.


Антик давр тарихчилари Герадот ва Эфорнинг маълумотларига кўра, миллоддан аввалги VIII – VI асрларда куч қудратга етган Мидия давлати бир неча бор Ўрта Осиёга юриш қилган. Ўрта Осиё ҳудудида яшаган қабила ва элатлар босқинчиларга қарши ватан озодлиги йўлида матонат билан кураш олиб борган2. Ктесий қолдирган маълумотларда ҳам маҳаллий сак қабиласининг мидияликларга қарши озодлик кураши тўғрисида ривоятлар келтирилади.


Зарина ватан мустақиллиги ва эрки учун ўз халқини бир ғоя атрофида бирлаштиради ва Мидияликларнинг сон саноқсиз қўшинига қарши тенгсиз жангга киради. У жангда қаттиқ яраланиб, душманга асир тушади. Душман қўлида ҳам у фақат юрт озодлиги ва эрки учун курашишни ўйлайди. Зарина асирликда мидиялик жангчи Стрингей билан учрашиб қолади. Йигит ва қиз ўртасида севги-муҳаббатдек буюк туйғу пайдо бўлади. Бу уларни якдиллика чорлайди ва ватан озодлиги йўлида курашда бирлаштиради.


Яна бир қаҳрамон аёл Спаретранинг юрт тинчлиги ва эрки йўлидаги кураши аҳмонийлар зулмига қарши қаратилган бўлади. Антик давр тарихчиси Ктесий қолдирган маълумотларга кўра аҳмонийлар шоҳи Кир жангда сак қабиласининг ҳукумдори (Спаретранинг эри) Аморгни асир туширади. Ана шунда Спаретра ўз қабиласини бир ғоя атрофида бирлаштиради ва катта қўшин тўплаб душман қўшинини тор-мор келтиради. Ўз эри Аморгни озод этишга муваффақ бўлади1.


Эрксевар массагетлар қабиласи маликаси Тўмариснинг юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ эркинлиги йўлидаги қаҳрамонона жасорати эпик тарзда юнон тарихчиси Герадот давригача етиб келади. Герадот ўзининг “Тарих” деб номланган машҳур асарида бу ривоят ҳақида батафсил маълумот беради.


Миллоддан аввалги VI асрнинг ўрталарига келиб Эрон подшолиги куч қудрат чўққисига чиқди. Унинг шоҳи Кир ўзининг азалий рақиби бўлган Мидия ва Вавилон давлатларини мағлуб этгач, ўша пайтдаги тенгсиз ва ўлкан қўшинини массагетлар юртига қаратди.


Массагетлар юртини тобе этиш учун Кир ҳийла ишлатишга ҳаракат қилади. Массагетлар маликаси Тўмарисни ўзи унга турмушга чиқишини талаб қилади. Кирнинг айёрона таклифи ортида массагетлар ерига ҳукумдорлик қилиш нияти борлигини жуда яхши тушунган Тўмарис рад жавобини беради.


Шундан сўнг Кир ўзининг сон-саноқсиз қўшини билан Араксни кечиб ўтиб масагетлар юртига бостириб киради. Кир массагетларнинг учдан бир қисмига қўмондонлик қилаётган Тўмариснинг ўғли Спарганисни ҳийла билан мағлуб этади ва асир олади.  Бу воқеадан хабар топган Тўмарис, Кирга элчи юбортириб айтади: “Эй қонхўр Кир, узум суви ёрдамида бўлган бу воқеадан хурсанд бўлма. Сен ўғлимни жанг майдонида эмас, найранг билан қўлга олдинг. Энди қулоқ сол, сенга яхши бир маслаҳат қиламан. Ўғлимни менга топширгин-да, қилган ишинг учун жазоланмасдан юртинга жўна. Йўқса, массагетлар тангриси номи билан қасамёд қилиб айтаманки, сен очкўз юҳонинг қонга ташналигингни қондираман”1.


