топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров – 80 ёшда

"Ўзбекистон Ватаним маним"
 
 

Иброҳим Ғафуров – 80 ёшда
Таниқли адабиётшунос, моҳир таржимон, ёзувчи Иброҳим Ғафуров билан анча олдин кечган суҳбатимизни устознинг 80 йиллик юбилейлари арафасида эълон қилишни маъқул кўрдим.
Ёзувчи, таржимон, адабий танқидчи Иброҳим Ғафуров 1937 йил, 27 декабрда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. 1956-1961 йилларда САГУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг филология факультетида ўқиди. 1961-1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлади. 1995 йилда “Миллий тикланиш” демократик партиясини ташкил этиш ташаббускори бўлди ва мазкур партиянинг раиси (1996 йилдан), “Миллий тикланиш” газетасининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади.
И.Ғафуров “Гўзалликнинг олмос қирралари” (1964), “Унутилмаган боғ” (1965), “Жозиба” (1970), “Ёнар сўз” (1973), “Ям-яшил дарахт” (1976), “Юрак-аланга” (1980), “Лириканнг юраги” (1982), “Шеърият – изланиш демак” (1984), “Ўттиз йил изҳори” (1987), “Тил эркинлиги” (1998), “Ҳаё — халоскор”, “Мангу латофат”, “Илтижо”, “Дил эркинлиги” каби адабий-танқидий, бадиий китоблар муаллифи. Унинг “Дарвоза”, “Ҳумо қушим”, “Қалдирғочим” сингари шеърий насрлар ёхуд мансуралари эътибор қозонган.
Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Қиморбоз”, (Достоевский), “Азизим” (Мопассан), “Алвидо, қурол!”, “Чол ва Денгиз” (Хемингуэй), “Қиёмат”, “Чингизхоннинг оқ булути” (Ч.Айтматов), “Ёнғин” (В.Распутин), “Улисс саргузаштлари” (Ж.Жойс) каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Филология фанлари номзоди (1973), Ўзбекистон ёшлари мукофоти лауреати (1989), “Дўстлик” ордени соҳиби (1995).
— Ассалому алайкум, устоз! Биз сизни йирик адабиётшунос, адиб, моҳир таржимон сифатида биламиз. Бугун улуғ жаҳон адиби Чингиз Айтматов ижодидан таржималарингиз борасида гаплашcак. Ёзувчи асарларини таржима қилишга қачон ва қандай киришганингиз, адиб ижоди ҳақида фикрларингизни билдирсангиз.
— Улуғ адибимиз Чингиз Айтматовнинг асарларини талабалик чоғларимда ўқиб, унинг жуда кўп сонли мухлислари қатори севиб қолганман. Ўша пайтлар – талабалик чоғларим, биз ҳаммамиз Айтматов асарларининг шайдоси эдик. Бу шайдолик унинг “Жамила” деган улуғ қиссасини ўқиганимиздан сўнг бошланган.
1987 йилда Ёзувчилар уюшмасига мени улуғ шоиримиз Абдулла Орипов чорлаб: “Иброҳим ака, Чингиз Айтматов бизга ўзининг “Кунда” деб номланган янги романини юборди ва сиз таржима қилишингизни сўради”, — деб айтди. А.Ориповга ташаккур билдирдим, асарни ўқиганим, у менга жуда маъқул бўлганини, “Кунда” дунё адабиётида жуда катта, ҳам мундарижа, ҳам шакл, ҳам дунё масалаларининг, муаммоларнинг қўйилиши жиҳатидан тамомила янги асар бўлганини айтдим. Асарни яна бир ўқиб кўришга муҳлат сўрадим. Бир ҳафтадан сўнг асарнинг муаммолари, мундарижаси, образлар дунёсига кириб, ўзбекчада ҳам Чингиз Айтматов ёзгандай янгратса бўлади, деган фикрга келдим ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси розилиги билан асар таржимасига киришдим.
“Кунда” ўша пайтда Габриэль Маркеснинг асарлари каби дунёда шов-шув қозонган, севилиб ўқилаётган, катта мунозараларга сабаб бўлаётган ва Германия, Англия, Америка каби Европа давлатларида ҳам, Осиё мамлакатларида ҳам асар устида баҳс-мунозаралар кетаётган эди. Асарни 6 ой давомида севиб таржима қилдим, ёзувчининг ўзи таржима қандай чиқаркин дейиши мумкинлиги доимо хаёлимда турди. Қирғиз прозаси, эртаклари, достонларига, “Манас” оҳангларига яқин йўлда ўзбек тилида яратилиши керак деган фикрга келдим ва Чингиз Айтматов буни ўзбек тилида ёзса қандай ёзган бўларди, деган хаёл билан таржима қилишга ўтирдим. Уни бутун бадиий нафосати, поэтикаси, таъсирчанлигини заррача йўқотмасдан ўзбек тилида қайта яратишга ҳаракат қила бошладим.
Таржимани тугатганимдан сўнг “Шарқ юлдузи” журнали унга харидор бўлди ва ўша йили “Кунда” романи ўзбек тилида босилиб чиқди. Шундан кейин ўзбек китобхонлари ўртасида машҳур бўлиб кетди, жуда кўпчилик мен билан таржима устида суҳбатлаша бошлади.