Ориятли Спарганис асирлик номусига чидай олмай ўзини ўзи ўлдиради. Ўғлининг ўлими ва бегуноҳ кишиларнинг қони учун Тўмарис қонхўр Кирни албатта жангда енгишга ва унинг бошини қон тўлдирилган мешга солишга қасамёд қилади. Тўмарис Кирни очиқ жангга чорлайди. Бўлиб ўтган қирғинбарот жангда массагетларнинг қўли баланд келади. Тўмарис жанг майдонидан ҳалок бўлган Кирнинг жасадини топтиради. Унинг бошини танасидан жудо қилиб, қон тулдирилган мешга солишни буюради.


Тўмарис ватан озодлиги йўлида ўз халқини бир ғоя атрофида бирлаштирди ва халқ қаҳрамонига айланди. У эришган буюк ғалаба нафақат мазлум халқларни аҳмонийлар истибдодидан озод этди, балки аёл тимсолидаги эрксевар маликани умрбоқий афсонага айлантирди.


Зарина, Спаретра, Тўмарис намунасида халқ фарзандларининг жасорати, эрксевар халқимизнинг азал-азалдан мустақиллик ва озодлик туйғусини энг олий қадрият сифатида қадрлашини исботлайди.  Бунда Ватан, унинг мустақиллиги ва равнақи йўлида жон фидо этишга шайлик, ўзи ва халқи бахт-саодати учун фидоийлик кўрсатиш ғояси ўзбекларга азалий мерос эканини кўриш мумкин.


Эрон шоҳи Кирнинг (мил. Ав. 529 й.) ҳалокатидан сўнг ҳам истилочилар тажовузи якун топмади.  Ҳокимият тепасига келган Доро катта қўшин тўплаб, миллоддан аввалги 519 йилда Ўрта Осиё ҳудудига бостириб кирди. Фақатгина бир инсон сак қабиласининг вакили (чўпон) Широқ ўткир зеҳни ва уддабуронлиги билан душманни тўхтатишга муваффақ бўлди. Инсоният тарихида донг таратган бу воқеа ҳали-ҳануз халқ тилида достон бўлиб келмоқда. Доронинг юриши ва Широқнинг жасорати тўғрисидаги ривоятлар Бихистон қоясида (500 метр баландликда) битилган ёзувларда акс эттирилган. Шунингдек, Юнон тарихчиси Полиэннинг “Ҳарбий ҳийлалар” асарида ҳам ушбу ривоят тўлиқ баён қилинади.


Қабила бошлиқлари Сакесфар, Омарг (Аморг) ва Тўмарис Доро қўшинларига қарши мудофаа чоралари хусусида кенгаш қуриб ўтирганларида улар олдига чўпон Широқ кириб келади. Широқ Дорони ҳарбий ҳийла йўли билан мағлуб этиш режасини баён этади. Ушбу режага мувофиқ биргина Широқ ҳалок бўлиши лозим эди. Қабила бошлиқларидан ўз режаси бўйича розилик олгандан сўнг, Широқ ўзининг қулоқ ва буринларини кесиб, бутун баданини тилка-пора қилган ҳолатда Доронинг ҳузурига боради. У Дорога сак йўлбошчиларидан жабр кўргани ва улардан уч олиш мақсади борлигини баён этиб, улар томонга элтувчи энг қисқа йўлни билишини айтади. Доро Широқнинг аҳволини кўриб унинг сўзларига ишонади ва кўп минглик қўшини билан унинг ортидан эргашади.


Етти кун йўл босиб ўтгач Доро қўшини кимсасиз чўлу биёбонга, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган, қутилиб қочиш имкони бўлмаган чек-ҳудудсиз жойларга бориб қолади. Алданганини билган Доро қаҳр-ғазаб билан Широқни ўлдиришга буюради. Широқ эса мамнуният билан шундай дейди: “Мен ғалаба қилдим, чунки сакларни, меннинг юртдошларимни сизларнинг ҳаммангиздан сақлаш учун мен сиз форсларни очлик ва чанқоқлик азобига мубтало этиб, ҳолдан тойдиришга муваффақ бўлдим”1. Довюрак Широқ қатл этилади. Бироқ, душманнинг аксарият қисми очлик, сувсизлик ва иссиқдан ўлиб кетади. Тасодифан ёққан ёмғиб туфайли Доро ва унинг бир қисм қўшини жон сақлаб қолади.


Биргина Широқнинг жасорати бутун бир халқнинг осойишта ҳаётини сақлаб қолди. Ўз жонидан кечиб ватанпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган, Широқнинг қаҳрамонлиги ҳалқ ичида афсонага айланиб бугунги кунимизгача яшаб келди. Ҳеч шубҳа йўқки, Широқнинг бетакрор жасорати Ватан туйғуси билан уйғунлашган бўлиб, миллий мафкурамизнинг тарихий шакли қадим ўтмишга эга эканини кўрсатиб турибди.


Кейинчалик ҳам қадимги даврларга оид эпик ривоятлар пайдо бўлди. Халқимизнинг юксак ижодий намуналари бўлган бу каби ривоятларда Ватан равнақи, юрт озодлиги ва халқ фаровонлиги йўлида фидоийлик кўрсатган қаҳрамонлар образи талқин этилиб, инсонларнинг орзу-умидлари акс эттирилди. Жумладан, Зариадр ва Одатида, мардонавор Рустам ва Хоразм Қанғх достони – Сиёвуш ҳақидаги достон, Алпомиш, Байси-Бейрек, Баён-Сулув, Козу-Керпеч ҳақидаги достонлар ва ривоятлар яратилди. Ушбу достон ва ривоятларда халқ эркинлиги ва юрт тинчлиги йўлида курашган халқ фарзандлари образида ватанпарварлик, халқпарварлик каби инсоний фазилатлар билан бирга олижаноб маънавий-ахлоқий хислатлар  тараннум этилади. Достон қаҳрамонлари ватан ва халқ эрки, ор-номус, дўстлар ва сафдошлар манфаати учун ўз жонини фидо этишга доимо тайёрдирлар. Бу йўлда ҳар қандай қийинчилик, синов ва машаққатларга бардош бериш, бурч ҳисси, масъулият каби инсоний туйғулар улар образида жам бўлган. Мардлик ва жасурлик каби фазилатлар уларни қаҳрамонликка чорлаган.


Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса тарзида қуйидагиларни айтиш мумкин. Бугунги жамиятимиз мафкурасини акс эттирувчи миллий ғоянинг илдизи чуқур ва мустаҳкам пойдеворга эга. Юртимизда азал-азалдан яшаб келган элат ва қабилалар учун Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги энг олий қадрият сифатида эъзозланган.


Аждодларимиз томонидан яратилган илк ривоят, достон ва эртаклар нафақат ёшларни маънавий жиҳатдан тарбиялашда, хусусан, миллий ғоянинг тарғиб этишда ҳам муҳим ўрин тутади.


Ота-боболаримизнинг ёзма манбалар орқали қолдирган ўлкан мероси нафақат бизга ҳақли равишда фахрланиш, балки бугун юртимизда рўй бераётган маънавий юксалиш жараёнларида ва яратувчилик ишларида катта маънавий асос бўлиб ҳам хизмат қилади.


/>

1 Клавдий Элиан. Древние авторы о Средней Азии. Ташкент, Госиздат.1940. 23 бет.



 



1 Жумабоев Й. Осиё этикаси тарихи очерклари. Тошкент, Ўзбекистон. 1980. 20 бет.



1 Қадимий ҳикматлар. Тузувчи Н. Раҳмонов. Тошкент. Адаб. ва санъат. 1987. 13-бет.



1 Герадод. История вдевяти книгах. Книга третая. Перевод и примечания Г. А. Стратановского. М. – Л., Наука. 1972. 89-94 бетлар.


 



0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.