Қардош тилдан таржима қилиш, рус тилига таржима қилиш, қардош ёзувчининг рус тилидаги асарини таржима қилиш бошқа-бошқа масаладир. Мен асарни таржима қилаётган пайтда русчада “Плаха” деб аталарди, қирғизча таржимаси эса йўқ эди. Мен болалар адабиётининг атоқли намояндаси, Қирғизистонда туғилиб ўсган, қирғиз тили ва адабиётини яхши биладиган дўстим Турсунбой Адашбоевдан сўрасам, “Иброҳим ака, ҳали қирғиз тилида таржимаси яратилгани йўқ, ёзувчи буни рус тилида яратган.
Лекин қирғизчага таржима бошланган” деб айтди. Асарни таржима қилиб бўлганимдан кейин қирғизча вариантининг журналда чиққан айрим парчалари билан танишиб чиқдим. Қирғизча таржимадаги оҳанглар ўзбекчадаги оҳангларга яқин эканини сезиб, таржима принципини тўғри танлаган эканман деган фикрга келдим. Журналда чиққан ўзбекча вариантининг айримлари қўлига етиб боргандан сўнг ёзувчининг ўзи менга миннатдорчилик хати юборди. Бу хат “Шарқ юлдузи” журналида босилиб чиқди. Айтматовнинг эътирофига сазовор бўлиш жуда катта бахт эди.
Ўзбек ўқувчилари таржимани севиб ўқийдилар, Тошчайнар ва Акбара номли бўрилар ва бошқа образларининг тақдирини муҳокама қиладилар. Чингиз Айтматов табиатни асраш муаммоларини гиёҳвандликка қарши кураш руҳи билан чамбарчас боғлаб юборган. Бу руҳни бадиий юксак даражада акс эттирганлиги ўқувчига қаттиқ таъсир қилади.
Адиб кейинроқ асар номини ўзгартириб “Қиёмат” деб қўйган. Мен ҳам Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров сингари адиблар билан маслаҳатлашиб, асар номини китоб бўлиб чиқаётганда “Қиёмат” деб ўзгартирганман. Ҳозиргача иккала номи билан машҳур бўлиб келади. Менгача забардаст олимимиз, муаллимимиз Асил Рашидов ёзувчининг машҳур илк қиссаларини, романларини, жумладан, “Асрга татигулик кун” деган машҳур романини ҳам ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
Шу асар билан “Қиёмат” бир китоб ҳолида нашр қилинди ва бу мен учун катта адабий воқеа бўлди. Бу китоб яна шуниси билан қимматлики, машҳур олимимиз, 20-аср ўзбек таржима мактабини яратган олимлардан бири Ғайбулла Саломов жуда катта қимматли сўнгсўз ёзиб берганлар. У ўз сўзида ҳар икки романни бир-бирига чоғиштириб, муаммоларини, бир-бирига яқин томонларини, бир-бирини кучайтирадиган томонларини жуда ҳам чиройли эссе шаклида ёзган ва ҳар иккала романнинг бадиий хусусиятларини ҳам батафсил таҳлил қилиб берган, таржималарнинг ютуқ томонларини қутлаган эди.
Ёзувчининг “Асрга татигулик кун” романига илова тарзида ёзилган “Чингизхоннинг оқ булути” деган ажойиб тарихий қиссасини ҳам авторнинг розилиги билан, Одил Ёқубов топшириғи билан таржима қилганман. Устозларимизнинг менга бўлган ишончларини тўла маънода оқлашга, таржималарим билан уларнинг шуҳрати ёйилишига хизмат қилганимдан хурсандман.
Кейинроқ эса Чингиз Айтматовнинг розилиги билан унинг энг охирги романини (“Когда падают горы”) таржима қилишга муяссар бўлдим. Глобал муаммолар – экология масалалари, инсоннинг табиатга муносабати, ақл-идрок билан яшаши кераклиги муаммолари олдинги романларда қандай кучли иқтидор билан кўтарилган бўлса, бу асарда ҳам шундай қудрат ифодаси сезилади. Бу охирги роман ҳам китоб бўлиб босилиб чиқди, унга бошқа таржимонлар ҳам қўл урдилар. Барча таржималар ўқувчилар томонидан ўқиляпти.
Ч.Айтматов дунё адабиётининг энг улуғ намояндаларидан биридир. Унинг асарлари инсонийлик фалсафасани теран англатган ва теран тушунишга ёрдам берадиган, олижаноб ғоялар билан тушунчаларимизни бойитиб борадиган асарлардир.
— Устоз, сиз жуда қимматли, хазинага тенг фикрларни билдириб ўтдингиз. Таржима адабиётимизни бойитишга қўшган улкан ҳиссангиз учун кўпсонли ўқувчилар номидан, шахсан ўз номимдан катта миннатдорчилик билдираман. Табаррук 80 ёшингиз билан қутлар эканмиз, сизга мустаҳкам соғлик, ижодингизда янги зафарлар тилаймиз, янги таржима асарлар билан бизни яна мамнун этасиз, деган умиддамиз.
— Раҳмат, саломат бўлинг. Менинг тилагим – сизнинг ўқувчиларингиз ҳам янги замонларга кириб бораётган чоғимизда Чингиз Айтматовнинг энг муносиб, энг садоқатли, энг севгувчи мухлисларига айланишларини истар эдим.
Гулбаҳор Саид Ғани суҳбатлашди

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.